Ота насиҳати

Бор экан-да, йўқ экан, оч экан-да, тўқ экан, бир деҳқон ўтган экан. Унинг учта ўғли бор экан. Уч ўғлидан иккитасини уйлантириб, жойлаган экан. Улар ўз оилалари билан алоҳида бўлиб чиқиб кетишган экан.
Кенжа ўғли отаси билан қолибди. Отаси анча кексайиб қолган экан, бир куни касал бўлиб ётиб қолибди. Шунда ўғлини чақириб, шундай насиҳат қилибди:
— Мендан кейин сен узумнинг тагига яхши қарагин. У ердан албатта, бойлик топасан.
Кўп ўтмай, отаси ўлибди. Йигит отасини кўмиб келгач, узум тагини роса ковлабди, лекин ҳеч нарса топа олмабди. Йигит нима қилишини билмай, бир кекса чолга бориб, бўлган гапларни айтиб берибди. Шунда чол:
— Отанг сенга «қанчалик узумнинг тагини яхши ишласанг, шунчалик кўп ҳосил оласан ва бойиб кетиб, яхши яшайсан», деган дебди.
Ростдан ҳам, ўша йили йигит узумнинг тагига яхши қарабди, кўп меҳнат сарфлабди. Узум ҳам жуда кўп қилибди, йигит уларни сотиб, бойиб кетибди.