Қозининг макри

Бир подшо бор экан. Одамлар орасида хасислик билан ном чиқарган экан. Унинг бир ўғли бор экан. У отасига қараганда бирмунча саховатли экан. Бир кун шаҳзода бир бечора одамга озроқ олтин ҳадя қилибди. Буни подшо билиб қолиб, ўғлини тергабди:
— Э, ўғлим, халқдан пул йиғиш ўрнига пул берасанми? Бундай қила берсанг дунё қаердан тўпланади? Сен одамлардан пул йиғишни ўрган, — дебди. Шаҳзода отасининг бу сўзини маъқул, деб подшо ҳузуридан чиқибди. Кейин одамларнинг ҳожатини чиқариб юра берибди. Подшо бир кун ўғлини ёнига чақириб:
— Э, ўғлим, нега сен менинг маслаҳатимни қулоққа олмадинг? — дебди.
Ўғли:
— Отажон, гапингизни жон-дилим билан қулоққа оламан-ку, лекин муҳтож одамлар учрагандан кейин раҳмим келади, — деб жавоб берибди.
Подшо:
— Сен менинг маслаҳатимни қулоғингга олмасанг, сендай ўғил менга керак эмас, — деб ўғлини шаҳардан ҳайдаб юборибди, йигит бечора қаерга боришини билмай, тоғма-тоғ, чўлма-чўл юриб, бир шаҳарга келибди. Эртадан кечгача юриб оч қолибди. Овқат еяй деса пули йўқ экан. Мардикорлик ҳам қилолмай, гадойчилик қилишга мажбур бўлибди. Кўчама-кўча айланиб қайси эшикка борса, тиланчилик қилолмай, гадойларга хос бўлган сўзларни айтолмай қайтар экан.
Шом яқинлашибди. “Таваккал” деб бир дарвозани тақиллатибди.
Эшикнинг орқасидан бир қизнинг: “Кимсиз?” деган товуши келибди.
Йигит: “Мен” деб жавоб берибди. Қиз эшикни очиб қарабди. Йигит қизни кўриб ўзидан кетиб қолибди. Йигит бир замон ўзига келиб қараса, вайронада ётган эмиш, белида янги белбоғ эмиш. Уни ечиб қараса, уч-тўртта нон, уч-тўртта тилла бор эмиш. Буни кўриб ҳайрон бўлибди. Нон билан тиллани ўша қиз берган бўлса керак, деб ўйлабди. Бу вайрона қизнинг уйига яқин бўлгани учун яна қизни кўриб қоларман, деб кетмасдан ёта берибди.
Ярим кечада шаҳар қозиси меҳмондорчиликдан қайтиб келаётганда қулоғига бир овоз эшитилибди. Қози бу ерда нима бор экан, одам десам одамга ўхшамайди, бу ердан ўтишим қийинга ўхшаб қолди, деб ҳайрон бўлибди. Қўрқиб секин-секин олдинга қараб қадам босибди. Кейин дуо ўқиб, яна дадиллик билан қадамини тезлатибди. Қози кўчанинг четида бир қора нарсани кўриб, эси чиқиб кетибди. Кайфи учиб кетганидан ўқиб турган дуолари ҳам ёдидан чиқиб қолибди. Тонг ғира-шира ёришгач, атрофга қараса, ҳеч нарса кўринмабди. Сўнгра бир амаллаб уйига етиб олибди. Уйида ўтирганида ҳам ҳалиги майдонда эшитган овоз қулоғида жаранглар эмиш. Ҳақиқатни билмоқчи бўлиб, бир хизматкори билан вайрона бўлиб ётган майдонга бориб қараса, унда сочлари ўсган, девонасифат бир йигит ўтирган эмиш. Қози йигитдан:
— Болам, қаерликсан, бу ерда нима қилиб ўтирибсан? —деб сўрабди. Йигит уни эшик очган қизнинг отаси деб гумон қилиб одоб билан:
— Мен мусофирман, бу шаҳарда ҳеч кимим йўқ, шу ерда ётибман, — дебди. Қози:
— Бўлмаса, менга хизматкор бўлиб юрасанми, овқатинг ҳам бемалол бўлади, вақти келса уйлантириб ҳам қўяман, — дебди.
Йигитнинг эс-ҳуши эшик очган қизда экан-у: “Уйлантириб қўймасанг ҳам ўша қиз сенинг қизинг бўлса, узоқдан кўриб юрсам майли” деб, қозига:
— Хўп, сизга хизматкор бўлсам яхши бўлади, — дебди. Қозининг уйида юриб, кундузи ишласа, кечаси ухламай тонг оттириб чиқибди.
Қози: “Бу йигитда қандай сир бор экан”, деб ўйлабди. Йигитдан:
— Ўғлим, нега кечаси ухламай тонг отгунча юриб чиқасан? — деб сўрабди.
Йигит гадойлик қилиб юрганда эшик очган бир қизга ошиқ бўлиб қолганини, ўшанинг хаёлида ухлай олмаслигини айтиб берибди. Қози йигитга:
— Ўғлим, ҳеч ташвиш тортма. Мен бир ҳийла билан сенга қизни олиб бераман, ўн кун сабр қил, — дебди. Ўн кун ўтибди. Қози йигитни бир уйга олиб кириб, янги тикилган сарполарни кийгизиб бўлгач, йигитга айтибди:
— Ўғлим, энди тайёрлаб қўйилган отни мин, мана бу хатни қўлингга ол. Бу хат подшо номидан сен севган қизнинг отасига ёзилган.
Подшо бошқа шаҳарда туради. Ҳозир сени шаҳар дарвозасидан чиқариб қўяман. Мен бугун қизнинг отасиникида бўламан. Сен шошилиб отни югуртириб келасан. Мени танимаган киши бўлиб, хатни қўлимга берасан, у ёғини ўзим биламан, — дебди.
Қози йигитни шаҳар дарвозасидан чиқариб қўйибди. Йигит пешин пайтида шаҳарга кириб, дастлабки келган кунларида гадойлик қилиб бориб, беҳуш бўлиб йиқилган эшикни тақиллатибди. Қизнинг отаси йигитнинг савлатини кўриб, кайфи учиб кетибди, дарров уни уйига олиб кирибди. Қози йигитни кўриши биланоқ:
— Эй, келинг, шаҳзода, қаердан шамол учирди? — деб йигитни ёнига ўтқизибди. Йигит қозининг қўлига хатни берибди. Қози хатни ўқиб:
— Қуллуқ, шаҳзода, қуллуқ, — дебди, хатни қизнинг отасига узатибди. Қизнинг отаси хатни ҳурмат билан олиб ўқибди. Дарров шаҳарга ош бериб, тўй-томоша қилибди, қизни йигитга никоҳ қилиб берибди. Йигит қизнинг ёнига кириш олдида қози унга:
— Сиз меҳмонхонада ўтириб туринг, мен уйга бориб, сизга яхши сарполар олиб келаман, уларни кийганингиздан кейин, ўзим фотиҳа бераман, — деб чиқиб кетибди.
Йигит қозининг қилган ишига ҳайрон қолиб: “Дунёда бундай яхши одамлар бор экан, қозининг бу яхшилигини сира эсдан чиқармайман, ўла-ўлгунимча хизматини қиламан”, деб, уни кутиб ўтирибди. Ярим кечада қози бир бўхча сарпо олиб келиб:
— Мана бу дам солинган сарполарни кийиб қизнинг олдига киринг, — дебди. Йигит шошиб-пишиб устидаги яхши кийимларини ечиб қозига берибди. Қози: “Қўша қаринглар!” деб кийимларни олиб чиқиб жўнабди. Йигит сарпони кияй деб бўхчани очиб қараса, ўзининг далвай-далвай бўлиб кетган кийимлари эмиш.
Йигит баданидан муздек тер чиқиб, мазаси қочибди. “Наҳотки, қози менга шундай ёмонлик қилса, мен қозига нима қилган эдим”, деб ноилож ўз кийимларини кийиб олибди.
Қиз уйига нон тилаб келган гадой йигитни кўриб, ҳайрон қолибди.
— Сиз бу ерга қандай қилиб кирдингиз? — деб сўрабди. Йигит қизга бошидан ўтганларни, қозининг қилган ишларини сўзлаб берибди.
Қиз ҳам йигитни биринчи кўргандаёқ яхши кўриб қолганини айтиб, унинг келганига суюнибди.
— Парво қилманг, мен сизни қандай қилиб топсам экан? — деб ўйлаб юрган эдим, бахтимга ўзингиз етиб келдингиз, — дебди. Дарров йигитга яхши кийимлар кийгизибди. Иккиси хурсанд бўлиб сўзлашиб ўтиришибди. Қиз бу сирни ҳеч кимга билдирмабди. Қизнинг отаси ҳам куёвни жуда ҳурмат қилибди.
Кунлардан бир кун қиз йигитга айтибди: “Мен қозини бир лақиллатиб, кулги қилиб келай, бошқа одамлар гаплашиб кулишиб юрар” дебди.
Қиз жуда ясаниб, пардоз-андоз қилиб, паранжисини қийшиқ ёпиниб, қозининг уйига борибди. Қози меҳмонхонада ўтирган экан. Кавушини ғирчиллатиб, унинг олдидан ичкари ҳовлига ўтиб кетибди. Қози: “Ёпирай, бунинг юриши шундай бўлса, ўзи қандай экан?” деб ўйлабди. Шунда қиз ичкаридан қайтиб чиқиб:
— Ассалому алайкум, қози почча! Мен янглишиб ичкари ҳовлига ўтиб кетибман, —дебди. Қози шошилиб, ҳовлиқиб:
— Ваалайкум ассалом, менда нима ишингиз бор, қизим. Қани, берироқ келинг, — деб чақирибди.
— Қози почча, менинг сизга арз-додим бор эди, — дебди қиз.
— Айтинг, болам, айта беринг, — дебди қози.
— Мен уста Оловиддин ёғчининг қизлари бўламан. Отам билан онам мени жуда яхши кўришади. Шунинг учун менга кўп ердан совчи келса, онам ёки отам: “Қизимнинг боши кал, кўзи кўр, қулоғи кар, оёғи шол, қўли тутмайди, иши битмайди”, деб мени эрга бермайдилар. Совчи: “Бундай қиз бизга керак эмас”, деб қайтиб кетади. Онам менга ҳазиллашиб: “Қизим, сени бошимга ёстиқ қиламан”, дейдилар. Сиртимдан кулсам ҳам ичимда куяман, амакимнинг бир кал ўғли бор, ўзи ялқов, иркит, билишимча, мени шунга беришмоқчига ўхшайди. Шунинг учун сизга арзга келдим, — дебди.
— Ёшингиз нечада, қизим? —деб сўрабди қози.
— Ёшим ўн саккизда, қози почча.
— Бай, бай, бай, мен ўзим отангиз билан гаплашаман, — дебди қози.
Қиз:
— Гаплашсангиз гаплашинг, тақсир, сиз гувоҳ бўлинг, мана кўзим, юзим, қўлимни кўринг, — деб чачвонини кўтариб, юзини қозига кўрсатибди.
Қози қизнинг оппоқ қўлларини, ойдек юзларини кўриб, оғзи очилиб қолибди, шошилиб, титраб, қақшаб:
— Қизим, сизнинг отангиз билан гаплашмасам бўлмайди, албатта гаплашаман, лекин менинг ҳам сизга бир арзим бор, қабул қилсангиз, — дебди.
— Қандай арзингиз бор? — деб сўрабди қиз. Қози айтибди:
— Мен сизнинг хизматингизда бўлсам, қабул қилсангиз.
— Қабул қиламан, лекин учта шартим бор, — дебди қиз: — биринчи шартим, хотинингизни қўясиз, мен кундошликни ёмон кўраман, иккинчидан, уй-жойларингизни ҳозирги хотинингизга хат қилиб берасиз, учинчидан, менга атаб яхши ҳовли оласиз.
Қози қизнинг қўйган шартларини бажаришга рози бўлиб, қасам ичибди. Қиз, “Хайр” деб эшикка чиқиб кетатуриб тўхтабди, қайрилиб қозига:
— Тағин отамнинг гапига учиб, айниб қолманг, — деб кулиб қўйибди. Қози:
— Агар ер юзининг одами гувоҳликка ўтса ҳам ишонмайман, ҳамма айтганларингизни қиламан, — дебди.
Қози ичкарига кириши билан хотини тагига кўрпача солиш учун ўрнидан турибди. Қози:
— Хотин, хотин, сени қўйдим, — дебди. Хотини:
— Вой ўлай, у нима деганингиз? — дебди.
Ўғли ҳам:
— Ота, сизга нима бўлди? — дебди. Қози:
— Онангни қўйдим, сен ҳам уқиб ол! — дебди.
Шу пайтда уйдан чиқиб кетиб, иккита домлани бошлаб кирибди. Хотинини қўйгани ҳақида талоқ хатни ёздирибди. Ҳовли-жойини хотинига хат қилиб берибди. Иккита одам юбориб, уста Оловиддин ёғчини олиб келтирибди. Уста Оловиддин, “Қози мени нимага чақирди экан, қарзга берган пулини қистаса керак”, деб қўрқиб, хаёл суриб келибди. Қози уни жуда иззат қилиб, қалин оғайнидек кутиб олибди. Олдига турли мевалар, таомлар қўйибди. Дастурхондан кейин қози секин сўз бошлабди.
— Уста, менинг сизга бир арзим бор, — дебди,
Уста: “Қози берган қарзини сўраб қоладими?” деб хавотирланиб:
— Тақсир, — дебди, — нима арзингиз бўлса бажон-у дил қабул қиламан.
Қози:
— Мени куёвликка қабул қилсангиз, — дебди. Уста ҳайрон қолиб:
— Тақсир, мени мазах қилаётибсизми? Менинг қизимни биров мақтагандир. Бундай гапни менга гапирманг. Қизимнинг боши кал, оёғи шол, кўзи кўр, қўли тутмайди, иши битмайди, бир дарди бедаво, худонинг махлуқи, — дебди.
Қозининг жаҳли чиқиб: “Нима бўлса ҳам оламан, қизингни берсанг бердинг, бўлмаса, пулимни ижараси билан берасан”, — дебди. Уста рози бўлиб:
— Тақсир, кейин мендан хафа бўлмайсиз, — дебди. Қози жуда хурсанд бўлиб:
— Иш деган бундай бўлади, мана бу тўй пулингиз, — дебди. Устага беш юз тилла пул берибди. Уста қозидан берган пулини қайтиб олмаслик учун сўз олибди. Уста уйига бориб:
— Хотин-хотин, қизимизнинг тахти бўлмаса ҳам бахти бор экан. Қози бизга куёв бўлди, мана бу қалин пули, — дебди. Беш юз тиллани хотинига кўрсатиб, бўлган воқеани хотинига айтиб берибди.
Бир неча кундан кейин қози юртга ош бериб, тўй қилибди. Никоҳ кечаси қизни икки киши замбилда олиб кириб қозининг рўпарасига қўйибди. Қози нима эканини билмай ҳайрон бўлиб турса, замбилда бир нарса қимирлабди. Қози ўрнидан туриб: “Бу нима экан”, деб очиб қараса, бир мажруҳ қиз ётган эмиш, қош-кўзи ҳам билинмас эмиш. Қозининг кайфи учиб, уйдан қочиб чиқибди, устани чақириб келтирибди. “Қизингни олиб кет!” дебди. Уста:
— Ҳа, хушторлик шундақами? Мен бутун айбини айтиб берганман. Энди нима қилсангиз қилаверинг! —дебди. Қози ялиниб-ёлворибди, олиб кетишини сўраб яна беш юз тилла бериб, қизни уйидан жўнатибди. Бу хабар бутун шаҳарга тарқалибди. Бу воқеани уддабурон қизнинг отаси эшитиб, уйига келиб ҳикоя қилиб берибди.
— Қозини бир қиз алдабди-я, хўп қизиқ бўлибди, — деб сўзини тугатибди у. Қиз отасига:
— Қозининг бизда хусумати бор эдими, ота? —деб сўрабди.
Отаси:
— Сени бир сўратганда бермаган эдим, шундан бери менга ёмон кўз билан қараб келар эди. Ажаб бўлди, юрт ичида икки пуллик обрўси қолмади, — дебди.
Қиз бу йигитнинг мусофирлиги, бу шаҳарга келишининг сабаби, иккови бир-бирини севиб қолганлиги, қозининг қилган макр-у ҳийласи, қозининг қилмишига қарши ўзининг қилган ишларини отасига гапириб берибди. Отаси:
— Майли, болам, сени берсак шундай йигитга берар эдик-да, қўша қаринглар, — дебди.
Йигит қиз билан мурод-мақсадига етибди.