Подшо билан чўпон

Бир бор экан, бир йўқ экан, ўтган замонда бир подшо бўлган экан. У жуда ҳам отларни яхши кўрар экан. Шунинг учун ҳам юртидаги барча зўр отларни йиғиб, саройида отлар учун махсус отхона ва отбоқарлар тайинлаган экан.
Подшо ҳар куни ўзи отлардан хабар олиб турар экан. Бир куни борса, отлар фақат ҳадеб кишнар экан, улар анча озиб ҳам қолибди. Отбоқарлар уларнинг атрофида парвона бўлиб, ҳарчанд овқат ейишга ундасалар ҳам, отлар овқатга қарамаётган эмиш.
Шундан кейин подшо отбоқарларини чақиртирибди. Улар жуда қўрқиб, хафа бўлиб подшо ёнига келишибди. Подшо:
— Отбоқарлар, отларга нима бўлди? Нима учун отлар овқат емаяпти, озиб кетяпти?
Отбоқарлар икки букилиб, таъзим қилишибди. Шулардан бири:
— Эй, подшоҳи олам, бизнинг айбимизни кечиринг. Биз отларга кундалик овқатларни тарқатяпмиз. Лекин не сабабдандир овқатга қарашмайди, доим кишнаб безовта бўлишяпти, — дебди.
Шунда подшо вазирларини чақирибди, улардан ҳам маслаҳат сўрабди.
— Бу яқин ўртада яна от подаси борми? — деб сўрабди подшо.
— Бундан қирқ газ нарида отлар подаси бор. Балки шуларнинг овозига кишнаб, безовта бўлаётгандир, — дебди вазирлардан бири.
Подшо:
— Сизлар бориб ўша подани топинглар ва ҳамма отларнинг оғзига тўрва тутинглар. Овқатни ҳам тўрвага солиб беришсин, шундагина улар кишнамайди, сўнг бизнинг отларимиз ҳам тинчланиб, овқатларини ейди, — дебди.
Вазирлар ҳай-ё-хут деб йўлга чиқишибди, йўл юришибди, йўл юришса ҳам, мўл юришибди ва отлар подасига дуч келишибди. Улар чўпонни топиб, отларининг оғзига тўрва тутишни буюришибди, шунда чўпон ҳайрон бўлиб сўрабди:
— Эй вазирлар, не сабабли, мен отларнинг оғзини беркитаман? Ахир уларга бирор нарса бўлса, подшо менинг гўштимни нимта-нимта қилиб ташлайди-ку!
Шунда вазирлардан бири:
— Подшонинг ўзи шундай буйруқ берди. Сенинг отларинг кишнагани учун шаҳардаги отлар безовта бўляпти. Улар овқат емай, доим кишнаяпти, — деб жавоб берибди.
Чўпон ноилож отларнинг оғзига тўрва тутибди. Вазирлар қайтиб кетишгач, чўпон отларни бу аҳволдан қутқариш йўлларини излай бошлабди.
Бир туяни миниб, бир такани эгарга қўйиб, шаҳарга жўнабди. Шаҳарга етиб келгач, бозор ичидаги ҳамма ноғораларни камон ўқи билан отиб, ёриб кетаверибди. Бундан норози булган ноғорачилар подшога арз қилишибди.
Подшо:
— Ўша одамни саройга олиб келинглар, — деб буйруқ берибди. Улар чўпонни тутиб, подшо ҳузурига келтиришибди. Подшо чўпондан сўрабди:
— Хўш, сен нима учун бундай номаъқул ишларни қилиб юрибсан?
— Мен ҳеч қандай ёмон иш қилганим йўқ. Мен тоғдаги бир қабиладан чопар бўлиб келдим, — дебди чўпон.
Подшо кулиб:
— Сендан каттароқ, яхши кийинган, ақллироқ, соқоли узунроғи топилмадими? — дебди.
— Яхши кийинган, каттароқ дедингизми, мана кечагина туллаган туям, соқоли узунроғи дедингизми, мана соқоли уч қарич такам, ақллироқ дедингизми, мана ўзим, ҳаммасидан ақллироқ, — дебди чўпон.
Подшо қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборибди ва унинг ақлига қойил қолибди.
— Хўш, нима мақсадда келдинг? — деб сўрабди подшо.
Чўпон:
— Шаҳардаги ноғораларнинг товушига отларимиз овқат емай, озиб кетяпти, — дебди.
Подшо яна кулиб:
— Сенга нима бўлган ўзи, ҳеч замонда қирқ чақирим беридаги ноғораларнинг товушига ҳам сенинг отларинг овқат емайдими? — деб сўрабди.
Чўпон:
— Ахир қирқ чақирим наридаги отларнинг овозига сизнинг отларингиз овқат емай, озиб кетаётган эмиш-ку! — дебди.
Бу гапни эшитиб подшо ўзи берган буйруқни эслабди ва чўпонга:
— Сен енгдинг. Тила тилагингни, — дебди.
Чўпон:
— Беш ҳўкиз териси энлайдиган ер беринг, — дебди. Подшо кулибди ва дарров васиқа ёздириб, муҳр босиб берибди. Чўпон хурсанд бўлиб чиқиб кетибди ва ўз қишлоғига бориб, дўстларини йиғиб, бўлган воқеани айтиб берибди. Эртасига улар беш ҳўкизни сўйиб, териларини арқонга ўхшатиб майда-майда қилиб қирқишибди ва қозиқларни олиб йўлга тушибдилар.
Йўл юриб, шаҳарга етиб келишибди. Чўпон яна бир бор подшо ёнидан ўтибди. У:
— Хоҳлаган ерингдан олавер, майли, — дебди. Шунда чўпон подшонинг ўзи ҳам бирга боришини сўрабди. Подшо яна кулиб, чўпон билан бирга боришга рози бўлибди. Чўпон ипларни қозиқларга боғлабди ва шаҳарни айланиб, қозиқларни йўл бўйи қоқиб кетаверибди. Ип бутун шаҳарни эгаллабди-ю, тугабди. Подшо таажжубланиб, ҳайрон бўлибди. “Наҳотки менинг шаҳрим беш ҳўкиз терисига сиғса”, дебди. Чўпон ипларни ўз жойига бирлаштириб, бешта ҳўкиз терисини кўрсатибди. Шунда подшо мот бўлганини билибди. Ўз ўрнига чўпонни подшо қилиб қўйибди ва ўзи шаҳардан чиқиб кетибди. Чўпон ўз дўстларини амалдорлар ўрнига қўйибди. Халқ тинч, шод ҳаёт кечирибди.