Шоир севгиси

Навоий йигитлик чоғларида бир қизни яхши кўрар экан. Қизга хат ва шеърлар ёзиб, у билан алоқа қилиб юрар экан. Бир куни Ҳусайн Бойқаро бу сирдан хабардор бўлибди.
У «Навоий ўзининг бу сиридан мени ҳам огоҳлантирар, шу тўғрида мен билан маслаҳатлашар», деб ўйлаб юрар экан. Навоий бу ҳақда Ҳусайн Бойқарога ҳеч нарса демабди.
Бир куни Ҳусайн Бойқаро Навоийни ўзига ялинтирмоқ мақсадида одам юбориб, қизни ўз қошига чақирибди. Подшонинг мақсади қизни олиш эмас, балки шу муносабат билан Навоийни ўзига ялинтириш экан. Ҳусайн Бойқаро қизии кўрса, жуда гўзал, одобли, ақлли қиз экан. Шундан сўиг подшо ўзининг аввалги ниятидан қайтиб, қизга уйланмоқчи бўлибди. Қиз унамабди. Подшо шариат пешволарини чақириб, қизни ўзига никоҳлаб олибди. Қиз подшо билан яқинлашмабди. Шунда подшо қизга қараб:
— Биламан, сен Навоийни яхши кўрасан. Уни ҳурмат қилаётибсан. Ўрталарингда бўлган сирларни менга айт! — деб дўқ урибди.
Қиз подшонинг қаҳридан қўрқиб, Навоийга бўлган муҳаббатини яширибди. Қиз: «Ўз муҳаббатим тўғрисида сўзласам, подшо Навоийни ўлдиради», деб унга ҳеч нарсани айтмабди, йиғлабди. Ҳусайн Бойқаро чиқиб кетгач, қиз хаёлга чўмибди, менинг Ҳусайн Бойқаро даргоҳидан қутулишим жуда қийин. Шу ғам-ғусса билан Алишер фироғида ўлсам, у кейин албатта унутар ва яна бир кимсага кўнглини берар, деб Навоийга шеър ёзиб юборибди:

Ҳажр доғи фироқи хаста кўнглим куйдирур,
Чарх ортиқ зулми бирлан гул ниҳолим сўлдирур.
Юз алам бирлан бало гирдобида ранжурмен.
Воқиф, ўл, ёрим мени бу ғусса-ю ғам ўлдирур.
Ҳасратим шулким, сенга айтсам фиғоним боиси,
Мен ўларман, чархи меҳринг энди кимни куйдирур.

Бу сатрларни ўқигач, Навоий, дарров қўлига қоғоз ва қалам олиб тубандаги мисраларни ёзибди:

Кўнглим ўртансин агар ғайрига парво айласа,
Ҳар кўнгил ҳам ким сенинг шавқингни пайдо айласа.
Ўзгалар ҳуснин тамошо айласа чиқсин кўзим,
Ўзга бир кўз ҳам сени ҳуснинг тамошо айласа,
Ҳар кишин васлин таманно айласам новмид ўлай
Ҳар киши ҳамки сенинг васлинг таманно айласа.

Бироқ қиз, ғамлар, ички кечинмалар натижасида оғир касал бўлиб қолибди. Ҳусайн Бойқаро саройдаги табибларга қандай бўлмасин қизни бу оғир касалликдан қутқариш чорасини топишни буюрибди, қизга ҳеч қандай дори-дармон кор қилмабди. Қиз оғир касалликдан сўнг вафот этибди.