Маликаи Ҳуснобод

Замонларнинг замонида, қадимал айёмда бир золим подшоҳ бор экан. Подшоҳнинг бир қизи бор экан, оти Маликаи Ҳуснобод экан. Онаси бир камбағалнинг қизи экан. Соҳибжамоллиги ҳаддан зиёда, ой деса оғзи бор, кун деса кўзи бор, шақ-шақайи жамоли ўн тўрт кечали ойни хира қилар экан. Сув ичса томоғидан, сабзи еса биқинидан кўринар экан.
Маликага кўп жойлардан совчи келибди, отаси бермабди. Кунлардан бир кун подшоҳнинг тахти тепасидаги дарахтга бир қарға келиб қўнибди. Қарға “қағ… қағ“ деб қағиллабди. Подшоҳнинг тўрт юз уламоси бор экан. Подшоҳ уларни чақириб:
— Э, уламолар, қарға нима деяпти! — деб сўрабди. Уламолардан бири:
— Қарғанинг нима деяётганини билмаймиз. Чунки у — қарға, биз одамзодмиз. Қарға ўз вақтини чоғ қилмоқ учун қағиллайди-да, — дебди.
Золим подшоҳ дарғазаб бўлиб “жаллод” дебди. Ўн тўрт жаллод мурғисаловат, қиличини бурро, забонини гўё қилиб “Кимнинг ажали етди, офтобни сояга еткармай бош кесарман”, деб турибди. Подшоҳ ҳукм қилиб: “Олиб чиқ, бу тўрт юз кишининг бошини кес!” дебди.
Шу замон Малика бу сўзни эшитиб қолиб:
— Э, ота, сизга нима бўлди, нима савол сўрадингиз? Хуни-ноҳақ тўрт юз кишининг бошини кесасизми? — дебди.
Подшоҳ доимо хотинига: “Мен подшоҳман, яхши кийиб, яхши еяпсан, агарда бир камбағалга текканингда, нон ўрнига ғишт чайнар эдинг!” деб таъна қилар экан. Подшоҳ кетгандан сўнг қизи: “Э она, мени бир камбағал, меҳнаткашга берингки, агар толеим бўлса, уни подшоҳ қилиб, отамнинг тахтига ўтқазай”, дер экан.
Ўша куни жумбоқ устида қиз ҳозир бўлибди. Подшоҳ “Агар жумбоқни ечсанг, гуноҳларини ўтдим”, дебди. Қиз: “Қарғанинг “қағ“ дегани, эрни бор қиладиган ҳам хотин, йўқ қиладиган ҳам хотин, деганидир”, — деб жавоб берибди.
Подшоҳ дарғазаб бўлиб, ҳар бир туки ништари обдор бўлиб:
— Э, сочинг қирқилгур, сенинг кўнглинг эр тилабди, мен сени зиндонга солиб, етти йил сақлаб, кейин терингга сомон тиқайин, токи бу иш бошқа қизларга ибрат бўлсин, бундан кейин ҳеч ким ота-онасидан жавобсиз эрни тилга олмасин! — деб қизини зиндонга солибди. Ҳалиги тўрт юз кишини озод қилибди.
Подшоҳ бир ҳафтагача уйдан чиқмай, фикр қилибди: “Қизни зиндонда очдан ўлдирайми, осайми, нима қилсам бу ишни халқ билмас экан?”
Подшоҳнинг бир вазири бу ишлардан хабардор экан. Қизга раҳми келиб, кечаси уни зиндондан қутқариб олибди. Уйига олиб келиб, бир дурадгорга ҳеч бир жойидан шамол, сув кирмайдиган қилиб мустаҳкам бир сандиқ ясаттирибди. Сўнгра қизга қараб:
— Э, қизим, отангнинг нияти бузилди, сенга қирқ кунлик овқат тайёрладим, сандиққа туш, унинг қопқоғини маҳкам бекитиб, дарёга ташлайман, умринг узун бўлса, бирорта одам сени халос этар, подшоҳ қиличидан ўлганингдан кўра, саҳрода чўпон бўлиб юрганинг яхши, — дебди.
Қиз “хўп” деб сандиққа тушибди. Вазир сандиқни кўтариб, дарё лабига келибди ва уни сувга оқизиб юборибди. Сандиқ сувда уч ой оқибди. Қиз бир кунлик овқатни тўрт кунга етказибди.
Бўлак бир мамлакатнинг подшоҳи одамларга: “Менга саҳродан ўтин келтиринглар”, деб буйруқ берибди. Бир камбағал аёлманд киши бор экан. У “Мен бораман, менинг бола-чақам кўп, менга бир нарса берсангиз, болаларим билан овқат қиламан,” деб қўлига ўроқ олиб, белига арқон боғлаб далага борибди. Чол ўтин қилиб боғлабди, чанқовини босиш учун дарё лабига сув ичгани борган экан, шу пайтда дарё ўртасида оқиб келаётган бир сандиқни кўрибди. Чол дарҳол уст-бошини ечиб, ўзини дарёга ташлабди, сандиқни тортиб чиқарибди. Уни қаердан очишни билмабди. Ниҳоят, уннаб-уннаб ўроқ учи билан сандиқни очибди. Қараса, Маликаи Хўбон, маликаи талъат, ҳусн-у жамолда тенги йўқ бир қиз ётган эмиш. Чол ҳайрон бўлиб: “Бу бир савдогарнинг қизи бўлса, отаси билан савдога жўнаган бўлса, йўлда дарё бўлса-ю, кемага ўтирган бўлса, кема чўкиб кетган, бу сандиқ сувнинг бетида қолган, менинг бу қиз билан нима ишим бор. Подшоҳга ўтинни олиб борсам бир танга беради, қизни олиб борсам, ҳеч нарса бермайди, яхшиси шуки, дарёга ташлаб юборай” деб фикр қилибди:
— Ҳой, қиз, ўликмисан, тирикмисан? — деб чақирибди. Қиз:
— Тирикман, — деб ўрнидан туриб ўтирибди. Қизнинг тирноқлари ўсган, сочлари пахмайган экан. Чол кўриб:
— Э, қиз, сени тағин дарёга ташлайман, — дебди.
— Э, ота, мени сандиқдан чиқариб олсангиз, мен сизни кўп давлатманд қилардим, —деб ялинибди қиз.
Чол қулоқ солмай, сандиқни бекитиб: “Буни шаҳарга олиб бориб сотаман, бунда нима бор-йўқлигини ҳеч ким билмайди”, деб кўтарибди. Бозорга олиб борган экан, кўчада кетаётган подшоҳнинг кўзи чол билан сандиққа тушибди: “Э, чол, қани келтирган ўтининг, мен сенга ўтин олиб келтиргин десам, бировнинг уйини ўғирлаб, сандиғини олиб келибсан!” деб чолни қилич билан икки нимта қилибди, сандиқни саройга келтирибди.
Подшоҳ хизматкорларига: “Сандиқ очилсин!” дебди, сандиқни очиб қарасалар, бир қиз ётган эмиш. Подшоҳ уни кўриб, ошиқи беқарор бўлибди. Кўкрагидан бир тири жуволдиз паррон ўтибди ва қизни сандиқдан олиб: “Менга теккин” дебди. Қиз:
— Подшоҳим, менга қирқ кун муҳлат беринг! Тўрт ойдан бери кўп азоб чекдим, энди қизлар билан бирга юриб, беш-ўн кун ўйнаб, димоғимни бироз чоғ қилай, — дебди. Подшоҳ қабул қилмабди. ”Ҳозир “Хўп” демасанг, бошингни танангдан жудо қиламан!” дебди. Қиз йиғлабди: “Бўлмаса уч кунга жавоб беринг, қизлар билан боғда сайр этиб ўйнаб олай, кейин сизнинг айтганингиз бўлсин”. Подшоҳ бир кунга жавоб берибди.
Қиз қирқ қиз билан подшоҳнинг боғига кирибди. Боғнинг оёғидан дарё оқар экан, қизнинг кўзи дарёга тушибди. “Юринглар, қизлар, дарёга тушиб чўмилиб чиқамиз” деб дарё томонга йўл бошлабди.
“Мен бир камбағалга тегиб, уни подшоҳ қилиб, золим отамнинг тепасига лашкар тортиб бориб, унинг тахтини кўкка совураман, деб аҳд қилган эдим. Агар бу подшоҳга тегсам, мақсадим ҳосил бўлмайди” деб ўйлабди ўзича ва қизлардан олдинроқ бориб, дарёга шўнғибди. Бир жайхун балиқ дарёда ётган экан, қизни ютибди-ю, сув тагига кетибди, қирқ каниз дарё лабида чапак чалиб қолаверибди.
Қизлар бориб бу воқеани подшоҳга айтибдилар. Подшоҳ оҳ тортиб, бошидаги тожини, белидаги камарини ерга уриб, ўзи бир қаландар суратига кириб, чўл-биёбонга чиқиб кетибди.
Энди икки калима сўзни бўлак жонибдин — шаҳри Журжондин эшитинг:
Бир подачининг ўғли дарё бўйида мол боқиб юрар экан. Бир тўда балиқчи дарёга тўр солибди. Подачи бола балиқчиларга йиғлаб, бундай дебди:
— Уч кундан бери отам оч, касал. Овқат топиб келгани шаҳарга боролмайди. Мен борсам “подангни боқ” деб ҳеч ким кўчада юргизмайди. Менга бирор нарса берсанглар. Ҳалиги балиқчилар:
— Мана шу солинган тўримизга нимаики илинса сеники, — дейишиб тўрни сувдан кўтаришибди. Қарасалар, бир катта жайхун балиқ тушибди. “Ол, бола” дебдилар. Подачи бола балиқни тўртта ҳўкизнинг белига боғлаб, судратиб уйига олиб борибди. Отаси суюниб балиқни ёрган экан, ичидан бир қиз чиқибди. Чол суюниб, қизнинг нафасига қулоқ солса, тирик экан. Чол дарров қизнинг оғзига сув томизибди. Бироздан кейин қиз кўзини очибди, ўрнидан туриб, чолга салом берибди.
— Ота, қорним оч, менга бир луқма томоқ беринг,— дебди.
Чол билан ўғли қизга ҳалиги балиқдан пишириб беришибди. Сўнгра қиз сўрабди:
— Ота, сизнинг касбингиз нима, ўғлингизнинг касби нима?
— Мен подачи эдим. Энди қариб қолдим. Ўғлим подачилик қилади. Қиз суюниб айтибди:
— Мен энди муродимга етдим. Сизга қиз бўламан. Хоҳласангиз мени ўғлингизга олиб беринг.
— Э болам, тўй қилишга бизда ҳеч нима йўқ.
— Мен ўзим хоҳласам, тўй харжи учун ҳеч нарсанинг кераги йўқ. Ниҳоят чол хурсанд бўлиб қизни ўғлига олиб берибди. Қиз сочини орқасига турмаклаб, қозонни қараса, кирлигидан у қулоғи бу қулоғига етай деб қолибди. Идиш-товоқлар ҳам шундай. Ҳаммасини тозалабди. Чол уни кўриб дили ойнадан ҳам равшан бўлибди. Ўрнидан туриб:
— Э, қизим, мен касал бўлиб қолдим. Уй ичига ҳам қарай олмадим. Ўғлим бўлса, мол боқиш билан овора. Эрта кетиб кеч келади, — дебди.
Келин уй-рўзғорини бутлашга киришибди. Унинг озодалиги ва чаққонлигини кўрган чол жуда хурсанд бўлиб:
— Болам, сенинг ғайратингни кўриб, менинг ҳам ғайратим келди. Хизмат бўлса, менга ҳам буюрсанг,— дебди. Келин ўнг қулоғидаги битта балдоқни чолга бериб:
— Буни бозорга олиб боринг, харидор нима берса, олиб келинг,— дебди.
Чол балдоқни олиб, карвонсаройга бориб ўтирибди. Бир савдогар балдоққа харидор бўлиб:
— Ота, неча пул бу?— деб сўрабди. Чол:
— Ўзингиз инсоф қилиб бир нима беринг,— дебди.
Савдогар бир қутини олтинга тўлғазиб берибди.
— Ота, бўладими ё озми? — дебди.
— Инсоф қилинг деб эдим, гапим тамом,— дебди чол. Савдогар яна бир халтада олтин чиқариб берибди.
— Юклаб кетинг деб бир хачир ҳам берибди. Чолнинг аччиғи келиб: “Бу мени масхара қиляпти, бир олиб қочайки, савдогар мени ҳеч тополмасин”, деб ўйлабди. Олтинларни хачирга юклаб жўнабди. Савдогар ўз кўнглида: “Агар шундан тағин битта топганимда, мамлакатимнинг подшосига етти иқлимнинг бож-хирожи баробарига сотардим” дебди, чунки балдоқ ноёб гавҳар экан.
Чол уйига келиб, олтинларни келинига берибди.
Кейинги ҳафта келин чап қулоғидаги балдоғини ҳам чиқариб берибди. Чол яна аввалги жойга бориб ўтирибди. Яна ўша савдогар келиб қараса, чол ўтирган эмиш.
— Неча пул, ота? — деб сўрабди савдогар.
— Сенга сотмайман,— дебди чол. — Сен мени ҳазил-мазах қиляпсан. Савдогар:
— Юринг ҳужрага,— деб чолни саройга бошлаб кирибди. Чолга икки сандиқ тилла берибди, шоҳи тўн кийгизибди, икки хачир берибди.
— Ота, турар жойингиз қаерда?— деб сўрабди. Чол “жойимни айтсам, олтинларни тортиб олади” деб ўйлаб:
— Менинг жойим йўқ, — дебди. Чол уйига келибди. Келин олтинларни олиб, уйга қўйибди. Ташқарига чиқиб оролни тахмин қилибди, кенглиги ўн кунлик йўл келар экан.
Келин чолга қараб:
— Пахса урадиган йигирмата деволзон топинг,— дебди. Чол топиб келибди. Келин деволзонларга:
— Бола-чақангизни ҳам олиб келинг, — дебди. Улар олиб келибдилар. Ҳар куни уларга ош-нон, пул, яхши кийим-бош бериб турибди.
Буни эшитиб икки юзта деволзон уста жам бўлибди. Улар девол уришни бошлабдилар. Бу деволзонларни кўрган одамлар: “Бу ишни ким қиляпти?” дейишса: “Подачи қиляпти, сизларга ҳам иш керак бўлса, келаверинглар”, деб жавоб берар эканлар.
Ўн беш кунда беш минг уйлик одам тўпланибди. Уч ой деганда девол битибди. Ўн икки жойга дарвоза қурилибди. Келин ҳар дарвозага хат ёздириб, суратини ёпиштирибди.
Хатнинг мазмуни қуйидагича экан:
“Бу юртнинг номи Ҳуснобод. Ҳар кимга ошлик-нонлик керак бўлса, келиб хизмат қилсин”.
Бир йил ичида етмиш беш минг уйлик одам жам бўлибди. Ҳаммасига қўша-қўша уйлар солиб берилибди. Бир қанча одам яроқ-аслаҳа тайёрлабди. Малика ҳам дарвозага йигирма бештадан одам қўйиб: “Кимки дарвозага келиб, суратга ёмон тикилса, уни менга келтиринглар” деб ҳукм қилибди. Бу шаҳарнинг хабари Журжон мамлакатининг подшосига ҳам етибди.
Подшоҳнинг аччиғи келиб: “Менинг замонамда ким бу беодобликни қилиб, менинг юртимга келиб, подшоҳлик даъво қилади? Бориб тиғдан ўтказай!” деб дарвозага етиб, дарвозада турган қоровулларни кўрибди.
— Бу шаҳарни ким бино қилди?— деб сўрабди подшоҳ. Қоровуллар:
— Шу дарвозадаги суратнинг эгаси қилди. Сизга яхши хизмат қилсак, ўзимизгагина овқат берар эдингиз, бола-чақамиз оч қолаверарди, шу сабабли бола-чақамиз кўча-кўйларда сарсон бўлиб, тиланчилик қилишиб юрарди. Бу подшоҳ хотин эса бола-чақамизни яхши парвариш қилди. Биздан ҳеч нарса тама қилмасдан, болаларимизни яхши жойларда тарбия қилиб ўқитди. Кўп болалар бир ишнинг эгаси бўлдилар,— деб жавоб беришибди.
Подшоҳ суратни кўриб, ошиқ бўлиб, қизни ўзига хотин қилишнн хоҳлаб қолибди. Шаҳарга кириб, маликанинг ўрдасига борибди:
— Журжон подшоси келди. Сизни ўзига хотинликка тилайди, — деб маликага хабар етказибдилар. Бу гапдан маликанинг аччиғи келиб, подшоҳни чақиртирибди. Малика:
— Э, подшоҳ, нечта хотининг бор?— деб сўрабди.
— Қирқта.
— Э, аҳмоқ подшоҳ, — дебди малика, — Қирқ хотин устига мени ҳам олмоқчимисан, бу ишни ихтиёр қилма!
Подшоҳ бу сўздан ғазабланиб:
— Сен каби аҳмоқ қизнинг қўлидан нима иш келарди?! Мени халқ ичида шарманда қилдинг! — деб ёнидан қиличини суғурган экан, қиз ўзини тахт орқасига олибди. Қизнинг хизматкорлари келиб подшоҳни ушлабдилар. Оёқ-қўлига кишан уриб, зиндонга солибдилар.
Шаҳар халқи буни эшитиб золим подшоҳдан қутулганларига севиниб, маликани подшоҳликка кўтарибдилар.
Орадан бир неча кун ўтибди, бир қаландар дарвоза олдига келиб суратга тикилиб, йиғлайверибди. Қоровуллар уни маликанинг олдига олиб келибдилар. Малика қараса, бир кунга муҳлат берган подшоҳ экан. Шунда малика сўрабди:
— Э, қаландар! Нимага йиғлайсан?
— Бир қошиқ қонимдан ўтсангиз, айтаман.
— Ўтдим, айт!
— Менинг бир маҳбубим бор эди. Оти Ҳуснобод эди. Сизнинг дарвозангизда ўшанинг суратини кўрдим. Дарвозада ҳам “Ҳуснобод” деб ёзилган. Сизни кўрсам, кимлигингизни билардим.
— Агарда ўша қиз тирик бўлса нима қиласиз?
— Дарёга тушиб йўқ бўлган деб эшитдим, агар бирор ҳийла қилиб, канизларга бирор нима бериб, ўзи қочган бўлса, қўлимга тушса, гўштини биттадан тиканга иламан.
— Малика сенга ҳеч гуноҳ қилгани йўқ, ҳали ҳам бу шаҳтингдан қайт,— дебди қиз.
Қаландар “Менинг хотиним шумикан?” деб гумон қилибди.
Қиличини суғуриб маликага ўқталибди ва: “Юзингни оч, кўраман!” дебди. Малика тахт орқасига яширинибди ва: “Ушла, бу қонхўрни!” деб буюрибди. Хизматкорлар буни ҳам ушлаб, зиндонга солибдилар. Малика хотиржам бўлиб, вазирга буюрибди:
— Лашкаримизнинг ҳисобини ол-чи, қанча экан!
Вазир лашкар ҳисобини олиб чиқибди. Отлиқ, пиёда етти лак лашкар йиғилибди, қирқ кун йўл жабдуғини тайёрлаб эри ва лашкари билан ота шаҳрига жўнабди.
Дашт-у биёбонларни, чўл-у саҳроларни кеза-кеза, ахири, малика ўз ота юртига яқинлашибди…
Эндиги гапни қизнинг отасидан эшитинг:
Қизнинг отаси кечаси туш кўрибди: қараса, осмондан бир бургут келиб подшоҳни кўтариб учибди, олиб кета туриб: “Менга қуллуқ қиласанми ё бошингни узиб ташлайми?” дебди. Подшоҳ: “Юртимни ва хазина-ю дафиналаримнинг ҳаммасини сенга берай, лекин мени омон қолдир” дебди. Шунда қуш: “Менга дунё керак эмас, сен золимдан Ҳуснободнинг қонини талаб қиламан” дебди. Подшоҳ қизнинг отини эшитиб, йиғлаб ялиниб турган вақтда, Ҳуснобод қизи бир тоғнинг орасидан чиқиб кела бошлабди. Бир қўлида яланғочланган қилич, бир қўлида ғоз кабоби бор эмиш. Қиз етиб келиб ўша қушни бир урибди. Қуш икки бўлак бўлибди. Подшоҳни ерга қўйиб қўлидаги кабобни узатиб, “Ота, мендан ўтган бўлса, маъзур тутинг” дебди. Подшоҳ “дод” деб уйғонибди. Қараса, ёниверида ҳеч ким йўқ, қоронғида бир ўзи ётган экан. Эрта билан қирқ тўрт вазирини ва тўрт юз акобирини чақиртирибди. Улар йиғилишиб келибдилар, подшоҳ уларни ўтиришга ишорат қилибди. Ҳаммаси қўл қовуштириб ўтирибди. Подшоҳ ўзига қарашли одамларни йиғиб, кечаси кўрган тушини бирма-бир айтиб берибди, таъбирини сўрабди. Аммо ўтирганларнинг бирортаси ҳам чурқ этмабди. Шунда подшоҳ ғазабланиб, икки қўлини мушт қилиб:
— Тушимнинг таъбирини айтмасаларинг, биронтангни ҳам тирик қўймайман,— дебди.
— Э шаҳаншоҳ,— дебди катта вазир таъзим билан, — бир қошиқ қонимдан кечсангиз, тушингизнинг таъбирини айтай.
— Айт, кечдим!
Вазир айтибди:
— Бошингиздан кўтарилган қуш душман бўлса керак, душман юртимизни вайрон қилай деб турган бир вақтда қизингиз келиб ажратиб олса-ю, подшоҳлик бошқа одамнинг қўлига ўтса.
Подшоҳ яна ғазабланибди ва:
— Э ёлғончи, қизимнинг суяклари зиндонда чириб кетганига неча йил, неча замонлар бўлди, сен қўрққанингдан шу гапни айтиб юрагимни ғаш қилмоқчимисан, сени ҳам зиндонга солай, қизим ёнида сенинг ҳам суякларинг чирисин! — деб вазирини ҳам зиндонга солибди.
Шундан сўнг подшоҳ кечалари қўрқиб ухлаёлмай, ўқ еган тўнғиздай ҳар тарафга югуриб, оппоқ тонг оттириб чиқадиган бўлиб қолибди. Бир ҳафтадан кейин бир хабарчи келиб, подшоҳга:
— Журжон юртининг подшоси устингга лашкар тортиб келди, тез чиқиб, тож-тахтингни берсанг берганинг, бўлмаса, ўзинг бил! — деб подшоҳнинг ҳалқумига бир мушт урибди. Подшоҳ ўзини ўнглаб олгунча, у одам кетибди.
Подшоҳ буни кўриб:
— Битта хабарчиси шундай бўлса, яроқ таққан лашкарлари қандай экан,— деб хаёл суриб қолибди ва вазирлардан маслаҳат сўрабди. Вазирлар:
— Биздан маслаҳат чиқмайди. Яхши десак ҳам ўлдирасан, ёмон десак ҳам ўлдирасан. Зиндондаги вазирни олиб чиқиб инъом дастурхон қилиб, душман олдига чиқар, ҳо ўлиб кетсин, ҳо .тирик келсин,— деб жавоб берибдилар.
Подшоҳга бу сўз маъқул бўлиб, вазирни зиндондан чиқарибди. Унга бир қанча пул, мол бериб, бундай дебди:
— Журжон подшоҳига бориб, менинг саломимни етказасан. Мабодо мамлакат керак бўлса, “хўп” де, негаки кеча еган муштимнинг оғриғи ҳали кетгани йўқ; борди-ю, қон керак бўлса, у вақтда шаҳардан чиқиб кетаман, чунки иккинчи муштга асти тобим йўқ.
Вазир кулиб:
— Тушингнинг таъбирини айтсам, қилган аччиғинг бошқача эди, битта қизингни нима қилдинг? Ахир, бошингга шу кунларни ўзинг орттирдинг. У подшоҳ келиб сени зиндонга солар, хор-зорлик билан ўлдирар,— дебди.
Подшоҳ лойга ботган эшакдек бошини солиб турибди. Вазир тортиқларни олиб, шаҳардан жўнаб қўшинга етибди, сўнгра ўз номи-насабини ёзиб хат қилибди: “Қон керак бўлса, бутун шаҳар одамлари учун мен жонимни бераман, йўқ десалар ноҳақ қон тўкилмасин, подшоҳлик тахтини бераман” деб қўл қўйиб, элчи орқали хатни жўнатибди. Хат маликага бориб тегибди. У хатни ўқиб вазирни ўз ҳузурига чақиртирибди:
— Ичкарига кирсин,— деб ижозат берибди…
Вазир кирса, тахтда бир подшоҳ ўтирибди, бошида тож, белида камар, қирқта маҳрам қўл боғлаб хизмат учун турибди. Вазир унга таъзим қилибди.
Подшоҳ ёнида бетига ниқоб тутган бир одам ўтирибди. Бу одам вазирга қараб:
— Э вазир, бизнинг маконимизга қўрқмасдан бир ўзинг келибсан, ўлдирсам нима дейсан? — дебди. Вазир дебди:
— Киши ўз фарзандидан ҳам қўрқадими? Фарзанд ҳар қанча ғазаб қилса ҳам, оталик ҳурматини сақлайди. Жигарпора қизимни тушимда кўрганимга бугун етти кун бўлди. Тушимда мени кўп ҳурмат қилди, шоядки тушим ўнг келса.
Бу сўзларни эшитиши биланоқ маликаи Ҳуснобод бетидан ниқобини олиб, вазир билан кўришибди ва бундай дебди:
— Э меҳрибон ота, сиз орқали муродимга етдим. Отамнинг юртини сизга берсам, фуқарога, бева-бечораларга зулм қилмасдан подшоҳлик қилсангиз.
Вазир дарҳол ўрнидан туриб, қуллуқ қилиб:
— Эй болам, мен қариб қолдим, подшоҳлик ҳукмини… менга берган бўлсанг, рўпарамда ўтирган тож-у тахт эгаси подшоҳга тутдим. Мувофиқ кўрсанг, қолган умримни сенинг қошингда ўтказсам, — дебди.
Маликаи Ҳуснобод лашкар билан шаҳарга кириб, отасини ахтарибди. Подшоҳ сомонхонада бир охурнинг ичида биқиниб ётган экан. Куёви подшоҳнинг бошига қилич кўтарибди. Подшоҳ йиғлаб қизига ялинибди. Қизи эрининг қўлидан қилични олиб:
— Ҳар нечук бўлса ҳам отам қилган гуноҳига тавба қилди, ўлмасин,— дебди. Подшоҳлик муҳрини подачи йигит номига ўйдирибди.
Ҳуснобод эри билан бу юртни ҳам идора қилиб, зиндонда бегуноҳ ётганларни озод қилибди. Улардан бир қанчасини шаҳарларга ҳоким қилиб тайинлабди.
Шундай қилиб, Ҳуснобод ўзининг қаллиғи — подачи йигит билан умр кечириб, мурод-мақсадига етибди.