Яккадикилтак билан Тўққизтўқалтак

Бор экан-да, йўқ экан, оч экан-да, тўқ экан, бир кампирнииг ёлғиз ўғли бор экаи. Унинг оти Яккадикилтак экан. Яна бир кампирнинг тўққизта ўғли бор экан. Уларни Тўққизтўқалтаклар деб чақирар эканлар.
Яккадикилтак Тўққизтўқалтаклар ҳам арава ясаб, сотишар экан. Яккадикилтак ёлғиз ўзи тўққизта арава ясаганда, Тўққизтўқалтакларнинг ҳаммаси биттадан тўққизта арава ясашар экан. Туққизтўқалтаклар Яккадикилтакни ҳеч кўра олмас эканлар, доим унга ҳасад қилар эканлар.
Бир куни кечаси ака-укалар Яккадикилтакникига келишибди. У ухлаб ётганида, ясаб қўйган тайёр араваларини куйдириб кетишибди. Аравалар куйиб, кул бўлибди.
Эрта билан Яккадикилтак туриб қараса, ҳамма аравалар куйиб, кул бўлиб ётганмиш. «Эй, бу ўшаларнинг иши» деб, кулларни бир қопга солиб, оғзини боғлаб, йўлга тушибди. У кейинги қишлоққа етиб борганида намоз вақти экан. У кўчада юрган болаларга:
— Бунга тегманглар, бу қопда тилла бор, — деб тайинлаб, ўзи намоз ўқигани кириб кетибди. Болалар кизиқиб, қопнинг бир четини тешиб кўрибдилар. Қарашса қопда кул эмиш. Яккадикилтак намоздан чиқиб, кўрсаки, қопининг бир четидан кул тўкилиб ётибди.
— Вой-дод, менинг тиллаларимни олиб, ўрнига кул солиб қўйибдилар, — деб бақира бошлабди. Одамлар тўплана бошлабдилар. Улар Яккадикилтакнинг гапларига ишониб:
— Ҳеч жаҳонда кул ҳам олиб юрармиди, тилла бўлсаям, бордир, — деб одамларнинг раҳми келиб унга пул тўплай бошлашибди.
Йиғилган пуллар ярим қопдан ошибди. Яккадикилтак пулларни эшакка юклаб, ўз уйига қайтаётганда йўлда Тўққизтўқалтакларни учратиб қолибди. У қопини биртепса, пуллари шалдур-шулдур қилиб кетибди. Ака-укалар хайрон бўлиб қарашибди ва Яккадикилтакдан:
— Қаерлардан келяпсан? — деб сўрашибди.
— Эй, кечаси сизлар араваларимни куйдириб, менга фойда қилдинглар. Кулни қопга солиб, кетаверсам, ҳамма чиқиб бир сиқимдан олиб, пул ташлаб кетаверишди, ҳамма ёғим пулга тўлиб кетди, — дебди Яккадикилтак.
Ака-укаларнинг баттар жаҳли чиқиб, бошқа йўлларини излай бошлабдилар. Улар, «ҳойнаҳой, қари онаси йўл-йўриқ кўрсатаётган бўлса керак» деб ўйлаб, кампирни ўлдирмоқчи бўлишибди. Улар кечга яқин яна Яккадикилтакнинг уйига боришибди.
Кампирнинг уйқуси қочиб, ташқарида уймаланиб юрган экан. Тўққизтўқалтаклар кампирни ўлдириб, эшик тагига тикка қилиб ўтқазиб қўйишибди. Яккадикилтак онасидан хабар олгани эшикка чиқса, онаси ўлиб ётган эмиш. У бу ҳам Тўққизтўқалтакларнинг иши эканлигини сезибди. Яккадикилтак онасини эшакка маҳкам қилиб боғлаб, тикка қилиб ўтқазибди ва яна йўлга чиқибди. У қишлоққа кириб бориб, «ўлик кетди, ўлик кетди» деб бақираверибди. Буни эшитган одамлар, «бу тентак бўлганми», деб далага ҳайдаб юборибдилар.
Яккадикилтак далада юриб, бир хирмонга тўғри келибди. У хирмонга буғдой уюлган экан. Яккадикилтак эшагини қўйиб юбориб, ўзи эса бир чеккада писиб ўтираверибди. Эшакни кўрган одамлар:
— Ҳой кампир, эшагингни ол! — деб бақирибдилар, лекин кампир индамабди. Одамлар унинг ёнига келиб:
— Ҳой, кампир, эшагингни оласанми, йўқми, — деб бир итаришган экан, кампир йиқилиб тушибди.
Буни кўрган Яккадикилтак югуриб келиб:
— Менинг онамни ўлдириб қўйдиларинг! — деб айюҳаннос солибди.
Буни кўрган одамлар қўрқиб кетишибди ва унга пул тўплаб беришибди. Ҳаммалари бирга кампирни кўмишибди. Кейин Яккадикилтак йўлга тушибди, яна Тўққизтўқалтакларга дуч келибди.
— Қаердан келяпсан? — деб сўрашибди ака-укалар.
— Эй, кечаси сизлар онамни ўлдириб кетганинглардан кейин, таъзияга одам айтиб юрсам, улар онангни тавоб қиламиз, бир айлантириб юргин, дейишди. Кейин онамни эшакка миндириб, қишлоқларга олиб бордим. Ҳамма онамни тавоб қилиб пул берди, — дебди Яккадикилтак.
Бу гапларни эшитган ака-укалар ҳайрон бўлиб, энди Яккадикилтакнинг ўзини ўлдирмоқчи бўлишибди. Улар яна бир куни кечаси Яккадикилтак ухлаб ётганини пойлаб уйига киришибди. Уни қопга солиб, дарёга ташламоқчи бўлишибди.
Йўлга чиқишибди, дарёгача ҳали бор экан. Йўлда, «бир оз дам олайлик», деб тўхтаб, ухлаб қолишибди.
Бир вақт Яккадикилтак уйғониб кетибди, кўзини очиб қараса, қопнинг ичида ётганмиш. У юмалаб-юмалаб «ака-укалардаи узоқлашибди ва одамларнинг қадам товуши келаётган томонга қараб сурилаверибди. У йўловчиларга:
— Мени шу қопдан чиқариб юборинглар, мени дарёга ташлашмоқчи, — дебди.
Улар қопнинг оғзини очиб қарашса, бир йигит ўтирганмиш. У қопнинг ичига катта-катта тошларни солиб, оғзини боягидай қилиб боғлаб, ака-укаларнинг ёнига олиб бориб қўйибди. Узоқдан чўпон қўйларини боқиб юрганини кўрибди. У чўпоннинг ёнига бориб қўйларини дарёнинг у бетига ўтказишга ёрдам бериб турса, яна Тўққизтўқалтакларни учратибди.
Улар қарашса, яна ўша Яккадикилтак. Ака-укалар билмасликка олиб сўрабдилар:
— Қаерлардан келяпсан? Шунча қўйларни қаердан олдинг?
— Эй, сизларнинг ҳамма қилган ишларинг менга фойда келтирди. Мен дарёнинг остидан шунча қўйларни ҳайдаб чиқдим, ўҳў, ҳали яна қанча қўйлар бор у ерда, — дебди Яккадикилтак.
Улар ҳайрон бўлишибди. Ҳаммалари бирин-кетин ўзларини дарёга ташлабдилар. Сузишни билмаганлари учун чўкиб кетаверибдилар.
Шундай қилиб Тўққизтўқалтаклар ўлибди, Яккадикилтак бўлса улардан қутулиб, ўз мурод-мақсадига етибди.