Тил тиғдан ўткир

Ўтмиш замонда бир мамлакатнинг подшоси қаттиқ касал бўлиб қолибди. Машҳур табиблар ҳам кўриб уни тузата олмабдилар. Ниғоят, бир донишманд чол подшо қошига келиб:
— Шер сутини ичсангиз тузаласиз, — дебди.
Подшо жар чақиртирибди. Ҳеч бир жойдан бирор кимса: «Шер сутини мен олиб келаман», демабди. Орадан бир неча кун ўтгач, подшо саройига бир йигит келиб:
— Подшога шер сутини мен келтираман.— дейди. Подшо:
— Шер сутини келтирсанг, бош-оёқ сарпо ва тиллалар бераман, — дебди.
Йигит подшодан тўрт қўзи сўрабди. Амалдорлар йигитга тўрт қўзини тутқазишибди. Йигит тўрт қўзи билан шаҳардан чиқиб кетибди. Чўл юриб, сувсиз аро йўл юриб, бир ўрмонзорга етибди. Ўрмоннинг ёнида бир дашт бор экан. Йигит қўзиларини бир жойга қўйиб, секин ҳалиги даштга назар ташласа, узоқда бир она шер болаларини эмизиб иссиқда ясланиб ётган экан. Йигит икки қўлтиғида иккитадан тўртта қўзини кўтариб ўрмон оралаб шерга яқинлашибди. Йигит аввал бир қўзини шер томон юборибди. Шер болалари қўзини тутиб олиб бирпасда еб битирибдилар. Йигит шу тарзда иккинчи, учинчи қўзини шер томон юборибди. Шер болалари уларни ҳам саранжомлаб қўйишибди.
Ниҳоят, йигит тўртинчи қўзини кўтариб тўғри она шер олдига борибди. Она шер йигитга ташланмабди, балки қўзиларни юбораётган ўша йигит эканлигини англаб жим ётибди. Йигит келиб бемалол шернинг сутини соғиб олибди ва изига қайтибди. Йигит йўлда қайтиб кетаётганида унинг қўл, оёқ ва кўз, тили ўзаро жанжаллашибди.
Қулоқ: «Мен жарчидан эшитдим, шунинг учун йигит бу вазифани бажарди», — деса, кўз: «Аввал мен кўрдим, менсиз йигит бу жойларга кела олмас эди», — дебди. Оёқлари: «Бизлар юриб-юриб шу жойларга олиб келдик, бизларсиз йигит бир қадам ҳам илгари силжимас эди», деса, кўллар: «Биз авайлаб шер сутини соғдик, йигит мурод-мақсадига етади», — дебди. Индамай турган тил: «Эй оғайнилар, ҳаммамиз бир жон, бир танмиз, лекин дунёда мендан ўткир нарса йўқ. Чунки тил тиғдан ўткир, хонаси келса, тиғни ҳам қайтаради», — дебди. Ҳамма аъзолар ўзаро жанжаллашиб, талашиб, подшо саройига етиб келганини билмай қолишибди.
Йигит подшо саройига кириб, қўлидаги кўзачани маҳкам ушлагани ҳолда, подшо олдига яқинлашганини сезмай қолибди. Подшо атрофида амалдорлар, табиблар турган экан. Подшо йигитдан:
— Қандай сут олиб келдинг? — деб сўраган экан, йигит шошиб қолиб:
— Эчки сути, — деб юборибди. Подшо:
— Жаллод! —дебди.
Жаллодлар келиб йигитнинг қўл-оёғини боғламоқчи бўлганларида, подшонинг доно вазири:
— Тўхтанг, тақсир, бу саҳройи йигит, аркони давлатни кўрмаган, шошиб тили тутилиб қолди. Яна бир сўранг. Қўлидаги кўзачада нима олиб келганини айтиб берсин, — дебди. Подшо яна сўрабди. Шунда йигит, эс-ҳушини йиғиштириб олиб:
— Тақсир, мен сизга шер сутини келтирдим. Ана олинг, — дебди.
Вазирлар йигитнинг қўлидан идишни олиб, табиблар текшириб қарашса, ҳақиқатан йигит шер сутини келтирган экан. Подшо шер сутини ичиб соғайибди. Йигитнинг тили сўзга кириб, бошқа аъзоларига қараб:
— Эй оғайнилар, кўрдингизми? Йигит шошиб қолиб, тили ғулдираб, янглишиб: «Эчки сути», деганида бекорга ўлиб кетар эди. Эс-ҳушини йиғиштириб, ўйлаб тўғрисини айтгани учун ўлимдан қолди. Тил тиғдан ўткир деб, бекорга айтмаганлар, — дебди.