Тўғрилик ҳақида

Қадим замонда бир подшо бўлган экан. Подшо ўз саройига катта айвон солдирмоқчи бўлибди. Бунинг учун турли мамлакатлардан энг яхши усталарни чақиртирибди. Усталар қисқа вақт ичида жуда катта айвон қуришга киришибди. Айвон битай деб қолганида битта четига устун етмай қолибди. Айвонга тўғри ва силлиқ устун керак экан.
Подшо айвонга мос келадиган устун қидириб топишга буйруқ берибди. Сарой уламолари кўп жойларга бориб, ҳеч қаердан айвонга мос устунни топа олмабдилар.
Бир хароба ҳовлида бир кампир ёлғиз яшар экан. Унинг ҳовлисида битта-ю битта тераги бўлиб, у жуда тўғри ва чиройли бўлиб ўсган экан. Буни эшитган сарой одамлари подшога етказишибди.
Подшо ўша теракни кесиб, олиб келишни буюрибди. Теракни келтириб, айвонга қўйишибди. Терак айвонга жуда ҳам мос келибди. Наққошлар теракка ажойиб нақшлар, гуллар солиб, олтин билан безашибди. Айвон ҳам битибди.
Бир неча кун ўтгач, кампир ўз терагини кўриб келиш учун саройга йўл олибди. У ўз терагини таниб, уни нақадар гўзал бўлиб кетганлигидан завқланиб, томоша қила бошлабди. Сарой соқчилари кампирдан хавотир олиб, уни подшо ёнига олиб борибдилар. Подшо кампирдан, бу ерда нима иш билан юрганини сўрабди. Шунда кампир:
— Сизнинг айвонингизни қуришда ишлатилган менинг терагим, ота-онамдан қолган эди. У ёшлигидан бошлаб тўғри ва чиройли бўлиб ўсди. Шунинг учун унинг нафи ҳам тегди, ўзини ҳам, мени ҳам зарга ботирди. Тўғрилик қандай яхши экан, — дебди.
Подшо кампирнингайтганларидан қувониб, унга яна бир қанча тиллалару, қимматбаҳо буюмлар берибди.