Соҳибжон билан Аҳмаджон

Бор экан-у йўқ экан, оч экан-у тўқ экан, бўри баковул экан, тулки ясовул экан, қарға қақимчи экан, чумчуқ чақимчи экан, тошбақа тарозбон экан, тўнғиз қассоб экан, қурбақа ундан қарздор экан.
Қадим замонда бир чол билан кампир бор экан. Улар жуда камбағал экан. Бир ҳовли, унда биттагина чордевордан бошқа ҳеч нарсаси йўқ экан. Чол дарёга бориб балиқ овлар, кампир эса бировларнинг кирини ювиб, йиртиқ-ямоғини қилар, шу билан тирикчилик ўтказар экан.
Чол билан кампирнинг фарзанди йўқ, фарзандга жуда ҳам ташна эканлар.
Бир куни чол кампирга айтибди:
— Э, хотин, менинг ёшим эллик бешга, сенинг ёшинг элликка етди, фарзанд кўрмадик, иккимиз ҳам қариб ишдан чиқсак, қарайдиганимиз, ўлсак уйимизни ёритадиганимиз йўқ. Энди худодан астойдил сўрайлик, бизга ҳам фарзанд берсин, — деди. Чол билан кампир худога муножат қилиб йиғлашди, бизга фарзанд бергин, деб ёлворишди. Буларнинг дуоси ижобат бўлиб, кампир ҳомиладор бўлди, вақт-соати етиб, бир ўғил туғди. Унга Соҳибжон деб от қўйишди. Чолнинг боши кўкка етди. Хотинига айтди:
— Э, кампир, биз муродимизга етдик. Энди бу Соҳибжонни яхшилаб тарбия қилайлик. “Яхшидан зот қолади, ёмондан — дод”, деган нақл бор. Фарзандимизни яхши ўстирсак, раҳмат оламиз, ёмон ўстирсак, лаънат оламиз,— деди. Бу гап кампирга ҳам маъқул бўлди. Чолнинг икки оёғи тўрт бўлиб, овни яхши қилди. Болани тарбиялаб, ўқитиб катта қилишди. Соҳибжоннинг ёши ўн олтига етди. У қадди-қомати келишган, жуссадор, паҳлавонсифат бола бўлди. Кунлардан бир кун чол ўғлига айтди:
— Ўғлим! Мен кексайиб қолдим. Энди сен мен билан бирга овга боргин. Ҳам балиқ овини ўрганасан, ҳам кўриб, баҳри дилинг очилиб келади, — деди. Соҳибжон:
— Хўп, ота! Айтганингизни жоним билан қиламан,— деди.
Ота-бола тўрни кўтариб, дарёга қараб жўнашди. Ҳаво соф, ҳаммаёқ кўнгилли, ям-яшил ўтлар кўкарган, паррандалар сайраган, кенг дарё суви тўлиб, кўм-кўк тусда жимиллаб оқар эди. Ота-бола дарё ёқалаб бориб, бир чинорнинг тагига етиб тўхташди. Чол ўғлига:
— Ана энди, ўғлим, шу жойда балиқ овини бошлаймиз, — деди.
Чол тўрни ёзиб, сувга ташлади. Бироздан сўнг тортиб эди, ҳеч нарса чиқмади. Яна ташлади. Бир вақт чол тўрни тортган эди, тўр вазминлашиб қолибди, торта олмади: “Соҳибжон, кел, болам, иккимиз тортайлик!” деди.
Соҳибжон келиб, отасига кўмаклашди, аммо ота-бола ҳам тортиб ололмади. Шунда чол тўхтади, пешонасидаги терни артиб:
— Уҳ! Чарчадим. Тўрга жуда катта наҳанг балиқ тушибди,— деди.
Тўрнинг бир учини чинорга боғлади.
— Сен бир учини ушлаб тургин, мен бориб ёрдамга бир-иккита одам айтиб келайин, — деб тўрнинг учини Соҳибжонга ушлатиб қўйиб, қишлоққа қараб жўнади.
Соҳибжон дарёнинг қирғоғидаги ўтларни, дарахтларни, сувнинг ўйнаб оқишини томоша қилиб ўтирар эди. Бир вақт сувда тўрнинг ичида бир нарса қимирлагандай бўлди. Қараса, тўрда битта балиқнинг боласи икки кўзига ёш олиб, Соҳибжоннинг юзига термулиб, ёлворгандай бўлиб турибди. Соҳибжон уни кўриб, раҳми келди. Бу ҳам менга ўхшаган бола экан-да, бунинг ҳам ота-онаси бордир, келади, деб йўлига интизор бўлиб ўтиргандир. Кел, шу балиқни қўйиб юборай, хурсанд бўлиб кетсин, деб тўрнинг ирини қирқиб юборибди. Балиқча тўрдан қутулди, шодлигидан Соҳибжоннинг қаршисида айланиб, ўйнаб-ўйнаб, кейин кўздан ғойиб бўлиб кетди.
Бир вақт иккита одамни эргаштириб чол етиб келди. Қараса, тўр йўқ. Соҳибжондан:
— Тўр қани? — деб сўради. Соҳибжон:
— Э, ота, балиқ жуда катта балиққа ўхшайди, тўрни тортқилаб-тортқилаб, узиб кетди,— деди.
Чолнинг тарвузи қўлидан тушди. Келган кишилар:
— Э, чол! Ёлғиз ўғил олп бўлади, олп бўлмаса, қолп бўлади, дейишар эди. Олтмишга кирганингда йиғлаб-сиқтаб топган ўғлинг, энди сенга дастёрлик қиладиган вақтида, олплик қилмай, катта бир балиқни қочириб қолпли қилиб ўтирибди. Бу боланг шум қадам экан! — деб чолга таъна қилиб, жўнаб кетишибди. Чолнинг дами ичига тушиб кетди, то уйига келгунча ўғлига гапирмади. Ҳалигиларнинг гапи Соҳибжонга қаттиқ ботиб кетди. Бу кеча ётди. Эрта билан туриб отасига айтди:
— Э, ота! Менинг қадамим ёқмади, кеча овингиз юрмади. Менга ижозат беринг, ўзимга муносиб бирор ҳунар ўрганайин, бахтим очилса, қайтиб келиб сизнинг хизматингизни қилайин,— деди. Чол-кампирнинг унамаганига қўймай, улардан оқ фотиҳани олди, бир халтада нон-у талқон олиб, “Ё ҳув, ё манҳу!” — деб қишлоқдан чиқиб кетди. Чол билан кампир: “Худо пешонангни очсин! Олгин, олдирмагин! Соғ бориб, саломат қайтгин!”— деб дуо қилиб кўзларидан ёшини оқизиб қола берди.
Соҳибжон йўл юрди, йўл юрса ҳам мўл юрди, неча қишлоқдан, чўллардан, кўллардан ўтди. Бир жойга бориб, чарчаб, дам олгани ўтирди. Шу замон бир томондан ёши қирқларга борган бир йўловчи келиб, Соҳибжоннинг олдида тўхтади ва унга:
— Ҳа, болам! Ёш экансан! Қаерга кетяпсан? —деди. Соҳибжон:
— Э, мулла ака! Мен сафарга кетяпман, — деди. Йўловчи:
— Ҳа, бўлмаса, икковимиз бирга бўлайлик, мен ҳам сафарга кетяпман, — деди. Соҳибжон дилида бу бегона одам қандай одам экан, бир синаб кўрайчи, деб:
— Э, мулла ака! Мен бир ўтирсам, уч кеча-ю уч кундуз ўтириб қоламан. Унда қандай бўлади? — деди. Шунда йўловчи:
— Ҳа-ҳа! Сенинг сафаринг узоқ сафар экан, — деб йўлига қараб кета берди.
Соҳибжон дамини олиб, яна йўлга равона бўлди. Йўл юрди, йўл юрса ҳам мўл юрди. Чарчаганда яна бир жойга бориб, дамини олиб ўтирди. Шунда яна бир йўловчи келиб қолди. У Соҳибжонни кўриб:
— Ҳа, ука! Сенга йўл бўлсин? — деди. Соҳибжон:
— Йўл бўлғай! Сафарга кетяпман,— деди. Йўловчи айтди:
— Мен ҳам сафарга чиқиб эдим. Бўлмаса, икковимиз ҳамроҳ бўлайлик!
Соҳибжон айтди:
— Ака! Мен бир ўтирсам, етти кеча-ю етти кундуз ўтириб қоламан. Унда нима бўлади? — деди. Йўловчи Соҳибжонга бошдан-оёқ тикилиб қўйди-да:
— Э, ука! Сенинг сафаринг узоқ сафар экан! Йўлимдан қолмайин,— деб жўнаб қолди.
Соҳибжон дамини олиб, ўзини ростлаб, халтасини елкасига илиб, яна йўлга тушди. Йўл юрди, йўл юрса ҳам мўл юрди. Бориб бир жойда икки айилиш кўча бошидан чиқиб қолди. Шу ерда дам олай деб ўтирди. Шунда нариги кўчадан бир ёш йигит келиб қолиб:
— Ассалому алайкум! Ҳа, ошна! Йўл бўлсин? — деди. Соҳибжон:
— Ваалайкум ассалом! Сафарга! — деди. Ёш йигит:
— Ошна, мен ҳам сафарга чиққан эдим. Ҳамроҳ бўлайлик! — деди.
Соҳибжон айтди:
— Э, ошна! Мен бир ўтирсам, қирқ кеча-ю қирқ кундуз ўтириб қоламан. Унда нима бўлади? Сиз йўлдан қоласиз-да!
Йўловчи йигит айтди:
— Ҳа, майли, ошна! Мен ҳам ўтирсам, сиздан кам ўтирмайман.
Соҳибжон дилида ўйлаб: “Бу йигитча қайнаса қони қўшиладиган кўринади. Майли, шу билан ҳамроҳ бўлсам, бўлайин”, деб:
— Бўпти, ошна! Ҳамроҳ бўламиз, — дебди ва иккалалари дам олиб гаплашиб ўтиришди. Булар бир-бирининг отини сўрашди. Соҳибжон:
— Менинг отим Соҳибжон. Сизнинг отингиз нима? — деди. Бола:
— Менинг отим Аҳмаджон,— деди. Сизнинг ёшингиз-чи? — деди.
Соҳибжон:
— Ёшим ўн олтида, сизники-чи? — деди. Аҳмаджон:
— Менинг ёшим ўн бешда.
— Бўлмаса икковимиз ака-ука бўлайлик, — деди. Соҳибжон ака, Аҳмаджон ука бўлди. Соҳибжон халтасидан битта нонни олиб, ўртасидан теппа-тенг бўлди. Бир бўлагини Аҳмаджонга бериб, “Нима топсак, ўртада баҳам кўрамиз”, деб сўзлашди. Ноннинг ярмини у, ярмини бу еди. Шу билан икковлари йўлга равона бўлишди.
Булар юриб-юриб бир мамлакатга етиб боришди. Шаҳарни айланиб юришганда бозорда бир одам: “Ҳо, халойиқ! Эшитмадим дема! Шаҳримизнинг катта бойи Овулқосим бой мадраса қуради. Ер ўйгани, лой қилгани, ғишт қуйгани, девол ургани, ёғоч чопгани, том ёпгани одам керак. Хоҳлаганинг боравер!” деб жар чақиряпти.
Соҳибжон Аҳмаджонга қараб:
— Ука! Биз ҳам ўша жойга борсак, ишласак. Ҳам кунимиз ўтади, ҳам бирор ҳунар ўрганиб оламиз, —деди. Бу гап Аҳмаджонга маъқул бўлди. Иккиси бориб, бой солаётган мадрасага ишга киришди.
Булар ишбошига:
— Бизга ўзимизга муносиб кетмон ва белкурак беринг, биримиз лой қиламиз, биримиз ғишт қуямиз, — дейишди. Ишбоши буларга кетмон билан белкурак берди. Булар:
— Бу асбоблар бизга кичкиналик қилади. Бизга ҳишшаки кетмон, нимшаки белкурак қилдириб беринг, — деди. Ишбоши темирчига айтиб, ҳишшаки кетмон, нимшаки белкурак қилдириб берди. Соҳибжон билан Аҳмаджон ер қазиб, лой қилиб, ғишт қуйгани киришди. Иккиси ўнта азамат йигитнинг ишини қилди, пулни сузди. Орадан бир ой ўтди, бозор куни келди. Аҳмаджон:
— Ака, бугун ишбошидан пул олиб, бир бозорни томоша қилиб чиқмаймизми? — деди. Икковлари ишбошидан пул олиб, бозорга юрди.
Бозорда ҳарна бор, ҳўл-қуруқ меваларни сотиб олиб еб чиқиб кетишди.
Буларнинг иштаҳасига бозор одами ҳайрон қолди.
Ака-укалар яна бир қанча ишлаб, кўп одамнинг ишини қилиб ташлайдилар. Буларнинг донғи ҳамма ёққа кетади, Қорахон подшоҳга бориб етади. Қорахон подшоҳ ҳайрон қолиб:
— Бу қандай азамат йигитлар экан, чақириб бир гаплашай, — деди. Қорахон подшоҳ йигитларга одам юборди. Подшоҳнинг одамлари отларини миниб, икки кун йўл юриб, бу жойга етиб келишди ва йигитларга:
— Сизлар азамат йигитлар экансиз, бизнинг подшоҳимиз сизларни кўриб, бир гаплашишни истайди. Борсаларинг, подшоҳ билан гаплашсаларинг, хизмат қилиб кўнглини олсаларинг, давлат эгаси бўлсаларинг, — деди. Ака-ука “Борсакми, бормасакми?” деб маслаҳатлашди. Боришга қарор қилиб йўлга тушишди. Бориб Қорахон подшоҳга дуч келишди.
Подшоҳ:
— Сизлар азамат йигитлар экансиз. Бир гўзал қизим бор. Уч шарт қўяман, агар бажарсангиз, иккингиздан бирингизга қизимни бераман, яна бирингизни давлатга эга қиламан,— деди. Йигитлар:
— Айтинг шартингизни! — дейишди.
Подшоҳ айтди:
— Менинг боғимда битта аждарҳо пайдо бўлиб қолди. Ҳар еганда битта бўйи етган қизни ейди. Эндиги навбат менинг қизимга етди. Ҳозир қизим боғда, аждарнинг ейишини кутиб ўтирибди. Биринчи шартим — ўша аждарни ўлдирасиз.
Ўша боғда бир туп олмурут бор. Олмурут ҳар йили мева қилади, аммо пишай деганда бир дев келиб еб кетади. Иккинчи шартим — ўша девни ўлдириш.
Учинчи шартим шуки, менинг шаҳримга сув келмайди. Бориб дарёдан сув чиқариб берасизлар.
Йигитлар подшоҳнинг қўйган шартларини бажаришга рози бўлишди. Болалар подшоҳга: — Бизга очилса қирқ газ, ёпилса бир газ бўладиган қилич; узунлиги қирқ қарич, эни ҳам қирқ қарич келадиган кетмон билан белкурак қилдириб берасиз,— деди. Подшоҳ бу нарсаларни ясашни темирчи устасига буюрди. Темирчи усталар нарсаларни дарров ясаб беришди. Йигитлар қилични кўтариб подшоҳнинг боғига боришди. Аждарни қайси биримиз ўлдирамиз деб, маслаҳатлашишди. Соҳибжон: “Мен ўлдираман!” деди. Аҳмаджон: “Йўқ, ака! Хизмат кичкинадан бўлади. Мен ўлдираман!” деб унамай, қилични кўтариб, боғга кириб кетиб қолди. Бориб аждарга рўпара бўлди. Аждар Аҳмаджонни кўриб қаҳри келиб, бир дамига тортди. Аҳмаджон бир тебраниб қўйди. Аждар яна дамига тортди, Аҳмаджон яна бир тебраниб қўйди. Охири аждар ғазаб билан дамига қаттиқ тортди. Аҳмаджон қиличини ёзиб, милтиқнинг ўқидай бориб, аждарнинг оғзидан кириб, иккига ёриб думидан чиқди. Аждар ўлди. Аждарга тутқун бўлиб, ўлимни кутиб, кўзидан ёшлари тизилиб ўтирган подшоҳнинг қизи озод бўлди. Бу хабар бирпасда шаҳарга тарқалди. Ҳамма жойда хурсандчилик, тўй устига тўй бошланиб кетди. Ҳамма бу йигитларни дуо қилди.
Соҳибжон билан Аҳмаджон кетмон ва белкуракни олиб дарёга боришди. Боришса, шаҳарга сув чиқарамиз, деб қанча юз одам куйиб-пишиб ишлаяпти, сувнинг чиқишидан ҳеч умидлари йўқ. Булар одамларга:
— Э, халойиқ! Аждар ўлди, шаҳар шодликка тўлди. Боринглар, шодликларингни қилинглар. Сувни биз ўзимиз чиқарамиз, — дейишди.
Одамлар булардан хурсанд бўлиб, кетгани кетди, кетмагани буларнинг ишини томоша қилгани қолишди.
Ака-укалар неча дарахтни кесиб, дарёга сепоя ташлаб, шох босишди. Шохларнинг устидан кетмон-у белкурак билан чимларни қирқиб ташлаб, дарёни бўғиб сувни чиқаришди. Сув оқиб бориб, Қорахон подшоҳнинг шаҳрига кирди. Подшоҳ бу ишни кўриб:
— Баракалла, азаматлар! Энди учинчи шартни ҳам бажарсаларинг тўй-у томошани бошлаймиз,— деди.
Соҳибжон олмурутнинг тагидан чуқур қазиб, унга тушиб, олмурутнинг пишиш, девнинг келиш вақтини кутиб ёта берибди. Олмурут пишди. Битта катта баҳайбат дев келиб, олмурутни ейишга киришди. Шунда Соҳибжон чуқурдан чиқди. Қиличини ёзиб бориб, девни чопиб ўлдирди.
Подшоҳ хурсанд бўлиб, йигитларга офарин айтиб, пешоналаридан силади:
— Энди қизимни қайсиларинг олишларингни айтинглар,— деди. Соҳибжон:
— Хизматнинг кўпини Аҳмаджон қилди. У олсин! — деди. Аҳмаджон айтди:
— Йўқ, подшоҳим! Ёш хизматда, катта иззатда. Соҳибжон мендан катта, у олсин! — деди.
Қизни Соҳибжон оладиган бўлди. Подшоҳ шаҳарда тўйни эълон қилиб, бошлаб юборди. Карнай-сурнайлар чалинди, мол-қўйлар сўйилиб, халққа ош-нон тортилди, улоқ, кураш, ўйин-кулги қизиб кетди. Тўй қирқ кеча-ю қирқ кундуз давом этиб тугади.
Бир куни кечаси Аҳмаджон:
— Ака, мен бугун эшикка чиқиб ётаман, янгам менга эшикка жой қилиб берсин, — деди. Соҳибжон: “Уйда ёта бергин!”— деди. Аҳмаджон унамади. Эшикка жой солдириб ётди. Кечаси эл ухлаган вақти эди. Учта тўтиқуш учиб келиб, ҳовлидаги чинорга қўнди. Тўтилардан бири айтди:

Тўтиё, тўтиё!
Лаббай, тўтиё!
Мен нима бўлсам-у,
Бир яхши от бўлсам.
Бир ғиштнинг устида ўйнасам,
Бозорга чиқсам,
Кимга ярашур!
Подшоҳнинг куёви Соҳибжонга ярашур.
Олса-ю ўлса.
Ким эшитиб айтса,
Тиззасидан тош бўлсин!!!

Иккинчи тўти айтди:

Тўтиё, тўтиё!
Лаббай, тўтиё!
Мен нима бўлсам?
Бир яхши қуш бўлсам.
Бозорга чиқсам,
Кимга ярашур?
Подшоҳнинг куёви Соҳибжонга ярашур.
Олса-ю ўлса,
Ким эшитиб айтса.
Белбоғидан тош бўлсин!!!

Учинчи тўти айтди:

Тўтиё, тўтиё!
Лаббай, тўтиё!
Мен нима бўлсам?
Бир аждарҳо бўлсам-у
Шамол, бўрон, тўполон билан
келсам.
Туйнукдан тушсам-у
Соҳибжон билан хотинини еб чиқиб
кетсам!!! —

деди-ю пастга қаради. Пастдаги Аҳмаджонга кўзи тушди-да, қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди. Тўтилар учиб кетишди. Аҳмаджон буларнинг гапини эшитиб олди.
Эрта билан Аҳмаджон ва Соҳибжон нонушта қилиб бозорга чиқишди. Бозорда бироқ ажойиб бир от ушлаб турибди:

Кимга ярашур
Подшоҳнинг куёви Соҳибжонга ярашур.

Соҳибжон отни кўриб, ишқибоз бўлиб қолди. Сотиб олишга харидор бўлди. Аҳмаджон айтди:
— Э, ака! Мен олдин бу отни текшириб кўрайин. Менга ёқса, сўнг оласиз,— деди. Соҳибжон “Майли, ука!” деди.
Аҳмаджон отнинг белига узугини тегизган эди, отнинг бели шарт узилиб кетди. Соҳибжон ичидан читиниб қўйди. Булар бозорда юрган эди. Биров бир қуш кўтариб юрибди.

Кимга ярашур,
Подшоҳнинг куёви Соҳибжонга ярашур.

Соҳибжон қушни кўриб, сотиб олиш учун харидор бўлди.
Аҳмаджон айтди:
— Э ака! Бу қуш менга ёқса оласизми? — деди. “Ҳа оламан!” деди Соҳибжон.
Аҳмаджон қушни қўлига олиб, узугини бўйнига тегизган эди, қушнинг бўйни узилиб тушди. Буни кўриб, Соҳибжон бир читиниб қўйди. Булар бозорни кўриб уйларига қайтиб келишди.
Кечаси Аҳмаджон айтди:
— Ака! Мен бугун ўчоқнинг олдида ётаман,— деди. Соҳибжон:
— Ўчоқнинг олдида нима қиласан, ўз ўрнингда ёта берсанг-чи! — деди. Аҳмаджон:
— Майли, мен бу кеча шу ерда ётайин, — деб ўчоқнинг олдига жой солдириб ётди. Қиличини ёзиб, туйнукка тикка қилиб қўйди. Кечаси эл ухлаган чоқ эди. Бирдан шамол, бўрон, тўполон билан бир аждар келиб, туйнукка ўзини урди-ю қиличга тегиб икки бўлиниб ўлиб қолди.
Шунда аждарнинг бир томчи қони бориб, подшоҳнинг қизининг бетига томди. Аҳмаджон югуриб бориб дока рўмолини олди, етти қават қилиб буклаб, келин ойисининг юзига қўйиб, ҳалиги қонни артаётган эди, Соҳибжон уйғониб, ўрнидан туриб, ғалва қилиб кетди:
— Подшоҳнинг қизини олгин десам олмадинг! Бу нима қилган ишинг? Кечадан бери жойингни бошқа ерга солдиришинг бежиз эмас экан. Сен менинг уйланганимдан норози экансан! — деди.
Аҳмаджон айтди:
— Э, ака! Гап ундай эмас. Мен жуда розиман. Бошқа гап бор. Эрта билан айтаман,— деди.
Булар тинчиб ётиб ухлашди. Эртаси тонг отди. Келин дастурхонни ёзиб, чой-нонни келтирди. Нонушта қилаётиб, Соҳибжон яна гап очиб қолди:
— Хотинни сен ол десам, олмадинг. Мана энди рашк қиляпсан! — деди. Аҳмаджон айтди:
— Ака! Рашк қилганим йўқ. Энди гапирмасам бўлмайди. Кечаси мен ҳовлига чиқиб ётганимда чинорга учта тўти келиб қўниб, бир-бири билан гаплашди. Бири айтди:

Тўтиё, тўтиё!
Лаббай, тўтиё!
Мен ким бўлсам?
Яхши бир от бўлсам,
Битта тошнинг устида ўйнасам.
Бозорга чиқсам,
Кимга ярашур?
Подшоҳнинг куёви Соҳибжонга ярашур.
Олса-ю ўлса!
Ким айтса,
Тиззасидан тош бўлсин! —

деди, — деган эди Аҳмаджоннинг тиззасидан пасти тош бўлиб қолди. Буни кўриб, Соҳибжон билан хотини ҳайрон бўлиб қолишди. Аҳмаджон: “Иккинчи тўти…” деб гап бошлаган эди, Соҳибжон: “Гапирма! гапирма!” деб тўхтатди. Аҳмаджон айтди:
— Бўлар иш бўлди. Энди у ёғини ҳам айта қолай! — деб иккинчи тўтининг гапини айтиб эди, белидан буёғи тош бўлиб қолди. Учинчи тўтининг гапини айтган эди, ҳамма ёғи думалоқ тош бўлиб қолди. Эр-хотин йиғлашиб, энди нима қиламиз, деб тошни кўтариб, кўчага чиқишган эди, ҳасса таянган бир мўйсафид одам келиб қолди.
— Ҳа, болаларим! Нимага йиғлайсизлар? — деди. Соҳибжон чолга бўлган воқеани айтди. Чол Хизр эди. “Тошни ерга қўй”, деди. Соҳибжон ерга қўйди. Хизр ҳассаси билан бир туртган эди, тош яна Аҳмаджон бўлиб қолди. Аҳмаджон бир чучкурди-да, ”Қаттиқ ухлаб қолибман”, деб ўрнидан турди. Булар жуда хурсанд бўлишди. Шунда Аҳмаджон айтди:
— Ака! Сизниям ота-онангиз бордир, менинг ҳам ота-онам бор. Улар бизга интизор бўлиб, йўлимизда кўзлари тўрт бўлиб ўтиришгандир. Энди ота-онамизнинг олдига борсак,— деди. Бу гап Соҳибжонга ҳам маъқул бўлди. Булар подшоҳнинг олдига бориб унга арз қилишди.
— Э, подшоҳ! Биз сизнинг кўп тузингизни ичдик, оз хизматингизни, қилдик. Бизнинг ҳам ота-онамиз бор. Уларнинг ҳам хизматини қилиш бизга ҳам фарз, ҳам қарз. Улар бизга интизор бўлиб ўтиришгандир. Берган тузингиз-га рози бўлиб, жавоб берсангиз! Ота-онамизнинг хизматига борсак! — дейишди.
Подшоҳ ўйлаб қараса, буларнинг гапи тўғри. Подшоҳ буларга ижозат берди. Шунда Соҳибжон:
— Қизингиз мен билан бирга кетадими, қоладими? — деди. Подшоҳ:
— Эр қаерда бўлса, хотин ҳам ўша ерда бўлади,— деди.
Подшоҳ буларга қирқ хачирга мол-у дунё ва йўл озиғини ортиб бериб:
— Сизларга оқ йўл! Ўз юртларингга соғ-саломат боринглар. Бизни ҳам унутманглар!— деди. Шаҳар одамлари буларни карнай-сурнай билан жўнатиб, хайрлашиб қолди.
Булар йўл юрди, йўл юрса ҳам мўл юрди. Бир куни бир дарёнинг бўйига етиб боришди. Шунда Аҳмаджон айтди:
— Ака! Энди мен сизлар билан хайрлашиб, бошқа ёққа кетаман. Сиз бошда нима аҳд қилган эдингиз? — деди. Соҳибжон:
— Нима топсак, ўртада теппа-тенг кўрамиз, деган эдим,— деди. Соҳибжон:
— Бўлмаса, майли, нарсаларни бўлайлик. Мол-дунёнинг кўпини сен ол, хотин менга қолсин, — деди. Аҳмаджон:
— Йўқ, ака, мол-дунёни ҳам, хотинни ҳам теппа-тенг бўламиз. Ярми сизники, ярми меники,— деди. Соҳибжон:
— Хотинни қандай қилиб бўламиз? —деди. Аҳмаджон:
— Хотинни чинорга боғлаймиз, арра билан арралаб, тенг бўламиз, хоҳлайсиз юқорисини оласиз, хоҳлайсиз пастини оласиз, — деб хотинни чинорга боғлади. Аррани қўлига олиб, арралай бошлади. Энди арра текканда хотин “дод!” деб қичқириб юборди. Шунда хотиннинг оғзидан муштдай лахта қон отилиб чиқиб кетди. Аҳмаджон аррани ташлаб югуриб бориб, қонни оёғи билан тепкилаб, эзиб ташлади. Қайтиб келиб, Соҳибжонга айтди:
— Ака! Мен кечаси хотинингизнинг бетига докани қўйиб артаётганимда шу қонни олиб ташламоқчи бўлган эдим. Сиз йўл бермаган эдингиз. Мана энди хотинингиз зарардан мусаффо бўлди. Хотинингиз ва бу мол-дунёлар сизга бўлсин. Сиз бу нарсаларни ота-онангизга олиб бориб, уларни рози қилинг. Мендан рози бўлинг. Мен бир вақтлар сиз тўрдан чиқариб, озод қилиб юборган балиқ бўламан, — деб акасини қучоқлаб бир ўпди-да, “Хайр энди!” деб чўлп этиб ўзини сувга ташлаб, ғойиб бўлиб кетди.
Соҳибжон балиқ тушган сувнинг бетидан жимиллаган ҳалқа-ҳалқа тўлқинлар ёйилиб, билинмай кетгунча кўзини узолмай туриб қолди. Кейин сувдан кўзини олди. Балиқнинг қилган яхшиликларидан хурсанд бўлиб, ундан ажралганига афсусланиб, хотини билан қишлоққа кириб борди. Борса ота-онаси Соҳибжон учун қон йиғлаб, бағрини захга бериб ётишган экан. Соҳибжон кириб боргач, иккаласининг кўзлари ялт этиб очилиб, ўғилларини қучоқлаб, ўпиб қайтадан дунёга келгандай бўлишди. Соҳибжон бўлиб ўтган ҳамма воқеани гапириб берди, мана бу келинингиз, мана бу мол-дунё эса сизларга олиб келган совғаларим, — деди.
Чол билан кампир югуриб боришиб, келинларини қучоқлаб ўпишди. Қаерга ўтказишни билмай шошилишди. Ота-она ўғил ва келин билан топишиб, роҳатда кун ўтказиб, ҳаммалари мурод-мақсадига етишди.