Уч насиҳат

Бор экан-да, йўқ экан, оч экан-да, тўқ экан, ўтган замонда бир савдогар яшаган экан. Унинг битта-ю битта ўғли бор экан. Хотини фарзанд кўрганидан кейин кўп ўтмай ўлиб кетган экан. Савдогарнинг ўзи ҳам кўп вақт касал бўлиб ётибди. Бу вақт ичида бисотидаги бор давлатини сарфлабди.
Кунлардан бир куни савдогар ўғлини чақириб:
— Ўғлим, сен жуда ёш бўлганингда онанг ўлиб кетди. Мен ёлғиз ўзим сени қийинчилик билан тарбияладим. Бор давлатимизни ҳам ишлатиб бўлдик. Энди сен ҳам катта бўлиб қоддинг, мен эса қаридим. Битта танга топсанг ҳам, уйга ташигин, — деб қўлига бир сўм берибди.
Шу вақтгача отасидан ҳеч пул олмаган бола ҳайрон бўлиб ундан сўрабди:
— Ота, мен бу пулни нима қиламан?
—Эртага катта бозор бўлади. Сен ҳам бозорга бориб, олди-сотти қилиб, кўпайтириб келасан. Бундан кейин шундай қилиб тирикчилик қиламиз, — дебди отаси.
Бола эртасига саҳарда туриб, бир сўмни олиб бозорга йўл олибди. Йўлда муюлишдаги катта қайрағоч тагидаги чойхонада одамлар гавжум экан. Бир қари оқсоқол туриб-туриб, “ким насиҳат эшитади?” деб қўяр экан-да, яна чойини ичиб ўтираверар экан. Бола секин бориб, “мен насиҳат эшитаман”, дебди. Шунда чол, “ўғлим, бир сўминг борми?” деб сўрабди. Одамлар ичида қайтиб кетишга уялиб, отаси берган бир сўмни берибди. Шунда мўйсафид:
— Болам, дунёда икки йўл бор: бири — тўғри йўл, иккинчиси эгри йўл. Тўғри йўлдан борсанг, етарсан муродга, эгри йўлдан юрсанг, қоларсан уятга, – деб насиҳат қилибди ва болага ижозат берибди.
Бола ўрнидан туриб, нариги чорпояга ўтиб ўтириб-ўтириб, кунни кеч қилибди. Чойхўрлар тарқалгач, у ҳам уйига жўнабди. Уйига келгач, отаси ундан.
— Хўш, ўғлим, бозорда нималар қилдинг? Бир сўмни кўпайтириб келдингми? — деб сўрабди. Бола:
— Ўртоқларим билан чой ичдим, — деб ёлғон гапирибди.
Отаси индамабди. Бир неча кун ўтгач, савдогар ўғлига яна бир сўм бериб, бозорга юборибди. Бола пулни олгач, яна ўша чойхонага бориб, ўтган сафар насиҳат қилган чолни топибди. Унга яна насиҳат эшитмоқчи эканлигини айтибди. Шунда мўйсафид:
— Болам, сен ҳунар ўргангин. Йигит кишига қирқ ҳунар оз. Ҳунар билсанг, ўзасан. Ҳунар билмасанг, тўзасан, — деб насиҳат қилибди.
Бола отаси берган бир сўмни оқсоқолга берибди. Ўзи эса куни билан кўчаларни айланиб юриб, кеч кирганда уйига қайтиб келибди. Отаси ундан пулни нимага сарф қилганини сўрабди. Бола отасига яна ёлғон гапирибди:
— Куни билан айланиб юриб қорним очган эди, турли нарсалар олиб едим. Отаси яна индамабди. Орадан бир қанча вақт ўтгач, савдогар ўғлига яна бир сўм бериб, бозорга юборибди. Бола пулни олиб, яна ўша насиҳатгўй чолнинг ёнига келиб, ундан яна бир насиҳат айтишини сўрабди. Шунда мўйсафид:
— Болам, доим рост гапиргин. Тўғри тил тош ёрар, эгри тил — бош, — деб насиҳат қилибди. Бола отаси берган бир сўмни яна чолга берибди. Бола кунни бир амаллаб ўтказибди. Уйига қайтгач, отаси ундан пулни нима қилганлиги ҳақида сўрабди. Бола энди отасига ростини айтмоқчи бўлибди.
— Ота, мен бир мўйсафиддан насиҳат эшитдим, — дебди бола.
Буни эшитган савдогарнинг жуда жаҳли чиқибди, “Сенми, ҳали насиҳат эшитадиган, пулларни йўқ қиладиган”, — деб роса калтаклабди ва уйдан ҳайдаб чиқарибди.
Бола уйдан йиғлаб чиқиб, боши оққан томонга қараб кетаверибди. Йўл юрса ҳам, мўл юриб, бир анҳор бўйида хафа бўлиб дам олиб ўтирса, туяларга мол ортган савдогарлар ўтиб қолибди. Уларнинг карвонбошиси боладан:
— Бу ерда нима қилиб ўтирибсан, хафа бўлиб,— деб сўрабди.
Бола бошидан ўтган воқеаларни айтиб берибди ва ҳунар ўрганмоқчи эканлигини айтибди. Карвонбоши:
— Менга шогирд бўлиб тушасан. Ўзим сенга ҳунар ўргатаман, — дебди.
Шундай қилиб, бола карвонбоши билан бирга турли шаҳарларда савдо қиладиган бўлибди.
Бир куни савдогар, унинг яна битта шогирди ва бола узоқ сафарга отланибдилар. Улар қум саҳросида кетаётиб, йўлда адашиб қолишибди, сувсизлиқдан жуда ҳам қийналишибди, “бирорта қудуқ чиқиб қолар”, деб излай бошлашибди. Охири қийналиб, зўрға битта қудуқ топишибди. Роса хурсанд бўлишибди. Қудуққа карвонбошининг биринчи шогирди тушибди. Қудуқ жуда чуқур экан. Савдогарнинг шогирди ҳеч чиқавермабди. У қудуқда дев гўзал хотини билан яшар экан. Шогирд бола қудуққа тушганида дев унинг ёқасидан ушлаб:
— Нега тушдинг, қудуққа? Тез айтмасанг, ҳозир ўлдираман, — дебди.
Шогирд бола девнинг хотинини кўргач, ҳамма нарсани унутиб, унга хушомад қила бошлабди. Дев хотинини жуда рашк қилар экан, боладан жаҳли чиқиб, уни бўғиб ўлдирибди.
Шогирд бола чиқавермагач, савдогар уни “чўкиб кетди, шекилли” деб ўйлаб, белидан арқонни боғлаб ўзи тушибди. Дев унинг ҳам ёқасидан олиб:
— Нега тушдинг, қудуққа? Тез айт, бўлмаса ўласан, — дебди.
Савдогар ҳам девнинг гўзал хотинидан кўз узолмай қолибди. Девнинг саволларини эшитмабди ҳам. Бундан девнинг жаҳли чиқиб, уни ҳам бўғиб ўлдирибди. Бола уларни “ана сув олиб чиқади, мана сув олиб чиқади” деб роса кутибди. Охири ўтира-ўтира зерикканидан, ўзи қудуққа тушмоқчи бўлибди. Қудуққа тушса, у ҳам девга йўлиқибди.
Дев унинг ҳам ёқасидан ушлаб, ўша саволларини берибди. Бола ерга қараб:
— Савдога кетаётган эдик. Сувсизликдан қийналдик. Сув олгани тушдим, — дебди. Шунда дев гўзал хотинини чақирибди. Бола эса у хотинга қарамай, унинг сувдаги аксига қараб тураверибди. Дев боладан:
— Нега сен менинг хотинимга қарамаяпсан? — деб сўрабди. Шунда бола:
—Тўғри йўлдан борсанг, етарсан муродга, эгри йўлдан борсанг, қоларсан уятга, — дебди.
Девнинг кўнгли кўтарилиб, болага сув ичишга рухсат берибди. Ўзи юқорига сув олиб чиқишга ҳам ёрдам берибди, бирга туяларни суғоришибди. Бола дев билан хайрлашиб, ўз йўлида давом этибди. Бир қанча йўлни босибди.
Бир куни тунда унга қароқчилар хужум қилишибди. Улар боланинг бир неча туясини олиб қолишибди. Бола қолган учта туядаги моллари билан карвонсаройга етиб келибди. Саройбон:
— Нега мунча кеч қолдинг? Карвонбоши ва унинг яна битта шогирди қани? Моллар ҳам кам-ку! — дебди.
Бола йўлда юз берган воқеаларнинг ҳаммасини айтиб берибди. Саройбон боланинг ёлғон қўшмасдан гапирганига хурсанд бўлибди. Карвонбошининг шогирди билан ўлганини, молларни қароқчилар талаганини у билар экан. У боланинг кўнглини кўтарибди.
Бир оз вақт ўтгач, болани карвонбоши қилиб тайинлабди. Бола ишлаб юриб, кўп дўстлар орттирибди, обрўси борган сари кўтарилаверибди, Уни халойиқ савдогарларнинг ҳокими қилиб сайламоқчи бўлишибди, Шунда бола унга насиҳат қилган оқсоқолни ҳоким, ўз отасини унга вазир қилиб сайлашларини сўрабди.
Халойиқ рози бўлибди. Боланинг отаси ўша пайтда ўғлини ноҳақ хафа қилганидан анча хижолат тортибди. Боланинг ўзи эса карвонбоши бўлиб юраверибди.
У оқсоқолнинг насиҳатларига амал қилгани учун шунчалик даражага етибди. Бундан кейин ҳам шу насиҳатларга амал қилиб юришни ният қилибди.