Қўй билан бўри

Бор экан-да, йўқ экан, оч экан-да, тўқ экан, ўтган замонда бир она қўй билан бир қари бўри ўтган экан.
Қўйнинг тўртта қўзиси бор экан. Бўри қўзиларнинг барра гўштларини ейиш орзусида доим пайт пойлаб юрар экан, аммо ҳеч иложини қилолмас экан. Охири бўри ўйлаб-ўйлаб аввал қўй билан дўст бўлишга, кейин пайтини топиб, қўзиларни ейишга аҳд қилибди.
Қўйникига келиб унга шундай дебди:
— Э қўйжон, эски гина-кудуратларни ташлайлик, сен билан бир умрга ошна бўлгани келдим.
Қўй бечора бўрининг гаплари чин бўлса керак, деб ўйлабди-да, у билан ошна тутинибди.
Қўй ҳар куни ўтлагани кета туриб, болаларига эшикни ичидан занжирлаб олишни тайинлар экан. Кечгача ўтлаб, елинини сутга тўлдириб, уйига қайтар, эшикни тақиллата туриб, паст овоз билан:
— Санам гардаш, манам гардаш, бачча хез, — дер экан. Бу: «Мен келдим, эшикни очинглар», дегани экан.
Оналарининг овозини эшитган болалари чопқиллаб келиб эшикни очишар, таналарини унинг танасига суйкаб эркаланишар, кейин тўйиб-тўйиб сутидан мазза қилиб эмар эканлар. Кунлардан бир куни бўри она қўйнинг ўтловдан қайтишини пойлабди. Катта толнинг каллагига чиқиб турган экан, она қўй уйига келиб, эшикни тақилатибди-да, овозини паст килиб, «санам гардаш, манам гардаш, бачча хез», дебди. Бўри қулоғини динг қилиб турса ҳам она қўй айтган сўзни англаб ололмабди. Иккинчи кун том орқасидаги чангалзорда ётиб пойлабди. Бу сафар ҳам она қўйнинг сўзини англаб ололмабди.
Учинчи кун яқинроқ жойга ўра ковлабди-да, унга тушиб устига шўра ёпиб олибди. Бир вақт она қўй ўтловдан қорнини тўйғазиб елинини сутга тўлдириб, бир боғ бедани орқалаб келиб қолибди. Бўри қулоғини динг қилиб турса, она қўй: «Болаларим, мен келдим. Санам гардаш, манам гардаш, бачча хез», дермиш. Қўзилар эшикни очишибди, она қўй ичкарига кирибди. Кеч бўлиб, тонг отибди. Она қўй ҳар кунгидек болаларига эшикни ичидан занжирлаб олишни тайинлаб, ўтлоққа жўнабди. Бўри кечки пайт келибди-да: «Болаларим, мен келдим. Санам гардаш, манам гардаш, бачча хез», — дебди. Қўзичалар бўрининг дўриллоқ овозидан оналари эмаслигини пайқаб қолиб: «Бор йўқол, сен бизнинг энамиз эмассан, энамизнинг овози дўриллоқ эмас», — дейишибди.
Бўри ишининг ўнг келмаганига ачиниб, орқасига қайтибди. Эртаси куни бўри эрталабдан бошлаб томоқларини ёғлаб, овозини худди қўйнинг овози ҳолига келтирибди-да, кечроқ қорнини роса очириб, қўйнинг уйига келибди.
Эшикни тақиллатиб, паст овоз билан: «Болаларим, мен келдим. Санам гардаш, манам гардаш, бачча хез», — дебди.
Бечора қўзилар, энамиз келибди деб, эшикни очишибди. Ўз муродига етган бўри қўзиларни битта қўймай еб, маконига қайтибди. Она қўй ўтлоқдан қорнини тўйғазиб, елинига сутни тўлдириб, бир боғ бедани орқасига ортиб, уйига келсаки, уйининг эшиклари очиқ-сочиқ ётган эмиш. Юраги ҳовлиқиб, уйнинг ичкарисига кирса, болалари йўқ эмиш. Бирининг туёғи бир бурчакда, иккинчисининг калласи иккинчи бурчакда думалаб ётган эмиш. Буни кўриб она қўй зор-зор йиғлабди, ўзини қаерга қўйишини билмай:
— Бу, ошна бўлай деб келган ўша бўрининг иши. Хап саними, боплаб таъзирингни бермасам тоза юрган эканман, — дебди.
Кейин уйининг ичига чуқур бир ўра ковлаб, устини бўйра билан ёпиб қўйибди. Эртасига ўтловда ўтлаб юриб бўрини кўриб қолиб:
— Ҳа, ошна ҳеч кўринмай кетдинг, бундоқ бир гаплашиб ўтиришга ҳам келмайсан. Эртага кел, мен уйда бўламан. Ўтган-кетганлардан гаплашиб ўтирамиз, — дебди.
Муғомбир бўри қўйнинг бу гапини эшитиб, «хайрият, болаларини еганимни мендан кўрмаган экан, деб кўнглидан ўтказибди.
— Хўп, борсам борай, ошна, мен ҳам сени, айниқса қўзичоқларимни жуда соғинган эдим, — дебди.
«Ҳа, муғамбир, бора бер, соғинганлигингни бир кўрсатиб қўяй», дебди ичида қўй.
Эртасига ковлаган ўрасига роса ўрик ўтиндан ёқиб чўғ қилибди-да, боягидай қилиб бўйрани ёпиб қўйибди. Бир пайт эшикни тақиллатиб бўри келиб қолибди, она қўй уни иззат-икром билан кутиб олиб, ўранинг устига ташлаб қўйилган бўйрага таклиф қилибди. Бўри бўйранинг устига чиқиши билан, ўранинг ичига тушиб кетибди. Бир нафасда ҳамма ёғи куйиб, жизғинаги чиқибди, нуқул: «Тавба қилдим, бир қўзингни беш қўзи қилиб бераман, жон ошна, чиқариб ол», — деб дод дермиш. Бўри роса ялиниб-ёлворибди. Қўй бўлса: «Шириндан шакар болаларимдан айирдинг, энди қилмишингга яраша жазангни торт», — деб тура берибди.
Бўри ҳадеб, «Ошна қутқар», деб дод дея бергандан кейин, раҳмдил қўйнинг раҳми келиб, уни ўрадан тортиб олибди.
Бўри ўрадан чиққандан кейин шўр ерларга думалай-думалай бир неча дақиқадан кейин ўлибди. Бечора қўй, бераҳм бўрининг ўлгани билан ҳам барибир болаларининг дардида ёнган дардига малҳам тополмабди, оғзида ўт, кўзида ёш билан зўр-базўр ҳаёт кечира бошлабди.