Сирли туш

Бор экан, йўқ экан, оч экан, тўқ экан, қадим замонда, Бағдод томонда Зуннун номли подшо яшар экан. Подшонинг бир неча хотинлари бўлиб, ҳеч биридан фарзанд кўрмабди. Фарзандсизлик алами подшонинг жон-жонидан ўтибди. Охирги марта уйланишга қасд қилиб, бой ҳам, камбағал ҳам бўлмаган бир кишининг қизига уйланибди. У ҳомиладор бўлиб, дунёда гўзалликда ҳеч тенги йўқ бир қиз туғибди. Қизга Оина деб исм қўйибдилар. Оина кундан-кунга катта бўла бошлабди. У жуда ҳам зийрак, ақлли қиз бўлиб ўсибди. Саккиз-ўн ёшларида қиз подшолик ишларида отасига ёрдам бера бошлабди.
Подшо тож-тахтимга, давлатимга эга бўладиган қизим бор деб, хотиржам бўлиб кайф-сафога, маишатга берилиб кетибди.
Кунлардан бир кун подшо кўшкда дам олиб ухлаб қолган экан, бир қуш шарқ томондан учиб келибди-да, унинг бошида икки марта “ғақ-ғақ” деб, ғарб томонга учиб кетибди ва бироздан сўнг ғарб томондан қайтиб келиб, яна “ғақ-ғақ” деб шарқ томонга учиб кетибди. Подшо уйғониб қараса туши экан. Ҳайрон бўлиб, бу сирни кимга айтишини билмасдан, беш-ўн кун сир тутибди. Лекин ташвиш тортиб, кўрган тушининг таъбирини билмоқчи бўлибди. Бунинг учун аввал вазирларини чақириб, маслаҳат сўрабди. Вазирлар шаҳардаги бутун мулла ва уламоларни чақириб, улардан сўрашни маслаҳат берибдилар. Подшо уч кун ичида шаҳарнинг бутун катта-кичик уламо-фузалоларини чақириб, кўрган тушининг таъбирини айтиб беришни сўрабди, лекин биронта одам ҳам жавоб бера олмабди. Подшо уларни ўлимга ҳукм қилибди. Буни эшитиб қолган доно қиз — Оина отаси олдига чиқиб, салом ва таъзим қилиб, тушнинг таъбирини ўзи айтиб беришини билдирибди. Подшо рухсат берибди. Шунда Оина:
— Ҳурматли падар, қушнинг шарқдан ғарбга учиб кетаётиб айтгани “Яхши хотин гадони шоҳ қилади”, ғарбдан шарққа қайтишидагиси эса “Ёмон хотин эрни гадо қилади”, деганидир, — дебди. Бу гапни эшитган подшо дарғазаб бўлибди, Оинага қараб:
— Мени подшолик даражасига етказган сенинг онанг эмас, — дебди-да, Оинани ўлимга буюрибди. Вазирлар ва жаллодлар қизни ўлдирмаслик учун ҳийла ўйлаб топибдилар. Улардан бири подшога:
— Подшоҳи олам, ҳамма нарсадан фарзанд доғи ёмон. Оина ҳар ҳолда фарзандингиз, уни кўз олдингизда ўлдирсак, оталик меҳрингиз албатта қўзғалур, шунинг учун сизга ҳурмат юзасидан қизингиз Оинани бир дашт-биёбонга олиб бориб ўлдирсак, — дебди. Подшо бошини қимирлатиб, “майли” деган ишорани билдирибди. Шундан сўнг жаллодлар қизни дашт-биёбонга олиб чиқиб, қўл ва оёғини маҳкам боғлаб ташлаб келибдилар.
Оина дашт-биёбонда қўл-оёғи боғлиқ ҳолда икки кун очлик азобини тортиб ётибди, учинчи куни Оина узоқдан бир одамнинг қорасини кўрибди. Кўринган одам қизнинг олдига келиб, дарров унинг қўл-оёғини ечибди ва қиздан ҳол-аҳвол сўрабди, қиз бироз дам олиб ўзига келгач, бўлган воқеани йигитга айтиб берибди ва йигитнинг нима иш қилишини сўрабди. Йигит ўзининг ҳеч кими йўқлигини, тирикчилик учун фақат ўтин териб, уни бозорга олиб бориб сотиб, кун кечиришини айтибди.
Йигитнинг ота-онаси ёшлигида очликдан ўлиб кетганидан кейин, у ўтин териб кун кўришга мажбур бўлган экан, у ҳар куни бир боғ ўтин терар, терган ўтинини бир дона нон бадалига сотар экан, йигитнинг номи Салом экан. Салом бир дона нонга қаноат қилиб яшар экан, Оина билан учрашганидан сўнг Оина унга ёрдам берибди. Бир боғ ўтинни йигит терса, бир боғ ўтинни қиз терадиган бўлибди. Икки боғ ўтинни икки нонга сотиб, биргалашиб тирикчилик қилишибди. Бир кун Оина Саломга:
— Энди икки боғ ўрнига уч боғ ўтин терайлик: икки боғи нон учун бўлса, бир боғи бошқа камчилигимиз учун ярайди, — дебди.
Бир неча кун шу хилда ишлаб, оз-моз пул орттиришибди. Оина бу пулни Саломнинг қўлига бериб, бир дона игна, ирак, бош кийими тикиш учун таг олиб келишни буюрибди. Салом олиб келибди. Қиз бир неча кун ўтириб дўппи тикиб, Саломга берибди.
— Буни бир дона олтинга сотинг, пулига бозорда нима кўринса шуни олинг, — дебди.
Салом ажойиб дўппини бир олтинга сотибди. Йигит бозорни айланиб, кўринган нарсани олиб келмоқчи бўлибди. Бир жойда кўпгина одамларнинг тўпланиб турганини кўрибди. Шу тўпланган одамлар олдига бориб қараса, ўртада турган бир қаландар: “Битта гапим бор, ким бир тилла берса айтаман”, дер эмиш. Салом: “Хайр, қаландарнинг гапини шу бир олтинга сотиб олсам ола қолай”, деб бир олтинни қаландарга берибди. Қаландар эса бир олтинни олиб: “Омин, бошинг билан кириб, оёғинг билан чиққин”, деб дуо қилибди. Салом уйга қайтиб келиб, Оинага:
— Бош кийимни бир олтинга сотдим, бозорни айланиб кўринган нарсани олай десам, бир қаландар “бир тиллалик гапим бор”, деб турган экан, шу гапни эшитгим келиб бир тиллани унга бердим, у менга: “Бошинг билан кириб, оёғинг билан чиққин”, деди, — дебди.
Оина бу сафарча майли деб, яна иккинчи марта ирак ва таг олдириб, дўппи тикиб тайёрлаб берибди ва:
— Буни бир тиллага сотиб кўринган нарсани олиб келинг, — деб тайинлабди.
Салом бош кийимни олиб бориб бир тиллага сотибди. Яна айланиб юриб, ҳалиги қаландарга дуч келибди. Қаландар яна кечаги гапни ҳадеб такрорламоқда экан. Салом бу сафар ҳам қаландарнинг гапини эшитгиси келиб, бир тиллани унга берибди.
Қаландар:
— “Бугунги аччиғингни, албатта, эртага қўй”, — дебди. Йигит қилган ишини Оинага бориб айтибди. Сабри тугаган Оина охирги марта бош кийим тикиб бериб, бир тиллага сотишни ва кўринган нарсани олиб келишни буюрибди. Салом бу сафар ҳам бош кийимини аввалгидек сотиб, яна ўша қаландарга учраб, бир олтинга гап сотиб олибди. Бу сафар қаландар:
— “Ҳар кимники ўзига, ой кўринар кўзига”, — дебди.
Салом уйга қайтибди. Бу воқеани эшитган Оина жуда хафа бўлибди.
— Ҳар сафар шу ҳол қайтарила берса, нима еб тирикчилик қиламиз. “Бўлмаганга бўлишма” деганларидек сизга ёрдам қилай десам, сиз менинг меҳнатимни қадрламадингиз, олтинларга гап сотиб олиб келдингиз, — дебди.
Оина Салом билан учрашгандан кейин умр ирларини бир-бирларига боғлаган эканлар. Улар шаҳарнинг энг чеккасида катта бир қайрағоч тагида ўзларига кичкина бир ертўла қилиб олган эканлар. Иккиси шу ертўлада яшашар экан. Оина Саломнинг қилган ишидан хафа бўлиб ўтирганида кўчадан ўтаётган карвонларнинг қўнғироғи эшитилиб қолибди. Оина югуриб чиқиб, карвонбошига ўз эри Саломни карвон билан бирга олиб кетишни, ўзига яраша бир иш беришни илтимос қилибди. Карвонбоши рози бўлиб, Саломни карвонни етаклаб бориши учун хизматга олибди. Салом Оинага ўзи қайтиб келгунича етадиган озиқ-овқат қолдириб кетибди.
Оина қолдирган нарсаларни жуда эҳтиётлик билан сарфлаб, эрининг келишини кутибди.
Салом узоқ йўлда юриб карвонларнинг хизматини қилиб, бошидан кўп машаққатларни кечирибди. Карвон узоқ шаҳарларга бориб қайтиб келаётганида иссиқ жазирама қум чўлларидан ўтмоқда экан. Карвон аҳлига маълум бўлган бу қум чўлларида фақат бир қудуқ бўлиб, йўловчилар ундан баҳраманд бўлар эканлар. Бу чўлда ундан бошқа қудуқ йўқ экан. Бу сафар сувсаган карвон аҳли қудуқдан сув олмоқчи бўлса, ҳеч сув чиқмабди. Шундан сўнг одам туширишга мажбур бўлиб-дилар. Бир хизматкорни белидан боғлаб қудуқ ичига туширибдилар. Сўнгра тортиб олсалар тушган одамнинг боши кесилган ҳолда танаси чиқибди. Яна бошқа одамни туширишибди. Яна шундай бўлибди. Кимни қудуққа туширишса, боши кесилган ҳолда танаси чиқаверибди. Бу аҳволдан таажжубланган карвон аҳли нима қилишини билмай, шошиб қолибди. Манзил йироқ, сув албатта керак. Агар сув бўлмаса, ҳаммаси ҳалок бўлиши мумкин. Шунда Салом.
— Майли, мен тушай, бахтимни синаб кўрай, мени белимдан боғламангиз, оёғимдан боғлаб, бошим билан секин-секин туширингиз, — дебди. Чунки худди шу пайтда қаландардан бир тиллага сотиб олган гапи эсига тушган экан.
Саломни қудуққа секин-секин тушираётганларида тирикми ё ўлдими деб “Салом” деб чақиришибди. Шунда бирдан Саломнинг эсига “Ассалому алайкум” сўзи келибди-да, “Ассалому алайкум” деб юборибди. Қудуқ тагида икки дев бир-бирига рўбарў бўлиб ўтирган экан. Биринчисининг қўлида тошбақа, иккинчисининг қучоғида бир гўзал қиз турган эмиш. “Ассалому” сўзи девларга маъқул бўлиб, йигитнинг бошини узмабдилар, ундан гап сўрай бошлабдилар. Девлардан бири йигитга:
— Эй, одамзод, биз иккимиз бир йилдан буён тортишиб ўлтирибмиз. Биримиз мана бу қизни, биримиз эса мана бу тошбақани яхши кўрамиз. Сенингча қайси бири яхшироқ, агар тўғри жавоб берсанг, ҳар қандай талабинг бўлса ҳам бажаришга тайёрмиз, — дебдилар.
Саломнинг эсига қаландардан бир олтинга сотиб олган гапи тушиб, дарҳол:
— Ҳар кимники ўзига, ой кўринар кўзига, — дебди.
Бу сўздан хурсанд бўлган девлар қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборибдилар ва сув йўлини очиб берибдилар. Салом челакда сув чиқара бериб бутун карвонни таъминлабди. Сув чиқариб бўлгач, девлар Саломга жуда кўп олтин, гавҳар ва қимматбаҳо нарсалар инъом қилишибди. Салом қудуқдан чиққач, сувга сароб бўлган карвон аҳли уни жуда хурсанд бўлиб кутиб олишибди. Карвонлар манзилга тезроқ етиб олиш учун яна йўлга равона бўлибдилар.
Оина эри кетгач, ўзи ёлғиз кун кечира бошлабди. Унинг қорнида гумонаси қолган экан, ой-куни етганда бир ўғил туғибди.
Худди ўғил туғилган куни Оиналар яшаб турган ертўла тепасидаги қайрағочда қалдирғоч ҳам бола очган экан. Шунинг учун Оина ўғлига Қалдирғочбек деб ном қўйибди. Бола кундан-кунга ўсиб, катта бўла бошлабди. У энди онасига ёрдам берадиган бўлиб қолибди.
Кунлардан бир кун Оина ота-онасини ва узоқ муддатдан буён келмаётган эрини ўйлаб хафа бўлиб йиғлабди. Шунда Қалдирғочбек:
— Она, нега йиғлайсиз? —дебди.
Оина:
— Ўғлим, сенга қараб туриб йиғлаяпман. Сен анча катта бўлиб қолдинг, қўлингдан ҳар иш келадиган бўлди, отанг бўлганда сен унга ёрдам берардинг, бечора отанг тирикчиликнинг ҳасратида кетганича дом-у дараги йўқ. Тирикми, ўлганми, билмайман. Сени кўрганда албатта қувонар эди, — дебди. Шу куни она-бола узоқ гаплашиб, ҳасратлашиб уйқуга кетибдилар.
Тун ярмидан ўтганда карвонлар шаҳарга яқинлашибди. Салом уйига яқинлашган сари хотини Оинани ўйлаб: ”У мени кутмагандир, бошқа эрга теккан бўлса керак ёки очликдан ўлган бўлса керак”, деб ўйлайверибди. Қайрағоч тагига етиб келганда, тонг яқинлашган экан. Салом туяга ортилган ўзига қарашли олтин, гавҳар ва қимматбаҳо нарсаларни туширибди, карвонлар билан хайрлашиб, секин ертўлага туша бошлабди. Тушиб қараса, Оина қаттиқ уйқуда, ёнида бир чиройли йигит ётган эмиш. Дарҳол пичоғини қинидан олиб уни ўлдирмоқчи бўлибди, лекин қаландардан бир тиллага сотиб олган “Бугунги аччиғингни, албатта, эртага қўй!” деган гапи эсига тушиб қолибди. Салом аччиғини тўхтатиб: “Аввал уйғотай, гап сўраб, аниғини билай, сўнгра ўлдирай, ҳар бир ишда ҳақиқат керак, ўлдириш қочмас, ўлдириб қўйгандан кейинги пушаймон арзимас”, деб хотинини уйғотибди. Оина кўзини очиб қараса, қаршисида эри Салом турган эмиш. Севинганидан бирдан қичқириб юборибди:
— Тур, Қалдирғочбек, даданг, келди, — деб ўғлини ҳам уйғотибди. Ота-бола йиғлаб кўришибдилар. Шундан сўнг эр-хотин бошидан ўтган барча воқеаларни бир-бирларига айтиб берибдилар. Аччиғини эртага қўйганига Салом хурсанд бўлибди. Чунки ухлаб ётган йигит ўғли эканига қувонибди. Саломнинг келтирган бойлигини кўриб Оина бениҳоят шодланибди. Эҳтиёт билан сарфлаш учун режа тузибди. Оина аввало золим отасидан ўч олмоқчи бўлибди. Бунинг учун отасининг саройига ўхшаган сарой бино қилишни, сарой тайёр бўлгач, ота-онасини меҳмонга чақириб, ўзини танитишни ўйлабди.
Оинанинг маслаҳати билан Салом шаҳардаги энг яхши усталар, дурадгорлар ва нақш солувчи ўймакорларни тўплаб, бино қурдира бошлабди. Оина сарой режасини ўзи чизиб берибди. Иморатларни отасининг биноси тахлитида қурдирибди. Иморат бир ойда тайёр бўлибди. Бинонинг ички-ташқи безаклари жуда яхши қилинибди. Бинога қўйиш учун подшонинг уйида қандай жиҳозлар бўлса, шундай жиҳозларни топтирибди.
Унгача Оина ва Саломнинг донғи бутун шаҳарга, ҳаттоки бошқа шаҳарларга ҳам тарқалибди. Қизнинг отаси — подшо иморатни кўрар экан-у, лекин ўз қизини ва Саломни танимас экан. Иморатлар битгач, подшо Саломга иморатнинг ички безакларини ҳам кириб томоша қилмоғини айтибди.
Салом подшони хотини билан меҳмонга чақирибди. Подшо: Оинанинг онаси ва яна бир неча хотинларини олиб, меҳмонга келибди. Оина катта тайёргарлик билан уларни кутиб олибди.
Подшо иморатга аста оёғини қўйиб кира бошлаб, то меҳмон бўладиган хонага етгунча ажойиб манзарани кўрибди. Уйлар, уйлардаги хилма-хил буюмлар гўё подшо уйидагидек. Бу ҳолдан таажжубланган подшо сукут билан меҳмонхонага кириб ўтирибди. Дастурхондаги турли мевалар, ажойиб таомларни кўриб, яна ҳайрон қолибди. Ҳаммасидан ҳам, айниқса, шу уй подшонинг меҳмонхонасига ўхшагани ва ундаги буюмлар ҳам подшоникига ўхшагани учун подшо ичида: “Мен подшо бўлсам-у, менинг фуқаром шу даражага етиб, мендан ўтиб кетса, бу қанақаси”, деб рашк қилибди.
Зиёфат давом этиб турган пайтда Оина меҳмонхонага кириб келибди, меҳмонларга салом бериб, уларнинг келганига ўз хурсандлигини билдирибди, сўнгра отасига шундай дебди:
— Отажон, мени кечиринг, туш таъбирини айтган гуноҳкор қизингиз Оина — мен бўламан. Мен сизга ҳақиқатни айтган эдим. Мана, куёвингиз кимсасиз ўтинчи эди. Иккимиз биргалашиб меҳнат қилдик, хор бўлмадик, оч қолмадик, режа билан иш қилиб бордик, меҳнатдан бош тортмадик, кам бўлмадик. Натижада сизнинг даражангизга етдик. Демак, гадони подшо қиладиган ҳам хотин экан, — деб отасига таъзим қилибди.
Подшо Оинани кўриб, ҳушидан кетибди, ҳушига келгач, ўзининг бутун қилмишларига пушаймон қилибди ва бу кечирилмас гуноҳлари учун Худога тавба қилиб, узр сўрабди.
Қиз отасини кечирибди. Подшо бутун тож-у тахтини Оинанинг ўғли Қалдирғочбекка тутибди. Шундай қилиб, эр-хотин — Салом, Оина ва ўғли Қалдирғочбек ҳар икки саройда тинч яшай бошлашибди.