Роҳатижон

Бир кампирнинг уч ўғли, бир қизи бор экан. Ҳаммаси уйли-жойли экан. Лекин келинлари кампирга яхши қарашмас экан.
Бир куни катта ўғли онасидан хабар олгани келибди. Кампирнинг «Сув-сув ойимга борайми, Қум-қумхонникига борайми, алла боламникига борайми, Роҳатижонникига борайми», деб ўтирганини эшитиб қолибди. Шундан кейин у «бир кузатай-чи», деб ўйлабди.
Бир неча кун ўтгач, онаси катта ўғлиникига меҳмонга келибди. Шунда овқат сузилгач, ўғли ўзининг овқатини ойисиникига алмаштириб қўйибди. Ичиб кўрса, овқат шундай сув эмиш. Хотини доим онасига фақат шулдиратиб сув қуйиб беришини билиб қолибди. Шунинг учун ҳам онаси унга «Сув-сув ойим» деб ном қўйган экан. Кейин у укасини қидириб уйига борибди ва:
— Ойим сеникига меҳмон бўлиб келганларида, хотинингни уларга қўйган овқатини ўзинг алмаштириб ичгин, — деб тайинлабди.
Укаси худди шундай қилибди. Қараса, овқат шундай қум эмиш. Шунинг учун ҳам ойиси унинг хотинини «Қумхоной» деб атар экан.
Кенжа келинникига борадиган бўлса, у дарров тўшакка ўтказиб, ёнига бешикни қўйиб, «Алла болам деб ўтиринг», дер экан. Шунинг учун кампир кўпинча қизиникига борар экан. У ерда жуда роҳат қилар экан. Қизи уни яхши кутиб олиб, иззат-ҳурматини жойига қўйиб меҳмон қилар экан. Шунинг учун уни «Роҳатижон» дер экан.