Ўйнанг, кучугим, ўйнанг!

Ўтган замонда бир чолнинг учта қизи бўлиб, ўғли йўқ экан. Кунлардан бир куни, чол жуда оғир касал бўлиб қолибди. Чолнинг касалини биронта табиб ҳам тузата олмабди. Ниҳоят, табиблар чолга олмурут шохини қайнатиб ичганидагина соғайиб кетишини айтишибди. Олмурут шохини олиб келиш учун чолнинг катта қизи йўлга чиқибди. У йигитларнинг кийим-бошини кийиб, қора сочини қалпоғи тагига бостириб олиб, отни миниб йўлда кетаверибди. Қиз йўлда узоқ юргандан сўнг, катта бир чўл-биёбондан чиқиб қолибди. Чўлда баҳайбат бир шер бор экан, қиз унга дуч келибди. Қиз ундан қўрқиб уйига қайтиб келибди.
Буни кўрган ўртанча синглиси “Мен бораман”, деб отасининг сўзига кирмай, сафар тараддудига тушибди. Ўртанча қизига йўлда катта бир аждаҳо дуч келибди, у ҳам қўрққанидан орқасига қайтибди. Чолнинг учинчи кенжа қизи, “Дада, энди мен бораман”, дебди. Дадаси унамабди. Бироқ кенжа қиз отасининг гапига қулоқ солмасдан жўнабди. Бу қиз ҳам қоп-қора сочини қалпоғи остига бостириб олиб, узун тўн кийиб, унинг устидан шоҳи белбоғни белига маҳкам боғлаб, навқирон шўх йигитлар каби от миниб, кучукчасини эргаштириб, йўлга равона бўлибди.
Йўлда кўп қийинчиликларга учрабди. Аждарҳо ва шерлардан ҳам қўрқмай, уларнинг қаршисига дадиллик билан бориб, ўткир қиличи билан уларни чопиб ўлдирибди.
Кенжа қиз йўл юрибди, йўл юрса ҳам мўл юриб, бир шаҳарга етиб борибди. Бу шаҳарнинг йигитлари ҳар куни меҳмонхонада гап ейишар экан.
Қиз кишининг суқи кирадиган даражада сулув, гўзал экан. Қиз шаҳарга етиб келгач, уч-тўрт йигит билан танишиб қолибди. Улар йигитнинг мусофирлигини билиб, уни меҳмонхонага таклиф қилибдилар. У:
— Мен бу ерга бир зарур иш билан келганман, агар ўша нарса топилса, тезроқ олиб кетсам: менинг отам оғир касал. Унга фақат олмурут шохини қайнатиб ичирсак, дори бўлар экан. Шунга келган эдим, топиб берсаларингиз, олиб кетардим, — дебди.
Меҳмонхонадаги барча йигитлар унинг ўғил бола эканлигига шубҳа билан қарабдилар. Улар қизга жавоб бермабдилар, меҳмонхонага уни бошлаб кирибдилар. Йигитлар ундан қизми ёки ўғил эканлигини сўрамоқчи бўлибдилар, лекин меҳмон хафа бўлмасин, деб унинг қиз эканини турли йўллар билан аниқламоқчи бўлибдилар. Бироқ қиз сир бой бермай, йигитлар билан бирга бир ҳафта яшабди.
Шунда йигитларнинг бири:
— Ҳаммамиз чўмилгани борамиз, унинг ўғил ёки қизлигини ўшанда билиб оламиз, — дебди. Йигитлар бу маслаҳатга кўнишибди. Буларнинг гапларини қизнинг кучуги эшитиб турган экан. Кучук қизнинг олдига келиб, бу гапларнинг ҳаммасини унга айтиб берибди.
Қиз жуда хавотир бўлиб турганда, кучук:
— Э, опа, сен ҳеч хафа бўлма, мен сизлар чўмилгани бориб, ечинган вақтларингизда бир вовиллайман, шу пайтда ҳамма томонни қора туман босади, сен шу вақтнинг ўзида чўмилиб чиқасан, улар билолмай қоладилар, — дебди.
Қиз бу маслаҳатга кўнибди. Эртаси тонг отиши билан йигитларнинг ҳаммаси нон-чой ичишиб бўлиб, қизга:
— Ўртоқ, бир чўмилиб келмаймизми, ўйнаб ҳам келамиз, — дейишибди. Қиз рози бўлибди. Сўнг ҳаммаси чўмилгани боришибди. Дарёнинг қирғоғида ҳаммаси ечинибди. Қиз ечинмай турибди. Қизнинг кучуги дарёнинг нариги қирғоғида туриб бир увиллабди. Ҳеч кимни кўриб бўлмайдиган туман тушибди. Қиз ҳам дарров ечиниб, ўзини сувга ташлабди, бир шўнғиб сувдан чиқиб, тезда кийим-бошини кийиб олибди. Йигитлар қизни биринчи синовда билолмабдилар, уни ўғил бола экан, деб шаҳарга қайтиб келибдилар.
Эртаси куни яна йигитлар:
— Бу йигит эмас, йигит бўлса, бунчалик гўзал бўлмайди, буни яна синаб кўрмоқ керак, — дейишибди.
Шунда бир йигит ўрнидан туриб:
— Биз бир дона эгар, бир дона қўғирчоқни чиройли қилиб ясаб, эшикнинг икки томонига қўяйлик, агар у эгарни олса ўғил бола, қўғирчоқни олса қиз бола бўлади, — дебди. Бу маслаҳат ҳам уларга маъқул келибди. Улар жуда чиройли битта мағор эгар билан битта қўғирчоқни топиб олиб келишибди. Буларнинг бу ҳаракатидан қизнинг кучуги хабардор экан, буни дарров қизга айтибди.
Қиз эртаси куни ичкари уйнинг эшиги орқасида эгар билан қўғирчоқ турганини кўрибди, лекин қўғирчоқнинг беҳад чиройлилигига қарамасдан, дарров эгарга қарабди ва йигитларга қараб:
— Зап эгар эканми, бизга берсаларингиз бўлар экан, сотмайсизларми? — дебди.
Йигитлар бир-бирларига қарашиб, ўғил бола экан, деб ўйлашибди.
— Майли, сизга эгар керак бўлса берайлик, — дейишибди-да, эгарни қизга беришибди. Қиз эгарни олиб, ичкарига кириб ўтирибди.
Йигитлар унинг ўғил бола эканига ишонмасдан яна синамоқчи бўлишибди.
— Энди қандай қилиб синаймиз? — дейишибди.
Йигитлардан бири туриб:
— Энди буни шундай қилиб синаймиз: ҳаммамиз боғда биттадан гул олиб келиб, тунда ўрнимизга қўйиб ётамиз, қани, унинг ўрнидаги гул сўлиб қоладими, йўқми? Агар гул сўлмаган бўлса, ўғил, сўлиб қолган бўлса, қиз бола бўлиб чиқади, — дебди. Қизнинг кучуги уларнинг бу маслаҳатини ҳам эшитиб олиб, дарров қизга айтибди:
— Опа, сени йигитлар яна синашмоқчи, улар сен ётганингда тагингга гул ташлаб қўйиб, синашмоқчи бўлишяпти. Гул тунда сўлиб қолади, ўша вақтда дарров менга гулни ташлайсан, мен у гулни ташлаб, улар қаердан олган бўлсалар, ўша ердан сенга бошқа янги яшнаб турган гул олиб келиб бераман.
Йигитлар кеч киргандан кейин боғга кириб ҳар биттаси биттадан гул узиб келибди. Йигитлар билан кучук ҳам эргашиб кириб, гулни қаердан олганларини билиб олибди. Кечқурун ҳаммаси тагига гул ташлаб ётибди. Қиз саҳар уйғониб гулни қараса, гул сўлиб қолганмиш, у гулни дарров кучукка ташлабди. Кучук гулни тишлаб олиб, ўша гулзорга бориб, янги очилган гулдан олиб келиб берибди. Қиз гулни ўзининг тагига ташлаб ётибди. Тонг отиб, ерга ёруғ тушгач, йигитларнинг ҳар қайсиси ўз гулларини кўришибди. Улар қарашса, ҳаммаларининг гули сал-пал сўлиб қолибди-ю, қизнинг гули кечқурун қандай бўлса, эрта билан ҳам ўшандай яшнаб турган эмиш. Йигитлар унинг ўғил бола эканига ишонишибди.
Шундай қилиб, қиз бу ерда бир неча кун тургандан кейин йигитлардан жавоб сўрабди. Йигитлар қизга олмурут шохини топиб бериб, шундан кейингина унга жавоб беришибди. Қиз эса олмурут шохини олиб, отини миниб, кучугини эргаштириб йўлга тушибди. Йўлда бир неча кун юрибди. Қиз ўзининг Зимзим шаҳрига бориб, соғ-саломат қайтиб келаётганига суюнибди. Ўзининг ёнида эргашиб келаётган кучугига қараб:

Ўйнанг, кучугим, ўйнанг,
Зимзим шаҳрига бориб,
Қиз бордим-у, қиз қайтдим.
Ўйнанг, кучугим, ўйнанг, —

деб кучугини ўйнатиб кетаётганида, йўлда бир чол учрабди. У Зимзим шаҳрига кетаётган экан. Қизнинг бу сўзларини эшитиб, ҳайрон бўлибди. Чол шаҳарга етганда, йигитлар ҳали уйларига кириб кетмаган эканлар. Чол: бир отлиқ одам кетяпти, ёнида кучуги бор, кучугига:

Ўйнанг, кучугим, ўйнанг,
Зимзим шаҳрига бориб,
Қиз бордим-у, қиз қайтдим.
Ўйнанг, кучугим, ўйнанг, —

деб, кучугини ўйнатиб кетаётибди, — дебди. Йигитлар эса уни синаб билиша олмаганига жуда пушаймон бўлибдилар.
Қиз эса юртига етиб борибди. Борса, отаси ҳали ҳам касал экан. Олмурут шохини қайнатиб, отасига ичкизгандан кейин отаси тузалиб кетибди. Шундан кейин ота-она, опа-сингил, ҳаммаси соғ-саломат яшаб, мурод-мақсадларига етган эканлар.