Сабр таги — сариқ олтин

Ўтган замонларда Боқижон номли бир йигит яшаган экан. Унинг ота-онаси ўлиб, улардан бир танобча ер қолган экан. Боқижон шу ерда кеча-кундуз ишлаб, олган ҳосили билан ўз рўзғорини тебратар экан. Унинг экинлари айни пишар чоғида бойлар, судхўрлар сувни ўз ерларига буриб олиб қўйишар, экинлари сувсизликдан қовжираб қолар экан. Камбағал йигит бориб мироб, оқсоқоллардан сув талаб қилса, улар қўлига қамчи олиб, дўқ қилиб ҳайдаб юборар экан. Шундай азоб-уқубатда қорни ошга, усти кийимга ёлчимай зўрға ҳаёт кечирар экан. Бироқ Боқижон катта йигитча бўлиб қолган, у энди уйланишни, оила қуришни орзу қилиб яшар экан. Боқижон яшаган қишлоқда бир камбағал деҳқоннинг Гулойим номли қизи бор экан. Гулойимнинг қадди-қомати келишган, қош-кўзи қора, ой деса оғзи бор, кун деса кўзи бор, унинг ойдай ҳусн-жамоли ўзига муносиб бир қиз экан. Боқижон Гулойимни сувга чиққанида кўриб, севиб қолган экан. Гулойим ҳам рўмолчасини бошига елвагай ташлаб, Боқижонга бир қиё боқиб, мийиғида кулиб қўйган экан. Боқижон Гулойимга бўлган муҳаббатини кимга айтишини билмай, кўп ташвиш тортиб юрар экан. Боқижон аҳён-аҳёнда сувга чиққанида қизни кўриб, саломлашиб, ҳол-аҳвол сўрашиб турар экан.
Бир куни Боқижон холасини ўз уйига чақирибди. Унга ўз истагини айтибди. Холаси Гулойимнинг уйига совчиликка боришга рози бўлибди.
Бир куни Боқижоннинг холаси Гулойимларникига совчи бўлиб борибди. Гулойимнинг онаси қизининг юриш-туришидан хабардор экан. Ҳатто гулойим
Боқижонни ёқтириб қолганини онасига айтган экан. Бироқ Гулойимнинг отаси бу ишга қаршилик кўрсатибди. Отаси Гулойимга келган совчиларнинг бирини ўпоқ, бирини сўпоқ деб, рози бўлмай қайтариб юборибди. Лекин Боқижоннинг холаси совчиликка бораверибди, бораверибди. Ниҳоят, Гулойимнинг ота-онаси рози бўлишибди. Қишлоқда ўзига яраша кичкинагина тўй қилишибди ва Боқижон билан Гулойим бирга ҳаёт кечира бошлашибди.
Орадан бир неча йиллар ўтибди. Боқижон билан Гулойим меҳнат қилиб, ўз боғ-роғларида ишлаб, олган ҳосиллари билан ўз рўзғорларини тебратишар экан.
Бир куни Боқижон қаттиқ қасал бўлиб, ётиб қолибди. Бутун уй-рўзғор, ер ишлари — деҳқончилик фақат биргина Гулойим бошига тушибди. Бечора Гулойим эрта тонг-саҳарда туриб то хуфтонгача тинмай меҳнат қилар экан. У Боқижонни яхшилаб даволаш, рўзғорга қараш, экинларни суғориш, кир ювиш, ҳамма ёқни супуриш-сидириш каби ишларни ҳам бажарар, ҳеч тинмас экан. Боқижоннинг касалига ҳеч қандай табибнинг дориси кор қилмабди. Унинг яраси зўрайиб, ўзи чўпдай озиб, ҳеч қимирламай қолибди. Гулойим ҳам бу дард-у ғам, ташвишдан ориқлаб, нима қилишини билмай, кимдан ёрдам сўрашга ҳайрон бўлиб юраверибди. Гулойимнинг ота-онаси ниҳоят камбағал бўлгани учун буларга ҳеч қандай ёрдам кўрсата олишмас экан. Гулойим Боқижоннинг касалини тузатишга кўп уринибди, натижа чиқмабди. У бойларнинг уйига бориб, уларнинг кирини ювиб, хизматларини бажариб, топган нон ва озиқ-овқатлари билан Боқижонни боқиб юраверибди. Энди қишлоқда дув-дув гап тарқалибди. Боқижонга ёмон яра чиққанмиш, одамларга юқармиш. Уни бу қишлоқдан бошқа жойга, четга чиқариб юбориш зарур эмиш. Бу гапни қишлоқ оқсоқоли, бойлар ва элликбошилар тарқатишибди. Бу гаплар Гулойимнинг қулоғига ҳам етибди. У Боқижонга билдирмай роса йиғлабди.
Кунлардан бир куни эшикни биров қаттиқ тақиллатибди. Гулойим чиқиб:
— Кимсиз, нима учун келдингиз? — деб сўрабди, Улар эса қишлоқ оқсоқоли, бир иккита оғзи катта корчалонлар экан. Улар Гулойимга:
— Сенлар шу кундан бошлаб қишлоқни ташлаб чиқиб кетишларинг шарт. Чунки эринг юқумли касал билан оғриган, бир неча йилдан бери ётибди. Бизларга ҳам юқади. Шунинг учун шу бугундан қолмай қишлоқни ташлаб кетинглар, бошқа гап йўқ! Агарда кетмасаларинг, ўзимиз от-арава олиб келиб сизларни дала-даштга чиқариб ташлаймиз, — деб дўқ уришибди. Бечора Гулойим: «Энди бизларга бу азоб ҳам бормиди», — деб ҳўнграб йиғлаб, Боқижоннинг ёнига бориб нима дейишини билмай:
— Бугун биз ўз қишлоғимиздан, уйимиздан бошқа жойга кетишимиз керак экан. Қишлоқ катталари келиб тайинлаб кетишди, —дебди. Боқижон ётган жойида йиғлаб, не қиларини билмай, ҳеч қандай илож тополмай:
— Хўш, бу ердан қаерга борамиз ва қандай яшаймиз? — деб Гулойимдан сўрабди. Гулойим:
— Бир иложини топармиз, пешонамизга нима ёзилган бўлса, шуни кўраверамиз-да, — дебди. Ўша куни тунда Гулойим Боқижонни ювинтирибди, сўнгра уни опичлаб қишлоқдан чиқиб кетибди. У Боқижонни кўтара-кўтара охири бир дашт-биёбонга келиб, бир дарахт тагида дам олишга ўтирибди. У ниҳоятда чарчаган экан, ухлаб қолибди. Эрталаб туриб юз-қўлини ювиб, Боқижонни ҳам ювинтириб, битта нон билан нонушта қилишибди. Улар мана шу дарахт тагини макон этиб, чодир тикиб олишибди. Боқижон чодир ичида ётар, Гулойим эса шаҳарга, атроф-қишлоқларга иш ахтариб кетар экан. Ҳар кимнинг ишини бажариб, топган-тутганини Боқижонга келтирар экан.
Бир куни Гулойим иш тополмай, еярга нон-овқати бўлмай, нима қилишини билмай, ҳайрон бўлиб қайтар экан, йўлда унга бир савдогар учрабди. У савдогар аёл Гулойимга:
— Сочингизни менга сотмайсизми? — дебди. Гулойимнинг сочи йигирма беш жамалак бўлиб, орқа трвонига тушар экан. У ноилож беш жамалагини сотишга рози бўлибди. Гулойим уйга пулга нон ва бошқа озиқ-овқатлар олиб, Боқижоннинг ёнига келибди. Боқижон бу воқеадан бехабар қолибди. Гулойим ҳам бу сирни яширибди.
Бир куни Боқижон қараса, Гулойимнинг сочи бир оз камайганга ўхшабди. Шунда Гулойимдан сўрабди. Гулойим эса:
— Ўзи тўкилиб кетяпти, — дебди. Шунда Боқижон:
— Сиз мени деб азиз жонингизни қийнаб, шу аҳволга келдингиз. Энди мен бир тузалмас балога йўлиқдим. Сиз ёш умрингизни хазон қилманг, ота-онангиз қошига боринг, мен умрим тугагунча шу жойда яшаб, тузалсам бир кунимни кўрарман, — деса, Гулойим йиғлаб:
— Сиз мени ким деб ўйлайсиз? Мен сизни шу аҳволда ташлаб кетганимдан кўра, ўлганим минг марта яхшироқ эмасми? Мен сизни тузатмай, ҳаётимизни тикламай бу ердан, қошингиздан жилмайман, сиз билан умримнинг охиригача биргаман. Ундай гапларни айтиб, ўзингизни ва мени қийнаманг. Танимда жоним бор экан, сизнинг хизматингизга доимо тайёрман, — дебди.
Орадан бир неча ойлар ўтгач, Гулойим иш ахтариб кетганида, Боқижон қошига бир мўйсафид келибди. Боқижон чолга ўз бошидан кечган кунларни сўзлаб берибди. Ниҳоят, мана шу дардга мубтало бўлганини, тузала олмай ётганини, шу касал туфайли ўз ватанидан жудо бўлганларини айтиб берибди. Боқижоннинг сўзларига қулоқ солган чол унга шундай дебди:
— Ўғлим кўп қайғурма, мана шу йўл билан борганингда, тахминан бундан уч тўрт тош узоқликда, бир тоғ бағрида катта чинор бор. Чинор тагидан бир чашма суви қайнаб чиқиб турибди. Суви иссиқ. Агарда боришга иложинг бўлса, тунда бориб, ўша булоққа тушиб чўмилиб кўр-чи, зора шифо топсанг.
Гулойим келиб қараса, эрининг чеҳраси очиқ.
— Ҳа, ўзи нима гап, бугун хурсанд кўринасиз? — деб сўрабди Гулойим. Шунда Боқижон мўйсафид билан бўлган суҳбатини айтибди. Гулойим Боқижонни кўтариб чашма томон йўл олибди. Қидира-қидира чашмани топишибди. Боқижонни чашма сувига чўмилтирибди. Улар ўша чашмага яқинроқ жойни макон қилишибди. Орадан бир-икки ой ўтгач, ҳалиги чашма сувидан Боқижон шифо топа бошлабди, тузала берибди. Ниҳоят, Боқижон, оёққа турадиган, кейин юрадиган, ниҳоят, меҳнатга яроқли ҳолга келибди. Гулойим иккиси ўша жойдан қуруқ ер танлаб олиб, иккиси меҳнат қилиб, сув чиқариб уй-жой қуришибди. Ҳовлининг атрофини боғ-роғ қилишибди. У жойда бир қўрғон пайдо бўлибди. Ҳовли, боғларига турли мевалар экиб, гуллар ўтқазишибди. Бошқа одамлар ҳам у ерга кўчиб келиб, уй-жой қуриб яшай бошлашибди. У ернинг халқи йиғилиб, бу қўрғонга «Гулобод» деб ном қўйибди. Боқижон Гулойимнинг ота-онасини чақиртирибди. Улар Боқижон билан Гулойимнинг ҳаётини кўриб ниҳоятда севинишибди. Улар бола-чақали, ували-жували бўлиб, ошларини ошаб, ёшларини яшаб, мурод-мақсадларига етишибди.