Олтин олма

Ўтган замонда икки қўшни яшаган экан. Бири бой, лекин бефарзанд, иккинчиси эса бола-чақаси кўп-у, бироқ ниҳоятда камбағал экан.
Бола-чақаси кўп камбағал қўшнининг уйи кеча-ю кундуз шовқин-сурон, тўполон, бағир-буғур бўлиб, бой қўшнисига ҳеч тинчлик бермас экан.
Бир куни бой қўшни камбағалникига чиқиб:
— Тинчлик берасизларми, йўқми, ейишга овқатларинг йўқ, ҳамма ёқдан қарз бўлиб ётибсанлар-ку, кечаси-ю кундуз уйларингда кулги, шовқин-сурон, бу нима деган гап! — деб дўқ урибди. Шунда камбағал жавоб қайтарибди:
— Эй, қўшни, бизнинг олтин олмаларимиз бор. Шуларни думалатиб ўйнаб, димоғимизни чоғ қиламиз. Шунинг учун бизнинг уйимиздан кулги аримайди, —дебди.
Бу сўзни эшитган бой қўшни индамай ўз уйига кириб хотинига:
— Хотин, сандиқни оч, олтинларни ол. Мен уларни заргарга олиб бориб, иккита олтин олма ясатиб келай, сўнгра биз ҳам шод-хуррам бўлиб яшаймиз, — дебди.
Хотини сандиқдан олтинларни олиб эрига берибди. Бой уларни заргарга олиб бориб иккита олма ясатибди. Олмаларни олиб келиб уйида эр-хотин тоза думалатишибди. Бироқ ҳар иккисида ҳеч қандай кулги пайдо бўлмабди. Улар олтин олмани думалата-думалата чарчаб, “энди қандай қилсак биз ҳам кулиб, хурсанд бўлар эканмиз”, деб ўйлашибди. Ниҳоят бой яна қўшнисиникига чиқиб сўрабди:
— Қўшни, биз ҳам олтин олмани эр-хотин жуда кўп думалатиб-думалатиб ҳеч қандай хурсандчиликка эга бўлолмадик. Бунинг сири нимада, айтиб берингиз-чи? — дебди. Қўшниси:
— Эй, бой бобо, бизнинг олтин олмаларимиз, кулгимиз, бахтимиз мана шу болаларимиз. Биз ҳар куни шулар билан қувонамиз, куламиз, яйраймиз. Натижада қийинчиликларимиз ҳам, қарзларимиз ҳам унутилиб кетади. Булар бизнинг бозоримиз, — дебди.
Бой ўзининг бефарзандлигидан афсусланиб, пешонасига бир уриб, уйига кириб кетган экан.