Наврўз қароқчи

Бир бор экан, бир йўқ экан. Наврўз қароқчи деган бир ўғри бор экан. Наврўз қароқчи ўғриликка шундай берилиб кетган эканки, агар бирор кеча, бирон бир нарсани ўғирлай олмай қолса қўшнисининг косовини уғирлаб чиқар экан. Қанчалик ўғрилик қилмасин, барибир қорни нонга тўймас экан, чанқови чойга қонмас экан. Унинг бир ўқимишли мулла қўшниси бўлиб, ҳар куни егани палов, кийгани атласу кимхоб экан. Кунлардан бир куни:
— Мен шунчалик ўғрилик қиламану ҳамма вақт бир қошиқ ёвғонга зорман. Қўшним бўлса ҳар куни палов ейди. Энди шу домлани ўлдирмасам бўлмайди, — деб Наврўз қароқчи қўшнисиникига чиқибди. Уйга кирса, қўшниси қозондан паловни сузаётган экан.
— Э, келинг қўшни, — дебди мулла, — қани, тўрга марҳамат.— Наврўз тўрга ўтибди. Ошнй биргалашиб ёйишибди. Сўнг Наврўз қўшнисига:
— Мен шунча ўғрилик қиламану, аммо сиздай ҳар куни палов ея олмайман. Сизнинг топишингиз оз бўлса ҳам ҳар кеча қозонда ошингиз қайнайди. Уст-бошингиз бут. Шунинг сабабини айтиб берсангиз, — дебди.
Шунда мулла:
— Уйингизга бориб хотинингизга айтинг, бир тандир кулча ёпиб берсин. Сиз кулчаларни бир халтачага солиб то оёғингиз етган жойгача «ҳалол нон», деб еб бораверинг. Кулча тугагач йўлни давом эттирманг, — деб маслаҳат берибди.
Наврўз қароқчи мулланинг айтганларини қилиб, бир тандир кулча ёптирибди. Уларни хуржунга солиб, хотини билан хайр-маъзур қилиб йўлга чиқибди. «Ҳалол ноним», деб кулчалардан битта-битта олиб еб, йўл юрибди, йўл юрса ҳам мўл юрибди. Охири бир ерга бориб, хуржунини елкасидан олиб қараса, кулчаси тугаб қолган эмиш. «Энди нима қилар эканман», деб ҳайрон бўлиб турган экан, бир чол келиб:
— Болам, менинг еримни ишлаб беролмайсизми, ҳақини икки баравар бераман, — дебди.
— Хўп, ишласам ишлай қолай, — дебди Наврўз қароқчи.
Кейин чолнинг ерида бир йил ишлаб берибди, чол ҳосилни кўтариб олгач, Наврўзнинг қўлига бир нечта танга бериб яна бир йил қолиб ишласанг мана уй, мана жой, бордию йўқ, ишламайман, кетаман десанг ҳам ихтиёр ўзингда, — дебди.
Наврўз қароқчи:
— Мен бозорни бир айланиб келай, ундан кейин сизникида қолар ёки қолмаслигимни айтаман, — дебди-да, бозорга борибди.
Бозорни томоша қилиб юрган экан, ўз шаҳаридан келган карвонларни кўриб қолибди. Уларни кўриб ўзида йўқ хурсанд бўлиб кетибди, савдогарлар бўлса Наврўзни кўриб: «Ие, Наврўз қароқчи ҳам шу ерда экан-ку, энди бутун моллардан айрилдик», деб хавотирланиб, қўрққанларидан безгак тутган кишидай титраб-қақшар эмишлар. Наврўз қароқчи савдогарларнинг олдига бориб:
— Э ҳамшаҳарлар, қўрқманглар, мен молларингга тегмайман, қароқчилигимни ташлаб, бир бобонинг ерида йил бўйи деҳқончилик қилиб, оз-моз пул орттирдим, шунга бирон нарса олиб берсам, ўғлимга элтиб берсанглар, — дебди. Олдинига Наврўзнинг гапига «бу ёлғон айтяпти», деб савдогарлар ишонишмабди. Наврўз ялиниб-ёлворавергач, олиб берган нарсасини ўғлига элтиб беришга рози бўлишибди. Наврўз қароқчи нима олишини билмай бозорни роса ахтарибди. Кейин, ўғлим мушукни яхши кўрар эди деб бир йил ишлаб топган тангасига битта мушук боласини олиб, савдогарларга, «мана шуни ўғлимга, отангдан совға, деб топширинглар», деб тайинлабди.
Савдогарлар мушукни олиб, йўлга тушибдилар. Юриб-юриб, тунаш учун бир шаҳарда қўнибдилар. Бу пайт шаҳар аҳолиси жуда нотинч экан. Шаҳарда сичқон шунчалик кўпайиб кетган эканки, ҳатто кишилар ўтириб овқат ея олмас экан. Дастурхонларнинг устини ҳам сичқон босиб кетар экан. Бу шаҳарнинг аҳолиси сичқонларга қарши курашишни билмас, мушукни эса кўрган эмас эканлар. Савдогарлар олиб келган мушук бир нафасда саройдаги сичқонларни тутиб еб қўйибди. Бу воқеани кўрган кишилардан бири подшога хабар берибди. Шунда подшо:
— Ўша савдогарларни саройга келтиринглар, — деб буйруқ қилибди. Бир дақиқа ўтар-ўтмасдан савдогарлар ҳалиги мушук билан подшо саройига келтирилибди. Мушук бир нафасда саройдаги сичқонларни ҳам еб битказибди. Буни кўриб подшо:
— Бу сичқонер махлуқларингни бир туя олтинга алмаштиринглар, бизнинг шаҳаримиз учун жуда керакли экан, — деб илтимос қилибди.
Савдогарлар олдинига нима қилишини билмай бошлари қотиб ҳайрон бўлишибди. Рози бўлгани Наврўздан қўрқишибди. Савдогарлар ўйлаб-ўйлаб туриб, кейин «Наврўз учун ҳам битта мушукдан бир туя олтин афзал-да», деб, «майли, алмаштирсак алмаштира қолайлик», дейишибди. Подшо хурсанд бўлиб, бир туя тиллани бериб, мушукни олиб қолибди.
Савдогарлар туядаги олтинни олиб, Наврўзнинг хотинига келтириб беришибди. Хотин олтинни олиб, жуда бойиб кетиб, данғиллама ички-ташқи бинолар қурдирибди.
Хотинни бойишда, иморатлар солдиришда қўйинглар, икки оғиз гапни Наврўз қароқчидан эшитинг:
Наврўз қароқчи яна бир йил мардикор ишлаб, топган тангасига чолдан икки дона анор олибди. Анорни олиб уша бозорда юрган экан. Мушук бериб юборган савдогарларни кўриб қолибди. Анорни қўлига олиб, савдогарлар билан биргалашиб ўз шаҳарига жўнабди. Йўл юришибди, пўл юришса ҳам мўл юришибди, охири бир шаҳарга етиб боришибди. Тунаш учун бир карвон саройга тушишибди. Саройбондан:
— Шаҳарда нима гаплар? — деб сўрашган экан, у:
— Э, нимасини айтасизлар, подшоҳимизнинг якка-ю ягона қизи ўлим тўшагида ётпбди. Анор деган меванинг суви даво эмиш, уни ичса тузалар эмиш. Подшо бутун дунёни айланиб чиқиб, икки-учта анор тополмади, — дебди.
Бу гапни эшитиб Наврўз:
— Тезда мени подшонинг ҳузурига олиб боринглар, — дебди.
Саройбон Наврўзни етаклаб подшо саройига олиб борибди. Наврўз қўйнидаги икки анорни сиқиб, сувини бир идишга қуйибди-да, қизга ичирибди. Бирпасда подшонинг қизига қон кириб, юзига қизил югуриб кўзи очилиб, тили гапга кела бошлабди.
Подшо жуда хурсанд бўлиб, Наврўзга бир туя олтин бериб юборибди. Наврўз савдогарлар билан яна йўлга тушибди. Юриб-юриб, охири уйига келиб, ҳовлисини таний-олмабди. Эски-туски томлари ўрнида ичкари-ташқари қасрлар эмиш. Кейин бир туп тутидан таниб, уйига кирибди.
Уйда хотини бир йигитча билан ухлаб ётган эмиш. Мен кетгандан кейин хотиним ёш бир йигит билан турмуш қилган экан-да, деб ёнидан ханжарини суғурибди:
— Ҳозир ҳар икковининг калласини танасидан жудо қиламан, — дебди. Кейин: «Аввал ярамас, бири икки бўлмаган бир қароқчи эдинг, энди ҳалол меҳнатинг билан бир оз одам бўлдинг, шайтонга ҳайф бериб, булардан гап сўра-чи, ўлдириш қочмас», деб ўзича фикр қилибди.
Хотинини уйғотган экан, бола ҳам уйғониб кетиб, «дада!» деб бўйнига осила кетибди.
Хотини гап бошлабди:
— Сиз юборган туядаги олтинларга кўриб турган уйларингизни солдирдим. Ана у ердаги хизматкорлар, бу эса ўғлимиз, — дебди.
Наврўз қароқчи хотинидан хурсанд бўлибди. Туясидаги тиллалардан маслаҳат берган донишманд ён қўшнисига ҳам бериб, тинч-фароғатда яшай бошлабди. Пул керак бўлиб, кўнгли ўғриликни қўмсаса савдога кетар эмиш. Савдода юриб, кўпни кўриб, яхши-ёмонни ажратиб, яна юртига қайтармиш.