Сахий билан бахил

Кунлардан бир куни бахил билан сахий саҳрода саёҳат қилиб юришган экан. Бахил сув солган мешининг оғзини ҳеч очмабди, озиқ-овқат солган халтасини ечмабди. Сахийнинг сувини ичиб, нонини еб юраверибди.
Бир куни сахийнинг суви ҳам, нони ҳам соб бўлибди. Улар чарчаб, қуруқ бир чўлда дам олгани ўтиришибди. Бахил ўз мешидан пиёлага сув қуйиб ичибди, халтасидан нон олиб ебди. Очлик ва ташналикдан ҳолсизланган сахий:
— Дўстим, менга ҳам бер, — дебди. Бахил нафрат билан:
— Мен сенинг ҳолингга тушишни истамайман, — дебди. У туяга миниб, ўз йўлдошини чўлда ёлғиз ташлаб кетибди.
Сахийнинг йўл юришга мадори қолмабди. У очлиги ва ташналигини қондириш учун кўкариб турган бир ўтни оғзига солиб чайнабди. Бу ўтнинг ажойиб хосияти бор экан, сахий ҳамма гиёҳ ва жониворларнинг тилини тушунадиган бўлибди.
Кеч кириб қолганида у қум устига ётибди, лекин оч ва ташна бўлганидан кўзига уйқу келмабди. Қоронғи тушганда иккита тошбақа ўрмалаб келибди.
— Қизиғи шуки, бу аҳмоқ ташналикдан ўлаяпти, ярим соат йўл юрса, қудуққа етади, — дебди бир тошбақа.
— Мен ҳам шунга ҳайронман, — дебди ёш тошбақа, — аҳмоқ очидан ўлай деяпти, бўлмаса қудуқнинг ёнидаги ўтовда бир кўчманчи туради, сути ҳам, гўшти ҳам бор, ўша ерга борса бўларди.
Сахий ўз қулоғига ишонмай, секин-секин ўша томонга қараб туяда йўлга тушибди. Қудуқни топиб, тўйгунча сув ичиб, меҳмондўст кўчманчининг уйида овкат ебди.
Эрта билан сахий кўчманчидан озиқ-овқат сотиб олибди. Шу ерда у бахил билан яна учрашиб қолибди. Бахил яна у билан бирга кетаверибди.
Сахий кўчманчидан олган гўшт ҳақини тўлаётганида бахил унинг ҳамёни катта эканлигини сезиб қолиб, нияти бузилган экан. Улар бир қишлоққа етибдилар. Сахий уйқуга кетганида бахил билдирмай унинг ҳамёнини ва туясини ўғирлаб, қочиб кетибди.
Сахий жуда қайғурибди. Ноилож, ўзига бир таёқ кесиб олиб, уни ҳасса қилиб йўлга тушибди. Кетатуриб, девор устида ўтирган иккита зағизғоннинг гапларини эшитиб қолибди:
— Сен ўз уянгга қаердан олтин тангалар ташиб келасан? — деб сўрабди бир зағизғон ёнидаги шеригидан.
— Манави баланд теракнинг тагида кўр сичқон туради, — дебди иккинчи зағизғон, — у етти подшонинг хазинасини топибди. Кўр сичқоннинг оёғи остидан тангаларни ўғирлаб қочаман, у эса кўрмайди.
Сахий теракнинг тагини қазиб, етти подшонинг хазинасини топибди. Шаҳарга етиб келиб, карвонсаройда тўхтабди. Сахий ўз одатига кўра пулни аямабди, камбағалларга ёрдам бериб, уларни хурсанд қилибди.
Бахил сахийнинг бойиб кетганини ва гадойларга аямай садақа бераётганини кўриб, ҳасади келибди, аламига чидаёлмай, уйқуси қочибди. Подшога бориб:
— Подшо ҳазратлари, сизнинг шаҳрингиздаги карвонсаройга бир қароқчи келиб тушди. Уни қамашга амр қилинг, — дебди.
Подшонинг посбонлари карвонсаройга келиб, сахийни қамаб, пулларини тортиб олишибди ва ўзини подшо ҳузурига келтирибдилар.
—    Сен қароқчисан,— деб бақирибди подшо, — эртага сени дорга остираман.
Сахий ўзининг кимлигини ва нима воқеалар бўлганини сўзлабди, лекин подшо унинг гапига қулоқ солишни истамабди. Пулларни хазина фойдасига олибди. Бахилни ҳайдаб юборибди, сахийни зиндонга солдирибди.
Сахий қоронғи зиндонда қайғуриб ўтириб, «Бу бало бошимга қайдан келди?» деб ўйлабди. Шу пайтда тешикдан иккита сичқон чиқиб, бир-бирлари билан сўзлаша бошлашибди:
— Подшонинг қизи кўр бўлиб қолди. Шундай чиройли қизга киши ачинади, — дебди бир сичқон.
— Кимки маликанинг кўзини даволаса, подшо унинг бошидан тилла қуяди, — дебди иккинчиси.
— Тфу, одамлар аҳмоқ, — дебди биринчи сичқон, — уни даволаш осон. Чўлда кал Абдулла деган одам қўй боқиб юради. Сурувнинг ичида қўтир эчки бор. Ўша эчкининг соқолидан икки тола олиб ёндириб, кулини маликанинг кўзига босса очилади.
Сичқонлар кетгандан кейин, сахий эшикни қаттиқ тақиллатиб:
— Мен ҳакимман, мен табибман, очинглар, — деб қичқира бошлабди. Узоқ қичқирса ҳам зиндончилар унинг гапига қулоқ солишмабди. Ниҳоят, зиндончилардан бири подшонинг ҳузурига келиб тиз чўкиб:
— Зиндондагилардан бири, «Мен ҳакимман, мен табибман» деб қичқиряпти, — дебди.
— Тез бу ерга олиб келинглар, — дебди подшо. Сахийни подшонинг ҳузурига бошлаб келибдилар.
— Ҳа, сен эдингми, қароқчи?—дебди подшо, — нима деб қичқиряпсан? Бари бир кунинг битган.
— Мен қароқчи эмасман, — дебди сахий, — мен улуғ табибман. Мен бир зумда қизингизнинг кўзини тузатаман.
Подшо унинг сўзига ишонмабди, лекин посбонларга уни чўлга бошлаб боришни буюрибди. Чўлда кал Абдулла қўй боқиб юрган экан. У қўтир эчкининг соқолидан ярмини юлиб олиб, сичқонларнинг айтганини қилиб, маликанинг кўзини тузатибди.
Малика кўзини очибди, подшо беҳад хурсанд бўлиб, сахийга кўп олтин инъом қилибди, ўз устидаги чопонини берибди.
Сахий оғир қопдаги олтинларни кўтариб, янги ипак тўнини кийиб саройдан чиққанида бахил унинг олдига келиб таъзим қилибди.
— Нима дейсан? — деб сўрабди сахий.
— Нима сабабдан сенинг омадинг келади-ю, менинг бошимга фалокатлар тушаверади. Шуни менга тушунтир. Мен сени оч ва ташна ҳолда чўлда ташлаб кетдим, бир соат ўтмасдан сен қудуқни топиб, кўчманчининг уйида меҳмон бўлдинг. Мен сени тунаб кетдим, бир кун ўтмай сен яна бойиб кетдинг. Менинг чақувим билан сени қамадилар, бор-йўғингни тортиб олишди, ўзингни зиндонга солдилар. Бир кун ўтмасдан сен яна бойиб кетдинг. Мен-чи? Мени эса саройдан ҳайдаб чиқардилар.
Сахий бахилдан кўп ёмонликлар кўргани учун унга қарагиси ҳам келмабди, лекин ўзининг сахийлик табиати ғолиб келиб, ажойиб хосиятга эга бўлган ўт тўғрисида гапириб берибди.
— Ўша ўтни еб, жониворларнинг гапига қулоқ сол. Дунёдаги сирлардан хабардор бўласан, — дебди.
Бахил шошиб-пишиб, ҳатто сахийга раҳмат ҳам айтмасдан, туяга миниб, саҳрога жўнабди.
Ўша ўтни еб, жониворлар тилини тушунадиган бўлибди.
Тошбақа, зағизғон, сичқонга ўхшаган майда-чуйда жониворларнинг гапига қулоқ солиб юраманми,— дебди у ўз-ўзига, — кичик жониворлар кичик сирларни билади. Катта жониворлар катта сирларни билади.
Саҳрода тентираб юриб, бир ғордан кечқурун арслон, йўлбарс, бўри ва тулки чиққанини кўрибди.
— Ана шуларнинг гапига қулоқ солиш керак, — дебди.
Бахил қўрқоқ экан, лекин очкўзлиги қўрқоқлигидан устун келибди ва у йиртқич ҳайвонларнинг ғорига кириб ётибди.
— Бу ердан одам иси келади, — дебди арслон.
— Ҳа, бу ерда аллаким борга ўхшайди, — дебди йўлбарс.
— Бу ерда одам бор, — деб ув тортибди бўри. — У бизнинг тунги овқатимизга ўз оёғи билан келибди!
Жониворлар бахилга ҳужум қилиб, уни еб қўйишибди.