Сирингни сиртга чиқарма

Бир бор экан, бир йўқ экан, ўтган замонда бир киши бўлган экан. У жуда ҳам ҳайвонлар тилини ўрганмоқчи бўлибди. Ҳайвонлар тилини биладиган битта одам бор экан. У ўшанинг ёнига илтимос қилиб борибди. У анчагача ўргатишга рози бўлмабди. Ҳадеб зўрлайвергач, битта шарт билан рози бўлибди.
— Агар сен бу сирни бирортасига айтадиган бўлсанг, ўша заҳотиёқ ўласан, — дебди.
Шундай қилиб, улар ўзаро келишиб олишибди. Кунларнинг бирида эшак ҳўкизга қараб:
— Эй ҳўкиз, сени хўжайин жуда кўп ишлатяпти. Эрта тонгдан то шом қоронғусигача, куннинг иссиғида тинмай ишлайсан. Мен бўлсам доим салқинда дам олиб, мазза қилиб юраман, — дебди.
— Ишламаслик учун нима қилиш керак? — деб сўрабди ҳўкиз.
Эшак унга йўл-йўриқ кўрсатибди:
— Эй дўстим, хўжайин сув берса ичмай, ўт берса ҳам емай ётавергин. Шундан сўнг сени далага ҳам олиб чиқмайди, ишлатмайди ҳам.
Эшак билан ҳўкизнинг бу суҳбатини эшитган хўжайин эртаси куни далага эшакнинг ўзини олиб бориб, эртадан кечгача тинмай ишлатибди. Хўжайиннинг бундай кутилмаганда қилган ишидан ҳайрон бўлган эшак уйга қайтгач, ҳўкизга уқтирибди:
— Сувни тўйиб-тўйиб ичгин, ўтларни ҳам ҳаммасини қолдирмай егин. Агар хўжайин бунақа кўп ишлатадиган бўлса, аҳволимиз ёмонлашади.
«Ҳайвонлар тилини қандай қилиб ўрганса бўлади», деб унинг хотини ҳеч ҳоли жонига қўймас экан.
— Бу сирни бирор кимсага айтиш мумкин эмас, бу ёмонлик билан тугайди. Мен ваъдамни бузмаслигим керак, — дер экан эри. Шунча гапиришига, тушунтиришига қарамай, хотини «ҳайвонлар тилини билишнинг сирини айтинг», деб туриб олибди. Ҳеч иложини қилолмагач, у сирни уч кундан кейин хотинига айтишга ваъда берибди.
Икки кун ўтгач, хўжайин ҳовлида айланиб юрса, бирдан хўроз қичқирибди. Шунда ит:
— Эй хўроз, мунча ҳам кўнглинг чоғ бўлиб қичқиравермасанг. Ахир эртага сенинг хўжайининг ўлади-ку, шунга қайғурмайсанми? — дебди.
— Хўжайин ўлса, ўрнига бошқа хўжайин келади. Унинг хотини бошқа бир эркакка турмушга чиқади, — дебди хўроз.
Шундагина у воқеани қанчалар жиддий эканлигини тушунибди ва бу сирни эртаси куни ҳам, индинига ҳам, умуман ҳеч қачон, ҳеч кимга айтмасликка қарор қилибди.