Уч оға-ини ботирлар

Бор экан, йўқ экан, бир замонда бир киши бўлган экан. Бой ҳам, камбағал ҳам эмас экан. Унинг учта ўғли бор экан, учови ҳам ўқиган, оқ-у қорани таниган, юзлари ойдай, ўзлари тойдай, ёмон билан юрмаган, ёмон жойда турмаган эканлар. Тўнғичи йигирма бир ёшда, ўртанчаси ўн саккиз ёшда, кенжаси ўн олти ёшда экан. Отаси бир куни уларни олдига чақириб, ҳар бирининг пешанасини силаб: — Ўғилларим, мен бой эмасман, мендан қолган давлат сизларнинг маишатингиз учун кифоя қилмайди, мендан ортиқ нарса умид қилиб ўтирманглар, ўзимдан кейин бахтсиз бўлиб қолманглар деб, сизларни ўқитдим. Яхши от қўйдим. Тўй қилдим, вояга етказдим. Бунинг устига сизларни яна уч нарса билан тарбия қилдим. Биринчидан, соғлом вужудли қилиб ўстирдим — қувватли бўлдингиз. Иккинчидан, яроғ билан таништирдим — яроғ ишлатишга уста бўлдингиз. Учинчидан, қўрқитмай ўстирдим — қўрқоқ бўлмай ботир бўлдингиз, яна учта нарсани айтаман, қулоқларингизга олиб, эсларингиздан чиқармангиар. Тўғри бўлинг — бехавотир бўласиз. Мақтанчоқ бўлманг — хижолат тортмайсиз. Дангасалик қилманг — бахтсиз бўлмайсиз. Бундан бошқасини ўзингиз билинг. Қора тойни, саман тойни, кўк тойни асбоб-анжомлари билан тайёрлаб қўйдим. Хуржунларингизни бир ҳафталик овқат билан тўлғиздим. Бахтингиз ёида, топиб олмоқ учун дунёни кўргани йўлга чиқинг, дунёни танимай дунё кишиси бўлмайсиз. Бахт қушини ушламоқ учун бахт овига чиқинг. Хайр ўғилларим, — деб туриб кетди…
Уч оға-ини сафарга отландилар. Йўлда улар кечаси навбатма-навбат пойлоқчилик қилиб чиқишга келишадилар. Биринчи кеча Тўнғич ботир ўзларига ҳужум қилмоқчи бўлган шерни ўлдиради. Иккинчи кеча О ъртанча ботир аждарни енгади. Учинчи кеча Кенжа ботир подшоҳ хазинасига тушмоқчи бўлган ўғриларни қириб ташлайди. Эртаси куни ботирлар шаҳарга кириб, бир жойга қўнадилар.
Жой эгаси бу ботирларни ўрдага боришга таклиф қилди. Булар пиёда аста-секин ўрдага бордилар. Подшоҳ буларнинг мусофир эканлигини билиб, алоҳида бир зийнатланган уйга киргизиб қўйди. Бошқа мусофир бўлмаганидан, уларга жуда диққат-эътибор бииан қараб, сир олмоқни бир вазирга топширди. Вазир айтди: «Булардан тўғридан тўғри сўрасак, эҳтимол айтмаслар, ўз ҳолларига қўйиб, ташқаридан қулоқ солиб турамиз, нима десалар сўзларидан сирини топамиз», деди. Бу хонада булардан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Бир вақт дастурхон ёзилди, хилма-хил ноз-неъматлар келтириб қўйилди. Иккинчи бир хонанинг тешигидан подшоҳ билан вазир қулоқ солиб жим ўтирдилар. Бироздан кейин уч оға-ини ботирлар ўзаро суҳбат қила бошладилар. Тўнғич ботир дастурхондаги овқатни кўрсатиб:
— Шу гўшт қўзи гўшти экан, бироқ шу қўзи ит эмиб катта бўлган экан, — деди.
Ўртанча ботир айтди:
— Тўғри айтасиз, подшоҳ дегани ит гўштидан ҳам қайтмайди. Саралаб емоқ фақирнинг иши, қўйни боқиб қўйибдими? Мен ҳам бир нарсага ҳайрон бўлиб турибман, мана шу шиннидан ҳам одам иси келади.
Кенжа ботир айтди:
— Тўғри, подшоҳлик — қонхўрлик демакдир. Қон қўшилган бўлса, эҳтимолдан узоқмасдир. Лекин ёмоннинг қони бўлса-ку, майли, бегуноҳнинг қони қўшилган бўлмасин. Мен ҳам бир нарсага ҳайрон бўлдим. Шу нонни тахлаган кишининг отаси новвой экан, тахловчи новвойнинг ўғли экан.
— Тўғри бўлса керак, — дебди Тўнғич ботир. — Подшоҳ бизни бу ерга ўрда воқеаси билан чақирган. Албатта биздан савол сўрар, нима деймиз?
— Албатта ёлғон сўзламаймиз, — дебди Ўртанча ботир, — бу воқеага аралашган бўлсак, айтмоқ лозимдир.
Кенжа ботир:
— Уч кунлик йўлда қандай воқеаларни кўрган бўлсак, ўртага ташлайдиган вақт келди, — деди.
Тўнғич ботир биринчи кечада шер билан олишганини айтиб, белидаги тасмасини ўртага олиб қўйди. Ўртанча ботир иккинчи кечадаги воқеани айтиб, нишона учун тасмани ўртага ташлади. Кенжа ботир учинчи кечадаги воқеани айтиб, олган нарсаларини ўртага ташлади.
Подшоҳ билан вазир сирдан хабардор бўлдилар. Фақат гўшт, шинни, нон тўғрисидаги гапларни текшириб кўрмоқчи бўлдилар. Биринчи қўйчивонни чақиртиришди. Подшоҳ қўйчивондан сўради:
— Тўғрисини айт, кеча сўйилган қўзининг онаси итмиди?
— Подшоҳим, бир қошиқ қонимдан кечсангиз айтаман.
— Ўтдим, тўғрисини сўйла!
— Қишнинг ўртасида бир қўй туғиб, ўзи ўлиб қолди, шу вақтда бир катта итим ҳам туғган эди. Қўзичоққа раҳмим келди. Етим қўзини оч қолдиргим келмади. Ночор ўша итга эмиздириб, катта қилган эдим. Бошқа қўзи қолмагани учун ўшани юборгандим, — деди.
Подшоҳ боғбонни чақириб:
— Тўғрисини айт, шиннига одам қони қўшилганми? — деди.
— Подшоҳим, бир қошиқ қонимдан ўтсангиз, бир воқеа бўлган эди, айтардим, — деди.
— Айт, ўтдим, — деди. Боғбон:
— Ўтган ёзда, боғдаги узумзорга ҳар кеча бир одам ўғирликка тушиб, сизга олиб қўйган энг яхши узумдан ўғирлаб олиб кета бошлади. Бир куни агар қўлимга тушса, ўлдириб, шу токнинг тагига кўмиб қўяй, деб қасд қилдим. Бир кеча пойлаб ётдим. Яна келди. Шашвар тўқмоқ билан бошига урдим. Боши пачоқ-пачоқ бўлиб кетди. Ҳеч ким билгани йўқ. Шу ток тагига чуқур кавлаб кўмиб қўйдим, келаси йили ток кучланиб, чунон ҳосил қилдики, баргидан ҳам узуми кўп эди. Лекин мазасида озгина ўзгариш пайдо бўлди. Мен узумдан сизга юбормай, бутунича шинни қилган эдим, — деди.
Нонни подшоҳ ўзи тахлаган эди. Бу шоҳнинг отаси новвой эди. Подшоҳ ҳақиқатлар билинганидан кейин, буларнинг заковатига «офарин» деб, ботирларнинг олдига кирди. Салом бериб кўришди. Ҳеч бир нарса сўрамай:
— Сизларнинг ҳамма айтганларингиз тўғри бўлиб чиқди, менинг сизларга муҳаббатим ортди. Ботир меҳмонлар, ижозат берсангиз, бир арзим бор эди, агар қабул қилсангиз айтар эдим, — деди.
Тўнғич ботир:
— Айтганларингиз тўғри келса қабул қилармиз, айтингиз! — деди. Подшоҳ:
— Менинг учта қизим бор, ўғлим йўқдир. Мен эртага бутун шаҳарни тўйга чақириб, қирқ кун ош бериб, қизларимни сизларга никоҳлаб берсам, менинг ўғилларим бўлиб, бунда қолсангиз, — деди.
Тўнғич ботир:
— Хўп яхши айтасиз, лекин бизнинг ҳам шартимиз бор. Бизлар подшоҳ боласи эмасмиз. Отамиз бой ҳам эмас. Сизнинг давлатингиз подшоҳлик билан топилган, биз қўл кучи билан тарбият топганмиз. Элимиз бир бўлса ҳам, тарбиямиз бошқа. Қандай бўлар экан? — деди.
Подшоҳ:
— Мен бир иқлимнинг подшоҳиман, сизни отангиз қўл кучи билан тарбия қилиб, сиздай ботирларнинг отаси бўлган экан, мендан нима камлиги бор? Ҳақиқатда мендан ортиқдир. Тарбиянгиз орқасида жаҳон подшоҳлари йиғлаб ошиқ бўлиб юрган қизларнинг отаси сизга ўз қизларини йиғлаб тутади, — деди.
Булар қабул қилдилар. Шаҳарда қирқ кун тўй-томоша бўлиб, ботирлар подшоҳ қизларига уйландилар. Қизлар йўқотган тиллаларига гавҳар қўшиб олдилар. Яхши тарбия орқасида йигитлар бахт қушини қўлга киргиздилар. Қизлар билан ботирлар ипакдек эшилдилар.
Подшоҳ ҳамма куёвидан ҳам Кенжа ботирни кўпроқ яхши кўрарди. Кунлардан бир кун подшоҳ бир салқин жойда ухлаб ётган эди, ёнидаги ариқдан бир илон чиқиб, подшоҳга заҳар солмоқчи бўлиб турганда, тўсатдан келиб қолган Кенжа ботир уни кўриб, белидан қиличини суғуриб, чопиб, икки бўлиб ташлади. Яна қиличини қинига солиб турганида подшоҳ уйғониб қолди. Дилида: «Қизимни берганимга қаноат қилмай, мени ўлдириб, подшоҳ бўлмоқ хаёли бор экан», деб шубҳа қилди. Вазирга чиқиб воқеани айтди. Вазирнинг ботирларга ҳасад-адовати бўлиб, қулай пайтни кутиб юрган экан, яхши баҳона бўлди.
Вазир подшоҳга:
— Шундай бебаҳо қизларингизни, мендан бир маслаҳат сўрамай, яхши тарбия кўрган деб, мусофирларга бериб қўйдингиз, энди мана бир учини сизга кўрсатди. Энг яхши деб севган куёвингиз сизни ўлдирмоқчи бўлган экан, яна бир куни бошқачароқ ҳийла билан сизни ўлдириб қўяр, — деди.
Подшоҳ вазирнинг сўзига ишониб:
— Зиндонга солинсин! — деб буюрди.
Кенжа ботирни зиндонга солдилар. Кенжа ботирнинг қаллиғи жуда хафа бўлди. У ботирни ниҳоятда яхши кўрарди. Йиғлаб-йиғлаб, келинчакнинг юзлари сўлий бошлади.
Бир куни қиз отасининг оёғига бошини қўйиб, йиғлаб, қаллиғини афв этишни сўради. Подшоҳ қизининг юзидан ўтолмай, Кенжа ботирни зиндондан олдириб келди. Қаллиғи жуда соғинганидан куёвини қучоқлаб, юзларидан ўпиб, қўлини елкасига ташлаб йиғлаб турар экан, подшоҳ Кенжа ботирга қараб:
— Ботир, сиз шундай вафосизмисиз? Кўрмаяпсизми, менинг қизим сизга қандай меҳрибон. Шу қизимни ҳам риоя қилмай, қай кўнгил билан мени ўлдирмоқчи бўлдингиз? — деди. Кенжа ботҳ подшоҳга қараб бир ҳикоя айтди.

ҲИКОЯ
Бир замонда бир пошдоҳ бор экан, унинг яхши кўрган бир тўтиси бор экан. Подшоҳ тўтисини шундай яхши кўрар эканки, бир соат кўрмаса туролмас экан. Тўти ҳам подшоҳга жуда меҳрибон бўлиб, ҳар турли ширин сўзлар айтиб, хурсанд қилар экан. Бир куни тўти подшоҳдан сўрабди:
— Менинг Ҳиндистон деган юртда ота-онам, ака-укам, опа-сингилларим бор, фалакнинг гардиши билан сизнинг даргоҳингизга келиб қолган эдим. Шукурлар бўлсин, ақл-идроким, яхши хулқим, ширин сўзим орқасида сиздай подшоҳга ҳамсуҳбат бўлдим. Энди, илтимосим шуки, мени қафасдан бўшатиб, йигирма кунга жавоб берсангиз, олти кун боришим, олти ким келишимга кетса, бир ҳафта — ота-онам, ака-укаларимни кўриб дийдорига тўймоғим учун етар.
Подшоҳ:
— Йўқ, сенга жавоб берсам, яна келмай қолсанг, мен соғинаман, жуда хафа бўламан, — дебди.
Тўти:
— Йўқ, подшоҳим, сизнинг менга кўрсатган илтифотингиз ёмон йўлга бошламайди, қандай бўлсаям ваъда — улуғ, муқаддас нарса, уни бузиш ярамайди. Ваъдани бузмоқ оғир гуноҳ. Сўз бераман — сўзимда тураман, — дебди.
— Хўп бўлмаса, агар тезда келсанг икки ҳафтага рухсат бераман, — дебди подшоҳ.
— Хайр, энди қандай бўлса ҳам чиқай, — деб тўти ўн беш кунга рухсат олибди. Деворга қўниб туриб, хайрлашибди. Жануб томонга қараб учиб кетибди. Подшоҳ орқасидан қараб қолибди. Подшоҳ тўтининг қайтиб келишига ишонмас экан.
Тўти олти кун деганда Ҳиндистон деган мамлакатга бориб, ота-оналарининг олдига етибди. Бечора тўти жуда хурсанд бўлиб, тоғдан тоғга, боғдан боғга, шохдан шохга сакраб, учиб, ўйнаб-кулиб, ота-онасининг дийдорига тўйди, қариндош-уруғига меҳмон бўлиб, уч кунни қандай ўтказганини билмай қолди. Эртаси яна қафас томонга, тутқунликка учмоғи керак экан. Ота-онаси, ака-укаларидан ажралмоқ жуда оғир бўлибди. Бир тарафда ваъда бор, ваъдага вафосизлик хавфи туради. Бечора тўтининг қувончи тугабди. Шодлиги ғамга алмашибди. Қанотлари сўлибди. Иккинчи қайтиб келиш ё бор, ё йўқ. Қариндош-уруғлар бир жойга тўпланишибди. Ҳаммасининг кўзи ғамли тўтида экан. Қандай бўлса ҳам қайтмасликни маслаҳат беришибди. Тўти айтибди:
— Йўқ, яна қайтмоқ учун ваъда берганман, ваъдага вафо қилмаса бўладими?
Бир тўти айтибди:
— Ваъда берган подшоҳингда инсоф бўлса, сени уч йил қамоқда сақлаб, фақат икки ҳафтага жавоб берармиди? Сени севар экан, севиклисини қафасда тутмоқ ярашадими? Дунёга қафасда турмоқ учун келдингми? Бир кишининг хушвақтлиги учун эркинликни қўлдан берма! Подшоҳ деганнинг марҳаматидан қаҳри ортиқдир, подшоҳ билан шерга яқин бўлмоқ ҳикматдан эмасдир.
Подшоҳнинг тўтиси айтибди:
— Менга бир йўл кўрсатинг, мен ҳам эркинликка чиқай, ҳам ваъда ёлғон бўлмасин.
Она тўти айтибди:
— Шундай бўлса мен ҳам бир маслаҳат бераман. Бизнинг жойда бир дарахтнинг меваси бор, ҳар ким бир донасини еса, қари чол бўлса йигитлик ҳолига қайтур. Кампир еса қиз каби ёшлик ҳолига келур. Подшоҳга шундан уч донасини олиб боргин, бу бебаҳо мевани бериб, ўзингнинг бутунлай озод этилишингни сўра, шояд инсофга келиб, бутунлай озод этса, — дебди.
Бу гап маъқул тушибди. Шу чоғда уч дона мева олиб келибдилар. Тўти уни чангалида маҳкам ушлаб, хайрлашиб шимол томонга қараб учибди. Қариндошлари зўр умид билан орқасидан қараб қолишибди.
Тўти олти кун деганда подшоҳнинг саройига етиб келибди. Подшоҳ билан кўришиб, олиб келган тортиқни унга берибди, хосиятларини бир-бир айтибди. Подшоҳ жуда хурсанд бўлибди. Озод қилмоққа ваъда берибди. Бир донасини хотинига бериб, икки донасини вазирга кўрсатмоқ учун бир пиёлага солиб қўйибди. Эртасига вазирга кўрсатиб, хосиятларини айтибди. Вазирнинг бунга ҳасади келибди. Ичида хафа бўлибди. Ишни бошқача йўлга бурмоқни ихтиёр қилибди:
— Сиз бу парранданинг олиб келган нарсасини емай туринг, олдин бир тажриба қилиб кўрайлик, дуруст бўлса емоқ қочмайди, — дебди.
Бу гап подшоҳга маъқул тушибди. Вазир вақтини топиб, пиёладаги икки дона ёшартирув мевасига заҳар аралаштириб қўйибди. Бир кундан кейин вазир айтибди:
— Энди ёшартирув мевасини бир тажриба қилайлик.
Бунинг учун қамоқхонадан икки нафар одамни олиб чиқиб едирибдилар. Иккаласи шу чоғдаёқ ўлибди. Вазир айтибди:
— Агар сиз есангиз нима бўлардингиз?
— Мен ҳам ўлардим, — дебди подшоҳ.
Бечора тўтини қафасдан судраб олиб чиқиб, калласини танасидан узиб ташлабдилар.
Бир куни подшоҳ бир одамни ғазаб билан ўлдирмоқчи бўлибди. Бу киши кекса экан. Қолган бир дона мевани емоққа буюрибди. Ҳалиги одам мевани еган экан, оқарган сочлари тушиб кетибди, тишлари бутун бўлиб, кўзларининг нури ортиб, йигирма яшар йигит ҳолига келиб қолибди. Подшоҳ вазирдан шубҳаланиб, пиёлани олиб келиб қараган экан, заҳар қўшилганлигини билибди. Подшоҳ вазирни ҳам ўлдириб юборибди. Бечора тўтининг бегуноҳ ўлганига қайғурибди, лекин иш ўтган экан. Тўти подшоҳга яқин бўлганининг «мукофоти»нигина кўрибди.
— Энди мен ўзимнинг қилган яхшилигимни айтай, — дебди Кенжа ботир ва ариқдан чиққан илон воқеасини айтибди. Ўша жойда икки бўлиниб ётган илон танасини олиб келиб кўрсатибди. Подшоҳ қилган ишига пушаймон бўлибди. Кенжа ботирдан узр сўрабди.
Кенжа ботир айтди:
— Тақсир, энди рухсат берсангиз, бизлар ўз юртимизга қайтсак. Подшоҳ ялиниб-ёлвориб, қолишларини сўради. Қабул қилмадилар.
— Биз сарой кишиси бўлолмаймиз. Биз меҳнат билан, касб-ҳунар билан яшаймиз, — дедилар.
Подшоҳ:
— Бўлмаса қизларим қолсинлар, — деган эди, қизлари рози бўлишмади. Улар:
— Биз куёвларимиздан ажралмаймиз, рухсат берсангиз, биз ҳам куёвларимиз билан бирга кетсак, сизни кўргани ҳар йили келиб турамиз, — дейишибди.
Подшоҳ ҳайрон бўлиб, ночор рухсат берди. Бутун нарсаларини йиғиштириб, сафарга чиқдилар. Ботир йигитлар ўз хотинлари билан икки йил деганда, оталарининг олдига олти киши бўлиб келдилар. Ботирлар оталари билан қучоқлашиб кўришиб, хотинларини таништирдилар. Отаси ҳам, буларнинг келишини эшитиб, уч бўлак ҳовлибоғ тайёрлаб қўйган эди. Ҳар бирлари тайинланган жойга кўчиб кирдилар. Қизлар куёвлари билан роҳат-фароғатда яшаб, мурод-мақсадларига етдилар.