Қози билан бой

Бор эканда йўқ экан, оч эканда тўқ экан. Зомин юртида бир бой бор экан, унинг бир новчаси бор экан.
Кунлардан бир куни бой бир нарсадан жаҳли чиқиб, новчасини ҳайдаб юборибди. Новча аразлаб Зомин қозисининг олдига борибди. Қози:
— Ҳа, нима арзинг бор? — дебди. Новча:
— Арзим бор-у, тақсир қози бува, овлоқ бўлса айтаман, — дебди. Шунда қози ўйланиб туриб, кўнглида “Бунинг авзойидан бирор гапи борга ўхшайди, овлоқ қилиб гаплашиб кўрайин” деб, олдидаги мулозимларини чиқариб юборибди, сўнгра ҳалиги новчага:
— Гапир, қани энди, — дебди. Новча:
— Тақсир, фалончи бойга новча бўлиб юрган эдим, ҳақимни бермай қувиб юборди. Энди шуни нима қиламиз, қози бува? — дебди. Қози сўрабди;
— Ойига неча пулга юриб эдинг? Новча айтибди:
— Тақсир, тўққиз ойга олти юз тангага юриб эдим, бир пул бермасдан қувиб юборди.
Қози ўйлаб туриб:
— Ундай бўлса, сен берадиганингни айт, мен уни ўзим созлайман, — дебди. Новча:
— Тақсир, ундирсангиз учдан бир қисми сизники, — дебди. Қози:
— Уч юз тангасини сен ол, уч юз тангаси менга бўлсин. Сен маҳкам бўлсанг бўлгани. Тағин мабодо ярмини берса, алданиб, кўниб қўймагин, — деб тайинлабди. Бойни мен айтиб келтираман, бой келгандан кейин ундай деган, бундай дегин деб қози новчага сўз ўргатибди. Кейин новчага жавоб бериб, эрта билан Зомин бозоридаги қозихонага келишини уқтирибди. Новча шундан кейин кетибди.
Эрта билан тонгда қози туриб, чой ичибди, отланиб, Зоминнинг бозорига келиб, қозихонада ўтирибди ва бойни чақиртирибди. Бир оздан кейин бой келибди. Қози бойга бўлган гапни айтса, у:
— Тақсир, арз қилиб келган новчани, ундай фалокатни олдингиздан уришиб ҳайдаб юбормадингизми? — дебди. Шунда қози жаҳл қилиб, бойни ота-онаси қолмай сўкаверибди. Шу орада новча ҳам келиб қолибди. Қози бойга:
— Бунинг ҳақини еб кетолмайсан, ҳозир ўтирган жойингда топиб берасан, — дебди. Кейин бой ўйлаб туриб англабдики, новча қозига бир нарса беришга ваъда қилган. Бой пайт пойлаб туриб, новчанинг кўзини шамғалат қилиб қучоғини очиб, имлаб қозига кўрсатибди. Қози унга ер остидан кўз ташлабди. Кейин бир оз ўйлаб туриб хаёлга кетибди. “Новчанинг берадиган нарсаси уч юз танга, уни ҳам бойдан олсагина беради, бойнинг имлаб кўрсатган нарсасида бир бало борга ўхшайди, шу бойнинг ваъдасидан қолмай, бир қучоқ нарсани ваъда қилди, агар шунинг ҳаммасини берса, бир нарсали бўлиб қоламан”, дебди қози ичида. Шу орада қози яна аста бошини кўтариб кўз ости билан бойга қарабди. Бой яна қулочини ёзиб, бир қулоч деб имлабди. Шунда қозининг юрак-бағри ундан баттар ўртаниб кетибди. Қози кўнглида, “Энди бу новча падар лаънатини бир сўкаман, ҳақидан кечиб, бир дўқ билан йўқ бўлиб кетсин”, дебди. Қози энди новчани сўка кетибди:
— Падар лаънати, туҳматчи, ўғри, йўқол, кўзимга кўринма! Ҳозир жазога ҳукм қилиб юбораман, — деб сиёсат қилибди. Кейин ҳалиги новча қўрқиб, юраги ёрилай дебди. Қози “олти ойлик жазога ҳукм қилиб юбораман” дегандан кейин новчанинг жон-пони чиқиб кетибди, “ҳақ олмасам ҳам гўрга”, деб қозихонадан орқасига қарамай қочиб чиқиб кетибди. У кўздан йўқолгач, қози бойга қараб секин ишорат қилиб:
— Қани, ҳалиги айтган нарсани олиб келинг, — дебди. Бой ўрнидан туриб бозор оралаб кетибди. Ана энди қозининг димоғи чоғ бўлиб, қувонганидан юраги ёрилгудай бўлибди. “У бир қучоқ нарса нима бўлди экан? У бир бўлса бир хум танга ё бир хум тилла бўлади, қачон олиб келар экан”, деб юраги орзиқиб кетаверибди. Қозининг икки кўзи бойнинг йўлида экан. Бой бозор оралаб кетганича тўғри тарвуз бозорига борибди. Бориши билан ҳўкизнинг белидай бир катта тарвузни бир мирига олиб, қучоқлаб жўнабди. Бой ҳовлиқиб қозихонага етиб келибди. Қози ўтирган еридан чўзилиб қараб, ўйлабди: “Оббо бой бува тушгур-е, қозига бир яхши тарвуз ҳам олиб берай дебди-да”, деб ичида қувониб қўйибди. Бой шу орада тарвузни олиб келиб қозининг олдига қўйибди. Шунда қози:
— Бой бува, тарвуз бозорига ҳам борибсиз-да? — деса, бой:
— Ахир бизнинг бир феъллигимиз худога ёқиб, худо бизга шунчалик давлатни бериб, бой қилиб қўйибди-да, ваъда қилгандан кейин ваъдада турамиз-да, тақсир, — дебди.
Бойдан бу сўзни эшитган ҳамон қозининг юраги шув этиб кетибди. Бой шу орада тарвузни сўйиб, бир палласини каржлаб, қозининг олдига қўйибди, яна бир палласини каржлаб ўзининг олдига қўйибди. “Олинг тақсир”, деб қозини тарвуз ейишга таклиф қилибди. Улар иккови икки палла тарвузни еганича еб, қолганини қолдиришибди. Кейин қози кўз ости билан ҳар замон-ҳар замон бойга қараб ўтира берибди. Сўнг бой:
— Бизга жавоб, тақсир, тарвузни бўлса едингиз, ҳалиги новчанинг гапига кўп қулоқ солаверманг. Келаси бозор тағин бир яхши тарвуз олиб бераман, — дебди. Қози:
— Бой бува, бошқа гапни қўйинг, боягини олиб келинг, — дебди. Бой:
— Тақсир, одамни калака қилманг, бу гапингазга мен тушунмадим, бу нима деганингиз? — дебди. Қози:
— Бойбува, эсингиздан чиқдими, боя бир нарсам бор, бераман, демадингизми? Сиз шундай қилиб бир қучоқ нарсам бор, бераман, деганингиздан кейин, мен ҳалига камбағални сўкиб юбордим, — дебди. Бой:
— Ҳа, тақсир, энди тушундим, у бир қучоқ, деб кўрсатганим мана шу тарвузнинг ўзи эди, едингиз-ку,— дебди. — Бу бир қучоқ бўлмай нима, ўзингиз кўрдингиз-ку, қучоғимга сиғмай лапанглаб зўрға кўтариб келдим. У кекирдагингиздан ўтиб кетди. Энди бундан бошқа нима берар эдим, сизга.
Қози эса “сизнинг ваъдангизга ишониб, ўзимнинг камбағалимдан айрилдим, шу замоннинг бойининг ҳам, камбағалининг ҳам айтган сўзига ишониб бўлмайди”, деб сўкинибди.
Бой ўрнидан туриб чиқиб кетаётиб:
— Тақсир, ҳар нарсага ҳам жаҳл қилманг. Эрта бозор олдингизга тағин бир тарвуз олиб келаман, — деб чиқиб кетибди. Қози яна ўйлаб, “ҳалиги айтган бир қучоқ нарсасини бу бозор олиб келса ҳам ажаб эмас” деб хомтама бўлиб қолаверибди. Лекин бу бозор ҳам қози бойдан ҳеч нарса ололмай, лаби гезариб, пайшанбадан қайтган ғунажиндай бўлиб уйига қайтибди. Новчани бекордан-бекорга сўкиб ҳайдаганига роса афсусланиб юраверибди.