Қумурсқа

Ўтган замонда бир киши сафарга чиққан экан. Бир сойдан ўтишга тўғри келибди. Қиш вақти экан. Сув музлаган экан. Эшакнинг кейинги оёғи музга тойиб, йиқилиб бели синибди… У киши хафа бўлиб, музга қараб шундай дебди:
— Эй муз ака, сен ўзинг кимдан зўрсан?
Муз:
— Мен зўр бўлсам, қуёш мени эрита олармиди? — дебди.
Шунда у киши кунга қараб:
— Эй қуёш, сен кимдан зўр? — дебди.
Қуёш:
— Мен зўр бўлсам, булутлар менинг юзимни тўса олармиди? —  дебди.
Шунда у булутга қараб:
— Эй булут ака, сен кимдан зўр? — дебди.
Булут:
— Мен зўр бўлсам, ёмғирлар мени тешиб-тешиб ўтармиди? —  дебди.
Шунда у ёмғирга қараб:
— Ёмғир ака, сен кимдан зўр? —  дебди.
Ёмғир:
— Мен зўр бўлсам, ерга сингиб кетармидим, — дебди.
У ерга қараб:
— Ер ака, сен кимдан зўр? — дебди.
Ер:
— Мен зўр бўлсам, ўтлар тешиб чиқармиди, — дебди.
Шунда ўтга қараб:
— Ўт ака, сен кимдан зўр? —  дебди.
Ўт:
— Мен зўр бўлсам, моллар юлиб-юлиб ютармиди? —  дебди.
Молга қараб:
— Мол ака, сен кимдан зўр? —  дебди.
Мол:
— Мен зўр бўлсам, бўрилар ермиди? —  дебди.
Сўнгра бўридан:
— Бўри ака, сен кимдан зўр? —  деб сўрабди.
Бўри:
— Мен зўр бўлсам, мерганлар отармиди? —  дебди.
— Мерган ака, сен кимдан зўрсан— дебди…
Мерган:
— Мен зўр бўлсам, ўқ соладиган халтамни сичқон ва каламушлар қирқиб ташлармиди? —  дебди. Шунда у киши сичқонга қараб:
— Сичқон ака, сиз кимдан зўрсиз? —  дебди.
Сичқон:
— Мен зўр бўлсам, қумурсқалар қулоғимдан чимчиб-чимчиб чақиб олармиди? —  дебди.
— Қумурсқа ака, сен кимдан зўр? — дебди.
Қумурсқа:
— Мен зўр, мен зўр, мен зўр, — дебди. — Отангнинг олти юз ботмон буғдойини олти тоғдан ошириб еганман, поччангнинг юз ботмон буғдойини етти тоғдан ошириб еганман. Мен зўр, мен зўр, мен зўр, — дебди.
— Қорнинг нима учун катта? —  деб сўрабди у киши: — Жигарим зўр, — дебди қумурсқа.
— Белинг нима учун ингичка? — деб сўраганида.
— Меҳнатим зўр! — деб жавоб берибди қумурсқа.
— Калланг нима учун катта? —  дебди у киши.
— Давлатим зўр! Меҳнатим зўр, давлатим зўр, мен зўр, мен зўр! — дебди қумурсқа.