Мерос

Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим замонда, бир қишлоқда Қамбар исмли чол яшар экан.
Унинг учта ўғли бўлиб, оналари ёшлигида вафот этган экан. Қамбар ўғиллари вояга етганида уларни уйлантириб қўйибди. Ўзи эса борган сари ҳолдан тойиб, кучдан қолиб бораверибди.
Бир куни у қаттиқ касал бўлиб, ётиб қолибди. Касали оғирлашиб, бир неча кун уйидан чиқолмай қолибди. Аммо отасининг ҳолидан ҳеч қайси ўғиллари хабар олмабди. Хор-зорликда қолган ота нима қилишини билмай, ўйлай бошлабди. Тўнғич ўғлини ёнига чақириб, шундай насиҳат қилибди:
— Ўғлим, менинг ҳолимдан тез-тез хабардор бўлиб тургин. Келинимга, невараларимга ҳам айтиб қўйгин. Умрим тугай деб қолганга ўхшайди. Касалим оғир, мендан хабар олиб туришсин. Ҳовлининг ўнг томонидаги бурчагига кўзада тилла кўмиб қўйганман. Шу тиллалар сенга, зинҳор укаларинг билмасин.
Бу гапларни эшитган ўғил отасидан хурсанд бўлиб, тез-тез хабар оладиган, бозордан мевалар келтириб берадиган бўлибди. Ота ўртанча ўғлига ҳам шу гапни айтибди. Кенжа ўғлини ҳам чақириб, акаларига айтган гапини қайтарибди.
Шундан кейин учала ўғил ҳам, келинлари ҳам ота-оналаридан хабар оладиган, хизматини қиладиган бўлишибди. Касали оғирлашган Қамбар ота бир куни вафот этибди.
Ўғиллари оталарини иззат-икром билан кўмибдилар. Пулни аямай сарф қилишибди, йўриғини ҳам ўтказишибди. Лекин учовлари ҳам оталарининг гапларини бир-бирларидан яшириб юраверибдилар. Охири иложи бўлмабди, шунда катта акаси укаларига қараб:
— Отамиз менга айтган гапларини сизларга айтганми, йўқми билмайман. Улар кўзачада тилла қолдирганларини айтган эдилар. Энди учовимиз муроса қилиб, тенг уч бўлакка тиллани бўлиб олсак, — дебди.
Акасининг бу гапига укалари ҳам рози бўлишибди. Кенжа укаларига тилла кўзача кўмилган ерни очишни буюрибдилар.
Кенжа ерни кавлаб қараса, бир кўзача чиқибди. У кўзачани катта акаларига берибди. Улар кўзачанинг ичини очишибди, у ердан тилла эмас, бир хат чиқибди. Хатда, «Сизлар сира касал бўлманглар, болаларингизга хор бўлманглар» деб ёзилган экан.