Рустам

Забилистон мамлакатида Каёний авлодидан бўлган Соми Наримон деган подшо ўтган экан. Ўн етти хотин олса ҳам бола кўрмаган экан. Кўҳиқофдан Малика исмли яна бир хотин олибди. Хотини ҳомиладор бўлибди. Канизак Соми олдига бориб:
— Эй, подшо, шу вақтгача ўғил кўрганингиз йўқ. Агар хотинингиз ўғил туғса қирқ кун чилласи чиққунча сизга кўрсатмаймиз, — дебди.
Соми Наримон:
— Ўғил туғса, бир йилгача кўрсатмасангиз ҳам майли, — дебди.
Вақт-соати етиб, Малика бир ўғил туғибди. Канизак болани қўлига олиб қараса, кучук боласига ўхшайди. Канизак билан Малика: “Соми кўрса иккаламизни ҳам нимта баробар қилиб ўлдиради”, деб қўрқишибди. Тонг отибди. Канизак Сомидан суюнчи олибди. Соми Наримон:
— Ваъдам ваъда, қирқ кунгача болани кўрмайман, — дебди. Малика билан канизак маҳрамни чақириб:
— Эй, маҳрам, кимнинг хотини ўғил туғган бўлса олиб келинг, — деб бир ҳовуч тилла берибди. Маҳрам новвойлар оқсоқолининг хотини туғганлигини билиб, бориб болани сўрабди… Хотин: “Олдин тиллани олиб келинг, кейин болани бераман”, дебди. Маҳрам канизакдан бир туйнок тилла олиб келиб, новвойнинг оқсоқолига берибди. Маҳрам болани олиб келиб канизакка топширибди. Канизак яхши, хушсалобат болани Маликанинг қўйнига солибди. Малика ўз ўғли бечора Золни етимча қилиб бағридан олиб ерга ташлабди. Канизак Золни “Дарёйи Нилга ташлаб юборинг”, деб маҳрамга берибди, Малика билан канизак таш-вишдан холи бўлибди.
Маҳрам гўдак Золни қўйнига солиб, йўлда кетаётганда раҳми келиб “Қайси қўлим билан дарёга ташлайман”, деб дарё бўйидаги чангалзорга ташлабди. Ёш гўдак-чақалоқнинг кимсасиз чангалзорда йиғлаши шу атрофда ўтлаб юрган ёш она кийикка эшитилибди. Кийик келиб чақалоқни ўз бағрига босибди, уни эрталабгача эмизибди.
Кўҳиқофда яшайдиган Семурғ кунларнинг бирида парилар подшосининг мажлисида ўтирган экан. Зол унинг эсига тушиб қолибди. Чунки бу қуш дунёда бўладиган воқеаларни билар экан. Золнинг туғилиш муддати, унинг оламдаги воқеаларни ўн йил илгари биладиган ҳукамо бўлиши ва минг йил яшаши Семурғга маълум экан. Семурғ ҳисоблаб кўрса, Золнинг туғилганига етти кун бўлибди. Тажриба қилиб кўрса, Зол Маликанинг ёнида йўқ эмиш, болани бир чангалзорда кийик эмизиб ётган эмиш. Семурғ тезда тўқайга етиб келиб, болани топибди. Уйига олиб келиб, кийик ва эчки сути билан боқиб, Золни катта қилибди. Зол ўн тўртга кирганда илм ўрганибди. Қирқ йил ўқиган кишилар билан баравар бўлиб олибди. Соми Наримон уйидаги новвойдан олиб келинган бола ҳам ўн тўрт ёшга кирибди.
Бир куни Соми Наримон мажлис чақирибди. Мажлисга Семурғ ҳам келибди. Мажлисда ўтирган Семурғ Соми Наримонга қараб:
— Бу ўтирган бола сизнинг ўғлингиз эмас, новвойнинг ўғли, — дебди. Бу гапга мажлисда ўтирган кишилар қарши турибди. Сомининг аччиғи келибди. Семурғ подшога:
— Шу боланинг қўлига бир товоқ билан нон бериб, “Уйга олиб кир”, деб айтинг. Агар бола товоқ билан нонни қўлида олиб кетса, сизнинг болангиз, товоқни бошига қўйиб олиб кетса, новвойнинг боласи бўлади, — дебди. Соми болани чақириб бир товоқ билан нон бериб: “Шу товоқ билан нонни уйга олиб кир”, дебди. Бола нонни қўлига олиб уйнинг ярмига борганда товоқни бошига қўйибди.
— Новвойнинг ўғли эканлигига энди ишондингизми? Сизнинг ўғлингиз Зол менинг қўлимда. Ҳозир ўн тўрт ёшга кирди. Ишонмасангиз, кириб Маликадан сўранг. “Ростини айтсанг ўлдирмайман”, десангиз айтади, — дебди Семурғ. Соми Малика ёнига кириб:
— Икковингиздан бир савол сўрайман, ростини айтмасангиз чопиб ташлайман, шу бола кимники? — дебди. Малика билан канизак “Ростини айтмасак бизни чопиб ташлайди”, деб қўрқиб, иккови баравар таъзим қилиб туришибди. Канизак туриб:
— Эй, тақсир, бу Малика бир кучук бола туғган эди. Уни дарёйи Нилга ташланг, деб маҳрамга берган эдик, тирикми-ўликми билмаймиз. Ўрнига новвойнинг ўғлини тилла бериб, олиб келган эдик,— дебди. Соми чиқиб Семурғнинг гапи тўғри эканлигини айтибди. Семурғ учиб Золнинг олдига бориб:
— Эй, Зол, тур! Дадангнинг олдига олиб бораман, — дебди. Зол эса отасини билмас экан. Семурғ Золни отаси олдига, мажлисга олиб келибди. Одам кўрмай ваҳшийга ўхшаб катта бўлган Зол кишилардан қўрқибди, халқ эса ундан қўрқибди. Шундай қилиб, Зол отаси олдида юриб, йигирма ёшга кирибди. Малика ўғли Золга ядилардан хотин олиб берибди. Хотини ҳомиладор бўлиб етти ойлик бўлганда боланинг оғирлигидан хотиннинг оёғи бир энлик ерга кирибди, саккиз ойлик бўлганда беш энлик ерга кирибди. Малика юра олмай қолибди. Зол хотинининг юра олмаганини кўриб, тўрт ғилдиракли аравага от қўшиб, Маликани олиб юрибди. Вақт-соати етибди. Семурғ бошлиқ қирқ ҳукамо жам бўлиб болани ёриб олишибди. Рустам дунёга келибди. Семурғ бошлиқ қирқ ҳукамо Маликанинг рўдасини кийик сути билан ювиб тикибди. Семурғ қанотидан бир мисқол қон олдириб Маликанинг димоғига ҳидлатиб, ҳушига келтирибди. Рустамни говмишнинг сути билан боқибди.
Соми Наримон дунёдан ўтибди. Ўрнига амакиваччаси Кайковус подшо бўлибди. Зол ҳукамолик ишида қолибди. Рустам катта бўлиб, Кайковусга хизмат қилиб юрибди, кунлардан бир кун, Рустам Кайковусдан бир ойга жавоб олиб овга чиқибди.
Мозандарон деган жойда, дарё бўйида бир қари чол яшар экан. Унинг ўн тўққиз ёшли хушсурат, соҳибжамол қизи бор экан. Чол намозгар вақтида қизини чақириб:
— Бир чойнак чой олиб чиқ, қизим, — дебди. Қизи отасининг олдига бир чойнак чойни қўйиб, қайтибди. Чол қизининг катта бўлиб қолганини кўриб: “Тандир ҳам иссиғида олади, вақтида қизимни эрга берсам бўлади”, деб ўйлабди.
Шу пайт Рустам ов қилиб юриб, дарёйи Нилдан ўтиб Чангали Мозандаронга кирибди. Рўпарасидан бир кийик чиқибди. Ўқ отса тегмабди. Аччиғидан кийикни қувиб, қайтара олмай, адашиб, бошқа диёрга ўтиб, бир тўқайга кириб кетибди. Қилган овларини отига ортиб тўқайдан чиқибди.
Қараса, макони узоқда қолибди. Узоқдан бир қишлоқ кўринибди: “Хайр, бир кеча мусофирга қўноқ берар”, деб қишлоққа қараб юрибди. Чол дарёнинг ёнида ўтирган экан. Рустам чолга яқин келиб, салом берибди. Чол ўрнидан туриб:
— Келинг, паҳлавон меҳмон, — дебди. Рустам:
— Отажон, мен овга чиққан эдим. Диёрим узоқда қолди, бир кеча мусофирга қўноқ берсангиз, — дебди. Чол:
— Хўп, майли, ўғлим. Қайси авлоддансан? — дебди. Рустам:
— Мен Каён авлодидан, Золнинг ўғли, Сомининг невараси, Рустам бўламан, — дебди. Чол:
— Хўп, полвон ўғлим, жуда яхши, — деб меҳмонни уйига таклиф қилибди. Отини отхонага олиб кириб, ўз бияси ёнига боғлабди. Бир қўй сўйиб, маҳалла одамларини чақириб, Рустамни зиёфат қилибди.
Чол Рустамга қараб:
— Ўғлим, сенга бир арзим бор, — дебди. Рустам:
— Айтинг, ота, — дебди.
— Бир қизим бор. Шу қизимни сенга берсам, сени ўғилликка қабул қилсам, —дебди. Рустам ўрнидан туриб қуллуқ қилибди. Чол яна:
— Ўғлим, қизимнинг бир айби бор. Иккита кўзи йўқ, иккита қўли йўқ, иккита оёғи ҳам йўқ, — дебди. Рустам:
— Шундай бўлса ҳам қабул этдим, — дебди. Рустам чолнинг қизи Гулчеҳрани никоҳлаб олибди. Рустам қизни кўриб, ҳайрон қолибди. “Етти иқлимда бундай чиройли қиз йўқдир, чол аксини гапириб, мени алдабди”, деб кўнглида ўйлабди. Қирқ кун қаллиқ ўйнабди. Подшодан бир ойга олган жавоб вақти тамом бўлиб, чолдан кетишга ижозат сўрабди. Рустам чўнтагидан бир тумор чиқариб чолга берибди:
— Эй, отажон, хотиним қиз туғса, шу тамғани чеккасига босиб чап белига боғлаб қўйинг, агар ўғил туғса, ўнг елкасига босиб, ўнг белига боғлаб қўйинг. Бизнинг авлодимизда шу тамға юради. Шундан бир-биримизни топиб оламиз, — дебди. Чол билан хўшлашиб, отига миниб жўнабди. Гулчеҳра бечора кўз ёшини тўкиб қолибди. Ойлардан ой ўтиб, Гулчеҳра бир ўғил туғибди. Гулчеҳранинг отаси боланинг отини Суҳроб қўйибди. Ўша куни бия ҳам туғибди. Суҳроб ўн тўрт ёшга кирибди. Бир куни у мактабдан келаётиб болалар билан уришиб, бир боланинг оёғини чиқарибди. Болалар: ”Етимча, отаси йўқ”, деб уни ҳақорат қилиб, йиғлатишибди. Суҳроб йиғлаб уйига кирибди.
Чол:
— Йиғлама, ўғлим, яқинда отанг келиб қолади, — деб болани юпатибди. Суҳроб яна бир куни мактабдан келаётиб тош ўйнабди.
Тоши бориб офтобда чарх йигириб ўтирган бир кампирнинг чархига тегиб синдирибди. Кампир қўлига таёқ олиб келиб болалардан:
— Ким тош отди? —дебди. Болалар:
— Суҳроб отди, — деб болани кўрсатишибди. Кампир югурганича келиб, Суҳробнинг бошига беш-олти таёқ уриб: “Сенинг отангнинг тайини йўқ”, деб ҳақоратлабди. Суҳроб яна йиғлаб уйига кириб, онасини маҳкам ушлаб:
— Отамни топиб беринг!— дебди. Гулчеҳра ўғлига:
— Ўғлим, отанг Каён авлодидан, Сомининг невараси, Золнинг ўғли Рустам. Уни Забилистон билан Гулистондан топасан, — дебди.
Суҳроб онасидан бу гапни эшитиб, отасини қидириб бормоқчи бўлибди. Гулчеҳра ўғли Суҳробга ўзи билан бир кунда туғилган Рахш деган отни эгарлаб берибди. Суҳроб онаси ва бобоси билан хайрлашиб, отасини қидириб Забилистонга қараб кетибди. Ёшлик қилиб йўлни билмай адашиб, Ўкуз дарёсидан ўтиб, Бухоро томонга кетибди. Йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб, эчки-қўй боқадиган қозоқларнинг ерига келиб қолибди. Қараса, бир барно қиз қудуқдан сув олиб, қўй-ечкиларни суғориб турганмиш. Суҳроб Рахш отини ўйнатиб қиз ёнига келиб:
— Эй, синглим, бир оёқ сув беринг, — дебди. Қиз Суҳробни кўриб, унга муҳаббати тушиб қолибди. Қудуқдан тортаётган сувини қайтариб:
— Эй, мард йигит, сувни ўзинг тортиб олиб ич, бировдан тилаб ичасанми, — дебди. Суҳробнинг аччиғи келибди. Рахш отига қаттиқ бир қамчи уриб, қудуқ ёнига келибди. Қудуқдан сувни бир қўли билан тортмоқчи бўлибди, торта олмабди, икки қўллаб тортиб, яна торта олмабди. Ҳатто узангидан оёғини чиқариб кўриб тортса ҳам бўлмабди. Қизнинг олдида ўсал бўлибди. Отидан тушиб, базўр машаққат билан тортиб сув олиб ичибди. Суҳроб қиз билан ҳазиллашиб:
— Менга тегасанми? — дебди. Қизнинг исми Заввора экан.
Заввора:
— Эй, мард йигит, агар тўшимни ерга теккиза олсангиз, мен сизга тегаман, — дебди. Суҳроб ҳам рози бўлиб, иккови олишмоқчи бўлишибди. Қиз белига камар боғлаб майдонга тушибди. Суҳроб ҳам тушиб бел олишибди. Қиз Суҳробни шошириб қўйибди. Қиз Суҳробдан йиқилмай, ўз ихтиёри билан йиқилибди.
— Эй, мард йигит, ўзимни Сизга бағишладим, — дебди.
Заввора онасига хабар берибди. Ота-онаси куёв қилибди. Суҳроб қирқ кун қаллиқ ўйнабди. Қизга отасини қидириб кетаётганлигини, яна қайтиб келиб топишини айтибди. Қизнинг отасига чўнтагидан бир тумор олиб бериб:
— Хотиним қиз туғса, чап елкасига, ўғил туғса, ўнг елкасига босинг, — деб берибди. Чол ва хотини билан хайрлашиб кетибди. Йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб, Хонбалиқ деган жойга борибди. Шу вақтда Хоқони Чиндан Афросиёб Кайковусга қарши урушга кетаётган экан. Дарё бўйидан кетаётган бир йигитни кўриб, хизматкорларидан бирини шу йигитнинг ким эканини билиб келиш учун юборибди. Элчи йигитнинг олдига келиб:
— Эй, йигит, бу ерлар Турон мулки, Чинга қарайди. Нима учун беижозат дарёдан ўтдинг, кимнинг ўғлисан? —дебди. Суҳроб:
— Мен Чангали Мозандарондан бўламан. Отам Рустамни ахтариб Забилистонга бораман, — дебди.
Элчи йигитнинг қаердан келганлигини, кимлигини Афросиёбга бориб хабар берибди. Афросиёб: “Бу бола Забилистонга бориб отасини топса, биздан Турон мулкини олиб қўяр эди. Яхшики адашиб ўзи келиб қолди. Бундан кейин ишим олдинга юради”, деб ўйлабди. Яна элчини юбориб, Суҳробни келтирибди. Зиёфат қилиб, Суҳробни қўлга туширибди. Суҳробни олти ой жуда яхши боқибди. Еттинчи ойда Забилистонга, Кайковусга қарши юриш қилибди. Суҳробни ўзи билан бирга олиб, уруш майдонига кирибди. Забилистон томонидан Рустам уруш майдонига кирибди. Рустам ўз олдида бир гўдак бола турганини кўриб аччиғи келибди. Суҳроб отаси Рустам билан курашиб, унинг тиззасини ерга теккизибди. Боғлаб олай деганда, қари сироҳигар экан, деб, раҳми келиб қўйиб юборибди. Рустам: “Онадан туғилиб бир мушт еганим йўқ эди. Нима учун мени бир гўдак йиқитди. Эртага яна майдонга кириб бу боланинг қонини ичмасам, дунёда ўзимни Рустам атамайман”, дебди. Эртаси яна уруш бўлибди. Рустам Суҳробнинг оёғига бир уриб йиқитибди. Шунда Суҳроб Рустамга қараб:
— Эй, номард чол, мен сени ҳурмат қилиб, кеча боғлаб олиб чиқиб кетмасдан, ечиб қўйдим. Бугун сен нимага номарднинг ишини қиласан? — дебди. Рустам аччиқланиб ханжарини суғуриб олиб боланинг кўкрагига бир урибди, қони ерга тўкилибди. Суҳроб:
— Эй, номард, ғунчам сўлгани йўқ, ўн гулимдан бир гулим очилгани йўқ. Ёш умримни хазон қилиб жувонмарг қилдинг. Менинг отам Каён авлодидан Золнинг ўғли Рустам. Агар отам эшитса, сендан бир қатра қонимга минг қатра қон талаб қилади, — дебди. Рустам:
— Рустамнинг ўғли эканлигингга бирор ҳужжатинг борми, фарзанд, — дебди. Суҳроб:
— Мен Чангали Мозандарондаги кўҳна чолнинг қизи Гулчеҳрадан бўлган Суҳроб бўламан, — дебди.
— Эй, фарзанд, ундай бўлса бирор нишонинг борми, кўрсат, — дебди. Суҳроб:
— Ўнг елкамда тамғам бор, ўнг билагимда бозубандим бор, — деб кўрсатибди. Рустам тамғани кўриб, қилган ишига пушаймон бўлиб, дод-фарёд қилибди. Рустамнинг додини Семурғ эшитиб, Каён авлоди Зол билан бирга Суҳробнинг ёнига келибди. Семурғ Рустамга:
— Қанотимга ханжар ур: етти мисқол қонимдан олиб Суҳробнинг оғзига қуй, — дебди. Рустам Семурғдан қон олиб Суҳробнинг оғзига қуйибди. Суҳроб ўлмай қолибди. Ярасини ювиб, қорнини боғлашибди.
Ҳукамолар: “Хазинадан нушдори олиб келиб ярасига суркалса, ўлмай қолади”, дейишибди. Дорига одам юборишибди. Юборган одамлар Кайковусга бориб дорини сўрабдилар. Кайковус: “Агар Суҳроб тирилса, Зол подшо бўлади, Семурғ ҳукамолик қилади. Ундан кейин етти иқлим Суҳроб билан Рустамнинг чангалида қолади”, деб ўйлаб, келган элчига нушдорини бермай қайтарибди. Элчи келиб нушдорини бермаганлигини айтибди. Рустам Рахш отига миниб, тезлик билан бориб, хазинани синдириб кириб, нушдорини олиб келибди. Суҳроб ёнига етти қадам қолганда жон берибди. Рустам бу ҳолни кўриб, ўзини ерга уриб, жинни бўлибди. Рустамнинг қўл-оёғини боғлаб ташлашибди. Семурғ бошлиқ ҳукамолар Суҳробни тирилтириш ҳаракатига тушибдилар. Ҳеч ким тирилтириш чорасини топа олмаганидан кейин Семурғ туриб айтибди:
— Кўҳиқофнинг нариги томонида Қуйисарандиф деган жойда бир тобути сокина бор. Шу тобути сокинани олиб келиб Суҳробни ювиб-тараб шунга соламиз. Тобутни Рустамнинг бошига қўйиб, ўнг қўлини тобутга боғлаймиз, чап қўлини белига боғлаб қўйиб юборамиз. Рустам: “Ё, Суҳроб!” деб йиғлаб қирқ кун тобутни бошида кўтариб юради. Қирқ кундан кейин бола тирилиб ерга тушади, — дебди.
Ҳукамолар бу гапни маъқул топишибди. Семурғ бориб тобутни олиб келибди. Суҳробнинг жасадини тобутга солиб, Рустамнинг бошига қўйишибди. Рустам “Ё, Суҳроб!” деб қирқ кун фарёд урибди. Душманлари Суҳробнинг тирилишига бир кун қолганини билиб, бир жодугар кампирга мол-у дунё ваъда қилиб, Рустамнинг олдига чиқаришибди. Жодугар кампир сув бўйига бориб, қозон осиб, қора кигизни юва берибди. Рустам: “Ё, Суҳроб!” деб йиғлаб тобутни кўтариб келиб қолибди.
Рустам кампирнинг қора кигизни ҳадеб ювиб ўтирганини кўриб:
— Эй, кампир, қора кигизни ювган билан оқарадими? — дебди.
Кампир:
— Эй, Рустам, дунё бунёд бўлгандан бери ўлган одам тирилганми? Тобутни кўтариб юрганингга қирқ бир кун бўлди, вақтидан ўтди. Суҳробга азоб берма, тобутни дахмайи Шоҳонга қўй, — дебди. Рустам: “Кампир рост айтади, бугун кўтариб юрганимга қирқ бир кун бўлди. Тирилмади”, деб тобутни ерга қўйиши билан Семурғ етиб келиб, кампирни дарёга ташлабди. Суҳробни дахмайи Шоҳонга дафн қилибди. Рустамнинг бўйнида “Ўғлини ўлдирди” деган ном қолибди.
Суҳробнинг ўлганини Чангали Мозандаронда онаси Гулчеҳра эшитиб, зор-зор йиғлаб, ўғлини ахтариб Турон мулкига қараб кетибди.
Суҳробнинг хотини Завворадан туғилган Барзо етти ёшга кирибди. Заввора эски касбини қилиб, қудуқдан сув тортиб, молларини суғориб, кунини кўрар экан, Гулчеҳра ҳам Суҳроб адашган жойга келиб адашиб, Заввора олдига келиб қолибди. Қараса, бир аёл қудуқдан сув тортяпти, ёнида бир бола. Гулчеҳра хачирининг бошини тортиб, аёлдан бир пиёла сув тилабди. Заввора “Мусофир хотин экан”, деб дарров бир пиёла сув олиб, Гулчеҳрага берибди. Гулчеҳра Барзони кўрганда ўғли Суҳробни кўргандай бўлиб, бир оҳ тортибди. Заввора:
— Эй, онажон, нимага оҳ тортдингиз? —дебди.
— Суҳроб деган ўғлим бор эди. Бадбахт Афросиёб отаси Рустамга тўғри қилиб, ўлдиртирибди. Суҳробнинг сиёқини сенинг ўғлингда кўриб, оҳ тортдим, — дебди Гулчеҳра.
— Э, онажон, менинг отим Заввора, Суҳробнинг хотини бўламан. Барзо унинг ўғли, келинг, отдан тушинг, — деб Гулчеҳрани қучоқлаб йиғлабди. Булар она-бола бўлиб, Барзони тарбия қилиб, шу ерда яшай бошлашибди. Барзо ўн олти ёшга кирибди. Бир куни Гулчеҳра Завворага:
— Эй, Заввора, сипоҳигарчилик қурсин. Энди биз болани деҳқончиликка ўргатайлик. Отасининг доғини кўрдик, боласининг доғини кўрмайлик. Молимизга овқат, товуғимизга дон, ўзимизга ҳам овқат бўлар, ерга қовун экайлик, — дебди. Шундай қилиб, бир-икки йил қовун экиб, Барзога деҳқончиликни ўргатишибди. Шу ерлик халқлар булардан қовун олиб юраркан. Шу сабабдан бу жойни Қовунчи деб атабдилар.
Барзо эккан қовунига сув ололмай кўп одамлар билан муштлашиб, хафа бўлиб онаси олдига кирибди. Шунда Гулчеҳра:
— Эй, болам, хафа бўлма. Бу ерлар сен қовун экиб Қовунчи аталиб қолди. Энди сен Тошкентга бориб Каюсолар чиқарган сувдан олиб кел, — дебди. Барзо Тошкентга бориб сувбошиларга учрабди. Сувбоши юз ҳисса сувдан бир ҳисса сув берибди. Барзо ўзи ариқ ковлаб келтирибди. Шу билан қовун экиб ёта берибди.
Бир қанча вақтдан кейин Афросиёб Рустам билан уруш бошлабди. Аскарлари отлари билан Барзонинг қовунига кирибди. Барзонинг аччиғи келиб бир аскарини таёқ билан уриб ўлдирибди. Қовун тепасида қаттиқ жанг бошланибди. Барзо ўлган аскарнинг қиличини олиб йигирмата аскарни ўлдирибди. Аскарлар Афросиёбга бориб арз қилибдилар. Афросиёбнинг аччиғи келиб:
— Турон мулкида мендан бошқа кучли ҳеч ким йўқ. У қандай одам экан, менга қаршилик қиладиган, — деб, ўзи Гулчеҳра билан Заввора олдига от чоптириб келиб:
— Э, она, болангизни қайтаринг, — дебди. Гулчеҳра билан Заввора Барзони етаклаб олиб келишибди. Афросиёб:
— Бу болани бизга беринг, сипоҳигарчиликка ўргатамиз, — дебди.
Гулчеҳра:
— Болани фақат ўзимиз билан бирга юриш шарти билан берамиз, — дебди. Афросиёб рози бўлибди. Барзони оналари билан бирга дарёйи Омуднинг бўйида Суҳробни боққан жойга олиб бориб олти ой боқибди. Еттинчи ойида Рустамга қарши уруш бошлабди. Забулдан Рустам келиб, жанг бошланибди. Гулчеҳра Завворага:
— Биз ҳозир Афросиёбдан ҳам, Рустамдан ҳам ўчимизни оламиз, — дебди. Афросиёб Барзони Рустамга қарши майдонга солибди.
Рустам Барзони кўриб, яна аччиғи келибди.
— Эй, Афросиёб, бу қандай масхарабозлик, ўтган урушда бир гўдакни олиб келдинг. ўлдириб қўйдим, ўзимнинг ўғлим чиқиб, лаънатларга йўлиқдим. Бу гал ҳам бир гўдак, қозоқ болани топиб келдинг, — дебди. Барзонинг аччиғи чиқиб, Рустамни бир уриб етти қадам орқага сурибди. Рустамнинг ҳам ғазаби келиб бел тутишибди. Рустам Барзонинг оёғига уриб бўғизлашга ҳаракат қила бошлабди. Шунда чодирдан ирғиб чиққан Гулчеҳра Рустамнинг ханжар ушлаган қўлидан маҳкам тутиб, оғзига бир шапалоқ тортибди. Рустам:
— Э, заифа, мардлар майдонида нима беодобчилик? — дебди. Гулчеҳра:
— Кўр бўлгур, отасини ўлдирдинг, энди боласини ўлдирасанми, номард! — дебди. Рустам:
— Эй, хотин, сен кимсан, ўзингни тез танит, — дебди. Гулчеҳра юзидан пардасини кўтариб:
— Чангали Мозандарондаги кўҳна чолнинг қизи Гулчеҳраман, кўзингни каттароқ оч! Бу бола Суҳробнинг ўғли Барзойи Дажам — деҳқон, — дебди. Барзо онасига:
— Эй, онажон, нимага илгари Афросиёб олиб кетган вақтда менга айтмадингиз, — деб Афросиёбга қарши бориб, аскарларини каптар тўзитгандай тўзитиб, Хоқони Чин томонга ҳайдаб юборибди. Шундан кейин ҳаммалари топишиб, Қовунчида яшай бошлашибди. Қовунчи шаҳар бўлибди, уни ўзларига пойтахт қилишибди.