Тўққиз дангаса

Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим замонда ўнта ака-ука қариндошлар бор экан. Уларнинг тўққизтаси дангаса, биттаси абжир, ҳаммасининг касби аравасоз экан.
Тўққиз дангаса шаҳар бозорининг ўртасида, бир абжир бўлса шаҳарнинг бир четида яшар экан. Шаҳар ўртасида яшовчи дангасалар камҳафсалаликдан бир кунда бир аравани зўрға ясар эканлар. Шаҳар четида яшовчи бир абжир бўлса, бир кунда тўққизта арава ясар экан.
Кунлар ўтаверибди. Бозордаги халқ тўққиз дангаса ясаган арава ёмон, деб, бир абжир ясаган араваларни жуда яхши, деб мақтар эканлар. Бу мақтов оғиздан оғизга кўчиб, бирга икки қўшилиб, абжир араваларининг нархини ошириб, дангасаларнинг аравалари нархини пасайтирибди. Бориб-бориб охири дангасаларнинг аравасига харидор топилмай қолибди.
Тўққиз аравасознинг боши қотибди. Улар хаёлга чўмибдилар. Кунларнинг бирида дангасалар бошларини қуйи солиб, белларини букиб арава созлаётганларида, улардан бири шерикларига қараб:
— Топдим!.. — деб қичқириб юборибди. Тўрт дангаса мих қоққанча, учтаси ғилдиракни, биттаси тўқмоқни кўтарганича қотиб қолибди.
— Ҳозир бориб абжирни ишга соламан, ишимизни мақтайман, — дебди ҳалиги. — Ҳар биримиз кунига тўққиз аравадан, тўққизовимиз саксон бир арава ясаймиз, дейман, пулимиз кўплигидан нима қилишимизни билмай қолдик, сени шерик қилишни лозим топдик, юр бизникига, бу ерда тер тўкиб, кулфат тортиб юрма, укамизсан, бизнинг уйга бориб оёғингни узатиб ёт, деб айтаман. У кўнади, ўзим билан бирга олиб келаман, бир неча кун бизда туради. Бу вақт ичида араваларимизни пуллаб оламиз.
— Тўғри айтасан, — дебди иккинчи дангаса, — абжир ясаган араваларни ҳам ўзимиз чиқариб сотамиз.
Бу маслаҳат дангасаларга маъқул тушибди. Шундан кейин уларнинг бири абжирникига борибди.
— Абжир ука, биз сенга ачиняпмиз. Ўйлаб қара, бир нон билан қорнинг тўяди-ю, сен бўлсанг эртадан кечгача тинмай тер тўкасан. Нима азоб? Қўй буларни. Бизникига юр. Ўзинг биласан, тўққиз аравасозмиз, кунига саксон бир арава қиламиз, араваларимизнинг нархи жойида. Юр, биз билан бирга бўл.
Дангаса у деб, бу деб, хуллас, кўндирибди.
— Борсам борақолай, — дебди абжир.
Ўзи ясаган тўққиз аравага мол-мулкини ортиб, дангасаларнинг уйига кўчиб борибди. Дангасалар унга алоҳида уй ажратиб берибдилар. Шундан кейин абжирнинг уйига ҳар кун меҳмонлар кела бошлабди, акалар ҳам зиёфатнинг қуюғини ер эканлар.
Орадан анча вақт ўтгач, абжирнинг пули тугаб қолибди.
У кўп ўйлаб турмай, уйида арава тузатмоқчи бўлибди. Аммо абжирни кузатиб юрган дангасалардан бири уни ўзлари билан бирга ишлашга кўндирибди. Бирга ишлай бошлабдилар.
Ёзнинг иссиқ кунлари экан. Дангасалар иссиқни важ қилиб, ўзларини салқинга урибдилар. Иш бошида абжирнинг ёлғиз ўзи қолибди, аммо у тинч турмай, пешанасини танғиб олиб, ишини давом эттираверибди.
Кечқурун араваларни санаб чиқибди. Бир ўзи ясаган арава тўққизта, дангасалар ясаган арава битта, ҳаммаси ўнта эмиш. У ажабланибди, лекин индамабди. Бозорда дангасаларнинг араваларини ҳеч ким олмабди. Абжир ясаган аравалар эса қўл-қўлга тегмай, бирпасда тамом бўлибди.
Абжир аввал аччиқланибди, кейин дангасаларни яхшироқ ишлашга ўргата бошлабди, аммо дангасаларнинг бўйинлари ишга ёр бермас экан.
Абжир ишёқмасларни ташлаб кетибди. Дангасалар: “Энди нима қилсак экан?” деб кўп ўйлашибди.
Бири яна ҳийла топиб, нари-бери ишлаётган шерикларига қарабди:
— Топдим! — деб бақирибди. Дангасаларнинг бири мих қоққанча, олтитаси арава ўқини ғилдиракка солмоқчи бўлганча ва биттаси тўқмоқни кўтарганича қотиб қолибди.
— Бугун кечаси абжир ясаган араваларга ўт қўямиз, эртага бозорда бизнинг аравалардан бошқа арава бўлмайди, нархи ҳам ошади! — дебди ҳалиги дангаса.
Улар кечаси абжирнинг араваларига ўт қўйиб юборишибди.
Абжир уйида йўқ, арава пулларини йиғгани қишлоққа кетган экан. Эрталаб эшагига миниб, бир хуржун тилла билан уйга қайтаётса, йўлда таниш йўловчи учраб қолибди. У, ачиниб, араваларнинг ёниб кул бўлганини айтибди.
— Ўтган ишга салавот! — дебди абжир ва ҳеч нарса бўлмагандай йўлида давом этибди. У дангасаларнинг уйлари олдидан ўтаётганда, жуда хурсанд кишидай, ашула ҳам айта бошлабди.
Дангасалар бу вақтда араваларини бозорга олиб чиқмоқчи бўлиб турган эканлар. Абжирнинг ашуласи эшитилганда, улар ҳайрон бўлишибди.
— Салом, абжирвой, аҳволлар қалай? Тинчликми?
— Тинчлик, — дебди абжир.
— Араваларинг ёнибди, деб эшитдик, ростми?
— Рост, араваларимни кўзим қиймагандан ёндиролмай юрардим, бахтимга аллақандай инсофли одамлар топилиб, араваларимни ёндиришибди. Менга арава кули зарур эди, жуда хурсанд бўлдим.
— Арава кули зарур эди, дейсанми?
— Ҳа, асти сўрама, бозорда арава кулини тиллага алмашяптилар. Мана, кўриб турибсан, — абжир тагидаги хуржунини кўрсатибди, — кулни тиллага алиштириб келяпман. Дангасалар ҳайрон қолишибди. Абжир бошқа ҳеч сўз айтмай жўнаб кетибди.
Дангасаларнинг бошлари қотиб, аввал кўп тортишибдилар, кейин ўз араваларига ўт қўйибдилар. Аравалар ёниб кул бўлибди.
Кейин дангасалар араваларининг кулини хуржунга солиб, бозорга жўнашибди.
Бозорда одам кўп экан. Тўққиз дангаса эшакларига икки кўзи тўла кул хуржунларни ортиб, бозорга кириб келишибди.
— Арава кули оладиган борми?
— Яхши араваларнинг кули!
— Бир хуржун кулнинг баҳоси бир хуржун тилла. Кеп қолинг, опқолинг, ҳо-ҳой…
Ҳамма ҳайрон бўлибди. Тўққиз дангаса баравар бақираверибди.
Аввал одамлар ичаклари узилиб кулишибди, кейин калтак олиб дангасаларни бозордан ҳайдаб чиқарибдилар.
Бу дангасаларга жуда алам қилибди. Шундай жаҳллари чиқибдики, абжирдан қасос олмоқчи бўлибдилар. Ярим кечада абжирнинг уйига борибдилар. Девордан ошиб, ҳовлига тушибдилар. Абжир уйида йўқ экан. Нима қилишни билмай, абжирнинг эшагини калтаклабдилар, эшак йиқилиб, ўлиб қолибди.
Дангасалар қўрқиб, уйларига қараб қочибдилар.
Эртасига эрталаб абжир уйига келса, эшаги ўлиб ётган эмиш. Кўп хафа бўлибди, эшагини аравага ортиб жўнабди.
Дангасалар пойлашса, абжир эшакни аравага ортиб қишлоқдан чиқиб кетяпти, ишнинг охири нима бўлишини кутиб туришибди.
Абжир далада катта бир хирмонга рўпара келибди. Бу хирмон судхўр Салимбойники бўлиб, хирмон бошида худди Салимбойнинг ўзи нонушта қилиб ўтирган экан.
Абжир дам олмоқчи бўлибди. Эшакни хирмонга тўғрилаб турғизиб қўйибди. Узоқдан қаралса, эшак каппалаб буғдой еяётгандай кўринар эмиш.
Буни кўриб Салимбой жуда ғазабланибди, эшакка қараб дўқ уриб бақирибди.
Эшак бўлса, унинг назарида, буғдойни каппалаб еяверибди. Салимбой ҳеч нимага қарамай, эшакка яқин келиб таёқ билан бир урибди.
Эшак йиқилибди, бу чоқ узоқдан абжирнинг дод-фарёди эшитилибди.
— Эшагимни ўлдириб қўйдинг, бой!
Бойнинг қути ўчиб кетибди. Ялина бошлабди.
— Жон абжиржон, додлама. Эшагингнинг ажали етган экан. Энди ўзингдан ўтар гап йўқ, бўлар иш бўлди. Қўй, ҳеч ким билмай қўяқолсин.
— Йўқ, эшагимнинг хунини тўлайсан. Бўлмаса сени омон қўймайман, — дебди абжир қўлига катта таёқ олиб.
— Тўхта, эшагингнинг хунини тўлайман, нима талаб қиласан?
— Олтин, — дебди абжир.
— Қанча?
— Бир хуржун.
Бой рози бўлибди.
Абжир тиллани олиб, уйига қайтибди. Йўлда дангасаларга дуч келибди.
— Салом бердик, абжирвой!
— Алик олдик, дангасалар!
— Аҳволлар қалай? Қанақа янгиликлар бор?
— Янгиликлар кўп, — дебди абжир, — шу кечаси эшагим ўлиб қолган эди, ўлигини бир хуржун тиллага алмаштириб келяпман.
Дангасалар унинг хуржунини титиб кўришибди. Хуржун тўла тиллани кўриб, кўзлари косасидан чиқиб кетаёзибди.
Абжир хайрлашиб, жўнаб қолибди.
Дангасаларнинг роса ичлари куйибди. Бир йўла бой бўлмоқчи эканлар, биттадан эшакни ўлдириб, жасадини ортиб бозорга жўнашибди.
— Ўлган эшак оладиган борми? Тиллага алиштирамиз!
Халқ роса кулибди, кейин ғазабга келибди:
— Бу қандай номаъқулчилик! Ўликни ҳам сотадими!
Халқ уларни уриб-уриб бозордан ҳайдабди.
Ялқовлар жуда ҳам ғазабланибдилар. Абжирнинг уйига қараб йўл олибдилар.
Абжир уйда ётар экан, бирдан тапир-тупур оёқ товуши эшитилибди. Қараса, тўққиз дангаса унинг уйига бостириб келаётганмиш. Абжир қочибди, дангасалар қувиб кетибди.
Далада абжир қўй ҳайдаб келаётган қўйчи бойга учрабди.
— Ҳой, қаёққа қочаётибсан? — деб сўрабди бой.
— Эй, хабарингиз йўқми, мени подшо қилиб кўтармоқчилар.
— Подшо қилиб кўтармоқчи бўлганларига қочяпсанми? Ўлма, ошқовоқ. Мени подшо қилиб кўтара қолсинлар, — дебди.
— Ундай бўлса кийимларингизни ечинг. Мана менинг кийимларим, кийинг, — дебди абжир. Иккови кийим-бошни алмаштирибдилар. Кейин қўйчи бой аста-секин югуриб, абжирдан узоқлашибди.
Бу вақт ҳансирашиб дангасалар келиб қолишибди, қўйчи бой кийимидаги абжирдан сўрашибди:
— Шу ердан бир қочоқ ўтдими?
— Ўтди, — дебди абжир.
— Кўп бўлдими?
— Йўқ, ҳозиргина ўтди, — абжир бир қўлини пешанасига қўйиб, — ҳув ана, қочиб кетяпти, — дебди. Дангасалар қочоқни ушлаб, қўл-оёғини бойлашибди, қопга солиб дарёга отишибди.
Ўз ишларидан хурсанд бўлиб, уйларига қайтишибди. Орадан кўп ўтмай, қўйчи бойнинг мингдан ортиқ қўйларини ҳайдаб, абжир ўз уйига қайтиб кела бошлабди. Абжирни тирик кўрган дангасалар ўзларини йўқотиб қўйишибди.
— Ҳа, — дебди бир шум дангаса, — қаердан келяпсан?
— Ҳеч сўраманг, — дебди абжир уҳ тортиб. — Дилкаш одамлигимни ўзингиз биласиз, лекин кўролмайдиганлар кўп, уларнинг ёрдами билан давлатманд бўлдим.
— Қандай қилиб? — деб сўрашибди дангасалар. Абжир воқеани сўзлай бошлабди:
— Бугун эрталаб аллакимлар уйимдан то далагача қувиб боришди, кейин ушлаб, қўл-оёғимни бойлаб дарёга ташлашди. Дарёга чўкиб кетдим. Вой-вой… Дарё тагида қўйлар шунча кўп эканки, асти сўраманг, ҳайрон қолади киши…
Дарё тагига тушганимда қўйлар менга ялина бошладилар, “Бизга хўжайин керак, агар сен хўжайин бўлсанг, қанча истасанг, шунчамиз сеники бўламиз, сен билан ер юзига чиқамиз”, дедилар. Шунда мен: “Менга мингтангиз кифоя”, деб айтдим. Дарров мингта қўй қатор бўлиб, мен билан бирга дарёнинг лабига чиқди. Мана кўриб турибсизлар, — деб қўйларни кўрсатибди, — ўша қўйлар — шулар.
Дангасаларга тоза алам қилибди.
— Биродаримиз абжирвой. Биз сенга доим яхшилик қилиб келамиз, бизни дарёга элт, бизга ҳам қўйлардан олиб бер, — дейишибди.
— Вақтим йўқ, бўлмайди, — дебди абжир. Дангасалар кўп ялинишибди. Шундан кейингина абжир:
— Бўлмаса, майли, юринглар, — дебди. Дарё лабига боришибди. Абжирнинг қўйлари дарё лабида ўтлаб юришган экан. Дангасалар қўйларнинг сувдаги аксини кўриб янаям севинишибди.
— Вой-вой, анави семиз қўйларни кўринг-а. Мунчаям кўп экан.
— Вой, бу ҳали бир қисми, — дебди абжир. Дангасалар шошиб қолибди. Ҳар қайсиси сувга олдинроқ тушиб, бадавлат бўлишга интиларкан.
Абжир уларга: “Қопларга тушинглар”, дебди. Хаш-паш дегунча дангасалар тўққиз қопга кириб олиб, қопларнинг оғзини маҳкам боғлаттиришибди. Дангасалар ўзлари юмалаб, дарёга тушиб, чўкиб кетишибди.
Шу билан Абжир йигит мурод-мақсадига етибди.