Тентак подшо

Бир тентакка отасидан подшолик мерос қолибди. У тентак гап-сўзда йўқ экан. Бирор йиғилишда гапирмоқчи бўлса, маза-бемаза гапларни гапириб қўяр экан. Бундан вазирлари кўп ўсал бўлишар экан. Улар бир куни маслаҳат қилишиб, подшога шундай дейишибди:
— Тақсир, сиз гап-сўзга йўқсиз, доим ёмон гапларни гапириб қўйиб, одамни ўсал қиласиз. Энди шундай бўлсин, гапирадиган вақтингизда бизнинг оғзимизга қараб туринг, гапингиз дуруст бўлса, биз «ҳим» деб қўямиз, гапираверасиз. Агар гапларингиз яхши бўлмаса, калламизни қимирлатиб «йўқ» деб қўямиз, гапирмайсиз. Подшо:
— Йўқ бўлмайди, агар ундай қилсаларинг, мен билан гаплашган одамлар, «Бу подшо ҳеч гап билмас экан, вазирларининг гапи билан иш тутар экан», дейишади. Бошқа йўлини топинглар! — дебди. Шунда вазирлар:
— Бўлмаса, сиз тахтда ўтирасиз, биз оёғингизга ип боғлаб, тахтнинг таги билан олиб келиб ушлаб ўтирамиз. Дуруст гапирсангиз ишимиз бўлмайди. Агар ёмон гапирсангиз, секин ипни тортиб қўямиз, — дейишибди. Подшо бунга рози бўлибди. Эртасига вазирларидан бири келиб:
— Тақсир, бир-иккита элчи келди, — дебди. Подшо:
— Айт кирсин! — дебди. Унгача подшонинг оёғига ип боғлаб қўйишибди. Элчилар таъзим қилиб кириб келишибди.
Подшо:
— Хўш, нима хизмат бор? — деб сўрабди. Элчилар:
— Тақсир, бизнинг подшоҳимиз «тинчлик бўлсин» дейдилар. Бизни, бориб шаҳаншоҳ билан «мамлакатнинг тинчлик, омонлигидан гаплашиб келинглар», деб юбордилар, — дейишибди.
Шунда подшо туриб:
—Ҳа… Сизларнинг мамлакатларингиздаги мол, отлар йўғон-йўғон тезаклайдими ёки майда-майдами? — деб сўрабди. Вазирлар ипни бир тортиб қўйишибди. Келган элчилар «бу подшо нимага бундай деди», деб ҳайрон бўлиб туришибди. Шунда бош вазир ипни тортибди-да, ўрнидан туриб:
— Эй, элчилар, агар мамлакатда тинчлик бўлса, мол, отлар атрофга чиқиб яйловларда дурустроқ ўтлаб, қорни овқатга тўйса дурустроқ тезаклайди. Агар мамлакат нотинч бўлиб турса, шаҳардан ташқари чиққан молларни босмачилар сўйиб еб турса, ҳеч ким мол, отини ташқарига чиқармай қўяди. Унда мол, отлар ҳам тузук овқат емай, майда-майда тезаклайди. Бизнинг подшомиз кўп доно одам бўладилар. Сизлардан от, молларни қандай тезаклашини сўраш орқали мамлакатингизнинг тинч-нотинчлигини билмоқчилар,— деб аранг тўғрилабди.
Элчилар жавоб қилганларидан сўнг подшо яна:
— Сизларнинг юртингизда хотинлар тез туғадими? — деб сўрабди. Вазирларнинг жони чиқиб, ипни яна қаттиқроқ тортиб қўйишибди. Элчилар жавоб бермабдилар. Шунда-бош вазир:
— Тақсирлар, агар мамлакатда тинчлик бўлса, ҳамма тинч бўлади, хотинлар ҳам вақтида туғаверади. Агар мамлакат нотинч бўлса, ҳамма ташвишда қолиб, бола ҳам одамларнинг кўнглига сиғмай қолади. Хотинлар ҳам кам бола туғади, бизнинг подшомиз мамлакатингизнинг тинч, нотинчлигини шундан ҳам билмоқчи бўладилар, — деса, элчилар бунга кўп қойил қолиб:
— Хотинлар ҳам тўққиз ойда болалаб туришибди, тақсир! Шоҳларинг кўп серақл, доно одам эканлар, — дейишса, подшо туриб:
— Ҳе, мана бу ип тортарлар бўлмаганида, менда бунақа гапдан жуда кўп эди, — деган экан.