Тешик данак

Бир золим подшонинг замонида қайноналар билан келинлар бир-бирига ит-мушук экан.
Ўша замонда бир кампир ўғли, келини ва набиралари билан яшаб келган экан. Кампир бир ҳужрада ўз йиртиқ-ямоқларини ямаб ўтирар, келиннинг берган овқатларига, қилган миннатларига чидар экан.
Келиннинг миннати бир куни тоқатини тоқ қилибди-ю, кўзидан ёш оқизиб шундай дебди:
— Ҳай яхши келин, намунча менга таъна тоши отаверасиз. Мен есам, ўғлимнинг ишлаб топганини ебман, ахир ўғлимни ўн бир ой эмизганман, оқ ювиб, оқ тараганман.
Келин қайнонасининг гапига жаҳли чиқиб кетибди-да, мутлақо овқат бермай қўйибди.
Ўзингизга маълум, оналар жуда олижаноб бўладилар, ўзларининг жонлари қийналса қийналадики, болаларининг жимжилоғига битта тикан киришини исташмайди. Тикан киргудай бўлса, киприклари билан тортиб чиқаришади. Кампир ҳам шундай оналардан экан. Келинининг бу ёмонлигини ўғлига айтмас экан, уйи бузилишини ёки дили ранжишини истамас экан.
Шундай қилиб, кампир оч ўтираверибди.
Бир куни набираларидан бири дўпписига туршак солиб, бувисининг ҳужрасига кирибди.
— Қўлингдаги нима, болам, менга ҳам бергин, — дебди кампир набирасига.
Набираси ҳам онасига ўхшаган қизғанчиқ экан, “эй, бор” деб дўпписини олиб қочибди. Шунда битта туршак кигизнинг устига тушиб қолибди-ю, кампир ўша туршакни олиб, оғзига солибди.
Кунлар ўтибди. Кампирнинг ҳеч жағи тинмай, ўша туршакни шимиб ўтираверибди. Келин бугун қарармиш, қайнонасининг оғзи бўш эмас, эрта қарармиш тағин бир нарсани кўмтиб ўтирганмиш. Хасис келиннинг жон-пони чиқиб, эрига бу ҳодисани айтибди:
— Онангиз бизни хароб қилади. Нуқул кавшагани кавшаган, ҳеч чакаги тинмайди. Унга овқат етказиб беролмаётибман. Ишонмасангиз ана ўзингиз қаранг.
Ўғил ҳам аҳмоқ экан, хотинининг гапига кириб, онасини етаклабди-да, бир жарликка олиб бориб ташлаб келибди.
Кунлар, ойлар бирин-кетин ўтаверибди. Келин қайнонасидан қутулганига хурсанд.
Ўғил бир куни инсофга келиб:
— Онамдан бир хабар олиб келай-чи, — дебди-да, жарликка борибди. Бориб қараса, онаси жарликда ўтириб, нуқул бир нарсани шимармиш.
— Ойи, — деб чақирибди ўғил, — нима еяпсиз?
— О, болагинам, нима ер эдим! Бир куни болангнинг дўпписидан тушиб қолган бир туршакни олиб, оғзимга солган эдим, ўшани шимиб ўтирибман. Ишонмасанг мана кўр, — дебди кампир ва оғзидан ҳалиги туршакнинг данагини олиб ўғлига берибди. Ўғли данакни олиб қараса, данак шимилаверганидан тешилиб қолибди. Ўғил нима гап эканлигини фаҳмлабди-да, онасини олиб, уйига жўнабди.