Қилич ботир

Бир бор экан, бир йўқ экан, бир замонда Қилич ботир деган бир полвон бор экан. Кунлардан бир кун Қилич ботир сафарга чиқибди. Бир неча кун юргандан кейин бир одамга дуч келибди.
Бу одам Қилич ботирга:
— Йўл бўлсин, оғайни,— дебди, Қилич ботир унга:
— Мен Оқбилак ойим олдига бораман, сен нима қилиб турибсан бу ерда? — деб сўрабди.
Қилич ботирга учраган одам бўзчи экан, у:
— Шу томонда Қилич ботир деган бир полвон чиққан эмиш. Ўша билан курашмоққа чиқиб турибман, — дебди.
Қилич ботир:
— Кел бўлмаса, мен ҳам Қилич ботир билан бирга юрган эдим, мен билан бир бел ушлашиб қўй, — деган экан, бўзчи:
— Хўп бўлмаса, бир курашиб олайлик,— дебди. Шу билан иккаласи кураш бошлабди. Кўп вақт ўтмабди. Қилич ботир бўзчини кўтариб ерга урибди.
Бўзчи ўрнидан туриб Қилич ботирга:
— Кучингга қойилман. Энди сенга дўст бўлай,— дебди. Қилич ботир бўзчига икки дона найча бера туриб:
— Мана бу найчаларни ол. Агар биридан қон томса, беғам бўл, биридан зардоб томса, тезда қанот боғлаб, орқамдан учиб ет, — деб йўлга тушибди.
Бир қанча йўл юргандан сўнг яна бир одамга дуч келибди. Бу одам темирчи экан. Бу ҳам:
— Ҳа йигит, йўл бўлсин? — деб сўрабди. Қилич ботир унга:
— Мен Оқбилак ойим олдига бормоқчиман. Хўш, нима учун сен бу ерда турибсан?— дебди.
Ҳалиги одам Қилич ботирга:
— Қилич ботир деган бир паҳлавон келаётган эмиш, шу билан курашмоққа чиқиб турибман,— дебди. Қилич ботир:
— Мен ҳам Қилич ботир билан бирга юрган эдим, агар курашмоқчи бўлсанг, аввал мен билан курашиб кўр, — дебди. Шунда темирчи:
— Кел бўлмаса, курашайлик, —деб Қилич ботир билан бел ушлашибди. Қилич ботир темирчини ҳам йиқитибди. Кейин уни ўрнидан турғазиб қўйибди. Бунга ҳам икки дона найча берибди: биридан қон, биридан зардоб томишини, қон томса, беғам бўлиш, зардоб томса, орқасидан учиб етиш кераклигини айтиб, “Битта эдинг, иккита бўлдинг, ўзим билан учта бўлдик”,— деб йўлга тушибди.
Йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб, охири бир қишлоққа етибди. Бу қишлоқда бир сувчи бор экан, у ҳам йўлга чиқиб турган экан. Қилич ботир у билан ҳам сўрашиб, иккиси курашибди. Қилич ботир уни ҳам йиқитибди. Бунга ҳам ҳалиги найчадан икки дона берибди: “Сен билан учта бўлдик, ўзим билан тўртта бўлдик, тўртовимиз ҳам бир киши. Шу найчанинг биридан қон томса, беғам бўл, биридан зардоб томса, тезда етиб бор”, деб йўлга тушибди. Юриб-юриб саҳрода бир гала қўй боқиб юрган чўпонга дуч келибди, у билан сўрашиб бўлиб:
— Бу қўйлар кимники? — деб сўрабди. Чўпон унга:
— Оқбилак ойимники, — деб жавоб берибди. Қилич ботир:
— Оқбилак ойим қаерда? Сиз биласизми, унга етиш йўли борми? — деб сўраган экан, чўпон:
— Э азамат йигит, сизга ўхшаган бўз йигитлар, шаҳзодалар уни келиб ололмай, ўзларини нобуд қилишди. Кўрдингизми, ҳов анави қўрғон сизга ўхшаганларнинг каллаларидан ясалган. Сиз қандай қилиб у ерга бора оласиз?— дебди.
Қилич ботир бироз ўйлаб туриб:
— Мен албатта бораман, бунинг учун нима қилиш керак?— деб сўрабди. Чўпон жавоб берибди:
— Сиз бозорга бориб, бир хуржуннинг икки кўзини тўлатиб кишмиш олинг. Оқбилак ойимнинг бир оти бор, у кишмиш ейди. Агар Оқбилак ойимнинг олдига бирор киши кирса, оти кишнаб юборади. Оқбилак ойим уйдан чиқиб, келган кишининг калласини қилич билан узиб ташлайди. Энди сиз шунга бир ҳийла қиласиз: узоқдан ер тагини кавлаб бориб, худди от турган жойнинг тагидан чиқасиз. Бир бордон оласиз. Ҳалиги кишмиш билан бирга бордонни олиб келиб, тешикнинг оғзига келтириб қўясиз. Кечаси бўлганда тешикдан чиқиб, бордонни тешик оғзига тортиб, ўзингиз панада турасиз, буни отга билдирмайсиз, агар буни от билиб қолгудай бўлса, сизни пачоқ-пачоқ қилиб юборади. Оқбилак ойим ухлаган вақтида дарров чиқиб, кишмишни от охурига соласиз, шу билан Оқбилак ойимни қўлга киритасиз.
Қилич ботир чўпон билан хайрлашиб, унинг айтганларини бирма-бир бажаришга киришибди: ерни кавлаб бориб, отнинг охури ёнидан чиқибди. Отга билдирмасдан, бордонни тешик оғзига ёпмоқчи бўлиб турганда, от сезиб қолиб, бирдан кишнаб юборибди. Буни эшитган Оқбилак ойим ётган еридан тура солиб от ёнига келибди:
— Ҳа, жонивор, нима сир бор, кишнаб юбординг? — деб отнинг бошини силабди, у ёқ-бу ёқни кўздан кечирибди, ҳеч нарсанинг шарпасини сезмагандан кейин, қайтиб кетибди. Эндигина кўзи уйқуга кетган пайтда от яна кишнабди. Оқбилак ойим яна чиқибди. Қараса, ҳеч гап йўқ эмиш. Кейин:
— Сен мунча кишнайвердинг, уйқумдан безовта қилдинг! — деб отга бир-икки қамчи уриб, сўнгра ичкарига кириб ухлаб қолибди. Шунда Қилич ботир бирдан чиқиб, отга кишмиш солибди. От кишмишни ея бошлабди. Қилич ботир секингина уйга кириб қараса, Оқбилак ойим ухлаб ётган экан. Тездан унинг боши теварагига қирқта қозиқ қоқиб, қирқ кокилини қозиқларга боғлаб қўйибди. Бир вақт Оқбилак ойим уйқудан кўзини очиб қараса, тепасида бир йигит тикилиб ўтирган эмиш. Оқбилак ойим Қилич ботирга қараб:
— Не учун келдинг? Менда нима қасдинг бор? Ўрнимдан турсам, каллангни оламан! — деб қаттиқ интилибди, лекин кокиллари қозиқларга боғлангани учун ўрнидан туролмабди ва Қилич ботирнинг тадбирига қойил қолибди. Сўнгра йигитга таслим бўлибди, шу билан икковлари бирга яшай бошлабдилар.
Қилич ботир ҳалиги отни миниб, овга чиқиб юрибди. Орадан бир неча йил ўтибди. Ҳар қандай подшоҳ совчи юборса ҳам, Оқбилак ойим асло унамабди. Ахири Қорахон деган подшоҳ совчиликка бир кампирни юбориб, унга:
“Агар ўша қизни келтирсанг, бўйинг баробар олтин бераман”, дебди.
Кампир эшакка миниб, йўлга тушибди. Қилич ботирнинг овдан қайтадиган йўли устига бориб, эшакнинг бир оёғини уриб синдирибди-да, ўзи бир чеккада ёлғондан йиғлаб ўтираверибди. Сал ўтмай, Қилич ботир овдан қайтибди. Кампир қилич ботирга ялиниб, ҳўнг-ҳўнг йиғлабди, эшакнинг оёғини кўрсатиб:
— Болам, менга раҳм қил, бу одамзод йўқ чўл-биёбонда қолиб кетиб, ҳалок бўлмай, — дебди.
— Қилич ботирнинг кампирга раҳми келиб, уни орқасига мингаштириб уйга олиб кетибди. Оқбилак ойим эрининг шу ишига жуда аччиғланибди ва эрини пана жойга чақириб олиб:
— Бу шум кампирни нега келтирдингиз? Бошимизни ейди-ку! — деган экан, Қилич ботир:
— Э бунинг қўлидан нима келарди дейсан. Қайтага сенга далда бўлиб ўтиради, оғирингни енгил қилади, — дебди.
Кампир Оқбилак ойимга хизмат қилиб юраверибди. Кунлардан бир кун кампир Оқбилак ойимдан сўрабди:
— Болам, Қилич ботирнинг жони қаерда бўларкин, биласизми? Буни билиб олсангиз, ёмон бўлмас.
Оқбилак ойим:
— Қандай сўрасам экан? — деса, кампир:
— Кечқурун ботир келганда, унга рўйхуш бермасангиз, айтади. Ана шу билан биласиз-қўясиз, — дебди.
Кечқурун Қилич ботир овдан келибди. Оқбилак ойим Қилич ботирга рўйхуш бермабди, отига ҳам қарамабди: бир бурчакда тўмтайиб ўтираверибди.
Хотинини бу аҳволда кўрган Қилич ботирнинг дили сиёҳ бўлиб, ўзини қаёққа уришини билмабди. Кейин сабрсизланиб, Оқбилак ойимдан сўрабди:
— Нега хафасиз, жоним? Нима бўлди сизга?
— Шу чоққача мен сизнинг ҳеч бир нишонангизни билмайман.
— Хўш, қандай нишонамни?
— Сизнинг жонингиз қаерда туради?
Қилич ботир айтмасликка уринса ҳам, ҳеч илож бўлмабди. Ахири ноилож бўлиб:
— Менинг жоним қиличимда, қиличсиз асти юролмайман, — дебди.
Оқбилак ойим ёшлик қилиб, бу сирни ўша ондаёқ маккор кампирга етказибди.
Шум кампир ич-ичидан қувониб, ўзича “ҳмм, муродимга етар куним ҳам бор экан-а!” дебди. Аммо сир-бой бермаслик учун Оқбилак ойимга:
— Қўйинг-е, болам, бу гапингизга ишонмайман. Сира ҳам ишонмайман. Эрингиз сизни алдагандир. Қани бўлмаса, ботир эрта билан овга кетишида қиличини олиб қўйинг-чи, нима бўлар экан? — дебди.
Эрталаб Оқбилак ойим эридан қиличини ташлаб кетишини сўрабди.
Қилич ботир хотинини хафа қилмаслик учун қиличини зўрға берибди ва отланиб, овга чиқиб кетибди.
Кампир дарров қилични тош билан букиб, сойга ташлабди. Худди шу пайтда Қилич ботир йўлда йиқилиб қолибди. Кампир тездан ёғоч от ясабди: ўнг қулоғини бураса, учармиш, чап қулоғини бураса, тушармиш. Ёғоч отни миниб, у ёқ-бу ёққа учириб, Оқбилак ойимни алдаш пайига тушибди.
— Болам, сиз ҳам миниб боқинг-чи, қанақа бўларкин. Баҳона билан ҳамма ёқни томоша қилиб келасиз,— дебди.
Маккор кампир Оқбилак ойимни орқасига мингаштириб, учиб кетибди: бир зумда Қорахон подшоҳнинг шаҳрига етибди. Ўрдага бориб, подшоҳга таъзим қилиб:
— Шоҳим, мана, хизматингизни адо қилдим: Оқбилак ойимни олиб келдим,— дебди.
Қорахон подшоҳ кампирга кўтарганича тилла бериб жўнатибди. Кейин қирқ кеча-ю қирқ кундуз тўй-томоша қилибди.
Эндиги сўзни Қилич ботирнинг сафарда учратган ошналаридан эшитинг.
Бирданига ҳалиги бўзчи, темирчи ва сувчининг найчаларидан зардоб тома бошлабди. Булар тезлик билан Қилич ботирнинг ҳолидан хабар олгани келибдилар. Қилич ботирнинг эшиги олдига келиб қарасалар, бир дарё оқаётган эмиш.
Бўзчи сувчига қараб:
— Сувни боғла!— дебди.
Сувчи сувни боғлабди. Сойга тушиб қараса, ботирнинг қиличи букилиб ётган эмиш. Уни темирчига бериб:
— Сен буни тўғрилаб пешла! — дебди сувчи.
Темирчи қилични пешлабди. Шу билан Қилич ботир ўз ҳолига келибди. Уйга келиб қараса, Оқбилак ойим йўқ эмиш, уйда эса ошналари ўтиришган эмиш. Оқбилак ойимни кўп қидирибди, ҳеч қаердан тополмагандан кейин:
— Бу нима сир? Аттанг, Оқбилак ойим қўлдан кетибди-да! — деб қайғурибди.
Бўзчи, темирчи билан сувчи Қорахон подшоҳнинг шаҳрига қараб жўнабдилар. Улар жуда кўп юриб, тўй бошлангунига бир кам қирқ кун бўлди деганда Қорахон подшоҳнинг шаҳрига етишибди, подшоҳнинг равоғи тагидан ўтаверишибди. Қарасалар, ҳамма ёқ шовқин, тўполон эмиш.
Сувчи Қорахон подшоҳнинг хизматкорларидан:
— Нима гап ўзи? — деб сўраган экан, у:
— Тўй бўлаётир, — деб жавоб берибди. Сувчи:
— Қандай тўй? — деб сўраса, хизматкор:
— Қорахон подшоҳ Оқбилак ойимга уйланмоқчи, — дебди.
Учовлари воқеадан хабардор бўлиб, уни Қилич ботирга айтибдилар. Кейин ҳаммалари маслаҳатни бир жойга қўйиб, Қорахон подшоҳ ҳузурига жўнабдилар.
Қилич ботир деҳқон ва ҳунармандлардан қўшин тўплаб, Қорахон подшоҳга қарши қаттиқ жанг бошлабди. Қорахон подшоҳ асир тушибди. Қилич ботир бўзчини шу мамлакатга подшоҳ, сувчини унга вазир қилиб қўйибди. Оқбилак ойимни отга миндириб, темирчини бошлаб ўз юртига равона бўлибди. Бир неча вақт йўл юриб, охирида Оқбилак ойимнинг дарё бўйидаги жойига етишибди. Шу ерда темирчи ҳам улар билан бирга яшабдилар.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!