Тил ўрганмоқчи бўлганлар

Бир бор экан, бир йўқ экан, бир замонлар уч тожик йигити бўлган экан. Улар аҳил дўст экан, бир куни маслаҳатлашиб, ўзбек тилини ўрганмоқчи бўлишибди. Шу мақсад билан Ўзбекистонга йўл олишибди.
Улар йўлда келаётганларида, бир ерда бир тўда одамлар «бизлар, бизлар» деяётган экан. Йигитлардан бири бу сўзни ўрганиб олибди ва йўл бўйи такрорлаб келаверибди.
Яна бир ерга келсалар, бир гуруҳ одамлар «бир пул учун, бир пул учун» деб, ниманидир талашаётган экан. Иккинчи йигит бу сўзларни эслаб қолибди. У ҳам йўл-йўлакай қайтариб келаверибди. Бир қанча йўл юрганларидан кейин, бир жойга етиб келсалар, уч-тўртта одам бир бўлиб, «гоҳо-гоҳо шунақаям бўлади-да» деб такрорлаётган экан.
Бу сўзларни учинчи йигит ўрганиб олибди. У ҳам секин-секин ўзича бу сўзларни қайтариб келаверибди.
Улар Ўзбекистонга етай деб қолганларида, йўлда ўлиб ётган бир одамни кўриб қолибдилар. Улар ўликнинг тепасига келиб, ҳайрон бўлиб қараб турсалар, бирин-кетин одамлар йиғилишибди, миршаблар ҳам келибди. Миршаблардан бири:
— Ким бу одамни ўлдирди? Ёки бирортанглар ўлдирган одамни кўрдингларми? — деб сўрабди йиғилганлардан.
Уларнинг ҳаммалари:
— Шу уч йигит ҳаммадан аввал шу ерда турган эди,— деб жавоб беришибди.
Миршаблар уч тожик йигитни сўроқ қила бошлашибди. Улар эса миршабнинг гапларини тушунмай қараб тураверишибди. Шундан кейин улар озгина бўлса ҳам ўзбек тилини билишларини кўрсатгилари келиб, ҳар бири ўзининг билган сўзларини қайтаришибди.
Миршаб, «кўрган бўлсанглар айтинглар, ким ўлдирди бу кишини?» деса, биринчи тожик йигити «бизлар, бизлар» деб қайтараверибди. Иккинчи тожик йигитидан, «нега ўлдирдинглар?» деб сўрашса, «бир пул учун, бир пул учун» деяверибди. Учинчи тожик йигитидан, «бу одамни бир пул учун ҳам ўлдирасизларми?» деб сўрашса, у «гоҳо-гоҳо шунақаям бўлади-да, гоҳо-гоҳо шунақаям бўлади-да»,— дебди.
Шундан кейин миршаблар уларни қамаш учун олиб кетибди. Бир қанча вақт қамоқда сақлашгандан кейин, миршаблар уларни яна сўроққа тутиш учун келтиришибди. Бу гал улар индамай тураверибдилар. Бир оздан сўнг тожик тилида гапирибдилар.
Миршаблардан бири тожик тилини билар экан. У йигитларга қўйилган айбни, уларнинг берган жавобларининг мазмунини айтиб берибди. Тожик йигитлари ҳам ҳайрон бўлиб, ўз бошларидан кечган воқеаларни сўзлаб беришибди. Миршаблар кула-кула тожик йигитларига рухсат беришибди.
Бундан кейин йигитлар иккинчи марта ўзбек тилини яхши ўрганмай туриб, чала-ярим гапирмайдиган бўлишибди.