Олтин балиқ

Қадим замонда бир камбағал чол бор экан. Бу чол денгиз бўйида ёлғиз ўғли билан яшар экан. Улар жуда фақир бўлиб, бечораҳол кун кўрар эканлар.
Бисотларида бир эски қайиқ ва балиқ овлайдиган тўрдан бўлак ҳеч нарса йўқ экан. Чолнинг ўғли доим ашула айтиб юрар экан. Бир кун балиқчи чол денгизга тўр солибди, бироздан сўнг тўрни сувдан кўтарибди. Қараса, унақа-бунақа балиқ эмас, олтин балиқ эмиш. Буни кўриб чол ҳайрон бўлибди ва ўғлига:
— Болам, сен бу ажойиб балиққа қараб тур. Мен бориб бу ҳодисани хонга маълум қилай. Зора-мора хон бизга каттароқ инъом берса, — дебди-да, шаҳарга жўнаб кетибди.
Ёш йигитча балиқнинг тўрда қийналаётганини кўриб, раҳми келибди, отасининг келишини ҳам кутмай, балиқни денгизга қўйиб юборибди. Олтин балиқ денгизга шўнғиб кетибди.
Хон ўзининг вазир-вузаролари, посбонлари билан етиб келиб, йигитга:
— Қани, ажойиб балиқни кўрсат! — деб буйруқ қилибди.
Ёш балиқчи бошини қуйи солиб хонга:
—Балиққа раҳмим келди; уни денгизга қўйиб юбордим,— дебди.
Хон балиқчи йигитдан бу сўзни эшитиб, чолга:
— Сен ярамас чол: арзимаган бир нарса учун мени шунча овора қилдинг. Дунёда олтин балиқ ҳам бўлармиди! — деб бақирибди. Шунда кекса вазирлардан бири хонга қараб:
— Ҳазрати олийлари, мен етмиш йилдан ортиқ умр кўрдим. Лекин бундай ажойиботни эшитмаган эдим,— дебди.
Чол олтин балиқ тутгани рост эканини ишонтиришга кўп уринса ҳам, хон унинг сўзига сира ишонмабди. Хон балиқчи йигитнинг қўл-оёғини боғлаб, эски қайиқда денгизга оқизиб юборибди.
Хон ўз ишидан хурсанд бўлиб, дабдаба билан саройга қайтибди. Бояқиш чол эса денгиз қирғоғида, “вой болам” деб йиғлаганича қолаверибди. Бир фурсатдан сўнг қайиқ кўздан тамом ғойиб бўлибди, қайиқни кузатиб, кўз ёшларини оқизиб турган чол, золим хоннинг зулмидан ғазабланиб, унга лаънатлар ўқибди.
Энди сўзни ёш балиқчидан эшитинг.
Балиқчи йигит ҳар нафасда ўз ҳалокатини кутар экан. Лекин қайиқ шамол кучи билан ҳамон олға қараб сузиб бораркан.
Бир қанчадан кейин узоқдан бир орол кўринибди. Кучли шамол қайиқни бир нафасда оролга элтиб қўйибди. Қайиқнинг тумшуғи қирғоқдаги қумга урилиши биланоқ дарахт орқасидан бир ёш йигит чиқиб келибди.
У ёш балиқчига жудаям ўхшар экан, гўё бир олманинг ярмиси у-ю, ярмиси бу экан.
Ёш йигит кела солиб, ёш балиқчининг қўл-оёқларини ечибди. Ёш балиқчи бу меҳрибон йигитча билан кўришибди, оролда учраган ёш йигит ёнидан бир кулча чиқарибди, уни икковлари баҳам кўришибди. Шундай қилиб улар орасида чин дўстлик бошланибди.
Бир кун улар пода боқиб юрган бир чол-чўпонга йўлиқишибди.
Дўстлар оролда ўзимиздан бошқа ҳеч ким йўқ, деб ўйлар эканлар.
Чўпон булардан ҳол-аҳвол сўраб, сўз бошлабди:
— Бу ердан уч кунлик йўл нарида катта бир хоннинг юрти бор. Хон бахтсизликка учраган. Унинг гўзалликда танҳо бўлган битта-ю битта қизи туғилганидан бери бир оғиз ҳам сўз айтган эмас. Хон барча халққа хабар бердириб: “Кимки қизимни даволаб гапиртира олса, мен шу кишига энг яхши инъомлар бераман. Борди-ю гапиртиролмаса, у кишининг бошини танасидан жудо қиламан, деган. Ана ўшандан бери аллақанча навқирон йигитларнинг боши кетди.
Дўстлар ўйлашиб туриб, кейин бахтларини синамоқчи бўлибдилар. Улар хон саройи олдига борганларида йигит ёш балиқчига қараб:
— Аввал мен бахтимни синаб кўрай. Агар хон қизини даволай олсам, теккан инъомларни ўртада баб-баробар бўлишиб оламиз, — дебди. Ёш балиқчи кўнибди. Йигит эса хон саройига кириб кетибди.
Йигит ҳарам эшиги олдида икки канизакни учратибди. Улардан бири ачиниб, йигитга:
— Сен қатори кўпгина баҳодир йигитлар хон қизини даволашга обдан уриниб кўрдилар, лекин уларнинг азиз бошлари ҳисобсиз калла суякларидан ясалган минорани яна бир поғона юқори кўтарди. Сени ҳам шундай бахтсизлик кутади,— дебди.
Жасур йигитни бу қўрқинчли гап чўчитолмабди, у дадиллик билан ҳарамга кирибди.
Хон қизини кўриши биланоқ таъзим қилиб, сўз бошлабди:
— Э гўзал малика! Биз отадан уч ўғилмиз. Бир кун чакалакка ўтин кесгани бордик. Энг катта акамиз ёғочни йўниб, бир гўзал қуш ясади. Қуш шундай усталик билан ясалган эдики, худди тирик қушга ўхшарди. Ўртанча акам дарахтзорларга бориб, энг нозик қушларнинг патлари, парларини топиб келиб, ёғоч қушчани безади. Қуш яна гўзаллашиб кетди. Мен бир сеҳрли булоқ топдим, қушни шу сеҳрли булоқ сувига чўмилтирдим. Қушча тирилиб, сайраб юборди. Ана ўшандан то шу паллагача бизнинг ўртамизда ҳамон жанжал давом қилади. Ҳар биримиз қушни “меники” деб даъво қиламиз. Жанжалимиз жуда зўрайиб кетди. Э гўзал қиз, қуш кимники бўлади? Сиз бизнинг жанжалли ишимизни битириб беринг?
Бу гапларни эшитган қиз қаддини кўтарибди, қоп-қора узун киррикларини учирибди. Чеҳраси очилиб, салгина жилмайибди. Товуш чиқармай бармоғи билан оғзини кўрсатиб, бошини тебратиб, қўйибди. Йигит ғазабланиб ўшқирибди:
— Модомики, сен учун мен қурбон бўлар эканман, шуни яхши билки, мен билан бирга сен ҳам ҳалок бўласан.
Йигит шу сўзлар билан қиз бошига қилич кўтарибди. Қиз қўрққанидан ерга ўтириб, қаттиқ қичқирган экан, оғзидан бир оқ илон тушибди. Илон буралиб-буралиб, вишиллаб, ўзини йигитнинг қалин чармли этигига урибди. Лекин йигит қутуриб келаётган илоннинг бошини этик пошнаси билан мажақлаб ташлабди.
Қиз ёшли кўзларини йигитга тикиб, бармоғидан узугини чиқариб:
— Бу узукни олиб, саройга — отам олдига бор. У сени мукофотлайди,— деб узукни йигитга берибди.
Йигит узукни олиб, дўстининг олдига кетибди. Ёш балиқчи уни узоқдан кўриши билан югура келиб, у билан қучоқлашиб кўришибди. Сўнгра йигит барча воқеани дўстига бирма-бир сўзлаб берибди. У узукни дўстига узата туриб, шундай дебди:
— Энди сенга сирни айтиб бераман. Мен — ўша ўзинг раҳм қилиб қўйиб юборган олтин балиғингман. Қирғоқда сен айтган ашулаларнинг донғи сув ости юртига ёйилди. Мен сенинг ашулаларингни эшитиш учун денгиз қирғоғига яқинроқ бориб, овозингга маҳлиё бўлиб, тўрга тушганимни пайқамай қолдим. Сен туфайлигина тутқунликдан қутулдим. Хон посбонлари қўл-оёғингни боғлаб, қайиқда оқизиб юборишларини кўриб, ғазабланган эдим. Сени қутқариш йўлини излаб, энг яқин дўстларим бўлган балиқлардан бир қанчасини чақирдим. Улар сенинг қайиғингни сувга чўктирмасдан, елкаларида кўтариб келтиришларини ўтиндим. Чин дўстларим ўтинчимни бажо келтириб, сени бу оролга олиб келдилар. Мен бу ерда сенинг шаклингга кирдим. Шу қисқагина вақт ичида сенинг софдил йигит эканлигингга яна ишондим, сени ўз акамдек кўриб қолдим. Энди ўз жойимга — сув остига кетиш вақтим келди. Бу узукни олиб бориб, хонга бер. Мабодо керак бўлиб қолсам, кўк денгиз қирғоғига келиб, мени уч марта чақир. Хизматингга дарҳол тайёр бўламан…
Шу сўзлардан сўнг балиқ йигит билан хайрлашибди ва бир шўнғиб, кўздан ғойиб бўлибди.
Ёш балиқчи қадрдон дўстидан ажралиб қолганига қаттиқ қайғурибди ва бир вақтдан кейин хон саройига жўнаб кетибди.
Йигит хон саройига келиб, ичкари киришга рухсат сўрабди. Бироқ хон сўзидан қайтиб, қизини бермайдиган бўлиб, йигитни саройга киритмабди.
Шундан сўнг йигитнинг дарди-дунёси қоронғу бўлиб, орқасига қайтибди ва шаҳарнинг нариги чеккасидаги бир темирчига шогирд тушибди.
Орадан бир ҳафта ўтгач, бу воқеадан хоннинг қизи хабар топиб қолиб, ўзини ўтга-чўғга уриб, зор-зор йиғлаб, отасига бундай дебди:
— Агар мени даволаб тузатган ўша йигитга бермасангиз, шу бугуноқ мендан ажрайсиз. Энди менга тирик юриш ҳаром! — деб ҳарам ичидан ўтадиган катта сувга ўзини ташламоқчи бўлиб турганда, уни зўрға ушлаб қолибдилар. Хон ноиложликдан қизини ёш балиқчига берадиган бўлибди.
Ҳамма одамлар тўйга айтилибди.
Хизматкорлар ёш балиқчига сарпо кийгизибдилар. Эртасига тўй бошланиб, ноғора, карнай, сурнайлар чалинибди.
Шундай қилиб, ёш балиқчи хонга куёв бўлибди. Лекин хон куёвини жуда ёмон кўрар, ундан қутулиш йўлларини излар экан. Ёш балиқчи эса хоннинг тахт-салтанати, саройларини яхши кўрмас экан.
Бир куни ёш балиқчи хафа бўлиб ўтирган экан, малика ундан нега хафа эканини сўрабди, йигит бундай деб жавоб берибди:
— Мен бу ҳашаматли саройда туролмайман. Кўнглимни ҳеч нарса қувонтирмайди. Ёшлик давримни денгизнинг нариги томонида ўтказганман. У ерда жонимдан азиз балиқчи отам қолган эди. Унга нима бўлганини билмайман. Агар сиз отам олдига бирга кетишга кўнсангиз, ўзимни дунёда энг бахтли йигит деб ҳисоблар эдим. Лекин менинг юртимда бир камбағал балиқчининг хотини бўлиб яшайсиз. Бу саройдаги безаклар, канизаклар у ерда йўқ.
Шунда малика эрига қараб:
— Мен ҳар нарсага тайёрман; фақат сиз қувнаб юрсангиз, бас. Денгизнинг у томонига қандай ўтамиз? Бизда кема ҳам йўқ, кема ясайдиган уста ҳам йўқ, — деган экан, ёш балиқчи:
— Буни ўйламасанг ҳам бўлади, ҳаммасини ўзим тўғрилайман. Агар кетмоқчи бўлсанг, йўл ҳаракатини қилавер, — дебди.
Шу сўзлар билан ёш балиқчи хотинини уйга юбориб, ўзи денгиз лабига борибди, сувга қараб уч марта чақирибди. Ўша онда олтин балиқ сув юзига чиқиб:
— Э қадрдон дўстим, нима хизмат? — деб сўраган экан, ёш балиқчи жавоб қайтарибди:
— Юртимни, отамни соғиндим. Денгиздан сузиб ўтиш учун кема йўқ. Сузиб келган қайиғим парча-парча бўлиб кетган…
Ёш балиқчи шу сўзларни айтиши билан олтин балиқ:
— Тилагингни бажараман, кеч кирганда сенга каттакон бир балиқ юбораман. У оғзини очиши билан дарров оғзига кир. Эрталаб уйингда, бўласан, — дебди-ю, шўнғиб кетибди.
Кеч кириши билан денгизда тўлқин кўтарилибди, қирғоққа баҳайбат бир балиқ сузиб келибди. Унинг бурнидан сув юқорига вариллаб отилиб турар, думини тинмай биланглатар экан.
Хон қизи балиқни кўриши билан жуда қўрқиб кетибди. Ёш балиқчи хотинига далда бериб, уни балиқнинг оғзига олиб кирибди. Балиқ тезда денгизда сузиб кетибди.
Ажойиб балиқ манзилга етиб, оғзини очибди. Дарҳол эр-хотин иккови балиқ оғзидан қирғоққа чиқиб, уйига қараб йўл олибди. Бироздан кейин уйга етишибди. Ярим вайронага айланган кулбасини ва унинг олдида мункайиб ўтирган кекса отасини кўргач, балиқчи йигитнинг кўзларидан ёш чиқиб кетибди. Бора солиб отаси билан қучоқлашиб кўришибди ва унинг оқариб кетган соч-соқолларини силабди.
У хотинини отасига танитибди, чол жуда қувонибди.
Шундай қилиб, балиқчининг эски кулбасида учовлари бахтли кун кечира бошлабдилар.