Тўлғоной

Ўратепа беги халқдан оқ уйликка қорачерик — одам сўрабди. «Қўқон бизнинг устимизга ҳужум қилиб келмоқчи эмиш. Биз ўз ғамимизни ейлик», деб халққа хабар қилибди. Ўратепа беги қорачерик сўраганда қирқ уруғдан сўрабди, бўлаги унга тобе эмас экан, бермабди. Халққа хабар етгандан кейин халқ маслаҳат қилибди.
— Энди бунга одам бермасак, бег-да, нима қилса қилади. Бунга кимни юборсак, ким борар экан? Ўзига баҳузур бой-бадавлат кишилар ҳеч маҳалда бормайди. Бунга, рўзғорини ўтказолмайдиган камбағаллар боради. Улар бу ерда нима тирикчилик ҳам қиларди?
Шунда ҳар ўн уйга бир одам учун пул йиғиб бермоқчи бўлибди. У вақтда халқ ўтроқ эмас, бир ерда бир йил яшаса, бир ерда олти ой яшар экан. Шунда Назар деган камбағал, бу хабарни эшитгандан кейин, «Бола-чақам билан мен борайин, бу ерда боғу чорбоғим қолаётибдими? Бедананинг уйи йўқ, қаерга борса питпилдиқ» деб, бормоқчи бўлиб бойдан иккита эшак олибди. Пулдор одамга бу ҳеч гап эмас, унинг бола-чақасини сотиб олиб жўнатибди.
Ҳалиги камбағалнинг бўйи етиб қолган Тўлғон деган қизи бор экан, буни бир камбағалнинг Пардавой деган ўғлига унаштириб қўйган экан. Энди бериб кетайлик деса, Пардавойда бир кўрпа билан бир ёстиқ қилиб олгудай ҳеч нарса йўқ. Бойлардан олган пулидан қилиб берай, деса ўзига керак бўлади. «Кел-э» дебди. Пардавой ҳам «Тақдирдан кўрсин, тақдирга тан бериб қолар. Агар қизимнинг тақдири шу ёққа тортса, бирови бир нима бериб олар. Қизимни ташлаб кетсам, ёвгарчилик бўлса, «ота-онам ўлиб кетдими?» деб кўнгли алоғда бўлар, нима бўлса ҳам бирга бўлгани маъқул», — деб жанда-жунда кўрпаларини эшакка ортиб, болаларини эргаштириб, ҳар уруғдан жўнаган кишиларга қўшилиб, Ўратепага қараб йўл олибди.
Бир неча уруғлардан чоллар, бели букчайиб, қулоғи тикрайиб қолган кампирлар ҳам кетиб борар экан. Неча кун йўл юриб, бир кун Ўратепага етибди. Ўратепа беги буларнинг келганини эшитиб, сипоҳи одамларидан қўшиб, қорачерикка борган одамларни ҳайдаб Қўқон атрофига ўтказиб, «Қўқондан келган ёвга сизлар кўндаланг!» деб қайтибди.
Қорачерикка борган одамлар бир нечтаси ертўла қазиб, бир нечтаси қамишдан капа қилиб: «Ҳай, оқ уйликка ҳам келдик, еб ётадиган овқатни ғамлаб келганмиз, бойларнинг пулини олганмиз, зарур бўлса Ўратепага борамиз, бўлмаса бунда турамиз. Қўқонлик келганда нима қиламиз? Ҳамшаҳар камбағалмиз-да. Қўқон хони келганда, қасд қилганда биздан битта эшак олади-да. Бизнинг рўзғоримизда, ҳўкиз шохига илиб чиққудай нарса бўлмаса, тўшаб ўтирадиган нарсамиз йўқ, туришимиз шу. Ёвгарчилик, агар феъли кетиб беглар ҳайдаб милтиқнинг дамига тутиб, бола-чақа нобуд бўлиб кетмаса, бир кунимиз ўтиб турар», дейишибди. Камбағаллар чойини қайнатиб ётибди. Орадан икки ой ўтибди. Қўқон хони ҳужумга отланибди.
У вақтда бешта-ўнта йўриқчига чиқкб турадиган одамлар бўлар экан. Шу бекнинг одами, моли у бекка ўтса, ўлжа қилиб олиб кетар экан. Шунда қўқонлик Ўратепага ёв бўлибди. «Ўратепани олиб қўяди» деб, Қўқон хонига қарши чиқиб, Ўратепа беги ҳам саф тортиб турибди. Чодир чаманини тикиб, Қўқон беклари найзасини олиб майдонга кирибди.
Ўратепа бегидан Олланазар ботир, бу ҳам майдонга кириб қўқонликнинг кўп ботирлари билан олишибди. Шунда, кам-кам ўйин қизиб, қий-чув тўполон бўлибди. Ким ўлиб, ким қолганини билиб бўлмабди. Оқ уйликлардан ҳам борган бир неча дадилроғи кўриниш бериб, баландроқ ерда туриб, шовқин қилиб юрган ёш болалар, аёл, бола-чақалар кўпи қамишнинг ичига кирган. «Одамлар билан аралашиб кириб турсам, Қўқон одамининг кўзига тушиб қолсам, мени ўлжа қилиб олиб кетиб қолар» деб, Тўлғоной одам бор ердан қочиб, ҳеч ким кўрмас деб, бир қамишзорга кирибди. Ўртасига киргани чўчиб, бирор жондорга йўлиқиб қолмайин, деб четроқда турибди. Қанча фурсатдан кейии сибизға карнайнинг товуши келибди. Карнай тортганда ёв ккки ёққа айрилибди. Овқат вақти бўлибди. Шу вақтда Тўлғоной чиқиб ариқнинг бўйида бети-қўлини ювиб, сув ичиб турган экан, бошида заррин дастор, белида тилла камар, унга қилич боғлаган бир сипоҳи келиб қолибди. Тўлғоной сесканиб, бадани қалтираб қўрқибди. У Сўфибек деган киши экан. У туриб айтибди:
— Яхши бола экансан, қўрқма. Сенинг отинг нима?
— Менинг отим Тўлғон, — дебди Тўлғоной. Шунда Сўфибек айтибди:
— Тўлғон экансан, сен мендан ҳадик олма. Мен таҳорат қилиб пешин ўқийин, сен отга қараб тур. Пешинни ўқиб бўлгандан сўнг сен билан гаплашиб ўзим яхши жойга олиб бораман.
Сипоҳ дасторларини қўйиб, этикларини ечиб, камар, қурол-аслаҳа ва кийимларини ҳам ечиб таҳорат қила берибди. Тўлғоной юрагини босиб олиб, шўхлиги келиб:
— Мен сизнинг кийимларингизни кийиб кўрайин, менга ҳам ярашар, — деб ечиб қўйган этигини, тўнларини кийиб, тилла камар билан белини бўғиб, бошига заррин дасторини қўйиб:
— Қалай, сиздай сипоҳи бўлдимми? — деб унга қарабди. Сўфибек кўриб:
— Кийим ярашиб кетибди, балли қаддингдан, сипоҳилигинг мендан ҳам басавлат бўлибди. Ҳар гап бўлса намоз ўтмасин, отни ҳам миниб тур, мен намоздан қутулайин, — деб намоз ўқишга киришибди. У намозга айланганда Тўлғоной: «Бу икки ёқлама фойда қиладиган экан, художўйлик қилиб, худонинг қарзидан қутулмоқчи, Бунинг феъли, намоздан қутулгандан кейин мени ҳам айлантирмоқчи. Энди намоздан фойдалангани бас-да, бунинг» деб, Тўлғоной отнинг бошини буриб, жўнай берибди. Отга қамчи уриб, ҳар замон бурилиб қарабди. Намоз бузилади деб, у ҳеч қаёққа қарамабди. Намоздан фориғ бўлиб, юзига фотиҳани тортиб, тасбеҳ ўгириб, ўрнидан турса, от-аслаҳа, Тўлғон йўқ. «Бу қаёққа кетди? Кулиб турган хушбўй бола эди, бирор ерда, қамишнинг четида яшириниб турган бўлмасин» деб чет-теваракларни ҳам қараб, дарак топмабди. Отнинг изи Жиззах тарафига чиқиб кетган экан. Энди қайтиб бекларнинг қошига боролмабди. Ялангоёқ чопиб, чиқиб, бир баландлик ердан қарабди, ҳеч дарагини топмабди. Шунда югуриб-елиб, тўнининг икки этагини қайтариб, «Бу қандай аломат бўлди?» деб ҳар томонга қараб, қандай жондор кўринса сўраб, чопиб юраверибди. Кўзига бир эчки кўринибди. «Пешинни ўқидим эчки, чордевордаги қўтир эчки, шу ердан Тўлғон ўтдими?» деб сўрабди. Ундан ўтиб, чопиб бораётган экан, бир кампир кўринибди:

Дарёда юзади кема,
Етти уруғларинг тамма
Зинграйиб турган жон момо,
Бу ердан Тўлғон ўтдими?
Дўмбиранинг боши бурма,
Шайтон мени йўлдан урма,
Сўфибекни абгор қилган
Тўлғонжонни кўрган борми?

Югуриб-елиб анча юрибди, кўп абгорликни кўрибди, ер тўзон бўлиб, из бекилибди, қаёққа юрарини билмай Сўфибек шарманда бўлибди. От-анжомидан айрилибди. Тўлғондан қуруқ қолибди. Шарманда бўлиб қайтибди. Кўзидан ёши оқиб, беклар қошига боролмай ўйлаб, сипоҳи тенгдошларимга қандай кўриниш бераман дея, яёв мазгилига кетибди.

Тўлғон қистаб минган отти
Мирзачўлга йўлни тортти.
Тўлғонни кўрган халойиқ,
Амирнинг маҳрами депти.

Энди Тўлғоной таваккал қилиб, сипоҳининг йўрғасини миниб, ўроқчи, машоқчи кўрса, «бу амирнинг маҳрами», деб йўлдан чиқиб, четда туриб, ўз кайфида йўл юриб, «ота-онам унда қолди, уруш тарқаса, ўлмаса, беш-тўрт ой ўтса ўзи бориб қолар-да» деб, қистов билан йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб, Қўшбармоқдан ўтиб, Жиззахга яқинлашиб етиб қолибди. Кўнглида: «Энди саройда, ҳар жойда қўниб ётмайин. Бу оту апжом билан кўрган одам мени тек одам демас, бу Жиззах бегининг қўрғонига кириб, аркнинг остида, жиловхонасига рўпара бўлиб кўрайин», деб гавжум қўрғоннинг дарвозасидан кирди. Сипоҳлар кўриб «От йўл тортиб, тер қотиб келган, бу Музаффархоннинг маҳрамидир», деб кўргандан олдига югуриб, хизмат қилиб, бекка хабар берибдилар. Бек келиб кўриниб кетибди. Жойни ораста созлаб, ҳар турли таомлар тортиб, хизмат қилиб, шу кеча кутибди. Бек сўрабди:
— Қай тарафдан келаётибсиз?
Тўлғоной айтибди:
— Ўратепа беги билан Қўқон хонининг уруши бор экан, арза олиб бориб, шуларнинг урушини босиб, тинчлик бериб келаётибман.
Эрта билан чойни ичиб бўлгандан сўнг отини тайёрлаб, отига миндириб, бек одам қўшиб, Жиззахнинг Гаримжўш тоғидан ошириб, сой ичига катта йўлга тушириб қўйибди.
Тўлғоной қистаб йўл юриб, Янгиқўрғонга бир тушиб ўтиб, Оқтепанинг бозори қизиган вақтда, кун оғайин деганда бозорга кириб борибди. Оқтепани айланиб кўриб, қассоблик, ғалла бозорларида отлиқ юриб экан, самоварчиликда одамлар гап қилибди. «Бу амирнинг маҳрами нимага келиб, от устида ҳамма ерни кўриб юрибди, бир гап бормикан?»
Қаёққа қараб юрса, одамлар нима воқса эканини билмай, томоша қилиб юрибди, лекин у ҳсч кимга, ҳеч нарса гапирмабди.
Пешин вақтида бозордан қайтибди. «Бу одам қаерга боради» деб, ҳамманинг кўзи бу сипоҳида бўлиб юрибди. Бориб-бориб бир Пардавой деганнинг ёмон ҳовлисига кирибди Одамлар айтибди: «Бу Пардавой камбағал бир иш қилган экан-да, ҳеч кимдан сўрамай, шуни излаб юрган экан-да».
Тўлғоной ҳовлисига кирган ҳамоно, Пардавой кўриб, кўзи тушгандан, «энди ўлдим» деб, сомонхонанинг тўрига кириб, чирик сомонга ўзини кўмиб, «топмай кетар-да» деб, дамини чиқармай ётибди. Шунда Тўлғоной:
— Пардавой уйдами? — деб томнинг олдига етибди. Ён ёқда одамлар қараб турибди. Қари энаси бор экан, уйдан чиқиб:
— Болам, Пардавойда нима ишингиз бор, икки ойча бўлди, Пардавой ўроқчилик, машоқчилик қилиб кетди, «бир шум овқатни ўтказаман», деб юргандир, — деб кампир қўрқиб, дам-бадам, — нима қиласиз? —  деб сўрайверибди.
Тўлғоной отдан тушибди. Отни ўзи бойлаб, уйга кирмоқчи бўлибди Кампирнинг ҳам хаёли кочиб: «Бир бало бўлди, бизга бу кун ҳам кўп эканми?» деб турибди. Тўлғоной бир қозиққа камар, қиличларини осиб қўйибди. Сўфибекдан кийган кийимлариникг ҳаммасини ечиб ташлабди.
— Мана мен кимга ўхшайман? —  деб сўрабди. Кампир қараса Тўлғоной экан.
— Тўлғоноймисан? — деб кампир Тўлғонойни багрига босиб, кўришиб эшикка чопиб чиқиб:
— Ҳо Пардавой, Тўлғоной келиб қолди, сипоҳи эмас экан, — дебди. Буни эшитиб:
«У нега келсин, мени алдаб чақираётгандир. Аёл шундай бўладими, ёнбошида қиличи осилганди», деб қулоқ солиб ётибди Онаси бориб, устидан сомонни супуриб ташлаб, Пардавойнинг қўлидан ушлаб:
— Чиқиб кўр, кетган давлатинг, Тўлғоной келибди, — дебди.
Ундан кейин Пардавой, онаси билан чиқиб кўрса, бояги от бойлиқли турибди. Кетгандан бери қўли ишга бормай юрар экан. Энди Тўлғонойни кўриб, вақти хуш бўлибди. Энаси туриб:
— Тўлғоной келди, беш-тўрт танга пулинг борми? Бозорга бориб бир нарса харажат қилиб келсанг. Камбағалчилик, ҳеч нарсанинг тайини йўқ, — дебди. Камбағалнинг аҳволи бир-бирига маълум бўлади. Булар ташвишга тушиб қолганини кўриб, Тўлғоной:
— Бизнинг отни олиб бориб, ўтишига бозорга сотинг. Ундан кейин пулини харажат қилаверинг, — дебди. Бу сўзни эшитиб, Пардавойнинг димоғи чоғ бўлиб, отни миниб, от бозорга бориб, ўтишига отни сотибди. Харажат қилиб, уйига келибди. Кўрпа-тўшагига керакли нарсаларни ҳам олиб келибди. Ҳамма кам-кўстини созлаб: «Тўлғонойнинг никоҳи ҳаммага маълум бўлсин» деб, бир кичикроқ тўй қилиб, беш-ўн одамга ош берибди.
Шундай қилиб Пардавой билан Тўлғоной мурод-мақсадига етибди.