Ноқулай маслаҳатчи

Қадим замонда Ноқулай маслаҳатчи деган бир киши бўлган экан. Халқ орасида кимнинг бошига мушкул иш тушса, шу кишини чақиртириб келиб маслаҳат сўрар, унинг берган маслаҳати билан иш қилар экан. Бир кишининг жинбир шохли ҳўкизи бор экан. Шу ҳўкиз бир куни бошини тандирга суқиб қайтариб ололмабди. Эгаси ҳўкизнинг бошини тандирдан чиқазиб олишнинг иложини қилолмай, охири Ноқулай маслаҳатчининг ёнига бориб, маслаҳат сўрабди. У:
— Ҳўкизнинг бошини кесинг, — деб маслаҳат берибди. Ҳўкизнинг бошини кесишибди. Барибир, ҳўкизнинг боши тандирда қолибди. Яна ундан маслаҳат сўрашибди. У яна маслаҳат бериб:
— Тандирни йиқитинг, шундагина ҳўкизнинг бошини тандирдан оласиз, — дебди.
Унинг берган маслаҳати билан тандирни ҳам йиқитишибди. Сўнг ҳўкизнинг бошини тандирдан олибдилар.
Кейин Ноқулай маслаҳатчи шодланибди, ўзини-ўзи мақтаб, «Юртда бизлардек бир-икки маслаҳатгўй бўлмаса, юрт хароб бўлғусудир», деб қўйган экан.