Подшо, вазир ва бойўғли

Ўтган замонда бир подшо-ю бир вазир бўлган экан. Улар жуда золим, адолатсиз бўлганидан қашшоқ халқ адолатли подшо юртига кўча бошлабди. Бу ҳол подшо билан вазирни ҳам ташвишга солибди.
Бир куни вазир бир дарахтнинг ёнидан ўтиб кетаётиб, икки бойўғлининг гапларини эшитиб қолибди. Вазир “қани бойўғлилар нималар ҳақида гаплашар экан” деб, уларнинг гапларига қулоқ солибди, Бойўғлилардан бирининг ўғли, бирининг қизи бор экан. Иккови ўзаро қуда бўлмоқчи эканлар. Қизи бор бойўғли:
— Қалинга нима берасиз? — деб сўрабди.
— Сиз нима хоҳласангиз шуни бераман, — дебди ўғли бор бойўғли.
Шунда қизи бор бойўғли сайраб туриб:
— Қизимнинг қалинига ўнта чолдевор берсангиз бўлади, — дебди.
Ўғли бор бойўғли эса:
— Сиз бунчалик умидсизликка тушманг, аксинча, — деб давом этибди у, — агар ҳозирги подшомиз тахтда турса, манави иккиюзлама сотқин вазиримиз ҳам ўз вазифасида юрадиган бўлса, қизингизнинг қалинига ўнта эмас, элликта чолдевор бераман. Чунки икки золимнинг дастидан бечора меҳнаткаш деҳқонлар адолатли шоҳ ҳукмронлик қиладиган юртга кўчиб кетмоқда,—дебди.
Шундай қилиб бўлажак қудалар ўзаро келишиб учиб кетибдилар.
Вазир ҳам саройга келибди. Подшо эса:
— Нега бугун кеч қолиб келдингиз ёки бирор ерда ушланиб қолдингизми? Сабаби борми? — деб сўрабди вазирдан.
— Ҳа, кеч келишимнинг сабаби бор. Йўлда икки бойўғлининг ўзаро суҳбатини эшитиб, донг қотиб қолдим, — дебди вазир.
— Хўш, ўша икки бойўғли нималар ҳақида суҳбатлашишди? — деб қизиқибди подшо.
Вазир бойўғлилар ўртасида бўлган гапларни подшога айтиб берибди ва:
— Агар халқ зулмимиздан қочиб адолатли подшо ҳукмдорлик қиладиган мамлакатга кўчиб кетаверар экан, бойўғлилар қалин эвазига элликта эмас, ундан ҳам кўп чолдевор берадиган бўладилар, — деб давом эттирибди вазир.
Бу гаплар подшони ҳам ўйлатиб қўйибди. Подшо билан вазир шу кундан бошлаб адолатсизлик, золимлик, товламачиликдан воз кечиб, халқпарвар, адолатли бўлишга аҳд қилибди.