Орзижон билан Қамбаржон

Бир замонда бир подшоҳ ўтган эди. Унинг Қамбаржон деган ўғли бор эди. Қамбаржон бир куни тушида Канъон подшоҳининг қизи Орзижонни кўриб, у билан ширин суҳбатлар қурди. Ҳар иккиси бир-бирини яхши кўриб, ишқ-муҳаббат изҳор қилишди. Қамбаржон уйқудан уйғонса, кўрганлари туш эди. Аммо Орзижоннинг ишқи унинг юрагидан чуқур ўрин олди. Усиз туришга сабр-тоқат қила олмади. Қандай қилиб бўлса ҳам Орзижоннинг васлига етишиш учун аҳд қилиб, отасидан рухсат сўради. Подшоҳ ўғлининг ишқ савдосига тушганини билди, йўлдан қайтаришнинг иложини топмай, унга ўн саккиз минг аскар қўшиб берди.
Қамбаржон ўн саккиз минг аскарни эргаштириб, “Орзижон ёримнинг, танамдаги жонимнинг Канъон деган шаҳри қайдасан?” деб йўлга равона бўлди. Йўл юрди, йўл юрса ҳам мўл юрди. Ниҳоят Канъон шаҳрига етиб бориб, чодир-чаманини қуриб ёта берди.
Канъон шаҳрининг подшоҳига: “Шаҳарни аллақандай аскарлар келиб ўраб олди!” деган хабар етди. Подшоҳ элчи чиқарди ва элчига:
— Бориб билинглар-чи. Бу келган аскар ўткинчи аскармикин, ё бизга ёв бўлиб келганмикин? — деди.
Элчи шаҳар дарвозасидан чиқиб, аскарни оралаб: “Сизларнинг катталарингиз қаерда?” деб сўроқлаб, Қамбаржоннинг чодирига борди. Отдан тушиб, шаҳзодага таъзим қилиб, подшоҳнинг номасини топширди. Қамбаржон номани олиб ўқиб кўрса, Канъон подшоҳи: “Бу келган аскар ўткинчи аскарми, ё бизга қарши душман бўлиб келган аскарми?” деб ёзибди. Қамбаржон хатга жавоб ёзиб, элчига топшириб айтди:
— Сен элчи экансан. Элчига ўлим йўқ! Мен Канъон подшоҳининг қизи Орзижонни тушимда кўриб, унга ғойибона ошиқи беқарор бўлиб, ўн саккиз минг аскар билан келганман. Подшоҳингга айтгин, яхшилик билан қизини берса, берсин! Яхшилик билан бермаса, майдонга чиқсин! Ким хўроз, ким макиён, билишайлик, — деди.
Элчи қўл қовуштириб:
— Хўп, сизнинг гапингизни подшоҳимга етказаман! — деб қайтиб кетди. Элчи бориб, Орзижоннинг отасига Қамбаржоннинг хатини топшириб, айтди:
— Эй, подшоҳи олам! Бу келган аскарлар қизингиз Орзижоннинг ишқида келган экан. Буларнинг шаҳзодаси Орзижонга ғойибона ошиқ бўлиб келибди: “Подшоҳингга бориб айтгин! Қизини яхшилик билан берса берсин, яхшилик билан бермаса, майдонга чиқсин!” деб айтди, — деди.
Подшоҳ элчидан бу хабарни эшитиб, ўрнидан туриб кетиб:
— Дод! Фарёд! Бормисан, менинг тузимни еганлар, суҳбатимда ўтирганлар! Бегона бир шаҳзода қўшин тортиб келиб, зўрлик билан менинг қизимни тортиб олиб кета берадими? Бу менга қандай ор, қандай номус! Одам йўқмики, чиқиб шу ёвни қайтарса, ўша кишига бир қошиқ сув билан қизим Орзижонни никоҳ қилиб берсам! —деди. Аммо ҳеч кимдан садо чиқмади. Подшоҳнинг яхши отини минганлар, яхши тўнини кийганлар, яхши ошини еганларнинг ҳаммаси ғинг демасдан, бошларини ерга солиб ўтира берди. Ўша шаҳарда бир жодугар кампир бор эди. Шу жодугар чиқиб айтди:
— Тақсир! Мен чиқиб шу душманни қайтарсам, қизингизни ўғлим Аршинбойга берасизми? — деди. Подшоҳ:
— Ҳе, бормисан! Тез қайтар! Қизимни ўғлингга, албатта, бераман! — деди. Шунда жодугар кампир:
— Бўлмаса, қизингизни ўғлимга беришликка тилхат ёзиб, муҳрингизни босиб беринг! — деди. Подшоҳ вазирга буюриб, тилхатни ёздириб, муҳрини уриб берди. Шунда кампир подшоҳга айтди:
— Энди иш битди. Орзижоннинг қирқта канизи, қирқта энагасини менинг ихтиёримга берасиз. Шуларнинг ҳаммасига қора либос кийдириб, белларига қора белбоғ боғлатиб, қўлларига қора рўмол берасиз! — деди.
Подшоҳ айёр кампирнинг айтганларини қилдириб берди. Айёр кампир канизак ва энагаларга:
— Йигирматанг бу ёнимга ўтасан, йигирматанг бу ёнимга ўтасан, қолганинг орқамдан эргашасан! Сизлар “Вой, хожам!” деб йиғлайсизлар, мен: “Вой, Орзижон қизим!” деб йиғлайман. Шу аҳволда дарвозадан чиқиб, келган аскарлар ўртасидан йиғлаб ўтиб кетамиз!” — деди. Булар айёр кампир айтгандай қилиб, бор овозлари билан ҳўнграб, бақириб йиғлаб, аскарнинг орасидан ўтиб кетаётганда, шаҳзода буларнинг йиғи-сини эшитиб, ўрнидан сакраб туриб, вазирига айтди:
— Бу нима ҳодиса? Орзижон ўлибди-да! Биз унинг азасига келган эканмиз-да?! — деди. Шунда Қамбаржон шотирларини чақириб:
— Тезда отимнинг айилларини қаттиқ тортиб олиб келинглар! Мен қабристонга бориб, Орзижоннинг ўлган-ўлмаганлигини билиб келаман! — деди. Шотирлар дарров отни тайёрлаб олиб келишди. Қамбаржон отга минди. От ўйнатиб, қабристонга етиб борди. Борса, ҳалиги қора кийган хотин-қизларнинг ҳаммаси қабристонни қучоқлашиб йиғлаб ётибди. Шунда Қамбаржон кампирга айтди:
— Ҳой кампир! Кимингиз ўлган?
Кампир айтди:
— Канъон подшоҳининг қизи Орзижон бош оғриғи касалига гирифтор бўлиб, уч кеча-ю уч кундуз қаттиқ дард тортиб, ўлиб қолди. Шунга аза тутиб, уч кундан бери келиб йиғлаб кетяпмиз, — деди.
Бу гапни эшитгач, шаҳзоданинг тарвузи қўлтиғидан тушиб, аскарларининг олдига хомуш ҳолда етиб борди. Аскарларини тўплади ва уларга айтди:
— Орзижон ўлган экан! Энди иш тугабди. Сизларга жавоб. Ҳаммаларингиз қайтиб кетаверинглар! Мен қоламан. Жаҳонгашта бўлиб, оламни кезаман. Қачон Орзижонга ўхшаган ёр топаман, ундан кейин ота юртига қайтиб бораман! — деб, келган аскарларни орқасига қайтариб юборди.
Ўзи эса шаҳзодалик либосларини ташлаб, бир қаландарга бир дона дур бериб, унинг жандасини олиб кийди-да, қаландар тахлитига кириб, бир гўлаҳга бориб, Орзижоннинг ишқида оҳ тортиб, кул титиб етти йил ётди.
Қамбаржоннинг аскарлари қайтиб кетгандан кейин жодугар кампир Аршинбой ўғлини подшоҳга олиб келиб:
— Мана куёвингиз! Энди қизингизни бунга никоҳлаб беринг! — деди.
Кунларнинг бирида Орзижон ҳам туш кўриб, тушида Қамбаржон билан ўзининг авғон боғида гуллар орасида сайр қилган эди. Шундан бери унинг ишқида оҳ уриб, кўкрагини захга бериб: “Мен касалман!” деб ётиб олган эди. Канизаклари унинг тепасидан кетмай, елпиб, уқалаб турар эди. Қизининг касаллиги сабабли отаси уни эрга бера олмас эди. Шундай қилиб Орзижон ҳам Қамбаржоннинг ишқи ўтида етти йил куйди. Қамбаржон:
“Мен етти йил қаландарлик қилдим. Қаландарлик ҳам жонга тегди. Энди атторлик қилайин!” деб бозорга бориб, атторлик молларини сотиб олиб, хуржунга солиб, елкасига ортиб, ёрининг ишқида етти йил атторлик қилди. Орадан ўн тўрт йил ўтди. Малика ҳам Қамбаржоннинг ишқида ўн тўрт йил оҳ уриб ётди.
Қамбаржон: “Мен ёрнинг ишқида етти йил қаландарлик қилдим, етти йил атторлик қилдим. Аммо бирор марта ҳам ёр аркининг тагидан ўтмадим. Энди шу аркнинг тагидан ўтайин. Унинг босган тупроқларини кўзимга сурайин, ёрнинг юрган-турган ерларини кўриб, кўзларим қувонсин! Ёрнинг канизакларидан бўлса, чиқиб савдо қилса, улар билан гаплашсам, юрак ўтим сал босилармикан?” деб, Орзижон аркининг тагига: “Сақич кетди-ё! Упа кетди-ё! Атир кетди-ё! Ипак кетди-ё!” деб келиб қолди. Қамбаржоннинг товуши беҳол ётган Орзижоннинг қулоғига ёқимли эшитилиб, юракларини ўйнатиб юборди. Орзижон шу куни ўрнидан туриб, чинни ҳовузда чўмилиб, баданларига мушк-анбарларни сепиб, неча алвонларни кийиб, ўзига жилва бериб ўтирган эди. Шунда малика кўчага қараб, атторни кўриб:
— Ҳой, канизларим! Тушимда кўрган ёрим, танамдаги жоним шу атторнинг худди ўзи. Тезда туринглар! Хазинамдан бир сиқим дур олиб чиқиб бериб, сақич, ипак олиб келинглар! —деди.
Канизлар дурни олиб, чопқиллашиб арк тагига чиқиб, аттор отининг жиловидан ушлаб:
— Хожамизга сақич, ирак, хина беринг, — деди. Шунда аттор сўради:
— Сизларнинг хожаларингиз ким?
Канизлар:
— Бизнинг хожамиз Канъон подшоҳининг қизи Орзижон деган малика-да! — деди, шунда аттор:
— Орзижон деган маликанинг ўлганига ўн тўрт йил бўлди-ку! Гўридан қамишлар кўкариб чиқди-ку! —деди. Шунда канизлар айтди:
— Э, калла деб қовоқни кўтариб юрган экансиз-да! Маликамиз ўн гулидан бир гули очилиб, равоғида ўтирибди. Ана, қаранг! — дейишди.
Қамбаржон аркка шундай қараса, Орзижон ёри ўн гулидан бир гули очилиб, гавҳардан ясалган олмани қўлида ўйнаб ўтирибди. Қамбаржон қараши билан Орзижон қўлидаги олмани шаҳзоданинг кўкрагига отиб юборди. Шунда шаҳзода “Оҳ!” деб, отнинг тагига йиқилиб тушди. Қизлар унинг тепасида чуғурлашиб қолишди. Шаҳзода бир соатдан кейин ҳушига келиб, хуржундаги атторлик молларининг ҳаммасини қизларнинг этагига тўкиб берди ва: “Худога шукр! Ёрим ўлмаган экан! Энди тоғга борайин. Кийик тутайин. Кейин кийикни ёримга совға қилиб олиб келиб, унинг ўрдасига қўйиб юборайин, кейин ёримни кўрайин!” деб отига миниб, тоғга қараб чиқиб кетди.
Малика: “Мен унинг ишқида ўн тўрт йил куйиб ўтирган бўлсам! Мен билан бир йўла кўришмай, олдин кийик олиб келай, сўнгра кўришаман деб тоғга чиқиб кетди! Мен кийикка зормидим?!” деб Қамбаржоннинг орқасидан бу ғазални ўқиб қолди:

Белингда давот, қалам-ай,
Қўлингда Каломулло-яй.
Китоб очиб қарагин-ай,
Ёрга салом бормикин-ай!

Шунда шаҳзода, Орзижоннинг байтини эшитиб, отнинг бошини тўхтатиб: “Иййи! Мен ёримга салом қилмабман-а! Энди мен ҳам бир байт айтиб, кўнглини олайин!” деб бу байтни айтди:

Белимда давот қалам-ай,
Қўйнимда Каломулло-яй.
Китоб очиб қарасам-ай,
Ёрга салом йўғакан-ай!

Бу гапни эшитиб, маликанинг қаҳр-у ғазаби келди ва ёрига қараб, яна тўрт мисра байт ўқиб:

Овгинанг ов бўлмасин-ай, йигит-ай,
Довгинанг дов бўлмасин-ай, йигит-ай.
Бир кийикни қувлашиб-ай, йигит-ай,
Синиб келсин қўлгинанг-ай, йигит-ай, —

деб, ёрини дуойибад қилиб юборди.
Шаҳзода тоғнинг тагига етиб бориб, отининг айилини бўшатиб, тоғга ҳайдаб, ўзи отининг думидан ушлаб, тоғга чиқиб кетди. Тоғнинг тепасига чиқиб, отини арчанинг шохига боғлаб, у ёқ-бу ёққа қараса, тоғнинг чўққисида бир кийик аланглаб турибди. Шу кийикни ушлаб оламан деб, чўққига чиқиб кетди. Кийик буни кўриб қочди, у кийикни қувлади. Шунда бир тошнинг тепасидан сирғалиб йиқилди. Ўнг қўлининг билаги синиб, пачақ-пачақ бўлиб, кўнгли кетиб қолди. Шаҳзоданинг оти уни кўрди-ю, бир силкиб, нўхтани узиб, унинг тепасига етиб борди. Эгасини кўриб, кўзларидан ёшини оқизиб, сувлуғини чайнаб, устида мотам тутиб тура берди. Шаҳзода ҳушига келди. Кўзини очиб қараса, оти тепасида мотам тутиб турибди, ўзининг қўли синиб қолибди. Шаҳзода даст ўрнидан турди. Белидаги иккита заррин рўмолини ечди. Бири билан қўлини ширалаб боғлади. Бири билан қўлини боғлаб, бўйнига осди. Кейин отини етаклаб, пастга тушди. Пастга тушиб, отини минай деса, минолмайди. Не машаққатлар билан бир катта тошнинг устига чиқиб, аранг отнинг устига ўзини олди. Яна ёри равоғининг тагига бориб, беш байт ўқиди:

Айтганинг айтган келди-ёй,
Деганинг деган бўлди-ёй!
Овгинам ов бўлмади-ёй,
Довгинам дов бўлмади-ёй.
Бир кийикни қувлашиб-ой,
Синиб келди қўлгинам-ой.
Хонга борайми додга-ёй,
Бекка борайми арзга?
Бир мусофир бошимни
Кимга айтиб йиғлайин-ой?

Ёрининг бу ноласини эшитиб, маликанинг сийлайи раҳми келди. Ёрига қараса, гулнинг баргидай ранги сарғайган, заррин рўмол билан қўлини боғлаб, бўйнига солган. Ёри ярадор бўпти. Шунда Орзижон заррин рўмолини қўлига ушлаб, бу ҳам икки байт ўқиди:

Хонга бормагин додга-яй,
Бекка бормагин арзга-яй.
Бошимда қўшоқ рўмол-ай,
Бирини олиб, боғлаб ол-ай, —

деб, қўлидаги рўмолини пастга ташлаб юборди. Шунда маликанинг ишқ-муҳаббати жўш уриб кетди. Сабри чидолмай, ўрнидан қўзғалиб етти канизи билан равоғидан пастга тушиб, дарвозанинг биқинига келиб, ёрининг аҳволини кўриб, юраги тўлиб, қайғуриб, равоғига чақириб, унга дори-дармон қилишга илож топмай:
— Сиз фалон ҳовлига боринг. Унда менинг бир энахоним туради. Шунга бориб, эшигини тақиллатсангиз, чиқади:
— Нимага чақирдинг? — деса:
— Ўғли йўққа ўғил бўламан, қизи йўққа қиз бўламан! — десангиз, сизни ўғил қилиб олади. Шуникида юраверасиз. Иккимиз шу кампир орқали алоқа қиламиз. Нима гапингиз бўлса, унга айтасиз, у сизнинг гапингизни менга келиб айтади, менинг гапимни сизга бориб айтади, — деди.
Бу кампир ўзи жодугар эди. Бир еганда қирқта қўйнинг гўштини еб қўяр эди, бир ичганда қирқ меш сувни ичар эди.
Шунда Қамбаржон ёри билан хайрлашиб, отини миниб йўлга тушди. Тоқ-тоқиён бориб, қамчисининг сопи билан кампирнинг эшигини урди. Шунда кампир:
“Эшикни ким тақиллатди?” деб ўрнидан тура келиб, эшикни очиб қараса, бир ғулмондай гўзал йигит от устида турибди. Кампир Қамбаржоннинг ҳусн-жамолини кўриб, беҳуш бўлиб йиқилди. Қамбаржон бу ишни кўриб: “Энди қизиғи чиқди-ю! Бу кампир мендан қўрқиб кетиб ағанаб тушди. Башарти юраги ёрилиб ўлиб қолса, кетидан ўғиллари чиқиб, онамни ўлдириб қўйибсан, деб менга осилса, унда нима бўлади?” деди. Кейин: “Агар қайтиб кетсам номардлик бўлади”, деб отдан тушиб қараса, кампирнинг жони бор. Шунда шаҳзода бир қўли билан этагини ушлаб, кампирни елпиди. Кампир бир соатда ҳушига келди, кўзини очиб, бошини кўтариб, ўрнидан турди. Шаҳзода яна кўчага чиқиб, отига миниб турди.
Шунда жодугар кампир шаҳзодани от-поти билан кўтариб, ҳовлига олиб кириб кетди. Ўзини отдан кўтариб олиб, уйига олиб кириб, саккиз қават кўрпанинг устига ётқизди. Отини отхонага олиб кириб боғлади. Қамбаржоннинг қўлини ечиб, иссиқ сув билан ювиб, неча хил дориларни суртиб, боғлаб қўйди. Дарров маскаёғдан мулойим овқатларни пишириб келиб, олдига қўйди. Шаҳзода овқатлардан танаввул қилиб, ётиб ухлади.
Кампир ҳар куни аср билан шом ўртасида уйини беркитиб чиқиб кетар ва Орзижоннинг равоғига бориб, у билан суҳбатлашар, туни билан унинг ўнг биқинида ётиб, эрта билан яна уйига қайтиб келар эди. Қамбаржон уйқудан уйғонди. Кампир:
— Болам, мен маҳаллада юриб, бола туғдирадиган эначи хотинман, ҳозир подшоҳ саркардаси хотинининг тўлғоғи бор экан. Ҳали келиб айтиб кетган эди. Шунга бориб, хотинини туғдириб, эрта билан келаман. Сен тилсим уйда ётасан. Ташқарига чиқма! Эшикда катта қопоғон ит бор. Чиқсанг ўн жонингдан бир жонингни қўймайди: мен эшикни беркитиб кетаман. Эрта билан келиб очаман, нима гапинг бўлса, эрта билан гаплашамиз, — деди.
Кампир шаҳзодани уй ичида қолдириб, маликанинг олдига кетди.
Малика ёрининг ишқида куйиб, унинг учун оҳ уриб, қирқ ўрим узун қора сочларини барақ-барақ қилиб ёзиб ташлаб, қирқин қизлари билан ўтирган эди. Малика: “Кампир энамнинг дараги бўлмаяпти. Нимага кеч қолди экан?! Ёрим омонми? Ёки кампир тириклайича ютиб қўйдими?” деб, икки кўзи кўчада бўлиб турди. Малика узоқдан кампир энасини кўриб:
— Ҳе она! Тезроқ келинг! Ёримни ангқатмай-чангқатмай, ёмон сўз айтмай, парда ичида сақлаяпсизми? — деди. Шунда кампир маликадан бу гапни эшитиб, синчалагини тишлаб, тўхтаб қолди:
— Мен сенинг ёринг эканлигини билмабман! — деди. Маликанинг кўнглига ғулғула тушди. — Агар билганимда паранжимга ўраб олиб келиб, қўйнингга солиб қўймасмидим! Қоғоздек ғижимлаб ётар эдинг! Эрталаб яна олиб кетар эдим, — деди кампир. Бу гапни эшитиб, малика дилжам бўлди ва:
— Ёримни эшикка ётқизмабсиз-да! Эшикда ётқизганингизда мен ёримга шуъламни солиб ётар эдим, — деди. Малика оппоқ тонг отгунча ёрининг ҳасратидан гапириб чиқди. Кампир:
— Қўрқма, қизим! Ёр ҳамма вақт ўзингники, — деди.
Энди бир калима сўзни шаҳзодадан эшитинг. Қамбаржон салтанат кўрпанинг устида ётиб, мен ёрнинг ишқида ҳар қадамимда қазога ризо бўлиб, йўлга чиққанман. Энди бир итдан қўрқиб ташқарига чиқмай ўтираманми? Якканинг ёри худо, йигит сўзидан, йўлбарс изидан қайтмайди, деб бориб эшикнинг бир қанотини кўтариб, турумини чиқарди. Калласини ташқарига чиқариб, “аҳҳа”, “аҳҳа” деб йўталди. Аммо ҳеч ердан итнинг шарпаси келмади. Шунда Қамбаржон яланғоч қиличини елкасига қўйиб, ташқарига чиқиб қараб турса, ёрининг шуъласи тушаётган эмиш. “Бу шуъла қаердан келяпти экан? Ёки ёримнинг шуъласимикан?” деди. Атрофни айланиб, шуълани топаман деб, кампир-нинг авғон боғига кириб қолди. Авғон боғнинг меваларидан еб юриб, қўшни боғга тушди. Бу боғ Орзижоннинг боғи эди: “Бу боғ ёримнинг авғон боғимикан? Ёримнинг авғон боғи бўлса, эшигини топиб, турумини кўтариб очиб, ичкари ўрдага кириб, ёрим уйқуда ётган бўлса, шакар лабидан бир бўса оламан!” деди. Этагини турмушлаб, қиличини елкасига қўйиб, боғнинг эшигини топди. Эшикнинг турумини кўтариб очди. Ичкари ўрдага кирди. Ёрининг равоғига бориб, қирқ зинали равоққа чиқиб кетди.
Равоққа чиқиб қараса, ёри қирқ қават адрас кўрпанинг устида бир савам пахтани ташлаб қўйгандек, ҳамма ёққа шуъла сочиб ётибди. Ўнг биқинида ҳалиги жодугар кампир, чап биқинида қирқ канизаги қаторлашиб, ҳаммаси қатор тизилишиб ётибди. Ёрининг йигирмата кокили чап тарафига, йигирмата кокили ўнг тарафига чулғаниб ётибди. Қамбаржон аста бориб ёри ётган тахтнинг тепасига чиқди. Унинг ойдай жамолини кўриб, юраги дукуллаб уриб кетди. Орзи-жоннинг елка тарафига қўлини ташлаб, юзидан бир ўпиб, тушиб кетди. Ёри қаттиқ уйқуда эди, билмай қолди. Қамбаржон: “Худога шукр! Ёримнинг васлидан менга бир луқма насиб бўлди! Ўлган танамга жон кирди!” деб, секин пастга тушди. Эшикнинг турумини жойига солиб, ёрининг авғон боғидан кампирнинг боғига ўтиб, кампирнинг уйига кириб, эшигининг турумини яна ўз жойига солиб, ўрнига бориб ёта берди.
Вақт субҳи содиқ бўлган эди, малика чўчиб уйғониб кетди. Қараса, лабига учуқ тошиб кетибди. Малика кампирни уйғотди.
— Ҳой, онайи меҳрибон! Кечаси биров келиб юзимдан бўса олиб кетибди. Шуни излаб топинг! Терисини устара билан шилиб, қалампир-туз тиқай, — деди. Кампир туриб:
— Ҳой, болам! Аркнинг тагида отангнинг қирқта шотири ва бир қанча қул-у чўрилари пойлоқчи бўлиб ётган бўлса, сени ким келиб ўпиб кетар эди! Ўзинг чўчигандирсан! — деди.
Шунда малика:
— Йўқ, онажон? Мени биров келиб ўпиб кетган. Бўлмаса, лабимга учуқ тошмас эди. Бугун кечаси эшикка қоровул қўйинг, — деди Кампир:
— Ёнингда менингдек онанг ётибди, мен пашшанинг келганини биламан, ким келар эди? — деди. Шунда малика:
— Эрта билан маска ёғига қатлама қилиб, иккита анор билан ёримга олиб боринг! Ёримга ошиқона саломимни етказинг! Агар ёрим келиб ўпиб кетган бўлса, розиман! Агар ёрим келмай, бўлак бир одам ўпган бўлса, уни тутиш керак! — деди.
Малика маска ёғида пиширилган тўртта қатлама билан бир жуфт анорни кампирдан ёрига бериб юборди. Кампир қатлама билан анорни олиб бориб қарайдики, эшикнинг қулфи жой-жойида турибди. Кампир қулфни очиб, ичкарига кирса, Қамбаржон қўйнинг ёғидек килкиллаб, адрас кўрпанинг устида ухлаб ётибди. Кампир:
— Ҳой, болам! Тур ўрнингдан! Ёринг сенга кўпдан-кўп салом айтди! — деди. Йигит ўрнидан туриб: “Ёрим саломат бўлсин!” деди. Кампир:
— Нимага менга сирингни айтмадинг? — деди. Шунда Қамбаржон айтди:
— Эна! Мен юракдаги дардимни айтгунча, сиз: “Мен маҳаллада эначи хотинман, ҳар қанча сиринг бўлса, эртага эрта билан айтарсан”, деб кетавердингиз! — деди.
Кампир Орзижон бериб юборган таомни Қамбаржоннинг олдига ёзиб қўйиб:
— Бу нарсаларни ёринг сенга бериб юборди. Ол, егин! — деди. Яна кампир:
— Ҳой, болам! Бу кеча сен бориб, ёрингнинг юзидан бўса олиб келдингми? Агар олган бўлсанг, ёринг сендан икки дунёда рози экан. Агар сен бориб бўса олмаган бўлсанг, пойлоқчи қўйиб тутиш керак, деб айтди, — деди.
Шунда Қамбаржон:
— Ҳой онайи меҳрибон! Мен бу шаҳарга мусофир бўлсам, кўчаларнинг ўнг-у дўнгини билмасам, қандай қилиб маликанинг ўрдасига бориб равоғига чиқа олай? — деб, борганидан тонди.
Шунда кампир:
— Ҳой болам! Сен бориб ўпмасанг, ким бориб ўпади? — деди. Қамбаржон:
— Ўзига ишончи, мендан бошқа ёри бордур-да. Бўлмаса ундай жойларга бориб, маликани ўпиб келишга кимда ҳад бор? — деди. Кампир худони ўртага солиб айтди:
— Болам, ростингни айт! Агар сен бориб ўпган бўлсанг, ўпганман дегин, ёринг сендан у дунё-ю бу дунё рози. Агар ўпмаган бўлсанг: “Худо ҳақи, ўпганим йўқ?” дегин, у ҳолда пойлоқчи қўйиб ушлатамиз! — деди.
Шунда Қамбаржон:
— Энди, сиз худони ўртага қўйиб сўрадингиз. Ростини айтсам, мен бориб ўпган эдим! — деди. Шунда кампир:
— Отангга раҳмат! Сен асл ўғил бола экансан! Бундай ишлар кимнинг қўлидан келади?! Мен сени кечқурун Орзижоннинг олдига олиб бориб қўяман. Эрта билан яна олиб келаман, — деди. Шунда Қамбаржон ўрнидан туриб, кампирга қуллуқ қилди. Кампир:
— Энди, болам! Сен авғон боғга кириб, то қош қорайгунча сайр-у томоша қилиб юргин, — деди. Қамбаржон авғон боғга кириб айланиб юрди. Пешин ҳаддига борган эдики, подшоҳ ўрдасидан қирқта карнай-сурнай, болобомнинг овози келиб қолди. Бу овоз кампирга ҳам эшитилди.
Кампир ўрнидан туриб қулоқ солиб: “Бу нима ҳодиса?” деб югуриб боғга кирди, Қамбаржонга:
— Болам! Сен шу ерда ўтириб тургин! Мен ўрдага бориб, хабар олиб келайин-чи, нима гап ўзи? — деди. Кампир энди жўнамоқчи бўлиб турган эдики, бир каниз югуриб келиб:
— Ҳой она, тез юринг! Малика йиғлаб ўтирибди, қўққисдан маликанинг тўйи бўлиб қолди! — деди. Шунда кампир: Подшоҳ қизини мендан бесўроқ эрга бермас эди-ку, нима гап бўлиб қолди?!— деб каниз билан бирга подшоҳнинг олдига жўнади.
Кампир ўрдага борса, ўрда дарвозасининг томида ўн тўрт карнай, ўн тўрт сурнай, ўн тўрт ноғора, ўн тўрт болобом чалиняпти. Ҳамма у ёқ-бу ёққа югурган, ўрда ичи, кўчалар супурилиб, сувлар сепилган. Ҳамма тўй тараддудида. Кампир тўппа-тўғри подшоҳнинг олдига кириб, ундан:
— Нимага карнай-сурнайлар чалиняпти? — деди.
Шунда подшоҳ туриб айтди:
— Қизим ўн тўрт йилдан бери ўзини касалликка солиб ётади. Энди омонатни эгаси талаб қиляпти. Аввало ўғлингга қизимни бераман, деб кампирга тилимдан хат бериб қўйганман. Бермасам бўлмайди. Подшоҳ ўз ҳукмини ўзи бузса: “Худо йўқ!” деган билан баробар бўлади. Шу сабабли Аршинбойга Орзижонни бериш учун тўйни бошлаб юбордим. Тепада туриб, тўйни ўтказиб, қизни обориб, уйига қўндириб келинг! — деди.
Кампир бу гапларни эшитиб, ҳайрон бўлиб, подшоҳнинг раъйини қайтаролмай, энди бир тадоригини ўйлаб топиш керак, деб подшоҳнинг кўнгли учун:
— Хўп, подшоҳим! Орзижон қизимнинг тўйини албатта бош бўлиб ўтказаман, деб Орзижоннинг олдига кириб кетди. Орзижоннинг олдига кирсаки, йиғлаб ўтирибди. Кампир кириши билан, унинг бўйнига осилиб:
— Э, онажон! Энди мен ёримдан айрилиб, Аршинбойникига кетиб қоламанми? — деб йиғлай берди.
Шунда кампир:
— Болам, йиғлама! Бир чорасини қиламиз: ёрингни авғон боғга қўйиб келганман. Қош қорайган вақтида уни бошлаб келиб, ўчоқнинг олдига ўтқазиб қўяман. Сен ёрингга қараб байт ўқийсан, у сенга байт ўқийди. Шунда мен чироғни ўчириб қўяман, Қамбаржонни сенинг олдингга киргизиб юбораман. Шунда ёринг билан гапни битта қиласан! Мен кетяпман, кечқурун уни бошлаб олиб келаман, — деди-да, кампир чиқиб кетди. Маликанинг кўнгли анча таскин топиб, ёрининг келишини кутиб ўтирди.
Кампир шабохун уриб уйига қайтиб келди. Дарров Қамбаржоннинг олдига чиқди-да:
— Ҳой болам! Ёрингнинг тўйи бўлиб қолибди! Сени кечқурун унинг олдига олиб бораман. Тўй бор ерга қуруқ бориб бўлмайди. Подшоҳникига дастурхон қилиб борай десам, уйимда ҳеч нимам йўқ, — деди. Шунда Қамбаржон:
— Ҳув анави ғиштни олиб келинг! — деди. Кампир ғиштни олиб келди. Шунда Қамбаржон Сулаймон пайғамбарнинг нигинини тилининг тагига ташлаб: “Ё Сулаймон пайғамбар!” деб, ғиштнинг устидан бир ҳатлаб ўтди. Ғишт олтин бўлиб қолди. Кампирга бу олтинни ҳадя қилди:
— Олинг, она! Бу сизга мендан теккан шинилғи. Шуни ушатиб, подшоҳникига дастурхон қилиб боринг! — деди. Кампир хурсанд бўлиб, олтин ғиштни уйига олиб кириб, сандиғига солиб қўйди. Сақлаб қўйган танга, тиллаларини олиб, бозорга чиқди. Совғалар олди. Уйига келиб, қатлама, сомсаларни пишириб, саватга солиб тугди, устига совға-саломларини қўйиб, қош қорайганда Қамбаржонни паранжисининг ичига олиб, дастурхонни кўтариб, тўйга олиб кетди.
Қамбаржонни олиб бориб, ўчоқнинг ёнига ўтқазиб қўйди. Шунда қиз-у жувонлар Қамбаржоннинг ҳусни жамолига термулиб қолишди. Кампир маликанинг ёнига кирди ва:
— Ёрингни олиб келиб, ўчоқнинг олдига ўтқазиб қўйдим, энди гаплашавер! — деди. Малика ўчоқ томонга қараса, ёри ўчоқ ёнида бир даста гулдек бўлиб ўтирибди. Малика ёрига шама қилди:

Чархим бор, чамбарим бор,
Мушким бор, анбарим бор.
Орзижоннинг тўйида-яй
Ўланчи Қамбарим йўғ-ей!

Бу байтни эшитиб, Қамбаржоннинг кўнгли бузилиб, ёрига жавоб қайтариб, шама қилиб, бу ҳам тўрт йўл байт айтди:

Чарх куйсин, чамбар куйсин,
Мушк куйсин, анбар куйсин!
Орзижоннинг тўйида
Ўланчи Қамбар ўлсин!
Қамбаржон шу байтни ўқиган эдики, кампир ўрнидан турди ва ўтирганларга ишора қилиб:
— Чироқ хиралашиб кетяпти. Бирорталаринг ҳам чироқ пилигининг учини олишга ярамайсизлар! Ўзим олайин деб, чироқ пилигининг учини олаётган киши бўлиб, чироқни ўчириб қўйди. Қамбаржонни Орзижоннинг олдига киргизиб юборди.
Орзижон билан Қамбаржон қоронғида бир-бирларини топишиб, эгизак мағиздек бўлиб кетишди. Орзижон ёрига айтди:
— Отам мени Аршинбойга бераман, деди. У менинг тенгим эмас. Мен сизга ошиқ бўлганман. Отам Аршинбойга бераман деганда, мен рози бўлмаган эдим. Отам менинг кўнмаганимга ҳам қарамай унга бермоқчи бўлган эди, ўзимни касалга солиб, сизнинг ишқингизда ўн тўрт йил ётдим. Энди отам зўрлик билан тўйни бошлади. Аршинбойникида менинг ҳолим нима бўлади? Бу қандай жабр, қандай зулм? Мен Аршинбойга хотин бўлмайман! Сиз қараб тураверасизми? Мени қутқариш чорасини кўрмайсизми? — деди. Шунда Қамбаржон айтди:
— Э, азиз ёрим! Танамдаги жоним! Сиз асло ғам еманг! Сизни отангизнинг зулмидан, Аршинбойнинг чангалидан қутқариб оламан. Менда Ҳазрати Сулаймон пайғамбарнинг нигини бор. Нигинни мендан олинг. Сизни Аршинбойникига олиб кетиш учун от келади. Шунда нигинни тилингизнинг тагига ташлаб, сўнгра отга минсангиз, нигиннинг хосияти билан отнинг бели узилиб кетади. Бошқа янги от келади. Уни минсангиз, унинг ҳам бели узилиб кетади. Шундай қилиб, элликта отнинг бели узилиб кетади, ҳамма ҳайрон бўлади. Шунда мен отимни миниб, атторлик қилиб, айланиб юрган бўламан. Шунда кампир онангиз: “Ҳой ўша атторнинг оти асл тулпор кўринади. Бундай от подшоҳликда йўқ. Орзижонни ўшандан бошқа от кўтара олмайди. Атторни тўхтатинглар. Қирқ-еллик тилла бериб, қизни ўшанинг отига миндириб олиб борайлик!” десин. Шунда мен: “Ҳар кимнинг феъли эгасига маълум. Отимнинг феъли ўзимга маълум. Отим ёмон, олдидан келганни олдидан олади, орқадан келганни орқасидан олади, ёнидан келганни ёнидан олади” дейман. Шунда яна қисташади. Мен: “Аршинбойнинг сағриси катта келини менинг ҳам отимни майиб қилсинми?” дейман. Сиз бу гапимдан аччиқланманг, дўст-душман ошиқлигимизни билиб қолмасин! Шунда энахоним айтсинларки: “Ҳой, болам! Отингнинг феъли ўзингга маълум бўлса, мен қўлимга беҳининг гавронини олиб, қиз-жувонларни ҳайдаб, уларнинг қорасини кўрсатмай тураман, сен маликага жиловдор бўлиб бориб, келинни жойига қўйиб келасан. Жиловдорлик ҳақингни ҳам берамиз!” десин. Шунда мен рост кўча қолиб, паст кўча билан сизни ўз мамлакатимга олиб қочаман! Энди менга рухсат беринг, мен ҳозирлигимни кўрай, сиз тилла жабдуқли отнинг келишини кутиб туринг! — деб уйдан чиқиб кетди.
Қамбаржон ёрининг олдидан чиқиб кампирга:
— Иш битди. Сиз қизингизнинг олдига кириб, ундан гап олиб, мен айтганларни қилинглар. Калитни менга беринг. Мен ҳам уйга бориб, ҳозирлигимни қилайин! — деб, кампирдан калитни олиб, кампирнинг ўрдасига борди. Отнинг айилини қаттиқ қилиб тортди. Бир хуржунга турли нарсаларни солиб, ёлғондакам аттор бўлиб, отни миниб, подшоҳнинг ўрдасига бориб, тўйга келган одамларнинг орасида у ёқдан-бу ёққа ўтиб, кеттичилик қилиб юра берди. Ўрда ичи ўйин-кулги, ашула овозлари билан тўлган, кўчада томошабинлар бениҳоя кўп эди. Ҳамма Аршинбойникидан келинойимга отлар келишини кутар эди. Шунда бирдан Аршинбойникидан қиз-у жувонларга қирқта ясатиғлиқ соябон арава келди. Келинга ясатиғлиқ тилла жабдуқли от келди.
Шунда неча юз қиз-жувон қўш чирмандалар чалиб, неча алвон ўлан ва ёр-ёрларни айтиб, келинойимни тилла жабдуқли отнинг олдига олиб келишди. Қиз-жувонлар шовур-шувур билан араваларга чиқиб ўтиришди. Аравага сиғмаганлари пиёда бўлиб эргашди. Шунда Орзижон ёри берган Сулаймон пайғамбарнинг нигинини тилининг тагига солиб: “Ё бобойи Қамбар!” деб отга минди. Отнинг бели майиб бўлиб, қиз отнинг кетига умбалоқ отиб, йиқилиб тушди. Турганлар: “Дод! Келин майиб бўлди” деб югуриб келиб, келиннинг қўлтиғидан кўтариб олишди. Яна бир от келтиришди. Орзижон нигинни оғзига солиб отга минди. Бу отнинг ҳам бели нобуд бўлди. Кетма-кет иккам эллик отнинг бели нобуд бўлди. Бу аҳвол ҳаммани ҳайрон қолдирди. Подшоҳ ҳам ташвишга тушди. Энди нима қиламиз, деб турган чоқларида бояги жодугар кампир туриб гапга кирди:
— Ҳой, калла деб қовоқни кийган саркардалар! Шунча от нобуд бўлиб кетдими? Ҳеч қайсинг от билмас экансан. Ҳув анови атторнинг отини кўрдизми? Асл тулпорнинг боласи. Бундай от подшоҳликда йўқ. Ўша аттор билан гаплашиб, эллик тилла бериб, отини кирага олинглар! Маликани шу отга миндиринглар. Агар бели нобуд бўлмаса, ўша от обориб қўйиб келади. Жиловдорлик ҳақини ҳам шу аттор олсин. Агар оти нобуд бўлса, эллик тиллага бошқа от олсин! — деди. Бу гап саркардаларга маъқул бўлиб, “аттор”ни чақириб келишди. Кампир атторга айтди:
— Ҳой иним! Кўриб турибсан, шунча от майиб бўлди. Сенинг отинг асл тулпорнинг боласи экан. Эллик тилла кира берайлик. Келин сенинг отинг билан уйига бориб олсин! — деди. “Аттор” айтди:
— Ҳе, она! “Итининг феъли эгасига маълум” деган гап бор. Отимнинг феъли ўзимга маълум. Отим олдидан келганни олдидан, кетидан келганни кетидан, ёнидан келганни ёнидан олади. Аршинбойнинг сағриси катта келини отимни миниб, белини майиб қилиб қўйсинми? — деди.
Шунда кампир айтди:
— Жон иним, эллик тиллани олгин, хўп дегин. Савоб бўлади. Агар отинг нобуд бўлса, шу эллик тиллага от сотиб оласан, агар нобуд бўлмаса, келиннинг ёнида жиловдор бўлиб борасан, жиловдорлигингга битта бўрдоқи қўй оласан! Ахир сен ҳам пул топаман деб кеттичилик қилиб юрибсан-да! — деди. “Аттор” рози бўлди. Шунда кампир:
— Энди отдан туш, отни ясатайлик! — деди. Аттор отдан тушди.
Устидаги абзалларини олиб қўйиб, тилла жабдуқларни уриб, тепасига мамлакат хирожига арзийдиган зарварақларни уриб, отни ясатишиб, келинпошшонинг олдига олиб келиб, кўндаланг қилиб қўйишди. Шунда келинпошшо тилининг тагидаги нигинни олиб, синчалоғига солди ва чап қўли билан эгарнинг қошидан, ўнг қўли билан эгарнинг қоптолидан тутиб: “Ё Сулаймон пайғамбар!” деб отга минган эди, от сувлуғини чайнаб, битта ғиштнинг устида ўйнаб турди. Шунда жами саркардалар, донолар ва томошабинлар отга тан бериб, таҳсин-офарин айтишди.
Аттор отнинг жиловидан ушлаб жўнади. Кампир айтди:
— Аравалар кейинроқ жўнасин, қиз-жувонлар ёр-ёридан, чирмандаларнинг товушидан от чўчимасин! —деб, то келиннинг қораси кўринмай кетгунча араваларни ва одамларни ўтказмай турди. Уларнинг қораси кўринмай кетгандан кейин аравалар, пиёда томошачилар шовқин-сурон билан йўлга тушди. Кампир қўлига беҳининг узун гавронини олиб, секин юр деб одамларни секинлатиб келди. Қамбаржон отни тез етаклаб кетди. Йўлда ёрига гап гапирса, у жавоб қайтармайди. У ерини ушлайди, бу ерини ушлайди — гапирмайди. “Нозик оёғингизни узанги оғритдими?” дейди, гапирмайди! “Ҳилва қўлларингизни қамчи қавартирдими?” десаям, гапирмайди; “Алифдек қоматингизни эгар оғритдими?” десаям гапирмайди. Шунда ёри гапирмаганидан Қамбаржоннинг дарди ўн ҳисса ошди.
Шу пайт от уч кўчанинг олдидан чиқиб қолди. Шунда Қамбаржон ўнг оёғининг шилп-шилп этганини сезиб, оёғини кавушидан чиқариб қараса, ичи тўла қон. У ёрига жиловдор бўлиб, ёрига гапириб келаётганида от унинг оёғини босаверибди, ёрнинг шайдоси бўлиб, оёғи эзилганини сезмабди. Кавушлар қонга тўлибди. Шунда Қамбаржон ёрнинг раҳми келармикин деб, тўрт-беш байт ўқиди:

Отинг боши тез келди-ёй
Етиб оёғим босди-ёй.
Етиб оёғим босганда
Сарпоям тўлди қонга-ёй.
Хонга борайми додга-ёй
Бекка борайми арзга!
Гул кийган, кулоҳ кийган
Менга солмагин зулм-ой.
Менга солсанг зулм-ой,
Қазосига розиман-ой.
Бу мусофир бошимни-ёй
Кимга айтиб йиғлайин-ой?!

Бу нолишни эшитиб Орзижон ирғиб тушиб қарайдики, ёрининг икки оёғи лахта қонга ботибди. Маликанинг сийлайи раҳми келиб, бошидаги заррин рўмолини олиб биттасида қонини артиб ташлади, биттасида оёғини тараша қўйиб ширалаб боғлади. Шунда малика айтди:
— Эли халқнинг ичида “Аршинбойнинг сағриси катта келини” деганингизга аччиғим келганидан индамадим. Дадамнинг етти иқлим шаҳрига шу “сағриси катта қиз” деган гапингиз тарқаб кетади-да! — деди.
Шунда Қамбаржон:
— Ошиқ-маъшуқ эканлигимизни дўст-душман билмасин деб жўрттага айтган эдим, — деди. Шунда Орзижон Қамбарнинг оёғи ярадор бўлганидан, отаси қизини ўз севганига бермаганидан зорланиб:

Золимнинг зулми қурсин-ой,
                    йигит-ой!
Барчани хуноб айлади.
Хонга борайми додга-ёй,
                    ёрим-ой!
Бекка борайми арзга-ёй!? —

деди ва:
— Шаҳзода! Энди сизни мана бу кўчага юринг деёлмайман, мен айтган кўчага юрсангиз, Аршинбой эшигининг тагидан чиқиб қолсангиз, зомини қиёматга қолмайин. Ўзингиз хоҳлаган кўчангиз билан мени олиб қочинг! Шунда Қамбаржон отининг айилини маҳкам тортиб, қаттиқ қамчин урди. От лочини тезпардай қочди. Шунда от ўн беш одимини бир одим қилиб, ўн беш дақиқа юриб, Аршинбой эшигининг тагига етиб бориб, таққа тўхтаб қолди. Қамбар аҳволни билиб, ўзидан кетиб, отининг тагига “шилқ” этиб йиқилиб тушди.
Шунда келиннинг келишини кутиб турган йигитлар келиннинг йўлига ўт ёқиб юборишди. Аршинбой келиб от устидан келинни кўтариб олиб, етти қадам босиб ерга қўйди-ю, йигитларнинг ичига қочди. Дарров хотин-қизлар келиб, келинни қуршаб олиб, ёр-ёрлар айтиб, аркнинг тепасига олиб чиқиб, чимилдиқнинг ичига ўтқизишди. Шунда келин кампирни чақириб:
— Она! Ўғлингиз йўлни билмай, бу ерга олиб келиб қўйди. Ўзи беҳуш бўлиб йиқилиб қолди. Сиз унинг ҳолидан хабар олинг! Агар ҳушига келган бўлса, алдаб-сулдаб бу ерга олиб киринг, бир-икки мисра байт айтиб, кўнглини олай! — деди. Кампир йигитнинг олдига бориб:
— Ҳой, ўғлим, тур ўрнингдан! Ёрингнинг олдига олиб кирай. Бир-икки мисра байт айтар экан. Тинглагин, нима дейишини билгин! — деди. Йигит ўрнидан турди. Айёр кампир бир ҳийла билан уни ёрининг олдига олиб кириб, ўчоқнинг ёнига ўтқазиб қўйди. Сўнг маликага: “Ёринг келди!” деб билдирди. Шунда Қамбаржон: “Ёрим қўлдан кетди!” деб маликадан илгари шошилиб, ўзига ўлим тилаб, нола қилиб, байт ўқиб юборди:

Чарх куйсин, чамбар куйсин-ай, худо-ёй!
Мушк куйсин, анбар куйсин-ой!
Орзижоннинг тўйида-ёй
Ўланчи Қамбар ўлсин-ой!
Балосига сабр қилдим-ой, худо-ёй!
Қазосига розиман-ой!

Шунда келин: “Ҳурматимни қилмай мендан илгари байт ўқиди. Тўрт мисра байт ўқиб, шаҳардан бадарга қилиб юборай!” деб:

Кўп қайғурма, қарийсан,
                    йигит-ой!
Кўп оҳ урма, ҳорийсан-ой!
Мундан нарига борсанг-ой,
Ойсулувга етарсан-ой! —

деди.
Кустонтония подшоҳининг қизи бор эди, унинг оти Ойсулув эди. У билан Орзижон ёшлигида ўртоқ бўлиб: “Агар эрга тегсак, битта эрга тегамиз!” деб аҳд-у паймон қилишган эди. Орзижон Қамбаржонга: “Сен ўшанга боргин!” деб шама қилди. Шунда Қамбаржоннинг аччиғи келиб: “Ҳар ким суйган ошини ичади-да! Мени ўртоғига раво кўриб, шама қиляпти!” деб кампирга уйнинг калитини топшириб, отини миниб, тоғнинг ўнгурига кириб кетди. Қамбаржон кўп вақт риёзат чекиб, тоғларни, кўлларни кезиб юриб, тилсим тоғга кириб қолди. Тилсим тоғнинг ичида уч кун юриб, чиқиб кетишга йўл тополмай қолди. Шунда ёрнинг шаънига байт ўқиди:

Бир чўпон девона бўлдим
Чашми мастонанг кўриб.
Кўрмаям ишқингда куйдим
Икки рухсоринг кўриб.
Кўчада қилди расво-яй,
                ёрим-ай,
Сунбули заркокилинг-ай!
Ичга тўлган ҳасратим-ай
Кимга айтиб йиғлайин-ай!
Дод, войдод-ай,
Энди додимга еткин-ой!

Шу пайтда бир ола кийик пайдо бўлди. Қамбаржон уни қувди. Кийик Қамбаржонни эргаштириб, бу тоғнинг ўнгиридан чиқариб юборди-да, бирдан ғойиб бўлиб кетди.
Шунда Қамбаржон ўз мусофирлигига хафа бўлиб:

…Бу мусофир бошимни-яй
                худо-яй!
Кимга айтиб йиғлайин-ай?! —

деб чўлда от ўйнатиб кета берди. Йўлда кийик отиб, гўштини ўт топса, пишириб еб, ўт топмаса, хомлигича еб, кета берди. Охирда бир сарчашмалик дарёнинг лабига етиб келди. Дарёнинг лабида битта чинор бор эди. Чинорнинг сояси уч таноб жойни олиб ётар эди. Қамбаржон отини чинорнинг шохига боғлади. Ўзи дарёда чўмилди. Ўрнидан туриб қараса, Балх шаҳри подшосининг қизи қирқта канизи билан тилла жомчага қатиқларни солиб, дарёнинг лабида бош юва бошлашди. Қамбаржон чинорнинг панасига қочиб турди. Шунда бир канизак кўрдики, бир тилла жабдуқли от чинор шохига боғлоғлиқ турибди. Канизак маликага қараб:
— Маликам, ҳув анавини қаранг! Бир ясатиғлиқ от турибди. Оти шунчалик чиройли, эгасининг ҳусни қандай экан? — деди.
Шунда иккита каниз билан иккита қари энага отнинг эгасини ахтариб кетишди. Улар чинор орқасидаги от эгасини кўриб, қайтиб келиб, маликага унинг сифатини мақташди.
Шунда Қамбаржон: “Булар мени зулм билан олиб қолармикин!” деган хаёлга борди. “Уч кўчага келиб қолибман. Шу қизлардан Кустонтониянинг йўли қайси!” деб, бир сўраб кўрай-чи, раҳми келиб, йўлга солиб қўярмикин, деб уларга қараб байт ўқиди:

Гул кийган, кулоҳ кийган-ой,
                қизлар-ой!
Менга солманглар зулм-ой!
Менга солсанглар зулм-ой,
Қани, қайсийкин, йўлим-ой?

Қамбаржоннинг байтини эшитиб, малика ўйлади: “Бу йигит ёрнинг ишқида чиққан йигитга ўхшайди. Ё Кустонтониядаги Ойсулувхоннинг олдига кетяпти ёки бошқа бир ёққа кетяпти. Ошиқларга ёрдам қилиш — савоб иш. Агар Ойсулувхоннинг олдига борса, тўрт мисра байт билан йўлга солиб юборай!” деб, байт ўқиб:

Гул кийсанг, кулоҳ кийсанг,
                йигит-ой!
Сенга солмасин зулм-ой!
Сенга солсалар зулм-ой,
Анов кўринган йўлинг-ой! —

деди ва қўли билан ишорат қилди. Қамбаржон маликага қуллуқ қилиб отига миниб, йўлга равона бўлди. Қамбаржон шу кетганича етти кеча-ю етти кундуз юриб, бир вақт шу байтни айтди:

Тоғ-у тошларни кезиб-ай,
             худо-яй!
Юраклар зангор бўлди-яй!
Бу мусофир бошимни-яй,
Кимга айтиб йиғлайин-ай?

Шунда Қамбаржоннинг қирқ одими бир одим бўлиб, Кустонтония шаҳрига кириб кетди.
Кустонтония катта шаҳар бўлиб, анчагина дарвозаси бор эди. Қамбаржон бир дарвозасидан ўтиб, ичкарига кирса, ўнг тарафида минг танобли боғ, чор атрофидаги девори тўрдан. Боғда турли мевалар пишиб турибди. Боғнинг атрофида бир сарҳовуз бор. Сарҳовузнинг атрофига мармар тош ўрнатилган. Ҳовузнинг атрофига тўрт туп тилла дарахт ўрнатилганки, танаси зумраддан, шохлари лаъли-ёқутдан, барглари забаржаддан. Ҳар қайси тилла дарахтнинг шохида тилла қафас, ичида булбуллар сайраб турибди. Ажаб бир хушхонлик бор. Қамбаржон: “Шу боғ ҳар кимсанинг боғи бўлса, қазосига розиман, нима қилса қилсин!” деб, қиличи билан тўрни бир уриб, бузиб кирди.
Қамбаржон боғга кириб, отини бир қизил гулга боғлаб, боғни томоша қилиб юрди. Боғнинг бир томонида олма, нок, шафтолилар; бир томонида узум, анжирлар пишиб ётибди. Қамбаржон узумзорга кириб, каттақўрғон узумидан бир бош узиб, чўқилаб еб ўтирди. Шунда боғдаги қушлар Қамбаржоннинг ҳуснига хуштор бўлиб сайраб, унинг бош, оёғига қўнаверди. Қамбаржон охири чарчаб, шохлари бир-бирига мингашиб, капа бўлиб қолган гулнинг тагига кириб ухлаб қолди.
Бу боғ Кустонтония подшосининг қизи Ойсулувнинг боғи эди. Йигит билмасдан кириб, ухлаб қолиб эди. Қушлар капа гулнинг тепасига келиб, ўз тилларида сайрашавериб, боғни бошларига кўтаришди. Ойсулувхон қирқ зинали равоғининг тепасида бош ювиб ўтирган эди. Қушларнинг завқ-шавқларга тўлиб сайраган товушларидан таажжубланиб, канизларига:
— Ҳой, қизлар! Авғон боғдаги қушлар бугун жуда бошқача сайраяпти-я! Ҳар куни бундай сайрашмас эди! Юринглар, авғон боғни бир сайр қилиб чиқайлик-чи, нима гап экан! —деди. Шунда малика ўзига оро бериб, неча хил алвонларни кийиб, қирқ кокилига шингилларни осиб, қирқ канизи билан боғни айланиб юриб, кўча томондаги тўрнинг бузилганини кўриб аччиқланди. Ёнидаги қиличини ғилофидан суғуриб:
— Ҳой, қизлар! Шу тўрни бузган одамни топинглар! Уни калламинор қилайлик! — деди. Шунда барча қизлар, энагалар боғни қидириб кетишди. Кўрдиларки, бир қизил гулда тилла жабдуқли чиройли от боғлоғлиқ турибди. Шунда канизлар айтди:
— Маликам, бу отни кўринг! Қанчали чиройли от! Бунинг эгаси ҳам жуда чиройли бўлса керак?! — дейишди. Малика:
— Отнинг эгасини топиш керак! — деди. Канизлар боғнинг ичини етмиш марта айланиб отнинг эгасини тополмади. Охирида Сакинахон деган бир каниз гулнинг тагида қўлида ярим бош узум билан тўлпоғдай бўлиб, ухлаб ётган йигитни кўриб қолди. Шунда Сакинахон бориб, маликага:
— Маликам, отнинг эгасини топдим. Капа гулнинг тагида бир савам пахта ташлаб қўйгандай узала тушиб ётибди, қўлида ярим бош узум бор, — деди.
Шунда малика қирқин канизлари билан капа гулнинг олдига келди. Кўрдики, тепада қушлар сайраяпти, йигит чўзилиб ётибди. Малика овоз қилди:
— О, ҳой тўлпоғим! Сен қайси боғнинг гулисан, қайси чаманнинг булбулисан, қандай гавҳар донодан бино бўлгансан? Ўрнингдан туриб, тилга кир! — деди. Йигит уйғонмади. Шунда малика:
— Уйғонмади, қаттиқ чақирмайлик! Шикасталик топмасин. Чўчиб, лабига учуқ тошмасин! — деб, шу байтни айтди:

Гулга кел-о, гулга кел-ай!
                йигит-ай!
Гулни қўйиб, булбулга кел-ай!
Гул тагида ётган йигит-ай!
Тура келиб, тилга кел-ай!

Маликанинг ёқимли овози йигитни уйғотди. Йигит шундай қараса, бир малика жамоли ўн тўрт кунлик тўлган ойдек, қирқ кокилини ҳар томонга ташлаб, ғунча лабини тишлаб, нозик белини ушлаб, қирқ канизи билан турибди, неча алвон либослар узасида. Йигит маликага қараса, ой деса оғзи бор, шириндан шакар сўзи бор, ўнг бетида чапараста холи бор. Қамбаржон: “Орзижон айтган Ойсулувхон шумикан-а? Мабодо шу бўлмагай!” деб, унга қараб шу байтни ўқиди:

Гулни гулга урдилар-ай,
            ёрим-ай!
Гул тиканин тердилар-ай.
Суюб олган ёримни-яй,
Бир нокасга бердилар-ай!

Шунда малика йигитни капа гулнинг тагидан чиқарди. Унинг ҳуснига ошиқ бўлиб, равоғига олиб чиқиб, адрас кўрпанинг устига чўзилтириб қўйди. Узоқ йўл юриб, ҳориганлигини билди. Шунда малика мис қозонни осиб, маскадан мулойим овқат қилиб едирди. Қамбаржоннинг танасига қувват кириб, ирғиб ўрнидан туриб, бир гулидан ўн гули очилиб, чордона қуриб, лангар тўкиб ўтирди. Ана энди Қамбаржон Ойсулувхондан:
— Эй, гўзал малика! Сиз кимсиз? — деб сўради.
Шунда малика:
— Мен Кустонтония подшосининг қизи Ойсулувдирман, сиз Орзижон ўртоғимнинг ёри Қамбаржон эмасмисиз? Биз иккаламиз битта йигитни ёр қиламиз, деб аҳд қилишганмиз. Сиз ўртоғимнинг тўлпоғ ёри бўлсангиз, энди менинг ҳам тўлпоғ ёрим бўлинг, — деди. — Мен тезпар қиличимни яланғочлаб, отамнинг олдига бориб айтайин, иккимизга никоҳ хутбасини ўқитсин! Сўнгра икковлон бир-биримизнинг дийдоримизга тўйишиб, бошимиздан ўтган саргузаштларни қўзғашайлик! —деди.
Қамбаржон қараса, Ойсулувхоннинг авзойи бошқача: отаси хўп деса-демаса, ўзига ёр қилиб олиб, бир даста гулдай ғижимлаб, кўксига тортадиган чоғи бор. Қамбаржон айтди:
— Ҳой Ойсулувхон, оппоқ қиз, жонон қиз, шошманг! Икки тарвуз бир қўлтиққа сиғади деб эшитганмисиз? Икки ишқ бир кўнгилга сиғмайди. Чин ошиқман деган эр кўнгил қўйганидан қайтмайди. Мен Орзижонни тушимда кўриб, ғойибона ошиқ бўлиб, ота-онамдан, юрт-елимдан кечиб, унинг ишқида неча йил куйиб, охирда висолига етар чоғимда унинг тўрт оғиз аччиқ гапидан димоғим куйиб, мажнун бўлиб чиқиб кетганман. Орзижондан то рўзи қиёмат умидимни узмайман, ундан ўзгани демайман. Агар сиз Орзижон ёримнинг дўсти бўлсангиз, менинг ҳам дўстимсиз. Сиз Орзижон билан бир йигитни ёр тутамиз, деб аҳдлашган бўлсангиз ҳам бу аҳдингиздан қайтинг, ака-сингил бўлайлик! — деди.
Ойсулувхон Қамбаржондан бу гапларни эшитиб, ҳайрон бўлиб туриб қолди. Эс-ҳушини йиғиштириб, яна бир неча сўз қилиб кўрди. Қамбаржон унамади. Ойсулувхон билдики, Қамбаржоннинг Орзижонга бўлган муҳаббати чин муҳаббат. Ойсулув ўз ичида Қамбаржонга тан берди, ошиқлик бўстонининг айнимас гули бўлганлиги учун унга тасанно айтди.
— Сиздай вафодор йигитга раҳмат! Сизнинг ишқингиз айнимас ишқ экан. Бўлмаса, қиёматлик ака-сингил бўлайлик. Сиз менинг равоғимда, боғ-у роғимда бир неча кун ётиб дам олинг! — деди.
Шундан сўнг Ойсулувхон Қамбаржонни иззат-икром билан тарбиялайверди. Орадан қирқ кун ўтди. Қамбаржон Ойсулувхонга айтди.
— Ҳой, Ойсулувхон! Мен ёрим Орзижон туфайли сиздек малика билан кўришиб, қиёматлик ака-сингил бўлишдик. Мени қирқ кун тарбияладингиз. Сизга минг-минг раҳмат! Энди менга рухсат берсангиз!
Ойсулувхон айтди:
— Сизнинг юрагингиз Орзижоннинг ишқ ўти билан доим ёниб турганини биламан. Орзижоннинг отаси Аршинбойга узатгани билан Орзижон унга хотин бўлмайди. Агар кетар бўлсангиз, мен ҳам бирга борай, Орзижонни қутқариб олиб, сизнинг ота юртингизга олиб бориб, тўй-томошаларингизни ўтказиб қайтиб келайин!
Ойсулувхон отасидан рухсат олиб, йўл ҳозирлигига киришди.
Подшоҳ қизига қирқта қул, қирқта энага хотин, қирқта каниз берди, қирқта қўй-қўзи берди, неча хачирга зари-зарварақ юклаб берди ва қизига:
— Э, қизим, бу нарсаларни Қамбаржондан Орзижонга совға қилиб олиб боринг. Икки ошиқнинг бошини қовуштиринг. Савобга қоласиз! — деди. Уларга зерикканларингда учириб, ўйнатиб, кўнгил очиб кетасизлар деб ҳаккав каптархонаси бор соябон арава берди, тантана билан хайр-маъзур қилиб жўнатди.
Улар хурсандчилик билан йўлга равона бўлишди. Булар йўл юрди, йўл юрса ҳам мўл юрди. Бир неча мароҳил тай қилиб, ўн тўрт кунда Орзижоннинг шаҳрига кириб боришди. Орзижоннинг боғдоди эшигининг тагига келиб, турнақатор бўлиб тўхтади. Шунда Ойсулувхон зарварақ паранжисини ёпиниб, заррин чимматини тутиб, Қамбаржонга қараб:
— Мен Орзижоннинг олдига кириб, келганлигингизни билдираман, сиз билан кетишга рози қилиб, девордан унинг нарсаларини ташлатаман. Сиз нарсаларни олиб аравага соласиз. Орзижоннинг ўзи деворга чиқиб, айри миниб ўтиради, уни ҳам кўтариб олиб, аравага ўтқазинг. Орқасидан мен чиқаман, мени ҳам аравага солинг, сўнг тезликда от қўйинг! — деди.
Ойсулувхон Орзижоннинг боғига кирди. Қараса Орзижон адрас кўрпада “Вой бошим, вой қўлим!” деб бемор бўлиб ётибди. Йигирма каниз уқалаб, елпиб турибди. Орзижон бу ерга келгандан буён ўзини касалга солиб ётган эди. Аршинбой ҳар куни уйга бошини суқиб, “Ёрим дарддан фориғ бўлдимикин, фориғ бўлган бўлса, юзидан бир бўса олаймикин”, деб қараб, киролмай чиқиб кетар эди. Орзижон Ойсулувхонни кўриб, ирғиб ўрнидан турди. Тахтидан туша келиб, ўртоғи билан қучоқлашиб, йиғлашиб, сўрашди. Шунда Орзижон Ойсулувдан:
— Ҳой, ўртоқжон! Ёрим дастингизда саломатми? — деди. Ойсулувхон:
— Ёрингиз саломат, ҳозир авғон боғингиз девори тагида сизни кутяпти — деди. Шунда Орзижон туриб, канизларига:
— Ҳой қизлар! Менинг жонажон ўртоғим, ёруғ дунёнинг хирожини сарф қилса ҳам келмайдиган меҳмоним келибди. Ўзи келган меҳмон атойи худо! Тезда ошхонага чиқиб, турли-туман таом пиширинглар! —деб ҳаммасини чиқариб юборди. Ойсулувхон айтди:
— Ўртоқжон! Эрингиз сизга маҳтал бўлиб турибди. Сиз нарсаларингизни тайёрлаб, тезда боғга чиқинг, нарсаларингизни девордан ирғитиб, ўзингиз ҳам деворга чиқинг, мен бу ёқдан чиқиб бораман! — деди.
Орзижон керакли нарсаларини олди ва қизларига:
— Ўртоғимга ўз қўлим билан мевалардан узиб чиқайин, — деб боғга кириб кетди, бўхчаларини девордан отди, ўзи ҳам деворга айри минди.
Қамбаржон тугунларни ҳам, ёрини ҳам кўтариб олди. Ойсулувхон бўлса:
— Ўртоғим боғда айланиб қолди. Аравакашим серзарда эди. Чиқиб, у-бу деб, тинчитиб келай! — деб, паранжисини ёпиниб, шабохун уриб, чиқиб кетди. Қамбаржон буни ҳам олиб, аравага қўйди. Қамбаржон отга бир қамчи урди. От чарчаган жойигача чопиб кетди. Туғдоқ деган жойга борганда от чарчаб қолди. Булар дамларини олишди. Ойсулувхон бутун воқеани баён қилиб, Қамбаржонни Орзижонга топширди.
Кейин ҳаммалари Қамбаржоннинг шаҳрига жўнашди. Етти кеча-ю етти кундуз риёзат чекиб, бир манзилга бориб тўхташди. Шунда Қамбаржон отасига: “Биз Орзижон, Ойсулувлар билан фалон манзилда турибмиз, дарҳол йўлга одам чиқаринг”, деб хат ёзди. Отаси шодлигидан оламга сиғмай кетди. Карнайчи, сурнайчи, ноғорачи, болобомчи, қизиқчиларни пешвоз чиқарди. Ўрдасига қирқ карнайни қўйдирди, қирқ қозонни қурдириб, юртга ош-нонни тортаверди.
Шаҳарда кўчалар, томлар, дарахтлар одам билан тўлиб кетди. Икки қизнинг устидан дур-у жавоҳир сочиб, ўрдага олиб киришди. Шунда Қамбаржон чопқиллаганича меҳрибон онасининг олдига кириб кетди. Кирса, онаси фарзандининг доғи-ҳасратида йиғлайвериб, иккала кўзи кўр бўлиб, бир чеккада устунга суяниб ўтирган экан. Бориб онаси билан кўришди. Қамбаржоннинг чўнтагида кийикнинг ўти бор эди. Онасининг кўзига суртган эди, унинг иккала кўзи ярқираб очилди. Она-бола бир-бирининг дийдорини кўриб, қайта бошдан кўришди. Қамбаржон онасининг олдидан отасининг ёнига кириб, у билан ҳам қучоқлашиб кўришди. Ота-бола бир-бирига тўйишмай анча кўришди. Сўнгра Қамбаржон ота-онасига Орзижон билан Ойсулувхонни таништирди: “Мана бу Орзижон келинингиз, Ойсулувжон — қиёматлик синглим!” — деди. Ҳаммалари кетишиб, хурсанд бўлишди.
Қирқ кеча-кундузгача фуқародан ҳеч ким уйида қозон қайнатмай, подшоҳнинг тўйидан ош-нон еди, тўй-томоша хурсандчилик билан тугади. Орзижонни Қамбаржонга никоҳлашди. Тўйдан кейин подшоҳ салтанат тожини Қамбаржонга кийдириб, салтанат тахтига миндирди. Ойсулувхон ўртоғи Орзижон билан Қамбаржоннинг тўй-томошасини ўтказиб, ўз юртига жўнади. Шу билан ҳаммалари мурод-мақсадларига етди.