Ўтинчининг бахтли хотини

Бир бор экан, бир йўқ экан, бир подшо бор экан. Бир хотинини подшо қўйиб юборган экан.
Кунлардан бир куни подшо ўзини танитмай, шу хотинининг уйига кириб борибди ва:
— Тангри меҳмон олинг, — дебди. Хотин эшикни очиб:
— Тангри меҳмонга эшигимиз очиқ, — деб подшони кутиб олибди. Подшо хотинидан:
— Бу уйда ёлғиз яшайсизми? — деб сўрабди. Хотин:
— Ёлғиз эмасман, эрим ўтинга кетган, келиб қолар, — дебди. Шунда подшо:
—Шундай гўзал аёл ўтинчига хотин бўлиб яшайсизми? Топилмадими бир бойроқ одам? — дебди.
— Бойроқни бошимга урайми, подшонинг ҳам хотини бўлиб кўрганман, минг подшодан бир қул, минг олтиндан бир пул яхши, — дебди хотин.
Подшо таажжубланиб яна сўрабди:
— Нима, подшонинг хотини бўлиш ёмонми?
— Агар подшонинг хотини бўлсанг, қирқ кунда бир куласан-у, кунда минг ўлиб тириласан. Эримга ўхшаган ғариблар эса хотинларини кунда минг кулдириб, оёғингга тикон кирса тили билан суғириб олишга ҳам рози бўлади, — дебди хотин.
Подшо, «Хотиним мендан айрилганидан хурсанд экан» деб, ўтинчи келмасданоқ чиқиб кетибди.
Шундан кейин подшо эртаси куни бир хотини билан қолиб, бошқа хотинларини мол-дунёси билан айириб юборибди. Унинг эртасига эса элатга жар урдирибди: «Кимда ким икки хотинли бўлса, бир хотини билан қолиб, иккинчисини рози қилиб айириб юборсин, фармон бажарилмаса, моли подшолик, боши қазолик!» Бу фармонни эшитган бойлар, вазир-у вузаролар, мулла—эшонлар, савдогар-у бойваччалар, қўйингки, ким икки хотинли бўлса, бирисини қози-калонлар иштирокида талоқ қилиб, севган хотинлари билан қолишибди.