Момир билан Сомир

Бир неча юз асрлар илгари Туркман мамлакатида бир шоҳ бўлган экан. Шоҳнинг икки ўғли бўлиб, бирининг оти Момир, иккинчисининг оти Сомир экан. Шоҳ ҳар икки ўғлини ҳам бениҳоя яхши кўрар ва чексиз муҳаббат билан тарбиялар экан. Номдор қаҳрамонлар ҳар иккисига ҳам паҳлавонлик машқларини: камон билан ўқ отиш, шамширбозлик қилиш, гурзи билан душманни уриш ва бошқа хил машқларни ўргатар эканлар. Шоҳнинг ўзи ҳам дунёда ўтган энг забардаст паҳлавонлар билан тенг кучга эга бўлиб, кўп-кўп девларни қирган экан. Кўҳиқоф тоғининг нариёғида омон қолган бир қисм девлар, ўз авлодлари учун шоҳдан ўч олиш йўлларини излар эканлар.
Кунлардан бир куни девлар шоҳнинг икки ўғли борлигидан хабардор бўлиб, уларнинг келажакда отаси каби паҳлавон бўлишларига кўзлари етиб, шоҳ ўғилларини ёшлигида ўғирлаб ўз маконларида бир неча йил тарбия қилгандан кейин уларни ўз оталарига қарши отлантириб, шоҳдан қасд олмоқчи бўлишибди. Девлар шаҳзодалар тарбияланаётган боғга келишибди. Момир билан Сомир иккиси машқ қилаётганини кўриб қулай фурсатни қўлдан бермасдан шаҳзодаларга ҳужум қилишибди. Шаҳзодалар ҳам девларга қаршилик кўрсатишибди. Бир неча соат жанг қилганларидан кейин девлар Сомирни банди қилиб олиб кетишибди. Момир укасига қараганда каттароқ ва кучлироқ бўлгани учун девларга ўзини банди қилдирмай, бир неча девни ўлдирса ҳам, укаси Сомирни ажратиб олишга кучи етмабди.
Девлар Сомирни олиб қочиб кетибдилар. Бу воқеадан шоҳ хабар топиб, ғазабланиб “Девлар менинг берган зарбамни унутибдилар-да”, деб мамлакатдаги бутун паҳлавон ва лашкарларни тўплаб, ўғли Сомирни топиб, девлардан қасос олиш учун йўлга чиқибди.
Шоҳ бир неча йил қидирса ҳам девларни топа олмабди.
Девлар Сомирни жойларига олиб бориб, ўз тилларига ўргатиб ва ўз емишларидан едириб тарбия қила бошлабдилар. Сомир ўн уч ёшга кирибди, билаклари кучга тўлибди. Сомир ўсган сари кўзи очилиб, ўзининг девларга ўхшамаслигига ажабланиб, ўзини улардан йироқ сеза бошлабди. Сомир тоғлар орасида бекор санғиб юришдан зерикиб, ғорлардан, ўрмонлардан бир неча юз айиқлар тутиб келибди. Олдин ўз кучини синамоқ учун қирқ айиқнинг бўйнига аждар ёлидан қилинган арқонни бойлаб, унинг учини ушлаб туриб, айиқларни ҳайдай бошлабди. Айиқлар олдига томон юргач, Сомир бир зарб билан уларни орқага тортибди. Айиқларнинг калласи узилиб ерга тушибди. Бунга қониқмаган Сомир, яна шу зайлда юз айиқни енггач, бирдан беш юз айиқни бир томонга қўйиб, иккинчи томонда ўзи турган ҳолда айиқларнинг бўйнига солинган арқонларнинг ҳаммасини бир қўлида тутиб, уларни олдинга ҳайдабди. Айиқлар қўй подасидек олдинга интилганда Сомир яна бир зарб билан уларни орқага қайтарибди. Ўзининг бу кучини кўрган Сомир, ўз-ўзича: минордай гавдалари билан девлар мендан кучли эмаслар, деб ўйлабди. Бу сирни билиш учун ҳамма девлар уйқуга кирганда, ярим тунда энг катта девнинг олдига кириб борибди. Уни уйқудан уйғотибди. Девдан саволига жавоб беришни сўрабди. Сўзлашиб ўтириб, дев Сомирни алдамоқчи бўлиб:
— Сен ўзимизнинг энг зўр авлодимизнинг ўғлисан. Шунинг учун сенинг кучинг кўп, — дебди. Бу жавобга ишонмаган Сомир:
— Нима учун менинг гавдам девларга ўхшамайди? — деб яна сўрабди.
Сомирнинг сўроғига жавоб беришдан ожиз қолган дев Сомирга ўдағайлабди. Сомир девнинг бошига бир мушт урибди. Девнинг бошидаги икки шохи оёғидан чиқиб, ерга бир чинор бўйи кириб кетибди. Эртасига девлар шоҳини шохи билан ерга михлаб қўйилган ҳолда топиб олибдилар. Улар бу ишни Сомир қилганини сезишибди. Девлардан бири:
— Шаҳзода Сомир ўз отасидан ота-боболаримизнинг қасосини олиб бериш ўрнига, бизлардан қасдини ола бошлади. Шунинг учун энди Сомирни кўплашиб ўлдириб юбориш ёки тоғнинг нарёғига олиб бориб адаштириб келиш керак. Агар яна бир-икки йил шу хилда борса ҳаммамизни қириб битиради, — дебди. Бир дев туриб айтибди:
— Сомирни ўлдириб бўлмайди. Чунки у олдинги йили тоғдан беш юз айиқни тутиб келиб ўлдирган. Мен Сомирнинг беш юз айиқдан кучли эканини ўз кўзим билан кўрганман. Шунинг учун Сомирни адаштириб келишдан бошқа чора йўқ, — дебди.
Бу маслаҳатни берган девнинг сўзига бошқа девлар ҳам қўшилибди.
— Сомир адаштирмоқчи бўлганимизни сезиб қолса, ҳаммамизни ер билан яксон қилади. Шунинг учун эҳтиёт бўлиб, уни адаштириб юборайлик, — дебди.
Девлар бир куни Сомирни ов қилиш учун олиб чиқибдилар. Бир неча кун тоғма-тоғ юрганларидан кейин, уни бир жойда ёлғиз қолдириб, ўзлари қочиб кетишибди. Сомир ўзини девлар адаштириб кетганини билгач, қаерга борарини билмай, тоғдан ўзига бир ғор топиб, макон қилибди. Кечалари ғорда ётиб, кундузлари ҳар турли ваҳший ҳайвонларни тутиб, хомлигича еб, айиқ териларидан кийим кияр экан. Сомир девлар орасида ўсиб, бадани туклар билан ўралиб, ёшлигида кўрган одам энди танимайдиган тусга кирибди.
Сомир шундай яшай берсин, энди Сомирнинг отаси шоҳдан эшитинг. Шоҳ бир неча йиллар жигарпораси Сомирдан тириклайин айрилганига хафа бўлиб юриб, охири Сомирни эсидан чиқарибди. Кунлардан бир кун у Ҳинд шоҳининг бир қизи борлигидан хабар топиб, уни ўзининг ёлғиз қолган ўғли шаҳзода Момирга лойиқ кўриб, ҳинд шоҳига қуда бўлмоқчи бўлиб, элчи юборибди. Ҳинд шоҳининг қизи элчиларга:
— Кимки мени майдонда енгса, шунга тегаман. Бўлмаса шаҳзода бўлса ҳам тегмайман. Агар шоҳнинг ўғли шу шартни бажарса, қаршилигим йўқ, — дебди.
Подшоҳ элчилардан бу жавобни эшитгач, ўғли Момирга: “Қалай кучинг етармикан?” дебди. Момир қизни енгишга сўз берибди. Шоҳ бир неча кун сафар ҳозирликларини кўриб, жами лашкарини йиғдириб Ҳиндистонга жўнабди. Шоҳ ўз лашкари билан бир неча ой йўл юриб, бир тоғга етибди. Шу тоғнинг ёнида бир неча кун дам олмоқчи бўлиб тўхташибди. Бироз ором олишгач, Момир тоғга чиқиб ов қилмоқчи бўлиб, отасидан рухсат сўрабди. Шоҳ ўғлига ижозат бериб, ёнига тўртта номдор паҳлавон ва юз элликта сироҳи қўшиб берибди. Момир тоғларни айланиб шерлар, йўлбарслар билан олишиб, уларни ўлдириб ов қилиб юрганда, бир ёввойи одамнинг юрганини кўриб қолибди. Шаҳзода Момир икки паҳлавон билан бир неча сироҳини шу ёввойи одамни тутиб келтириш учун юборибди. Улар “ёввойи” одам юрган ерга бориб айиқ терисини кийган бир одамни кўришибди. Паҳлавонлардан бири ёввойи одамга:
— Шаҳзода Момир сизни чақирди, биз билан юринг, — деб бақирибди. Сомир паҳлавоннинг бақириб гапиришидан хафа бўлиб индамабди.
Паҳлавон Сомирнинг индамай турганини кўриб:
— Ҳақиқий ёввойи одам экан, келинглар, ҳаммамиз ҳар томондан ўраб олиб, ушлаб шаҳзоданинг олдига олиб борамиз, — дебди.
Икки паҳлавон ва бир неча сироҳи ҳар томондан Сомирга яқинлашиб кела бошлабди. Сомир бу одамларнинг ўзига қасд қилаётганини кўриб, ёнида ўсиб турган арча дарахтини илдиз-пилдизи билан кўчириб олиб уларга отибди. Паҳлавон билан сипоҳилар ўлибди.
Шаҳзода Момир юборган одамлари ёввойи одам томонидан ўлдирилганини эшитиб, тезда отаси ёнига бориб хабар берибди.
Шоҳ, Сомир турган жойга келиб, ишонган паҳлавонларини унга қарши жангга тушира бошлабди.
Сомир отсиз, қурол-яроқсиз ўртага тушиб паҳлавонларни писанд қилмай уриб, майда-майда қилиб ташлай берибди. То кечгача уришибди. Кеч бўлгач, шоҳ урушни тўхтатиб, давомини эртасига қолдирибди.
Кейин ўз сафар тахтига чиқиб ўтириб, ”йўлдан чиққан балодан” кўп хафа бўлибди. Шу маҳалда шоҳнинг олдига шаҳзода Момир кириб:
— Мен шу ёввойи одам олдига ўзим бориб бир гаплашиб ёки ишини бир ёқлиқ қилиб келаман, — дебди.
Шоҳ ўғлининг гапига олдин кўнмаса ҳам кейин жавоб берибди. Тонг отар-отмас шаҳзода Момир бир неча паҳлавонларини ёнига ҳамроҳ қилиб, Сомирнинг кулбасига борибди. Сомир ҳам душманларининг аслаҳасиз келганларини кўриб, шаҳзодани ўз чайласидан нарироққа бориб кутиб олибди.
Сомир шаҳзода Момирни ва ёнидаги паҳлавонларни кулбасига таклиф қилибди. Момирнинг кийган кийимларидан “каттароқ” одам бўлса керак, деб унинг тагига йўлбарс терисини ташлабди.
Сомирнинг бу идрокидан шаҳзода Момир “Албатта шу менинг укам бўлса керак” деб, Сомирдан ҳол-аҳвол сўрабди. Сомир ҳам ярим дев тилида, ярми Момир тушунарли тилда ўз бошидан кечирган воқеаларни айтиб берибди. Момир Сомирнинг бошидан кечирганларини эшитиб, ўз укаси Сомир эканлигига шубҳаси қолмай “Дод!” деб юборибди. Сўнгра ўрнидан туриб: “Ўша сендан тириклайин ажралиб қолган аканг — Момир менман”,— деб келиб бошқатдан қучоқлашиб, йиғлаб кўришибди.
Шаҳзода Момирнинг бу фиғонларини кўзи билан кўриб, дили билан сезиб турган Сомир ҳам ўз жигари билан яна қайтадан кўришибди.
Икки ака-ука қаттиқ қучоқлашиб кўришганларидан ўз таналаридаги қовурғалари чақмоқ чаққандек қарс-қурс қилиб овоз чиқарибди.
Шаҳзода Момир укаси билан кўришиб бўлгач, бир чопарини шоҳга суюнчи олишга юборибди, яна бир паҳлавонни шаҳзода Сомир учун шоҳона кийимлар келтиришга жўнатибди. Шоҳ ўғлининг топилганини эшитиб, чопарга қирқ минг тилла суюнчи бериб, ўзи бир отга миниб, бир неча юз амалдорлар билан шаҳзода Сомирнинг йўлига чиқибди.
Шаҳзода Момир укаси Сомирни ўз кийимидек бир хил тусда шоҳона кийимлар кийгизиб, дулдул отга мингизиб тоғ тарафидан шону-шавкат билан чиқиб келгач, шоҳ Сомирга томон ўзини отиб, ота билан ўғил кўз ёши тўкиб кўришибдилар.
Шундай қилиб, подшоҳ лашкарига бир неча кун тўй-томоша қилиб берибди, кичик ўғлининг топилганига севиниб, Ҳиндистонга сафарини давом эттирибди.
Йўл юрсалар ҳам мўл юриб, тоғ-у тошларни кезиб, кўл-у дарёларни кечиб, Ҳиндистон мамлакатига етиб борибдилар.
Ҳинд шоҳи ҳам туркман шоҳини иззат-у ҳурматлар билан ўз ўрдасига тушириб, шаҳзода Момир билан Сомирга ҳам яхши шоҳона уйлар бериб, бир неча кун туркман шоҳининг келганига зиёфатлар берибди.
Энди муддаога келайлик. Ҳинд шоҳининг қизи билан курашадиган кун етиб келибди. Майдонда икки тарафда икки денгиздек лашкар саф тортиб турибди.
Ҳинд шоҳининг қизи эркаклардек кийинган, бошида дубулға, эгнида пўлат жома, бир қўлида сирар, бир қўлида шамшир, ёнида баҳайбат Рустам гурзисидек гурзи, найзалар билан қуролланган, юзига ниқоб тортган ҳолда майдонга кириб келибди. Қизнинг бу дабдабаларини кўрган энг зўр паҳлавонларнинг ҳам юраги шув этиб кетибди.
Ҳинд шоҳининг қизи майдонда туриб:
— Қани, узоқ эллардан келган паҳлавон йигит келсин, майдонга чиқсин! — дебди.
Бу хитобни эшитган шаҳзода Момир, отини жавлон урдириб, ўз сафидан ажралиб чиқиб, Ҳинд шоҳи қизининг баробарига бориб, расм бўйича бир-бирлари билан гурзиларини гурзиларига уриб кўришибдилар. Бу икки гурзидан чиққан овоз фалакка етиб, дунёга ёйилибди.
Ҳинд шоҳининг қизи билан туркман шоҳининг ўғли шаҳзода Момир икки хил майдондорлик расмларини ишлатиб етти кеча-ю етти кундуз олишиб, ахири отдан тушиб, аслаҳаларини ташлаб, белма-бел курашга ўтишибди. Белма-бел олишиб кўришиш ҳам уч кун давом этибди, шаҳзода Момир чарчаб, ҳинд шоҳининг қизидан енгилишига кўзи етибди, қизга ўзининг енгилганлигини билдириб, майдондан чиқибди.
Акасининг икки лашкар ўртасида ҳинд шоҳининг қизини енга олмай чиққанига шаҳзода Сомирнинг ғазаби келибди. У ҳинд шоҳининг қизига:
— Мен ҳам сенинг майдонингни кўрмоқчи бўлиб келган эдим! — дебди.
Ҳинд шоҳининг қизи бугун дам олиб, эртага Сомир билан майдонда курашмоқчи бўлибди.
Эртасига яна майдондорлик бошланиб, Ҳинд шоҳининг қизи қизил либосларга ўралиб, қизил дулдул отга миниб, қизил рангга бўялган қурол-аслаҳалар билан майдонга кириб келибди.
Шаҳзода Сомир ҳам дулдул отини жавлон урдириб Ҳинд шоҳи қизининг рўпарасига борибди, у билан кўришиб жанг бошлабди. Ҳар иккови жангнинг турли хиллари билан олишибди. Ахири жанг яна ерда яккама-якка курашишга ўтибди.
Шаҳзода Сомир билан Ҳинд шоҳининг қизи етти кеча-ю етти кундуз бел ушлашибди. Ахири саккизинчи куни шаҳзода Сомир ҳинд шоҳи қизини азот кўтариб ерга урай деганда, Ҳинд шоҳи қизининг юзидаги ниқоби кўтарилиб кетиб, шаҳзода Сомирнинг кўзи қизнинг жамолига тушибди. Йигит бир оҳ тортиб, қизни секин ерга қўйибди. Ҳинд шоҳининг қизи Сомирдан йиқилган ҳисобланибди, кураш тамом бўлибди.
Ҳинд шоҳининг қизи ўз саройига бориб шаҳзода Сомирдан йиқилганига ва обрўсининг тўкилганига жуда хафа бўлибди. Хафачиликни тарқатиш йўлларини ўйлай-ўйлай, ахири “рақиб” шаҳзода Сомирни тун қоронғу бўлгач, ҳеч кимга сездирмасдан бориб ўлдиришга қарор қилибди. Тун қорайгач, Ҳинд шоҳининг қизи Туркман шоҳи лашкари турган жойга кириб, шаҳзода Сомирнинг чодирини қидириб топибди. Эшикда турган посбонларга қараб беҳуш қиладиган дори сепиб юборибди. Улар беҳуш бўлиб йиқилгач, пўлат ханжарини қўлга ушлаб, ухлаб ётган шаҳзода Сомирнинг тепасига борибди. Шам ёруғи тушиб турган Сомирнинг юзини кўриб, унга қасд қилган қизнинг юраги эриб, ҳушидан кетиб Сомир ёнига йиқилибди. Бир неча дақиқадан кейин ўзига келиб, секин ўрнидан туриб, ўзининг Туркман шоҳи ўғли шаҳзода Сомирга тегишини билдирибди.
Ҳинд шоҳи қизининг бу сўзларини эшитиб, беҳад хурсанд бўлибди.
— Эй, худо, мен ҳам умримда куёвлик бўлар эканман, — дебди.
Ҳинд шоҳи Туркман шоҳи билан тўй тўғрисида маслаҳатлашибди. Ҳинд шоҳи қирқ кеча-қирқ кундуз тўй-томоша қилиб шаҳзода Сомирга қизини берибди. Тўй тамом бўлгач, Туркман шоҳи ўғлини, келинини ва бутун лашкарини олиб ўз элига қайтиб кетибди. Мамлакатига йўқолган ўғли Сомирни топиб келганини ва унга муносиб келин ҳам олиб келганини билдириб, жарчи қўйибди. Юртга қирқ кун тўй-томоша берибди. Катта шаҳзода Момирни ҳам уйлантириб қўйибди. Бир қанча вақтдан сўнг, шоҳ ўрнига шаҳзода Момирни тайинлабди. Шундай қилиб ака-ука Момир ва Сомир мурод-мақсадларига етишибди.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!