Уч ёлғонда қирқ ёлғон

Бор экан, йўқ экан, оч экан, тўқ экан, бўри баковул экан, тулки ясовул экан, ғоз карнайчи экан, ўрдак сурнайчи экан, қарға қақимчи экан, чумчуқ чақимчи экан…
Қадим замонда бир подшо бор экан, унинг бўйи етган қизи бор экан. Подшо қизини эрга бермоқчи бўлибди. Ҳар юртдан шаҳзодалар, бекзодалар талабгор бўлиб келибди. Қиз рози бўлмабди. Подшо қизини чақириб сўрабди:
— Эй, нури дийдам, кўзимнинг оқ-у қораси, ҳам ўғлим, ҳам қизим сенсан. Ҳамма подшоларга хабар бердим. Ихтиёрингни ўзингга қўйдим. Нима сабабдан келган шаҳзодаларнинг ҳеч бирини хоҳламадинг.
Қиз айтибди:
— Эй, падари бузрукворим, сизнинг давлатингизда ейиш-ичишдан камлигим йўқ, менинг бир шартим бор, ким шу шартимни бажарса, ўшанга беринг.
— Шартинг нима?
— Шартим шуки, ҳар ким учта ёлғон топсин, ҳар қайсисида қирқта ёлғон бўлсин, мана шуни ким дўндириб айтса, мени ўшанга беринг.
Подшо тахтга чиқиб, вазир-вузароларини йиғиб: “Ҳар ким уч ёлғон топса, ҳар қайсисида қирқ ёлғон бўлса, қизимни ўшанга бераман. Халойиққа жарчи қўйинглар”, дебди.
Вазири аъзам подшога қуллуқ қилиб. Эрон-у Туронга, Фаранг-у Афғонга жарчи жўнатибди. Буни эшитиб, “Ёлғонни биз боплаймиз” деб, ҳар ёқдан шаҳзода ва бекзодалар келаверибдилар. Подшо жами уламо, фузалоларини йиғиб: “Кимки уч ёлғонда қирқ ёлғонни топиб келса, ёлғон бўлса, ёлғон дейсизлар, рост бўлса, рост дейсизлар, агар ростини ёлғон десангизлар бошингизни кесиб, молингизни талатаман”, дебди.
Манаман деган йигитлар топиб келган ёлғонни айтибди, гапининг бурди бўлмабди. Подшо уламоларидан: “Ёлғонми, ростми”, деб сўраса, уламолар:
— Тақсир, бу гап дунёда бор, — дер эканлар.
Неча-неча подшолар, шаҳзодалар келиб қайтиб кетибди. Шу шаҳарда бир кампирнинг бир ўғли бор экан. Ҳар кимнинг эшигида хизмат қилиб юрар экан. Шу кунлари тоғга ўтинга чиқиб кетган экан, келиб қолибди. Кампирдан қизнинг шартини эшитиб:
— Вой, лаънатилар, шу ҳам гап бўлдими, мен бориб, гапни дўндириб, подшонинг қизини кўндириб олмасам, йигит эмасман, — деб подшоникига қараб, жўнаб қолибди. Онаси эса:
— Ҳой болам, онанг ўргилсин, борма! Азиз бошингни бир балога солма. Жон болам, қайт! — деб орқасидан бақириб қолибди.
— Қўрқманг, мен дарров қайтаман, — деб йигитча шаттак олиб жўнаб кетибди. Аркнинг тагига етибди.
— Ҳа, нимага келдинг? — деб дарвозада турганлар дўқ қилиб уни киргизмабдилар. Йигит айтибди:
— Подшога арзим бор.
— Нима арзинг бор, ё сен ҳам ёлғонни топдим, деб келдингми? Кетавер, йўлингдан қолма! Бекорга ўлиб кетасан.
— Подшонинг қизини ҳавас қилмай ўл, — деб ясовуллар қувлаб солибди.
Йигит:
— Бизнинг хўжайиннинг подшога тўлайдиган икки юзта қўйи бор экан, шуни айтгани келдим, — деб қўл қовуштириб турибди. Бир маҳрам югуриб кириб:
— Тақсир, бир йигит келди, “Хўжайинимнинг подшога тўлайдиган икки юзга яқин қўйи бор, шуни айтгани келдим”, дейди, — дебди.
— Чақир, бу ёққа! — дебди подшоҳ.
— Кимсан, хўжайининг ким?
Йигитча чўкка тушиб гап бошлабди:
— Тақсир, мен камбағал, етимман. Отадан битта эдим, ўла-ўла учта қолдик. Учала оға-ини биров-бировимизни билмас эканмиз. Бир кун топишиб, сўрашиб қолдик. Бундай қарасам, биримизнинг ёқамиз йўқ, биримизнинг енгимиз йўқ, биримизнинг этагимиз йўқ. “Кўр кўрни қоронғида топар”, деб учаламиз топишиб, бир улфат бўлиб, йўлдан юрмай, четга чиқмай, кетавердик. Бундай қарасак, бир ерда учта танга ётибди. Иккитаси сийқа-сийқа бўлиб кетган, биттасининг муҳри йўқ. Муҳри йўғини этаги йўқнинг барига солиб кетавердик. Йўл юрдик, йўл юрсак ҳам мўл юрдик, бориб-бориб бир сойга тушдик. Сойга қарасак, учта балиқ кўринди, иккитаси ўлик, биттасининг жони йўқ. Жони йўғини олиб, этаги йўқнинг барига солдик. Сойдан чиқиб йўлга тушдик, кетавердик-кетавердик. Олдимиздан учта уй чиқди: иккитасининг томи йўқ. Биттаси яп-яланғоч. Яп-яланғочига кириб борсак, учта қозон турибди, иккитаси илма-тешик, биттасининг таги йўқ. Таги йўғига этаги йўқнинг баридаги жони йўқ балиқни солиб пиширмоқчи бўлдик. Чангалзорни ахтариб бир боғ ўтин тополмай, ўт ёқмасдан балиқни пиширдик, ўтинни аямай ёқа берибмиз, ёқа берибмиз, суяклари ҳил-ҳил бўлиб кетибди, гўштига иссиқ ўтмабди. Уч оғайни еяверибмиз, еяверибмиз, қорнимиз тўйиб кетибди. Кетамиз деб эшикдан сиғмай, тешикдан чиқиб жўнаб қолдик. Йўл юрдик, йўл юрсак ҳам мўл юрдик. Бир чўлга чиқиб қолдик. Бир жойда битмаган ўтнинг тагида туғмаган қуённинг боласи ётган экан. Экилмаган толнинг кесилмаган поясидан бир ҳўл говронни ясаб, соб қилдик, уч думалаб йиқилди, ушлаб сўйвордик, олти ботмон ёғ қилди, олти ботмон гўшт, гўштини пиширмай, қотирмай учаламиз еб бўлдик. Иккитамиз тўймадик, биттамиз оч қолдик, иккита акам хафа бўлиб, аразлаб кетиб қолди, “ёғ ўзимга қолди” деб чориқни ечиб, олти ботмон ёғ билан чориқни мойладим, биттасига етди, биттасига етмади. Чарчаган эканман, ухлаб қолибман. Бир вақт ғовур-ғувур тўполон пайдо бўлди. Сакраб ўрнимдан турсам, мойланган чориғим билан мойланмаган чориғим муштлашиб, солишяпти. Икковининг жағига бир тарсакидан уриб, тағин ётиб ухладим. Бир вақт уйғониб қарасам, мойланган чориғим менинг чопонимни устимдан тортиб олиб, ўзининг устига ой-қора қилиб ёпиниб, ухлаб қолибди, мойланмаган чориғим аразлаб кетиб қолибди.
Мойланган чориғимни уйғотиб кийиб олдим, этаги йўқ чопонни бар уриб уйга келдим. Мен кетаётганда уйда кампир онам билан бир хўрозим қолиб эди. Борсам на чориқ бор, на кампир бор, на хўроз бор. “Бу қандай мушкул иш бўлди, энди, буларни қаёқдан топдим”, деб даргоҳингизга арз қилгани келган эдим. Дарвозада турган амалдорларингиз киргизмади, — деб бошини солиб турибди.
Подшо уламо-фузалоларига қарабди. Улар ўрнидан туриб подшога қуллуқ қилиб:
— Тақсир, бу йигитнинг ҳамма гапи ёлғон. Лекин бу йигит қўйни ҳам йўқотдимга чиқаради, — дебди. Йигит гап бошлаб кетибди:
— Йўқ, тақсир. Амалдорлар даргоҳингизга киргизмагандан кейин кўнглим бузилиб, кампир билан хўрозни, бир пой чориқни излаб кетиб қолдим. Йўл юрдим, йўл юрсам ҳам мўл юрдим, бир қишлоққа етдим.
Ахтариб, суриштириб юриб, хўрозни топиб олдим. Бир бойникида деҳқончилик қилиб юрган экан. Кўришиб, омонлашиб, ҳол-аҳвол сўрасам, олти ой ишлаган ҳақи битта жуволдиз бўлибди, уни ҳам хўжайини насия қилибди. Хўжайини билан уришиб, жанжаллашиб, жуволдизни ундириб олдим, хўрозга: “Юр, кетамиз”, десам, “Тағин олти ойга юрганман, уч ой ўтди, қолган уч ойини битириб, ҳақимни олиб, ўзим бораман”, деди. Жуволдизни олиб, хўроз билан хайрлашиб уйга келсам, уй ҳам йўқ. Тоза диққат бўлиб, уйни, кампирни, бир пой чориқни излаб чиқиб кетдим. Тепага чиқиб қарадим, кўринмади, қирга чиқиб қарадим. Тоғга чиқиб қарадим, кўринмади. Қайтиб бир сойга тушдим. Жуволдизни ерга санчиб, устига чиқиб қарасам, Сирдарёнинг бўйида кир ювиб ўтирибди. Жуволдизни олиб неча тоғ, неча қир, неча йўл ошиб, олдига бордим. Мени йўқотиб қўйиб, онам бировникида чўрилик қилиб юрган экан. “Юринг кетамиз”, десам, “Ҳақимни олмай кетмайман”, деди. Уч йилда ишлаган ҳақи уч ойлик ризқи бўлибди. “Сен кетавер, яна уч ой хизмат қилиб, ўзим бораман”, деди.
Этаги йўқ чопонимни бар уриб, пешонамга бир чертиб, кампирнинг олдидан бурилиб, дарёнинг кўпригига қараб йўл олдим. Борсам, дарё тошиб, кўприкни сув олиб кетибди. Саратоннинг куни терлаб, ташна бўлиб қолибман. Сув ичай десам, дарё музлаб ётибди, тошлоқда битта кесак ҳам тополмай калла билан музни урдим, муз ёрилди, калламни музга тиқиб сувдан ичиб жўнадим. Бир вақт кетатуриб, жуволдизим эсимга тушиб қолди. Дарёдан сув ичганимда ўша ерда қолаверибди. Қайтиб дарёнинг бўйига келдим, қарасам, жуволдиз йўқ. “Энди бундан ҳам ажралдик”, деб кампирнинг олдига бордим. Борсам кампирнинг уч ойи битган экан. Хўжайинидан ҳақини талаб қилса, хўжайини: “Сенга ҳам ҳақми?” деб, кампирни уриб, ўлдириб қўйибди. Дод-фарёд қилиб: “Қандай мушкул кунга қолдим”, деб даргоҳингизга арз қилгани келдим. Дарвозада турганлар киргизмади, — деб бошини солиб турибди. Подшо уламоларига қарабди, уламолари йигитга қарабди. Йигит подшога қарабди. Уламолардан бири туриб, подшога қуллуқ қилиб:
— Тақсир, бу йигитнинг гапига ишонманг, қўйни сўранг, шу йигит бўладиган бўлса, сал туриб қўйни ҳам “йўқолди”, “ўлиб қолди”га чиқаради, — деб турибди. Йигит гапга кириб:
— Йўқ, тақсир, — дебди, — даргоҳингизга киргизмагандан кейин, ўзим бориб чатоқлик қилиб кўрайин, деб кампирни ўлдирган хўжайиннинг олдига бордим. “Кампирнинг ҳақини бер, ўлигининг хунини бер”, деб ёқасидан судраб халқнинг олдига олиб чиқдим. Кўпчилик ўртага тушиб базўр бир эшак ундириб берди. Эшакни миниб қайтиб келаётсам, йўлдан қирқ карвон ўтаверди. Карвонбоши менга қараб: ”Ҳув йигит, эшагинг яғир бўлиб қолибди. Тушиб тўқимини бошқатдан яхшилаб уриб ол”, деди. Тушиб қарасам, елкаси ўйилиб кетибди.
“Ҳўв ака, бунга нима дори”, десам, у “Ёнғоқ дори, мана шу ёнғоқни куйдириб, яғирига қўйсанг, тузалади”, деб қўлимга битта ёнғоқ берди. Ёнғоқни куйдириб, эшакнинг яғирига қўйдим, тўқимни урайин деб турсам, яғирдан ёнғоқ кўкариб чиқиб келяпти. Ҳаш-паш дегунча кўтарилиб кетиб, гуллаб туга бошлади. Бундай қарасам, пишиб қолибди. “Устига чиқиб қоқсам, эшакнинг бели майиб бўлар, буни кесак билан уриб қоқиб олайин”, деб эшакни бир шудгорга олиб келдим. Кесак кўп, билакни шимариб олиб, шу кесакни отаман… на отган кесагимнинг биттаси қайтиб тушади, на битта ёнғоқ тушади. Мен ҳам чарчамай отавердим. Бир вақт шудгорда кесак қолмади, энди ўзим чиқмасам бўлмади”, деб ёнғоқнинг устига чиқсам, уч ботмон шудгор бўб қолибди, бир чеккасида шилдираб сув оқиб турибди. “Зап тарвуз экадиган ер бўлибди”, деб тарвуз экиб қўйдим. Ҳар тарвузлар бўлди денг, қучоққа сиғмайди. Сувнинг бўйига ўтириб, тарвузнинг биттасини сўймоқчи бўлдим. Пичоқ билан озгина чақмоқлаб, чақмоқлаганимни пичоқнинг учи билан туртиб оламан деган эдим, ўйилиб пичоқ тарвузнинг ичига тушиб кетди. Энгашиб олмоқчи эдим, ўзим ҳам тушиб кетдим. Пичоқни излаб юрсам бир одам йўлиқди: “Ака, йўл-пўлда битта пичоқ кўринмадими”, десам, “Ҳали битта пичоқни қидириб юрибсанми, биз қирқта карвон эдик, ҳар биримизнинг қирқтадан туямиз бор эди. Йўқотиб тополмай юрибмиз”, деди.
Бу мушкулни ечиш учун ҳам даргоҳингизга арз қилиб келдим, — деб бошини солиб турибди. Подшо ўйлаб қолибди. Уламолардан биттаси туриб, подшога қуллуқ қилиб:
— Тақсир, бу йигитнинг йўқолган нарсаларини хазинангиздан бериб жўнатворинг, — дебди.
Подшонинг қизи эшикнинг орқасидан қулоқ солиб турган экан. Қиз отасининг олдига чиқиб:
— Менинг уч шартимни шу йигит бажарди, шунга тегаман, — дебди.
Шунда йигит ирғиб ўрнидан туриб, подшога таъзим қилиб:
— Тақсир, фалон тоғда фалончи бойнинг қўйини боқдим, ўзимнинг ҳисобимда ҳақим икки юз қўй бўлди. Хўжайиним шу қўйни бермай, мени ҳайдаб юборди. Подшоҳим, сиз ундириб оласиз, шу икки юз қўйни тўёнага қўшдим, — дебди.
Подшо тўй-томоша қилиб, қизини йигитга берибди. Булар мурод-мақсадига етибди.