Ҳозиржавоб вазир

Бир подшо бор экан. Унинг вазирини ҳамма доно вазир деб ҳурмат қилар экан.
Бир куни подшо вазирининг донолигини синамоқчи бўлиб:
— Бир емакка нима яхши? — деб савол берибди.
Вазир ҳам оғзидан чиқиши билан ёқасига ёпиштиргандек:
— Тухум! — деб жавоб берибди.
Подшо жилмайибди. Орадан бир йил ўтганидан сўнг яна сўрабди:
— Нима билан?
Вазир бу саволни кутиб тургандек:
— Туз билан, — деб жавоб берибди.
Шундан кейин подшо вазирининг донолигини яхши англаб таҳсинлар ўқибди.