Ўғри

Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим замонда бир мамлакатнинг подшоси бор экан. Унинг хазинасига ўғри тушибди. Подшонинг ясовуллари ўғрини қўлга туширишибди. Подшонинг буйруғи билан ўғрини ўн беш йилга зиндонбанд қилишибди.
Кунлардан бир куни ўғри ясовулбошидан илтимос қилибди:
— Менинг бир фарзандим бор. Шу болам билан мени юз кўриштириб, гаплашишга рухсат берсангиз, минг тилла бераман. Қўриқчиларингиз назорати остида менга бир кунга ижозат беринг ёки хотиним ва боламни чақиртиринг.
Зиндон ясовулбошиси бунга кўнмай, ўғрининг гапини рад этибди. Ўғри уч минг тилла беришга ваъда қилса ҳам, ясовулбоши кўнмабди.
Орадан бир неча йил ўтгач, ясовулбоши ўғрининг ёнига келиб:
— Ҳой жиноятчи, сен ўша ваъда қилган тиллаларингни берсанг сени бир кунга уйингга юбораман. Фарзандинг билан гаплашиб келасан, — дебди.
— Энди сенга мен бир тилла ҳам бермайман. Ўша вақтда ўғлимнинг тили эндигина чиқаётган эди. Унинг ширин гапларини эшитгим келган эди. Ҳозир ўғлимнинг ширинлик даври ўтган. Мен зиндон муддатини ўтаб бўлиб чиқаман, — деб жавоб берибди ўғри.