Нурилла бойвачча

Ўтган замонда Самарқандда бир катта бой ўтган экан. Унинг Нурилла деган ёлғиз ўғли бўлган экан. Кунларнинг бирида бой:
— Эй ўғлим, мен ўлиб кетаман, менинг уч ерда дунёим бор, — деб ҳаммасини кўрсатибди. — Ётиб есанг бу дунё ҳеч нарса бўлмайди. Ётиб ейишга тоғ ҳам чидамайди, деганлар, — дебди.
Бой ўғлининг қўлига минг танга пул бериб:
— Шунга мол олиб келиб сотгин, — дебди. Бола пулни олиб жўнаб кетибди. Йўлда бир девонага учрабди. Девона одамларни йиғиб:
— Бир сўзим бор, кимда-ким минг танга берса, айтаман, — деб турган экан. Шунда одамлар:
— Минг тангани сенга мана Нурилла бойвачча беради, — дебди.
Нурилла бойвачча:
— Мен бойвачча эканман, — деб чўнтагидан минг тангани чиқариб берибди. Шунда девона унга:
— Ўғлим, уйингга борсанг, хотинингни уйғотиб ётгин! — дебди.
Нурилла кечқурун уйга келибди, отасига:
— Ота, минг тангага лойиқ мол олиб қўйдим, яна минг танга берсангиз, молнинг ҳаммасини битта қилиб олиб келарман, — дебди. Отаси яна минг танга берибди. Нурилла яна йўлга тушибди. Аввалги кўчани қўйиб, бошқа кўча билан юрса, яна ҳалиги девона олдидан чиқибди. Одамлар уни кўриб гувиллашиб: “Ана, ана, Нурилла бойвачча бу сўзингга минг танга беради”, дейишибди.
Нурилла бойвачча эса, бу минг тангани ҳам девонага берибди. Шунда девона айтибди:
— Ўғлим, ошиқ маъшуққа яхши, ҳар кимнинг севгани ўзига яхши.
Нурилла яна уйига қайтиб келиб:
— Ота, икки минг тангага мол олдим, яна бир минг танга берасиз. Уч минг тангалик мол келтираман, — дебди. Отаси яна бир минг танга берибди.
Нурилла яна бошқа кўча билан кетибди. Бу гал ҳам унинг олдидан ҳалиги девона чиқиб қолибди. Одамлар Нуриллани кўриб:
— Ана, Нурилла бойвачча келиб қолди, ундан бошқа ҳеч ким бу пулни топиб беролмайди, — дейишибди. Нурилла яна минг тангани девонага берибди.
— Энди, ўғлим, эрталабки насибадан қайтма, — дебди девона. Ҳамма пулидан ажралган Нурилла бойвачча уйига келмасдан бир жойга бориб, ҳовуз бўйида ётибди. Биров унинг олдига келиб:
— Отангиз касал, сизни тез келсин, дедилар, — дебди. Шунда Нурилла хўп, бораман, деб у кишини жўнатиб юборибди. Эртасига яна биров келиб:
— Отангиз қаттиқ ўсал бўлиб қолди, тезда етиб борар экансиз, — деса, Нурилла “Хўп-хўп”, деб яна бормабди. Яна бир киши эртасига келиб:
— Отангиз ўлди, — дебди. Нурилла бу сўзни эшитиб бориб, отасининг ўлигини кўмиб, маъракаларини ўтказибди.
Кунлардан бир куни Нурилланинг уйига ўғри кириб:
— Минг танга берасан! — дебди. Нурилла минг тангани бериб юборибди. Бир куни ўғрилар яна минг танга сўрабди. Яна берибди.
Ўғрилар ҳар куни минг тангадан пул олиб кетаверибди. Отасининг дун-ёси тамом бўлибди. Ўғриларга: Энди нима бераман? — деса, “Нима бўлса-да, топиб берасан”, дейишибди. Нурилла ҳовли-жойини сотиб берибди.
Ўзига фақат битта уй қолибди.
— Битта уй ўзимга қолди, бошқа ҳеч нарса қолмади — дебди.
Ўғрилар уни уриб-уриб дарвозаси олдига ташлаб кетибдилар. Нурилла бечора бир вақт ўзига келиб қараса, дарвоза остида ётган эмиш. У судралиб уйга кириб борибди. Хотини йиғлаб:
— Сизга нима бўлди, нима гуноҳ қилган эдингиз? — дебди. Нурилла икки-уч кун ётиб тузалибди. Нурилла мардикор бозорига борибди, кечгача ҳеч ким мардикор сўрамабди. Эртасига ҳам бориб ўтираверибди, яна ҳеч ким сўрамабди.
Нурилла учинчи куни мардикор бозорнинг бир чеккасида ўтирган экан, бир мўйсафид келиб:
— Ўғлим, мардикор ишлайсизми? — дебди. — Ҳа, ота, ишлайман, — дебди. У:
— Кунига неча пул берайин, ўғлим? — дебди.
— Неча пул берсангиз ўзингиз биласиз, — дебди Нурилла. — Мени оч қўйсангиз ҳам майли, аммо уйимга кетишимда қўлимга битта нон берсангиз, ўғлимга олиб борар эдим.
Чол рози бўлибди. Уни олиб бориб ишга солибди. Чол кечқурун Нуриллани тўйғазиб, қўлига 0 та нон тугиб берибди. Нурилла уйига югуриб келибди. Борса хотини “Ҳозир отанг нон олиб келади”, деб ўғлини овутиб ўтирган экан. Нурилла нонни олиб келиб қолибди. Боланинг хурсандчилиги уларнинг ҳам кўнглини очибди. Эртасига эрталабдан келиб Нурилла ишлай берибди. Йигирма кун ишлабди. Бир кун бой:
— Биз эртага савдогарчиликка Қалъа деган шаҳарга жўнаб кетаётирмиз. Биз билан бирга борувчи бойларнинг қули бор, менда йўқ, шунга сен борсанг, қанча пул берай? — дебди. Нурилла:
— Нима берсангиз ўзингиз биласиз, — дебди. Бой:
— Ҳақинг учун ўзингга юз танга, болаларинг учун озиқ-овқат ва юз танга пул берай, — дебди. Нурилла рози бўлибди. Буларни олиб, эшакка юклаб уйига келибди. Болаларига:
— Мен олти ойда келаман. Шунгача бу овқатларни еб турасизлар, — дебди.
Нурилла эртасига жўнаб кетибди. Хотини эса уйдаги нарсаларни асраб қўйиб ҳар кимнинг ишини қилиб кун кечираверибди. Нурилла бойлар билан Қалъага йўл тортибди. Бир чўлга борганда сув ва овқатлари тугабди. У ерда бир ғор бор экан. Савдогарларнинг мақсади шу ғорга етиб олиш экан. Улар етиб ҳам келишибди, аммо у ерда сув қуриб қолган экан.
Савдогарлар сув олиб чиқиш учун қулларини ғорнинг ичига киргизиб юборибдилар. Кирган қул қайтиб чиқмабди. Энди навбат Нуриллага келибди. Нурилланинг хўжайини:
— Бу бола менинг қулим эмас, мардикорим бўлади, шунинг учун бунинг ризолигини ўзидан сўрайман, — дебди. Нурилла рози бўлибди.
Ғорга кириб кетибди. Бир ерга борса, бир дев сувнинг бошини бойлаб ўтирган экан. Кирган одамларнинг ҳаммасини шу дев қуритаётган экан. Нурилла девнинг олдига келиб салом берибди. Дев ундан нима учун келганини сўрабди. Нурилла сувга келганини ва кўпчилик одамлар сувсизликдан ўлиб кетаётганини айтибди. Дев Нуриллага:
— Менинг бир саволим бор. Шу саволимга жавоб беролсанг, сув бераман, — дебди. Дев олдидаги сувнинг ичида бир қурбақа, унинг ёнида эса, бир пари бор экан. Пари девга қараб кулса, дев ҳеч қарамас, қурбақа вақилласа, дев хурсанд бўлиб кулар экан. Дев Нурилладан буларнинг қайсиси яхши эканлигини сўрабди. Нурилла девонадан сотиб олган гапининг бирини айтибди:
— “Ошиқ маъшуққа яхши, ҳар кимнинг суйгани ўзига яхши”. Дев бу жавобдан хурсанд бўлиб, унга мукофот учун бир шамчироқ берибди. Нурилла эсон-омон чиқиб келибди. Орқасидан сув ҳам шариллаб оқиб чиқибди. Ҳамма савдогарлар хурсанд бўлишиб, Нуриллага совғалар беришибди. Шу ерда Нурилла ўзига еттита туя сотиб олибди. Дев Нурилла билан гаплашганда “Ҳамма савдогарлар турли нарсалар олишса, сен фақат қора мурч олгин, чунки сизлар бораётган шаҳарда вабо бор, одамлар шу мурчдан бир-бир ялашса тузалади”, деган экан. Карвон яна йўлга равона бўлибди. Бир шаҳарга боришса, бир ёш бола мушукни ушлаб ўтирган экан. Нурилла “Бу нима?” деб сўрабди. Бола: “Бу йўлбарс бўлади”, дебди. Нурилла буни бир тангага сотиб олиб жўнабди. Бир неча кун юриб савдогарлар бир қўриққа бориб қўнишибди. У ерда сичқон шундай кўп эканки, буларнинг ҳамма қопларини тешиб ташлабди. Нурилла “йўлбарс”ни қўйиб юборибди. Ҳамма сичқонлар қочиб кетибди. Савдогарлар суюнганларидан Нуриллага инъомлар беришибди. Нурилла савдогарлар қаторида қирқта туя қилиб олибди. Шаҳарга етиб боргандан кейин у ҳамма молларини сота бошлабди. Нурилла дев берган гавҳар шамчироқни сотмоқчи бўлибди. Ҳеч харидор чиқмабди, чунки бу гавҳарнинг баҳоси жуда ҳам қиммат экан. Одамлар:
— Буни подшога олиб бор! — дейишибди. Нурилла подшога борибди. Подшо қанча беришни сўрабди. Нурилла “Нима берсангиз ўзингиз биласиз”, дебди. Гавҳарнинг баҳоси ниҳоятда қиммат бўлгани учун вазирлардан бири подшога Нуриллани ўлдириб юборишни маслаҳат берибди. Подшо “Қандай қилиб ўлдирамиз?” дебди.
Вазир:
— Эрталаб биз буни боғга юборамиз. Боғбонга: “Ким эрталаб биринчи бўлиб келса ўлдиринг”, деймиз. Шу билан ўлдириб юборамиз, — дебди. Эрталаб тонг отибди. Подшо Нуриллага боғдан бир сават узум олиб келишни буюрибди. Нурилла кетаётган экан, шу шаҳардан орттирган ўртоқлари чой ичишга таклиф қилишибди. Нурилла хизмат учун кетаётганини айтса ҳам ўртоқлари ҳеч қўйишмабди.
Нурилланинг эсига бояги девонанинг “Эрталабки насибадан қайтма” деган гапи тушибди ва ўртоқларининг олдига келиб чой ичибди. Шу орада подшонинг ўз одамларидан бири боғга келибди. Боғбон бу келган одамнинг бошини шартта кесибди. Унинг орқасидан Нурилла борган экан, бир сават узум бериб юборибди.
Нурилла хизматни бажариб подшонинг олдига келибди. Подшо бунга ҳайрон бўлиб, ”Биз қасд қилган билан худо қасд қилмаса бекор экан”, деб жуда кўп панд ебди.
Нурилла шерикларининг олдига келибди. Ҳамма молни сотиб бўлибди.
Шу ердан ҳамма савдогарлар ўз элларига қайтишибди. Нурилла эса, ўз хўжайинига бояги бой берган минг тиллани ва мушукни бериб юборибди. Ўзи эса қирқ туяга юкни ортиб бошқа шаҳарга жўнаб кетибди.
Савдогарлар олти ой йўл юриб, ўз юртларига етиб келибдилар. Бой минг тиллани Нурилланинг хотинига бериб, мушукни унинг ўғлига берибди. Нурилланинг қирқ туяга мурч ортиб бошқа шаҳарга кетганини, яна саккиз йилдан кейин келишини айтибди. Шу йили буларнинг шаҳрини сичқон босиб кетган экан. Тегирмонлардаги ҳамма дон ва қанорларни нобуд қилган экан. Одамлар Нурилланинг ўғлидаги ”йўлбарс”ни ишга солиб, ҳар бир тегирмондан кунига беш пуддан ғалла олиб берибдилар. Буларнинг унлари жуда кўпайиб кетибди.
Бир куни подшонинг ўтирган тахтини ҳам сичқон босиб кетибди. Подшо Нурилланинг ўғли билан битим тузиб, ҳар кунига мушук ҳақи учун минг тангадан бериб турадиган бўлибди. Она-бола жуда бой бўлиб кетишибди. Жуда катта уй қуриб, атрофини қўрғон қилиб олишибди.
Энди гапни Нурилладан эшитинг:
У шу юрганча тўғри мўлжаллаган шаҳрига етибди. Ҳақиқатан ҳам у ерда вабо касали бор экан. Одамлар Нурилланинг юки нималигини сўрашибди. Нурилла вабонинг дориси эканини айтибди. Мурчнинг ҳар бир донасини бир тилладан сотибди.
Одамлар бутунлай вабодан қутулишибди. Нурилла қирқ туя тилла қилибди, бир йил туриб ўнта қул сотиб олиб ўз элига жўнабди. Яна тўрт йил юриб ярим кечада ўз уйига келибди. Уйини ҳеч таний олмабди. Жуда ўзгариб кетган экан. Бир тўп қайрағоч бор экан, шундан танибди. Қайрағочдан ошиб тушса, хотини олдида бир йигит ухлаб ётганмиш. Нурилла бу йигитни ўлдирмоқчи бўлибди, аммо бир сўраб кўрай, деб хотинини уйғотибди. Бу йигит Нурилланинг ўғли экан. У ҳам уйғонибди. Нурилла хотини ва боласи билан сўрашибди. Хотини туяхона ҳам солиб қўйган экан, туяларни шу ерга келтиришиб, юкларини тушириб олишибди. Шу билан тинч яшаб, мурод-мақсадларига етишибди.