Подшонинг доно қизи

Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим замонда бир подшо бўлган экан. Унинг ёмон бир хотини бор экан. Ўзи туғмас экан, подшо бошқа хотин олай деса қўймас экан. Қитмир, бадкирдор экан. Юзи оқ бўлса ҳам ичи қора экан, ундан кўпларнинг кўнгли яра экан.
Подшонинг ўлган хотинидан бир қиз қолган экан. Қиз подшонинг якка-ю ягона фарзанди бўлса ҳам, уни ёмон кўрар экан. «Қиз бола — туз бола» деб қизини хафа қилаверар экан. Лекин подшонинг қизи жуда чиройли, доно ва чевар экан. Қиз подшога кўп ақлли гапларни айтар экан, лекин подшо хотинининг сўзига кириб, қизининг гапига қулоқ солмас экан, бир гапда турмас экан. Қизи олим экан, подшо золим экан.
Кунлардан бир кун подшо кайф-сафо қилиб ўтирган экан, бирдан ҳовуз бўйидаги қайрағоч тепасига чиройли бир қуш келиб қўнибди. Кейин подшо томонга қичқириб, сайрай берибди. Подшо одамларига “шу қушни тутинглар”, деб буйруқ берибди. Бироқ ҳеч ким тута олмабди. Қуш учиб кетиб, яна айланиб келибди-да, яна ҳалигидай қичқириб, сайрабди. Подшо вазирларига:
— Қуш нима деяпти, шуни айтиб берасизлар, — деб буйруқ берибди. Вазирлар нима дейишларини билмай, оғизларини очиб ўтираверишибди. Кейин подшо ғазаб қилиб:
— Кимки шу қушнинг нима деганини айтиб бермаса, ўзи ўлимда, моли подшоликники! — дебди.
Вазирлар ҳайрон бўлиб:
— Бу балодан қандай қутуламиз? — деб ташвиш чекишибди.
Вазирлар юртни айланиб, доно олимлардан қушнинг нима деганини сўрашибди. Ҳеч ким жавоб бера олмабди. Энг охирида вазирлардан бир ақллироғи:
— Бу сўроққа подшонинг қизи жавоб берар, агар у ҳам беролмаса, ҳаммамиз мол-жонимиз билан хайрлаша берсак ҳам бўлади, — дебди.
Қирқ вазир яширинча бориб подшонинг қизидан сўрашибди. Подшонинг қизи:
— Агар мен айтганимни отамга айтмасанглар, мен саволингизга жавоб берай, борди-ю, отам билиб қолса, унда мени тирик қўймайди, — дебди.
Вазирлар ҳаммаси қасам ичишибди. Ҳовуз бўйидаги қайрағоч тепасида ўтирган қуш:
— Жинни эрни соғ қиладиган ҳам хотин, соғ эрни жинни қиладиган ҳам хотин, ҳазир бўл. Хотининг сени жинни қилади! — деди. Қушнинг жониқиб сайраганининг маъниси шу, — деб жавоб берибди қиз.
Вазирлар жуда суюниб ҳаммалари подшонинг ёнига боришибди. Қиз нима деган бўлса, ҳаммасини подшога айтишибди. Подшо ғазабланиб:
— Сизларга буни ким айтди? — деб сўрабди.
— Ўзларимиз топдик, — дейишибди.
— Сизларга биров айтган, тез жавоб беринг, бўлмаса ҳаммангизни дорга остираман! — деб сиёсат қилибди. Вазирлар қўрққанларидан:
— Қизингиз айтди, — деб айтиб қўйишибди. Подшо:
— Қизимни дорга осинглар! — деб буйруқ берибди. Шунда вазирларнинг бири:
— Подшоҳим, ўз қизингизни эл орасида дорга остирманг, яхшиси, чўл-биёбонга обориб ўлдирсинлар, ҳеч ким билмайди, — дебди. Подшо кўнибди.
Вазирларидан иккиси икки жаллодни олиб, қизнинг қўл-оёқларини боғлаб, отга ўнгариб, чўл-биёбонга қараб кетишибди. Вазирлар “бу киз гуноҳсиз, бизни ўлимдан сақлаб қолди, биз ҳам буни ўлдирмайлик”, деган маслаҳатга келишибди. Қизни саҳрога олиб бориб қўл-оёқларини ечиб юборибдилар-да:
— Ҳамма бало сенинг ақлингда, хафа бўлма, ажалинг етмаган бўлса, кунингни кўриб кетарсан, — деб бир кўйлакни қонга бўяб подшога келтириб беришибди.
Қиз чўл-биёбонда ёлгиз ўзи қолиб, нима қилишини билмай, боши оққан томонга қараб кетаверибди. Йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юрибди. Кечга бориб, узоқдан бир ёлғиз гужумни кўрибди. Шу гужум томонга қараб кетаверибди. Яқин бориб қараса, гужумнинг тагида бир бостирма, бостирманинг олдидан тиниқ бир чашма шалдираб оқиб турган экан. Қиз аста бориб, уйнинг ичига қарабди. Уйнинг ичида ҳеч ким йўқ, ерга йиртиқ шолча ташланган, ҳар ер-ҳар ерда бўйра чўплари сочилиб ётган экан. Қиз уйга кириб, ҳалиги шолча устига ётибди-да, қаттиқ чарчаганидан дарров ухлаб колибди.
Бир оздан кейин қизнинг қулоғига уйқу аралаш бир овоз эшитилибди:
Отим Қулман девона,
Одамлардан бегона,
Турар жойим вайрона,
Дунё бевафо экан.
Қиз кўзини очиб қараса, сочлари жингалак-жингалак бўлиб ўсган, кўзлари ўтдек чақнаб ёниб турган бир бадбуруш одам тепасида турган эмиш. Қиз ирғиб ўрнидак туриб кетибди. Ҳалиги одам эса қаҳ-қаҳ уриб кулиб, ўз ашуласини айтаверибди. Қиз бир оз ўзига келиб, ундан:
— Сен кимсан? — деб сўрабди. Лекин у одам алжирайверибди. Қиз: “Бу жинни экан”, деб ўйлабди. Қиз ҳалига одамни бошлаб, чашманинг ёқасига олиб борибди. Унинг сочларини олибди, соқолларини тарабди, уст-бош кийимларини ювиб берибди.
Кунлар ўтаверибди. Қиз турли гаёҳлардан дори ясаб, ҳамма одамни даволай бошлабди. Олти ой деганда, ҳалиги девона тузалибди. Шунда у одам ўз бошидан ўтган воқеаларни бир-бир айтиб берибди.
— Менинг бу аҳволимга тушишимга хотиним сабабчи, “камбағалсан, мол-дунёинг йўқ”, деб мени ҳайдаб юборди. Хотинимни яхши кўрардим, икки йил саргардон бўлиб юрдим, ундан кейин нима бўлганимни ўзим ҳам билмайман, — дебди.
Қиз Қулманга хотин бўлиб, бирга яшайверибди. Йигит деҳқончилик қилар экан, ов қилар экан, хотини бўлса, одамларни даволар экан, гилам тўқир экан, кашта тикар экан.
Орадан икки йил ўтибди, турмушлари жуда яхши бўлиб кетибди. Бир ўғил, бир қиз кўришибди.
Кунлардан бир куни Қулманнинг хотини эрига:
— Агар кўнсанг, подшони вазирлари билан бир зиёфатга чақирамиз, — дебди.
Эри ҳам кўнибди. Подшо вазирлари билан Қулманнинг уйига меҳмон бўлиб келибди. Қиз подшога бўлган воқеаларнинг ҳаммасини бирма-бир айтиб берибди. Подшо ёмон хотинининг жабридан жони азобда қолган экан, унинг устига қизидан ажралиб, фарзандсизлик ўтида куяр экан. Қизининг ҳикоясини эшитиб подшо йиғлайверибди ва қилган ишига пушаймон бўлибди. Кейин ҳаммалари юртга қайтиб келишибди. Подшо янгидан тўй-томоша қилиб, қизини Қулманга никоҳлаб берибди. Қулман юртга подшо бўлиб, ҳаммалари мурод-мақсадларига етишибди.