Қози

Ўтган замонда бир эр-у хотин бўлган экан, Улар бир-бирлари билан жуда аҳил яшар эканлар, уйларида қўй-эчкилари ва товуқлари кўп экан. Рўзғорлари бут, ўзларига тўқ яшашар экан.
Нима бўлибди-ю, эр-хотин арзимаган нарсага жанжаллашиб қолишибди. Кейин улар ажрашмоқчи бўлишибди ва қозининг ёнига бориб, бўлган воқеани айтиб беришибди. Шунда қози:
—    Уйингларда нималарингиз бор? — деб сўрабди.
— Уйимизда мол-пол, гилам-пилам, қўй-пўй, эчки-печки, товуқ-мовуқ каби нарсаларимиз бор, — деб жавоб берибди эри.
Шундай қилиб уйдаги бор нарсаларни шу йўсинда айтиб чиқибди.
Қози:
— Бораверинг, мен ҳозир бораман — дебди.
У киши энди уйига етиб келган экан, қози ҳам кириб келибди ва нарсаларни ажрим қила бошлабди, бирма-бир номини айтиб: “мол хотинингизга, пол сизга, уй хотинингизга, пуй сизга, гилам хотинингизга, пилам сизга” қабилида ҳамма нарсаларнинг ярмини хотинига, уларларнинг аксини эрига тақсимлабди. У кишига фақат кейинги нарсалар тегибди. Шунда у киши;
— Нарсаларнинг ҳаммасини тенг қилиб бўлишингиз керак эди-ку? — дебди.
Қози эса:
— Ўзингиз айтган нарсаларнинг ҳаммасини тенг ўртасидан бўлдим, — дебди,
У киши айтган гапларига пушаймон бўлиб, индамай қолаверибди.