Рустамзод ва Шерзод

Бор эканда йўқ экан, оч эканда тўқ экан. Қадим замонларда бир мамлакатда бир камбағал бор экан. У камбағалнинг иккита ўғли бор экан. Ўғилларидан бирининг оти Рустамзод ва бирининг оти Шерзод экан. Уларнинг оналари ўлган экан. Бу камбағал бобо мардикор ишлаб, бу болаларни ўқитиб, парвариш қилиб юрар экан. Шу маҳаллада бир аёл бўлиб, бу аёлнинг эри ҳам ўлган экан. Шу аёл бобони ўзига эр қилиб олибди. Бир куни аёл бобога айтибдики:
— Сиз бундай мардикорчилик қилиб юришингизда биз ўз рўзғоримизни тўғрилаб ололмаймиз. Яхшиси, кечаси кўчага чиқиб ўтирсангиз, қароқчилар ўтадилар, шуларга эргашиб борсангиз, бир нарса ажратиб берадилар. Мардикорчиликда бир ой ишлаган нарсангизни бир кечада топиб келасиз.
Хотинининг бу сўзи бобога маъқул тушибди. Бобо кечаси хотини аниқлаб берган йўлнинг бир чеккасига бориб ўтирибди. Дарҳақиқат, шу йўл қароқчиларнинг йўли экан. Бобо кечани ярим қилиб ўтирган эди, қароқчилар кела бошладилар. Бобони кўра солиб “овимиз барор олди”, деб уни ўраб, таламоқчи бўлдилар. Қарасалар бир жанда чопондан бошқа ҳеч нарсаси йўқ экан. Ҳол-аҳвол сўрадилар. Бобо: “Бир неча йиллардан бери сизлар билан қўшилишни орзу қилар эдим. Энди мақсадимга етдим. Хоҳланглар қўшиб олинглар, хоҳланглар бошқа бир чора кўринглар — ихтиёр сизларда”, деди. Ўғрибоши бирпас ўйлаб, ўғриларга:
— Майли, олиб юринглар, қаерга тушсак тушган еримизга посбон бўлиб туради, — деди. Қароқчилар бобони ўзлари билан олиб кетдилар.
— Бир неча фурсат йўл юриб, бир қоронғи ўрмон ичига кирдилар. Қарасаларки, ертўлалар, от ётадиган жойлар тайёр турибди. Бобога: “Эй, ота, шу маконда то биз келгунча чойни қайнатиб, ошларни муҳайё қилиб, бемалол, қўрқмасдан ўтираверинг, биз келгач, сизнинг димоғингизни чоғ қиламиз”, деб ўғрилар жўнаб кетавердилар. Ҳалиги бобо чой ва ошга ўт ёқиб бироз фурсат ўтгандан кейин, қароқчиларнинг кетидан оҳиста-оҳиста бораверди. Қароқчилар йўл юриб бир неча вақтдан сўнг бир қишлоққа кирдилар. Қишлоқ чеккасидаги бир жойга отларини боғлаб, ўзлари қишлоқ ичига оралаб кетдилар. Шу қишлоқ ичида бир бой кампир бор эди. Кампирнинг касби-камолоти доимо баҳшилик ва қоқинчилик қилиш эди. Бу кампир кўп бадавлат эди. Қароқчилар шу кампирнинг уйига кирдилар. Мол-дунёларни қирқ қоп қилиб юкладилар. Булар юкларни орқалашиб тураверсинлар, эндиги гапни бободан сўранг. Бобо ҳам буларнинг кетидан пойлаб шу кампирнинг уйига киргандан сўнг у ёқ-бу ёққа қаради-ю, ҳалиги кампирнинг доирасига кўзи тушди. Кейин доирани олиб, бир камгак жойга кириб олди, доирани тўхтовсиз чала бошлади. Кампир ўз чоли билан қаттиқ уйқуда ётган эди. Бир вақт чол доиранинг овозидан уйғониб қарасаки, доира мақомига келиб “гумбанг, гумбанг” қилиб чалиниб турибди. Чол кампирнинг парилари келиб доирани чаляпти деб ўйлади. Кампирни уйғотиб: “Ҳой, кампир, сенинг париларинг мени кечаси уйқуда ҳам тинч қўймайди. Тур, бориб қарагин”, деди. Кампир туриб қарасаки, кўп кишилар уйини ғорат қилиб, мол-мулкларини орқалаб турибдилар. Кампир “дод” деб чапак чала бошлаган эди, чол ҳам “дод-фарёд” қила бошлади. Уларнинг овозига қишлоқ халқи йиғилиб келиб, ўғрилар қўлидаги барча молларини тортиб олиб қолдилар. Ўғрилар саросима бўлиб, отларини миниб қочиб кетавердилар. Қишлоқ одамлари йиғилиб қарасалар, ҳалиги бобо доирани ҳамон чалиб ётибди.
Қишлоқ халқидан бири бобони камгакдан тортиб чиқариб: “Сен одамзодмисан ёки паризодмисан?” дегач, бобо:
— Мен одамзодман, — деди.
— Одамзод бўлсанг ҳамма йиғи-сиғи қилиб, хафа бўлиб турибди, сен бўлсанг, доимий шодлик қилиб турибсан, нима сабабдан доирани тўхтовсиз чалаверасан? — дедилар. Бобо айтдики:
— Менинг доира чалишимга сабаб шуки, қароқчи-ўғрилар сизларнинг мол-дунёларингизни шипирма-шақшул қилиб кўтариб кетадиган вақтида, мен шу хаёлни ўйлаб, сизларни огоҳлантирдим. Энди сизлардан талабим шуки, менинг хизматимга яраша қуруқ қўймангизлар, бир нима бериб, рози қилиб юборсангизлар.
Чолнинг бу гапи қишлоқ халқига маъқул тушди, улар кампирга айтдиларки, ҳақиқатан ҳам бу бобо сизнинг молларингизни сақлаб қолишда катта хизмат қилган экан. Бир нима бериб, чолни рози қилинг. Шунда кампир бободан хурсанд бўлиб, унга миннатдорчилик изҳор қилди. Кампирнинг бир кўзачаси бор эди; шу кўзачани бобога тақдим қилди. Бу кўзача тилла ва тангалар билан тўлатилган эди.
Булар бу ерда турсинлар. Бобо кўзачани олганича, чопиб ўғрилар кўрсатган жойга келиб, ош ва чойларни пишириб, ҳеч нима кўрмагандек бўлиб турди. Ҳалиги кўзачани эса, ичидаги ғаниматларини олиб, ўзи кетадиган йўлнинг бир чеккасига кўмиб, устига нишона ясаб қўйди. Бобо ичида: “Қачон ўғрилардан хафа бўлиб, зерикадиган бўлсам, албатта шу тиллаларни олиб кетаман”, деб ўйлади.
Шу вақт ўғрилар ҳалиги қишлоқдан қайтиб, бошқа томонларга бориб ов овлаб, ғанимат қидириб юрар эдилар. Охири бир жойга бордилар, қарасалар баланд пахсалар билан ўралган бир бойнинг чорбоғи кўринди. Қўрғон атрофидан айланиб қарасалар чорбоғга киришнинг иложи йўқ. Чорбоғнинг бир чеккасида бир баланд дарахт кўрдилар. Шу дарахтнинг устида бир қанча қушлар ётибдилар. Қароқчилардан бири ўқ-ёйини олиб, қушлар тўдасига қараб ўқ узди. Ўқ бир қушга тегиб, у дарахтдан йиқилиб тушди. Ўғрилар ҳалиги қушни ушлаб, хуржунга солиб, бобога пойлатиб кетган маконларига келдилар. Овлари барор олмаган ўғрилар жуда оч ва чарчаб келган эдилар. Ўғриларнинг бошлиғи бобога қараб, дўқ уриб:
— Сен шумқадам бўлдинг. Бизнинг ишимиз ҳамма вақт ривожли бўлар эди. Қанча-қанча ғаниматларга эга бўлиб келар эдик. Қачонки сен билан бирга келдик, ишимиз ривож топмади, — деди.
Ўғрилар чол тайёрлаган овқатларни еб, бурчак-бурчакда тиришиб ухлаб қолдилар. Эртаси чошгоҳ бўлди, ўғрилар ўринларидан турдилар. Бир вақт қарасаларки, ҳалиги бобо чойларни қайнатиб, ошларни пишириб турибди. Яна хурсанд бўлишиб, овқатларини ейишиб, салла-каллаларини ўраб, шаҳар ичига меҳмондорчиликка кетишди. Ўғрилар, одатда, кундузи ҳамиша саллакалон бўлиб, шайх бўлиб, халқнинг кўзига мард-бообрў бўлиб юрар эдилар. Аммо кечаси ўғриликни канда қилмас эдилар.
Бу кеча ҳам ўғрилар ўз маконларига йиғилишиб келдилар. “Бугун фалон қишлоқда бир тегирмон бор, шунга босиб борамиз”, дедилар.
Кетиш олдида бобога кечагидек, чой қайнатиб, ош пишириб туришни буюрдилар. Бобо чой ва ошга олов ёқиб, аста-секин ўғрилар орқасидан йўлга тушди. Ўғрилар мўлжал қилган тегирмонга етиб бордилар. Тегирмоннинг эгаси қулфлаб кетган экан. Ўғрилар тегирмон эшиги турмини бузиб очдилар, тегирмонда бор бўлган ҳамма дон ва унларни қирқта отга ортдилар. Шу пайтда чол тегирмонга етиб келди ва тегирмончининг бир карнайини топиб, бир пана жойни танлаб олиб, карнайни чалаверди. Бунинг овозига қишлоқ халқи уйғониб, тегирмон томонга оқа бошлади. Улар бир воқеа бўлганидан хабардор бўлиб, қоракалтак кўтариб келган эдилар. Халқ ўғриларни кўриб қолди ва улар отларга юклаб турган дон ва унларни олиб ўғриларни калтаклаб, жўнатиб юбордилар. Шунда ҳамон бобо бир пана жойда карнай чалиш билан овора эди. Одамлар уни топиб: “Ҳамма ўз ташвиши билан-ку, сен бу вақтда бемаъни ишлар қилиб карнай чалиб турибсан”, деб койидилар. Шунда бобо бечора:
— Ҳай биродарлар, шу қилган ишимни тарозига тортиб кўринглар-чи, сизларнинг суякларингизга тўғри келадими ёки йўқми? Агар тўғри келса, сиз яхшилик аломатини қандай деб тушунасизлар. Агар тўғри келмаса, нима десаларингиз мен тайёр, — деди.
Халқлар ўйлаб кўрса, бобонинг қилган иши ҳақиқатан ҳам катта яхшилик экан. Шунда одамлар тегирмончига:
— Ҳақиқатан ҳам бобо сенинг давлатингни сақлаб қолишга сабабчи бўлди. Қудратинг етганича шу бобойни рози қилиб, бир нима бериб юбор! —дедилар. Бобога тегирмончи бир қанча жавоҳирларни бериб, рози қилди. Бобо ғаниматларни олиб, чопганича ўғрилар маконига келди. Ўғрилар бошқа томонларга борсалар ҳам, овлари барор топмай итдек ғингшиб келиб қолдилар. Бобо буларнинг келаётганини кузатиб турган эди. Ўғрилар бу кеча бир-бирлари билан аҳдлашиб, “Борсак шу бобонинг калласини кесиб ташлаймиз, чунки у келгандан бери овимиз барор олмайди. Билмаймиз, кетимиздан шу бобо бориб хабар берар эканми?” деб маслаҳатлашиб келар эдилар. Бу гапларни чол эшитиб турган эди. У вақтни ғанимат топиб, қочишга чоғланди. Чол кеча ўғрилар овлаб келган қушни олди. Кейин югуриб бориб, кечаги нишона қилиб кетган ғаниматларни олди. Уларнинг ҳаммасини жандасига ўраганича чопа-чопа уйига етиб келди. Дарвозани тақиллатди, кампир чопиб чиқиб дарвозани очди. Чол ичкарига киргач, ҳалиги ғаниматларни кампирга берди. Кампирнинг севинчи ичига сиғмай қолди. Чунки кампир умрида бундай бойликни кўрмаган эди. Чол топиб келган дунёни етти йилгача харажат қилиб едилар.
Кунлардан бир кун бобо бозорга бормоқчи бўлди. Кампирдан бозор харжини сўради. Кампир сандиқни очса, сандиқда ҳеч нарса қолмабди. Лекин шу етти йил ичида ҳалиги қуш, ҳар йили бир мартадан, етти марта тухум қилибди. Бу тухумлар ҳақиқий тухумми ёки тошми, нималигини билмасдан сир тутиб, тухумларни сандиқда сақлаган эдилар. Пулга зор бўлиб, ҳалиги тухумдан бозорга олиб бориб сотадиган бўлиб қолдилар. Бобо бир тухумни олиб, қўйнига солиб, бозорга кетаётган эди, аркон давлатнинг дарвозаси олдида бир қафас турибди. У қафас ичига қараса, бир тухум турибди, у тухум ўзининг тухумига ўхшайди. Бобо қўйнини ҳадеб қарайверди. Бу ҳолни подшоҳ амалдорлари кўриб, воқеани подшоҳга етказдилар. Подшоҳ чолни олиб келинглар, деб буюрди.
— Эй, бобо, нимага қафасга ва қўйнингга тез-тез қараб турибсан? — деди подшоҳ. Шунда бобо:
— Мен бозорга бир тухум олиб чиқаётиб эдим, қафасдаги тухумга кўзим тушди. У тухум ҳам менинг тухумимга ўхшар экан, деб ҳайрон бўлиб турган эдим, — деди. Подшоҳ акобирларидан бири:
— Э, уйинг куйгур чол! Подшоҳликдан бир гавҳар йитиб эди. Бир неча муддатлардан бери ахтариб юриб эдик. Шу сенда экан. Сен ким-у гавҳар ким! — деб туҳмат қилди. Бобо айтдики:
— Эй вазири доно, билингки, менда бундай тухум бир дона эмас ва икки-учта ҳам эмас, етти дона бордир. Агар ишонмасангиз одам қўшинг, бирга борсин, кўриб келади, сўнгра ишонарсиз.
Шунда подшоҳ ва амалдорлари бир-бирларига қарадилар. Шундан кейин подшоҳ амалдорлари чол билан бирга боравердилар. Бобо ҳовлига етмасдан хотинига қичқириб:
— Ҳой хотин, ҳалиги тухумларнинг олтовини ҳам олиб чиқ! — деди. Хотин чиқиб қараса, эрини подшоҳ амалдорлари етаклаб келяпти. Булар уйга кириб қарасалар, ҳақиқатан ҳам чолнинг гапи рост экан. Амалдорлар подшоликка бориб воқеани бир-бир баён қилдилар.
Подшоҳ бобони чақириб қанча узрлар сўради. Кейин бобога бош-оёқ сарполар бериб, ундан бир дона тухум гавҳарини сўради. Кейин подшоҳ гавҳарнинг баҳоси қанча деб сўради. Чол:
— Бунинг баҳосини мен билмайман. Ўз инсофингиз билан қанча берсангиз, розиман, — деди.
Подшоҳ маслаҳатдонлар билан маслаҳатлашиб, ҳисоблашиб кўрсалар, гавҳар тухумнинг баҳосига подшоҳликдаги тамоми хазиналар ҳам баробар келмас экан. Подшоҳ бир сурук туяга жавоҳиротларни юклаб, олдига қари кишилардан биттасини миндирди. “Қари кишининг тилини қари билади, қандай бўлса ҳам шу нарсаларга чол рози бўлса ажаб эмас”, деди.
Подшоҳнинг туялари асаса-ю дабдаба билан чолнинг уйига кириб келди. Чолнинг қўрғони жавоҳир ортилган туяларга тўлиб кетди. Чол бу нарсаларга розилик изҳор қилиб, олиб келган чолга кўп миннатдорчиликлар билдирди. Чол бориб подшоҳга рози бўлганини айтди. Подшоҳ бу чолга ҳам бош-оёқ сарполар берди. Булар ҳам шу кайфиятда бўлсинлар, эндиги гапни бободан эшитинг.
Бобо дунёдор бўлиб кетгандан кейин катта-катта савдогарлар билан танишиб, улар билан шаҳарларга борадиган бўлди. Бобо савдогарчиликка кетганда орадан бир ой ёки бир ярим ой ўтган эди. Бобонинг кампири чоли йўқлигида бегона кишига эрга тегиб олибди. Ўгай онанинг бу ёмон ишига Рустамзод билан Шерзод ғазабланар эдилар.
Кунлардан бир кун кампирнинг бу эри келиб уйнинг ичига кириб кетди. Болалар мактабга кетган эдилар. Икковлари гаплашиб ўтирган эдилар, шу пайт уларнинг олдидан бир қуш ўтиб қолди. Бу бобо ўғрилардан олиб келган мурғимусаммо эди. Буни кўрган кишининг нафаси бироз ичига тушиб кетди, кейин сўради: “Ҳалиги кўринган товуқ кимники?” Кампир: “Ўзимизники,” деб жавоб берди: Кейин у:
— Шу мурғни сўйиб берсанг, иккаламиз еб олсак, — деди. Кейин кампир:
— Бу мурғнинг эгаси менга “Шу икки азиз фарзандларимиздан ҳам ортиқроқ қушни парвариш қилиб тур” деган. Шунинг учун мендан бошқа ҳар нарсани талаб қилсангиз ҳам бу қушни сўраманг, — деди.
— Менинг сенга муҳаббатим баланд бўлса-ю, мен сендан бир қушни сўрасам, сен менга шу қушни ҳам раво кўрмайсан, ундай бўлса, энди мен кетаман, — деб араз қилди. Кампир унинг кетиб қолишидан қўрқиб:
— Эртага қушни сўйиб берсангиз, икковимиз еймиз, бу қуш сизнинг садқайи сўзингиз бўлсин, — деди.
Ҳалиги киши қушни кўрган ҳамоно унинг хислатларини билган эди. Мурғнинг сангдонини кечаси еб ётиб, эрта билан турса, бошининг тагидан бир ҳамён тилла чиқар эди. Мурғнинг жиғилдонини еган кишининг боши тагидан бир ҳамён кумуш чиқар эди. Кампирнинг жавобидан қаноат ҳосил қилган бу киши эртаси болалар мактабга кетган вақтда мурғни сўйиб тозалади, қозонга солдилар.
Болалар мактабдан қоринлари оч ҳолда қайтдилар, қарасалар, уйнинг эшиги устидан қулфланган. Онамиз бир жойга кетганмикин деб, деворнинг бир жойидан уйга қарасалар, уйнинг эшиклари берк, ошхонада эса тутун чиқиб турибди. Қарасалар, қозонда гўшт қайнаяпти. Гўштларни ейишга ўгай онадан қўрқдилар. Ака-ука маслаҳатлашиб, мурғнинг жиғилдони ва сангдонини едилар. Кейин ўйнагани чиқиб кетдилар. Бундан ўгай она ва эри бехабар қолдилар. Чунки улар қаттиқ уйқуга кетган эдилар. Бирмунча вақт ўтгач қоринлари очиб уйғондилар ва дарҳол овқатдан хабар олдилар. Қозонга қарасалар кўп қайнаш натижасида гўштлар ҳил-ҳил бўлиб пишиб, аралашиб кетган экан, унинг орасидан жиғилдон билан сангдонини ҳам ажратиб бўлмас эди. Ҳалиги киши ноилож ҳолда аралаш гўштларни еб олди.
Эндиги сўзни бободан эшитинг.
Бир куни бобо чарчаб, ўйлаб ётган эди, мудроқ босиб, кўзини уйқу олди. Тушида кўрса ўз ҳовлисида ўтирибди. Шу вақтда бир шақол келиб, мурғни тутиб олди. Бобо югуриб келиб мурғни қутқазиш учун кўп жаҳд-у жадал қилди, бўлмади. Ахири шақол мурғни олиб кетди. Бобо уйғониб қолиб, туш кўрганини англади.
Орадан бир ярим ой ўтгач, бобо совға-саломлар билан юртига қайтди. Ўз чоли сафардан қайтганини эшитган кампир бояги эрини уйдан ҳайдаб юборди. Бобо уйига келган ҳамоно ҳаммадан олдин мурғни сўради. Кампир мурғни болаларингиз уриб ўлдирган, мен унинг патларини фалон жойдан топиб олдим, деб баҳона қилди. Чол болалардан қаттиқ ғазабланди. Болаларни олдига чақириб олиб:
— Агар шу мурғни сиз ўлдирган бўлсаларингиз, сизлардан безорман, агар ўлдирмаган бўлсаларингиз бахтингиз ёр бўлсин, — деб уйдан ҳайдаб юборди. Бу икки ака-ука уйдан бир қозонча ва ўқ-ёйларини олиб “ҳайё-ҳу” деб йўлга равона бўлдилар. Йўл юрсалар ҳам мўл юриб, мўл юрсалар ҳам чўл юриб борар эдилар, олдиларидан бир ўрмон чиқиб қолди. Шу ўрмонга чодирларини тутиб, бир неча кун овларини овлаб, довларини довлаб юрдилар.
Бир кун Рустамзод ўқ-ёйни қўлига олиб, ов қилиш учун чиқиб кетди. Шерзод уйда қолди. Ҳаводан иккита қуш келиб, Шерзод ётган дарахтнинг тепасига қўниб бири-бирига дедики:
— Эй, дугона, кимки мени отиб еса, қирқ кеча-ю қирқ кундуз жазирани босиб, қирқ кеча-ю қирқ кундуз ўрмонликда юриб, бир мамлакатга бориб подшоҳ бўлади.
Қушларнинг яна бири бошқасига:
— Эй, дугона, кимки мени отиб еса, қирқ кеча-ю қирқ кундуз ухлайди, қирқ кеча-ю қирқ кундуз йўл босади, кўп азоб-уқубатларни тортиб, мақсадига етади, — деди. Шунда Шерзод дарҳол ўқ отиб икки қушни ҳам уриб туширди. Қушларнинг патларини тозалаб, қозонга солиб қайнатди. Гўшт пишгандан кейин у қушларнинг қайси бири қандай хислатга эга эканини фарқ қилолмай, бирининг гўштларини еди. Еб бўлган ҳамоно кўзларига уйқу келиб, баданлари сусайиб гўё беҳуш одамдай йиқилиб ётаверди.
Рустамзод овдан келиб қарасаки, укаси беҳуш бўлиб ухлаб ётибди. Қараса қозонда овқат тайёр, пишиб турибди. Гўштни еб бўлгач, Рустамзод беихтиёр йўлга тайёрланиб, маст кишилардек юриб кетди. У қирқ кеча-ю қирқ кундуз жазирадан юриб, қирқ кеча-ю қирқ кундуз ўрмонликдан юриб боргач, ахири олдида бир шаҳар пайдо бўлди. Оҳиста-оҳиста шу шаҳарга кириб борса, шаҳар подшоси ўлиб, давлат қуши учиб юрган экан. Давлат қуши келиб Рус-тамзоднинг бошига қўнди. Подшоҳ амалдорлари Рустамзодни бир уйга беркитиб, давлат қушини бошқатдан учириб кўрдилар, лекин қуш худди шу уй устига бориб қўнди. Сўнгра халқ нима бўлса бўлди, деб Рустамзодни подшоҳ қилиб кўтардилар. Рустамзод подшоҳ бўлгач, халққа катта сайиллар қилиб берди. Ўзи халқпарварлик қилди, мамлакат осойишта ҳаёт кечирди. Булар бу ерда тура турсин, эндиги гапни Шерзоддан эшитинг.
Шерзод қирқ кеча-ю қирқ кундуз ухлаб, бир кун уйғониб қараса, қоринлари танобдек тортилиб, ҳаракати сусайиб, бир иш қилишга мажоли қолмабди. Ўрнидан аранг қўзғалиб, ов овлаб, бир неча кун ўзини парвариш қилиб, акаси кетган томонларни мўлжаллаб йўлга тушмоқчи бўлди. Бу ака-ука ораларида бир хислат бор эди. Улар бир-бирларини изларидан танир эдилар, орада қанча вақт ўтган бўлса ҳам Шерзод Рустамзоднинг изини топиб борар эди. Шерзод кўп юрди, йўлда қаттиқ машаққатлар чекди. Баъзан ваҳший ҳайвонларга дуч келди, баъзан уларни ўлдирди, баъзан ўткир ўқ билан уларнинг кўзларини кўр қилди. Шундай қилиб жазира ва ўрмонлардан ўтиб олди. Ахири акаси подшоҳ бўлиб турган шаҳарга кириб борди. Шом пайтида шаҳар дарвозасини тақиллатди. Дарвозабонлар кимлигини сўрадилар. Шерзод уларга ўз аҳволини баён қилди: узоқ йўлдан қаттиқ машаққатлар чекиб келаётган бир мусофир эканини айтди. Ноинсоф дарвозабонлар “Ким бўлса бўлсин, кўчада ётаверсин”, деб дарвозани очмадилар. Лекин бу шаҳарга ҳар кечаси аждарҳо келиб, ташқарида қолган жондор бўлса, ўз дамига тортиб кетар эди. Аждарҳо кундузи бир ғорга кириб ётар эди. Шерзод таваккал қилиб ётаверди. Ярим кеча бўлганда узоқдан кучли шамол келиб қолди. Шерзод қараса, узоқдан кўзлари ёнган аждарҳо келаётир. Шерзод ўткир ўқ билан аждарҳонинг бир кўзини кўр қилди. Аждарҳо зўр шитоб билан ташланган эди, унинг соғ қолган кўзига ҳам ўқ уриб кўр қилди. Икки кўзи кўр бўлган аждарҳонинг баданларини шамшир билан тилиб ташлади. Қон кўп кетавергач, аждарҳо қувватсизланиб, тўлқинланмай қўйди. Шунда Шерзод аждарҳо терисидан бир тасма тилиб, белига боғлаб олди. Кейин бориб дарвозани тақиллатди. Чунки жуда чарчаб, чанқаб қолган эди. Дарвозабонлар ёмон ният қилдилар. Дарвозани очиб Шерзодни қилич билан чопиб ўлдирмоқчи бўлдилар. Уни бир чуқурга кўмиб, аждарҳони биз ўлдирдик деб, подшоҳдан инъомлар олмоқчи бўлдилар. Эшик очилгач, бу ёмон ниятдан бехабар бўлган Шерзод аста-секин кириб келаётган эди, дарвозабонлар унинг ҳар ёғидан ёпишиб, ярадор қилдилар, кейин бир наматга ўраб, кулоллар тупроқ олган тепанинг чуқур жойига кўмдилар. Дарвозабонлар подшоҳга “Аждарҳони ўлдирдик”, деб мақтаниб инъом-еҳсонларни олдилар ва подшоҳликка амалдор бўлдилар.
Шу шаҳарда бир кулол бор эди. Аждарҳо пайдо бўлган кунларидан бошлаб, шаҳар чеккасидаги тепадан тупроқ ололмас эди. Аждар ўлдирилганини эшитиб хурсанд бўлди. Ўғлига шундай деди:
— Эй, ўғлим, аждарҳо ўлибди. Энди тепаликка бориб пича тупроқ келтирайлик, ўз касбимизни давом эттирайлик. Шундан кейин ота-бола тупроқ олгани тепага бордилар. У ерда юмшоқ тупроқни кўриб кетмон билан бир урган эдилар, кетмон тўп этиб бир нарсага тегди. Отаси:
— Эй, ўғлим, худо берди-ку! Қоч-қоч бўлиб турган вақтда қочган кишилар қимматли нарсаларини кўмиб кетган бўлсалар керак. Кетмонни секинроқ ур, мабодо синадиган нарса бўлмасин, — деди. Секин-секин очиб қарашса, бир наматга ўроғлиқ нарса. Улар дунё топган тентакдек кўтаришиб уйга олиб бордилар. Уйда очиб қарасалар қадди-қомати келишган бир алпдек йигит. Ўзи жуда паҳлавон ва забардаст кўринар эди. Лекин баданларининг ҳаммаси чавақланган бўлиб, рамақижон бўлиб ётар эди. Кулол:
— Э, ўғлим, дунё топдик деб, бир гала ғурбат орттирдик. Бу ишнинг оқибати қаерга етар экан, — деди.
Яна жойига элтиб қўйишни хаёл ҳам қилдилар. Кейин шундай навқирон йигитнинг бевақт вафот этишига ачиндилар. Нима бўлса бўлсин, бунга шифо қилиб жонини сақлаб қолишимиз керак, деб маслаҳатлашдилар. Кулол бир табиб қошига борди, табибга шундай деди: “Менинг хотинимнинг баданларини пичоқ кесибди, шунга нима дори қилурмиз?” Табиб жароҳатларига мос дорилардан берди. Кулол уларни келтириб Шерзоднинг жароҳатларига қўйди. Кейин унга обдоб ичириб турди. Кулол ахири Шерзодни тузатди. Шерзод соғайиб, кулолни ўз отасидек ва унинг кампирини ўз онасидек ҳис қилиб юраверди. Шуларнинг ўғиллари қатори хизматларини қилди.
Бир кун подшоҳ амалдорларидан иккитаси ўта туриб Шерзодга кўзи тушиб қолди. Улар бир-бирларига шивирлашиб:
— Ҳу аждарҳони қиймалаб ўлдирган паҳлавон бола шу эмасми? — деди. Дарҳақиқат, қарасалар, йигитнинг бошлари ва баданлари боғлиқ экан. Худди ўзлари қилич билан чопган одамга ўхшайди. Улар Шерзодга сиёсат қилиб биз қидириб юрган гуноҳкор сен экансан, деб отларига миндириб, олиб кетдилар. Бечора кулол ўз фарзандига ачингандек, хотини ва боласи билан ачиниб қолди.
Амалдорлар ҳеч кимдан сўрамай, Шерзодни зиндонга солиб қўйдилар. Шу шаҳарга янги подшоҳ тайинлангандан бери ҳамма шаҳарлардан муборакбод учун келиб-кетдилар. Лекин бир узоқ шаҳарнинг подшоси ҳали келмаган эди. Бу подшоҳ эшитса, подшоҳ янги бўлибди, юртга оралаган аждарҳо ўлибди, бу мамлакатда омон-омонлик бўлиб кетибди. Энди мен ҳам бориб, бир муборакбод қилиб келай, деб навкарлари билан йўлга чиқди.
Рустамзод подшоҳ уларнинг келишини эшитиб, ўз амалдорлари билан пешвоз чиқди. Подшоҳ келиши билан Рустамзод отидан тушиб, қучоқлашиб кўришди. Бир-бирлари билан кўришиб бўлганларидан кейин меҳмонларни ҳурмат ва тавозелар билан ўрдага таклиф қилди. Улар ўрдага кириб яхши зиёфатларни едилар. Зиёфатдан сўнг суҳбатлашдилар. Кейин меҳмон подшоҳ қайтишга ижозат сўради. Рустамзод ижозат бергач, меҳмон подшоҳ айтдики:
— Эй, биродар, сиз билан бизнинг ўртамизда бир дарёйи азим бордир. Шу дарёдан ўтар пайтда бир кишини сувга ташлаб ўтамиз. Энди биз қайтишимизда ҳам бир кишини ташлаб ўтишимиз керак. Шундай қил-масак, дарё тўлқинланиб ҳаммамизни ғарқ қилишдан қайтмайди. Шунинг учун биронта гуноҳкорингиз бўлса, менга берсангиз, мен дарёга ташлаб ўтар эдим, — дегач, Рустамзод “Зиндондаги қаттиқ ва оғир гуноҳкорлардан бирини чиқариб беринг”, деди. Амалдорлар вақтни ғанимат билиб, Шерзодни чиқариб бердилар.
Подшоҳ йўлда кета туриб Шерзоднинг паҳлавонларникидек қадди-қоматига ҳайрон бўлиб ундан гап сўрай бошлади: Шерзод “Нима бўлса бўлсин”, деб ҳеч гапирмади. Жавоб ололмаган подшоҳ бу қайсарлигидан зиндонга тушган экан, деб ўйлади. Дарёга боргунча кеч бўлиб қолди. Подшоҳ ўз одамлари билан уйқуга кетди. Улар Шерзодни бир дарахтга занжирбанд қилиб қўйган эдилар.
Шу узоқ кечада Шерзод худога нола қилиб сиғинди. Эрта билан қарасалар ҳаммалари дарёнинг нариги бетида турибдилар. Подшоҳ ва унинг ҳамроҳлари бу сир-асрорни кўриб ҳайрон қолдилар. Қарасалар Шерзод ҳам бир чеккада ўтирибди. Унинг қўл-оёқларидаги кишанлари ҳам йўқ. Подшоҳ бу ҳолни билиб: “Бу йигитда бир хислат бор экан, бўлмаса бундай хунхўр дарёдан биз беташвиш ўта олмас эдик”, деди ва ўрнидан туриб, Шерзоднинг ҳузурига келди.
— Эй, биродарим, мендан хатолик ўтган бўлса кечиринг, сизда яхши хислатлар бўлмаса, бунчалик сир воқе бўлмас эди, — деди.
Подшоҳ Шерзодни ўз шаҳрига олиб бориб лашкарбоши қилиб қўйди. Шерзод лашкарбоши бўлгандан сўнг бир йил ҳам ўтиб кетди.
Бу подшоҳнинг бир синглиси бор эди. Уни Маликайи Нусрат дер эдилар. Малика кўп соҳибжамол ва хушсурат эди; у сув ичса томоғидан ва сабзи еса биқинидан кўринар эди. Агар қоронғи уйга кирса, унинг жамоли уйни мунаввар қилар эди. Подшоҳ: “Шу подшоҳликка қарашли бир даҳада шер бор, у вақт-вақти билан чиқиб, одамларга кўп офатлар етказади. Шу шерни ким ўлдирса, синглим ўшаники бўлади”, деб қўйган эди. Бу аҳдга киришган одам йўқ эди. Бу сўзни Шерзод эшитиб қолди. У бир темирчи жўрасига “Менга бир темир энгил-бош қилиб бер”, деди. Шерзод ўз ниятини темирчи жўрасига айтиб, шер билан курашгани чиқиб кетди. Лекин сирни темирчи жўрасидан бошқа ҳеч кимга билдирмади. Шу йўлда учраган ваҳший ҳайвонларнинг баъзиларини ўлдирар ва баъзиларини банд қилар эди. Бир неча кун шу ҳолда юриб, охири шернинг маконига яқинлашди. Қараса, бир дарахтнинг тагида бир қора нарса ётибди; ҳайбатининг зўрлигидан жами ҳайвонлар товуш чиқармай қочар эдилар. Шерзод ўзини дадил тутиб, шернинг рўпарасига борди ва унга қаттиқ тикилди. Шер одам ҳидини билиб кўзини очиб қараса, тўғрисида бир одам турибди. Шер ҳам ўрнидан туриб Шерзодга тикилди. Икковлари ёнма-ён айландилар. Буларни бу ҳолда кўрган парранда-ю даррандалар одамзодга раҳмлари келиб, унинг атрофидан айланар эдилар. Бир неча фурсат тикилма жанг қилдилар, охири шернинг кўзи қамашди, бор кучини оёқларига тўплаб, ўзини Шерзоднинг устига қарата отди. Шерзод ҳам эпчиллик билан бир сакраб, дарахт шохини ушлаб олди. Шер душманни тагимга олдим деб гумон қилиб, кўкраги билан ерни эзаверди. Шерзод вақтни ғанимат билиб, қўлидаги темир гурзисини шернинг бошига мўлжал қилгани ҳолда, кучли зарб билан шер устига ташланди. Шер бир зўр бериб силкинган эди, Шерзод беш-ўн газ ерга отилиб кетди. Шер яна унинг устига ташланишга ўзини чоғлаб кўрди, лекин миясининг қатиғи чиқиб, ҳолсизлангани учун мажоли келмади. Шерзод ўрнидан туриб, шернинг бошига яна бир гурзи урди, шамширини чиқариб, шернинг терисидан тасма олиб, йўлга равона бўлди.
Темирчи жўраси шу даҳа бошигача Шерзодни кузатиб келиб, унинг омон қолишини кутиб дуо қилиб турар эди. Шерзоднинг омон келаётганини кўриб, қучоқлаб кўришиб кетди. Кейин подшоҳликка хабар бергани от чоптириб кетди. Подшоҳга бориб ҳақиқатни баён қилди. Подшоҳ лашкарлари билан даҳага борди. Улар йўлда Шерзодни учратдилар, борган сари йўлда ваҳший ҳайвонларнинг ўликларини учратиб бордилар. Даҳага етганларида шернинг ўлиб ётган жасадини кўриб, унинг қаҳрамонлигига тилларини тишлаб, таҳсин ва офаринлар қилар эдилар. Даҳадан қайтгандан кейин подшоҳ тамом оламга шундай мазмунда нома ёзди:
“Билинглар ва огоҳ бўлинглар! Шерзод номли бир паҳлавон чиқиб, фалон даҳадаги ҳамма ваҳший ҳайвонларни ва шерни ўлдирди.
Шунинг учун синглим Маликайи Нусратни фалон кунда тўй қилиб, унга никоҳлаб берурман. Тўйга келаверинглар”, деб чақиртирди.
Одамлар тўйга айтилган кунга йиғилишиб келдилар. Подшоҳ қирқ кеча-ю қирқ кундуз тўй берди. Тўй қиёмга келганда паҳлавон Шерзодга синглиси Маликайи Нусратни никоҳлаб берди.
Кунлардан бир кун Шерзод, подшоҳ ва акобирлари базм қилиб ўтирган эдилар, шунда Шерзод бир оҳ уриб юборди. Подшоҳ сўради:
— Эй, дўстим Шерзод, нимага оҳ урасан? Еярдан камчилигинг борми? Ичардан камчилигинг борми? Ёки хотиндан бир жабр-у ситам ўтдими? Нима учун оҳ урасан? — деди. Шерзод яна бир оҳ урган эди, гўё оғзидан олов учқунлари чиқиб кетгандек бўлди, айтдики:
— Эй, подшоҳи олам ва султони бокарам. Сиз мени бир банди бачча деб ўйламанг. Менинг ҳам Рустамзод деган оғам бор эди. Шу жондан азизроқ оғамдан ажралганимга кўп йил бўлди, лекин ҳар кеча-ю кундуз оғам менинг ёдимдан чиқмайди. Сиздан ўтиниб сўрар эдимки, менга рухсат берсангиз, қолган умримни ғайрат қилиб меҳрибон акамни қидириб топишга сарф қилсам, — деб сўзини тугатди. Подшоҳга бу гап қаттиқ таъсир қилди. Йўлга тайёрланиб, кетишга ижозат берди. Буни эшитган хотини Маликайи Нусрат:
— Шундай жондан азиз ёрим кетса-ю, мен қолсам, яхши бўлмас. Эрим қаерда бўлса, мен ҳам шу ерда бўламан, — деб акасидан рухсат олди. Буларга подшоҳ бир қанча кишиларни ҳам қўшиб юборди.
Йўлда ҳалиги кишилар маликанинг ҳусн-жамолини кўриб ошиқи беқарор бўлдилар.
Улар бир-бирлари билан маслаҳатлашиб, дарё ёқасига бориб тушдилар. Шерзод ҳамма вақт ов овлашни яхши кўрар эди. Қараса, дарё ёқаларида бир қанча дарахтлар бор. Қушлар учишиб, булбуллар сайрашар эдилар. Шерзод қўлига ўқ-ёйни олиб, хизматкорларига айтдики:
— Сизлар шу ерда туринг, мен саёҳат қилиб, қушлардан отиб келай.
Хизматкорлар бир жойга тўпланиб маслаҳатлашдилар. Улар дарё ёқасидаги бир сабза жойга гиламлар тўшадилар, кундол кўрпачаларни дарё томонга солдилар. Шу дарё томонга Шерзодни ўтқизиб, пайт пойлаб уни гилам аралаш дарёга ташламоқчи бўлдилар. “Кейин хотин бизга қолади”, деб ўйладилар.
Шерзод келгандан кейин уни иззат ва ҳурмат билан гиламнинг дарё томонига ўтқиздилар. Шерзод ўтирган ҳамоно бир чеккасидан кўтаришиб, гиламга ўраб дарёга ташлаб юбордилар.
Бечора Шерзод дарёга тушиб кетаверсин, энди сўзни Маликайи Нусратдан эшитинг. Хизматкорлар хотинни бир сандиққа солиб, дарёдан ўтказиб эдилар. Дарё қирғоғига чиққанларида, у томонда Рустамзод томоша қилиб юрар эди. Рустамзод кўрдики, кўп одамлар бир сандиқни бир отга юклаб келадилар. Рустамзод буларнинг олдига келиб:
— Бу сандиқда нима бор? — деди. Хизматкорларнинг бири “бўхча бор”, бири “дунё бор”, яна бири “менинг хотиним бор” деди. Ҳар қайсисидан ҳар хил жавобни эшитиб подшоҳ кулди, кейин қўшинларига буйруқ берди:
— Тутинглар, бу ўғриларни, менинг бахтимга яхши сайд топилди. Бундан ортиқ сайд бўлмас, — деди. Хиёнаткорлар тутиб боғлангач, подшоҳ қўшинлари билан келиб сандиқни очиб кўрди. Кўрсалар бир пари сурат маликаки, бир қошиқ сув билан ютиб юборса бўлур.
Рустамзоднинг кўнгли вайрон бўлиб, айтдики:
— Ҳай дариғ! Дунёда ҳеч киши бундай айрилиқда юрган эмас. Мен оғамдан айрилиб, кўнгилларим вайрон бўлиб юрибман. Бу бечорани ҳам ўз севганидан айирган бўлсалар керак. Бунинг эгаси чиқар. Бунга биз кўнгил берсак, ноинсофлик қилган бўлурмиз, — деди ва маликани ўрдага қўйиб юборди. Хиёнатчиларни эса зиндонга солиб қўйди. Булар тура турсинлар, эндиги гапни Шерзоддан сўранг.
Шерзод гиламга ўралганича жарга қулади, ундан дарё ичига тушди, кейин дарёйи хунхўр тўлқинларига аралашиб оқиб кетди. Шу жойда бир балиқчи бор эди. Қараб кўрса, тўлқинлар орасидан бир ажойиб нарса гоҳо кўриниб, гоҳо сув ичига ғарқ бўлиб келаётир. Бу ҳолни кўрган балиқчи ўғли билан дарёга қараб югурди. Ўғлини белидан боғлаб дарёга ташлади. Балиқчи бола суза-суза Шерзодга етиб, уни тутиб олди. Арқонни тортиб қарасаларки, бир паҳлавон йигит гиламга ўралган. Шерзодни дарёдан олиб чиқиб ҳушига келтирдилар ва ундан ҳол-аҳвол сўрадилар.
Шерзод сўзни қисқа қилиб шундай деди:
— Эй, отажон, мен бир гуноҳкори азим эдим, гуноҳимга асосан дарёга ташладилар. Сиз менинг ўлмай қолишимга сабабчи бўлдингиз. Мени уйга олиб боринг, мен сизнинг ўғлингиз бўлай. Нима хизмат буюрсангиз жон-у дилим билан қабул қиламан.
Балиқчи чол уни уйига олиб кетди. Шерзод овга чиқиб, дарё атрофида юрар эди. Балиқчи чол балиқчи ўғлим иккита бўлди, деб меҳнатдан қутулиб, шаҳарларга тушиб, томоша қилиб юрар эди.
Балиқчи чол бир кун шаҳарда юрса, подшоҳликдан қўйилган жарчилар: “Кимки менинг оғамнинг дарагини эшитган бўлса, келиб айтса, шундай кишига бош-оёқ сарпо бераман, дунёликдан сарапроз қилурман. Агар укамни кўрган бўлса, ундан зиёдароқ қилурман. Агар кимки ўзини олиб келса, бир мамлакатни унинг беклигига бераман!” — дер эдилар.
Бу хабарни эшитган балиқчи бобо кечқурун бўлиб, ҳаммалари овқатланиб турганларида:
— Эй, ўғилларим, шу бугун бир гап эшитдим, кўп ажойиб гап, — деб қўйди. Буни эшитган Шерзод бободан: “Нима гап?” деб сўради.
Бобо: “Эй, ўғлим, овқатланиб бўлгандан сўнг айтаман”, деди. Шерзоднинг ичи ғувиллаб яна: “Нима гап?” деб сўраган эди, бобо тилга келиб, подшоҳ жарчиларининг эълонини бирма-бир айтиб берди. Ахири бобо: ”Эй, ўғлим, қани биз ҳам шундай подшоҳнинг укасини кўрган бўлсак ёки овозасини эшитган бўлсак. Қолган умримизни дунёда осойишталик билан ўтказган бўлар эдик”, деб калласини чайқаб қўйди. Бу гапни эшитган Шерзоднинг еган овқатлари томоғига тиқилиб, нафаси ичига тушиб, шайтонлаган одамдай бўлиб қолди. Бироздан сўнг ўзини тутиб олиб, кўзлари ёшлик ва дили ғашлик ҳолатда, ҳасрат-у надоматлар билан:
— Эй, отажон, биз оғамиз билан овчиликда юраверсак, сиз билан кампирни боқолмай қолармидик? — деб бобонинг кўнглини кўтарди.
Бобо ҳам Шерзодга қараб:
— Эй, ўғлим, хафа бўлмай овқатингни еявер, шу арзимаган гап учун кўзга ёш олишнинг ҳожати йўқ, — деб қўйди. Бобо ҳам сезгир одам эди, у Шерзоднинг дилидаги орзуларини сезди.
Овқат еб бўлгандан сўнг ҳаммалари ётдилар, аммо Шерзод бобонинг ёнига келиб: “Эй, ота, бу гапингиз менга ёқиб кетди. Эртага подшоҳликка бориб айтингки: “Менинг бир қизим бор, қўли шол, оёғи шол, кўзи кўр, гўёки бир тулум шаклида. Лекин гапиришга тили бор. Шу қизим сизнинг укангизнинг қаерда эканини билар эмиш. Агар шуни олиб келсак, сизга аниғини айтади”, деб келаверинг. У ёғини ўзим айтаман. Дунёликдан бениёз бўласиз”, деди.
Эртаси бобо бориб подшоҳликнинг дарвозасини тақиллатди. Дарвозабонлар дарвозани очиб:
— Нима хизматингиз бор! —деб сўрадилар.
— Подшоҳ билан рўпара бўлиб гапираман, — деди бобо.
Бобони ичкарига олиб кирдилар. У подшоҳ билан саломлашиб бўлгандан кейин, ҳалиги гапни гапирди. Шу гапни айтиб бўлгач, ўзи уйга қайтаверди. Чолнинг орқасидан подшоҳликдан юборилган хизматкорлар қизни олиб кетгани келиб қолдилар. Шунда Шерзод подшоҳ хизматкорларига қараб:
— Бу бир қиз бола бўлса, сизлар номаҳрам бўлсанглар, бу сира тўғри келмайди. Буни олиб бориш учун подшоҳликдан бир замбил тайёрлаб келинглар, унда жойпўшлар ҳам бўлсин. Шу жойпўшларга ўраб замбил ичида олиб борсанглар яхши бўлади. Бундан бошқа иложи йўқ, — деди.
Хизматкорлар подшоҳликка бориб замбил ва жойпўшларни муҳайё қилиб келтирдилар. Шундан кейин Шерзод замбилни ичкарига олиб кирди ва унинг устига ўзи чўзилиб ётди. Бобога айтди:
— Мени жойпўшлар билан яхшилаб ўранг, ҳеч бир жойим очиқ қолмасин! —деди. Бобо Шерзод айтганидек қилиб ўраб, хизматкорларни чақирди. Улар замбилни кўтариб подшоҳликка жўнаб кетдилар.
Подшоҳликка боргач, подшоҳ, акобирлари ва жами хизматкорлар қизиқиб йиғилишдилар. Замбилни ўртага қўйдилар. Замбил ичидан овоз чиқди:
— Ассалому алайкум! Эй, аҳли жамоалар! Мен тилга келиб, сизга ўхшаган подшоҳ ва сизларга ўхшаган навкарлар ҳақида яхши-ёмон гапирсам, хафа бўлмасанглар.
Ҳамма халқ: ”Майли, гапиринг” дейишди. Сўнгра Шерзод тилга келиб:
— Бор экан, йўқ экан, бир шаҳарда бир камбағал бор экан. Бу камбағалнинг Рустамзод ва Шерзод номли икки ўғли бор экан. Уларнинг оналари ўгай экан. Уларни отасига оқ фотиҳа бердириб, уйдан ҳайдатибди…
Кейин Шерзод ўз бошидан ўтказган воқеаларини бирма-бир ҳикоя қила бошлади: ака-ука кўп йўл юриб ахири ўрмонга борганлари, Шерзод қушларнинг гапини эшитиб, отиб пишириб егани, ўзининг беихтиёр ухлагани, акаси Рустамзод изидан қидириб кетгани, бир кун оқшом пайтида шу шаҳар дарвозаси олдига келгани, аждар билан олишгани, дарвозабонлар Шерзодни ярадор қилиб, бир наматга ўраб кўмиб, аждарни ўлдирдим деб, подшоҳдан инъом олганлари ва Шерзод кулолникида тарбия топиб тузалгани, подшоҳда амалдор бўлган дарвозабонлар буни ушлаб сиёсат қилиб, зиндонга солганларини гапириб бераётган эди, гап шу ерга етганда дарвозабонлар ўринларидан туриб чиқиб кетмоқчи бўлдилар. Шерзод “Яхши-ёмон гапларга чидам бериб ўтирсалар, гапираман”, деб олдиндан писанда қилганини эслатди ва ҳикоя тамом бўлгунча ҳеч кимни чиқариб юбормасликни подшоҳдан талаб қилди. Подшоҳ эшикка қоровулларни қўйиб, ҳеч кимни чиқазмасликка буйруқ қилди. Шундан кейин Шерзод гап бошлаб: “Агар гапимга ишонмасангиз фалон жойдаги кулол бобони чақиртириб келинг”, деди. Дарров одамлар бориб ҳалиги кулол отани келтирдилар. Кулол қўрққанидан гаплари оғзидан тушиб, қуруқ суроби кириб келди. Чол кирганда гапиришга ҳам мажоли келмади. Шунда подшоҳ кулол отанинг ёнига ўтириб, у ёқ-бу ёқдан гапириб, кўнглини кўтариб, гап сўради:
— Эй, отажон, аждарҳо ўлгандан сўнг сиз нима сир кўрдингиз? — деди. Бобо бирпас туриб, қўрқувлари кўнглидан кетиб, юрагининг қаттиқ уриши тўхтаб, тупроққа бориб бир паҳлавон йигитнинг намат орасига ўраб кўмиб ташланганини кўриб қолгани, унинг бутун бадани яралангани, табибдан дори олиб келиб тузатиб, ўғил қилиб олгани, подшоҳ амалдорларининг гуноҳкор деб Шерзодни олиб келганларини гапириб берди. Подшоҳ кулол отани иззат ва обрўлар билан бир чеккага ўтқазди.
Кейин замбил ичидан яна овоз келди. Энди Шерзод муборакбодга келган меҳмон подшоҳ билан бўлган воқеаларни ҳикоя қилди. Бунда дарёга ташланиш учун зиндондан чиқиб меҳмон подшоҳ билан кетгани ва дарёдан ўтиш воқеаларини, меҳмон подшоҳ Шерзоднинг хислатларига қойил қолиб, ўлдирмай, ўз мамлакатига олиб кетгани, унда лашкарбоши бўлиб хизмат қилгани, даҳадаги шерни ўлдириб, подшоҳнинг синглисини олгани, бир кунги базмда оғасини эслаб оҳ ургани, подшоҳдан рухсат олиб акасини қидиришга йўллангани, унга ўз ёри Маликайи Нусратнинг эргашгани, йўлда хизматкорлар билан бўлган воқеа, сувда оқиб кетганларини бирма-бир ҳикоя қилди. Ҳикоянинг сўнггида Шерзод балиқчи ота сувдан қутқариб олганини изҳор қилди. Балиқчи отадан подшоҳ гап сўраганда, у ўз ҳикоясини баён қилиб, ахири: “Ўша топилган йигит шу замбилда туриб гапирган одамнинг ўзидир” дейиши билан Шерзод ўрнидан силкиниб турди. Шундан сўнг ака-ука икковлари қучоқлашиб кўришганларича, гўё маст кишилардек бир неча вақт беҳуш бўлиб турдилар. Кейин ҳол-аҳвол сўрашиб, топишганлари учун жуда хурсанд бўлиб ўтирдилар. Рустамзод душманларни қаттиқ жазолади. Кулол билан балиқчига инъом-еҳсонлар берди. Улар билан ота-бола тутиниб, хайрлашиб, кузатиб қўйди.
Ўрда ичидаги Маликайи Нусратга “Эрингиз Шерзод топилди”, деб хабар бердилар. Малика севинч ва қувонч билан ўз ёрининг олдига югуриб келиб кўришди.
Рустамзод подшоҳ укасининг топилишига ва хотини билан топишганига атаб эл-юрт учун катта ҳашаматли сайил қилиб, тўй-томошалар қилиб берди.
Улар етди муродга, биз ҳам етайлик муродга, шу ҳикояни ўқиган ва эшитганлар ҳам етсинлар муродга, лекин душманлар қолсин уятга.