Кенжа ўғил

Бир чол бор экан. Унинг учта ўғли бор экан. Бир кун чол ўлибди. Чолдан болаларига учта нарса: кели, келисоп, нарвонча қолибди. Катта ўғли, келини, ўртанчаси келисопни, кичиги нарвончани олибди. Кичик ўғил нарвончани кўтариб етти кунлик йўлга тушибди. Бир жойга борса, бир бойнинг уйидан тутун чиқиб турган эмиш. Нарвончадаа туйнукка чиқиб қараса, бир хотин ҳадеб ҳар хил овқатларни пишириб, яшириб қўяётган эмиш. Бола ҳаммасини аниқ кўриб олибди. Пастга тушиб ўтирибди. Бир қанча вақтдан кейин бой келибди. Боланинг бир захчаси бор экан, бола бой келиши билан захчани туртибди. Захча «чағ» дебди. Бой:
— У нима? —  дебди. Бола:
— Бу менинг фолбиним, — дебди. Бой:
— Қани, бир фол очириб юбор, — дебди.
Бола зағчани бир урган экан захча «чағ» дебди. Бой:
— Нима деяпти? —  дебди.  Бола:
— Бир товоқ палов турибди. Шуни олиб чиқсинлар, деяпти, — дебди. Бой уйга кириб хотинига:
— Бир товоқ паловинг бор экан. Шуни бер, — дебди. Хотини берибди. Уни олиб чиқиб бола билан иккови ейишибди. Бой «тағин очир», дебди. Бола зағчани бир урса зағча «чағ» дебди. Бой:
— Нима деяпти? —  дебди. Бола:
— Уйда бир товоқ хасип турибди. Шуни олиб чиқсин деяпти, — дебди. Бой уйга кириб хотинига:
— Хотин, товоқда хасип бор экан, шуни бер, — дебди. Хотини ҳайрон бўлиб:
— Ким айтди сизга? —  дебди.
— Эй, хотин, қўявер. Бир фолбин бор экан. Ўшанга фол очираётибман, — дебди.
Бой хасипни олиб чиқиб бола билан ебди. Бой:
— Тағин очир, ўғлим, — дебди. Бола, тағин очирибди. Бой.
— Нима деяпти? —  дебди. Бола:
— Уйда бир товоқ чучвара бор, ўшани олиб чиқинглар! деяпти, — дебди. Яна бой кириб хотинига:
— Чучваранг бор экан, ўшани бер, — дебди. Хотини тағин берибди. Уни ҳам олиб чиқиб ейишибдн.
Бой: «Тағин очир, ўғлим!» дебди. Бола:
— Эй, ота, қўйинг энди, алжираб кетади, — дебди. Бой:
— Очир, очир, ўғлим! —дебди. Бола яна очирибди:
— Уйда бир товоқ сомса бор, ўшани олиб чиқ, деяпти, — дебди.
Бой тағин хотини олдига кириб: «Сомсани олиб чиқ», дебди. Хотини олиб чиқибди. Сомсани ҳам иккалалари ейишибди. Тағин бой:
— Яна очир, ўғлим! —дебди. Бола:
— Йўқ, ота, энди очирсам алжираб кетади, — дебдн. Шу ўртада зағча «чағ» дебди. Бой:
— Нима деяпти? —  деб сўрабди. Бола:
— Бой бувамнинг хотинларининг ўйнаши бор деяпти, — дебди. Бой ҳайрон бўлиб:
— Шу зағчани сотасанми? —  деб сўрабди.
— Йўқ, ота, сотмайман. Шу билан тирикчилик қилиб юраман, — дебди. Бой:
— Ҳеч бўлмаса уч йилга сот, — дебди. У бола:
— Ҳо, тунов куни бир бой бир йилга бир товоқ тилла бераман деди, бермадиму, сизга бераманми, — дебди. Бой:
— Агар тўрт товоқ тилла берсам уч йилга берасанми? —  дебди. Бола:
— Тағин бир эшак берасиз-да, — дебди.
Бой яхши бир эшак, тўрт товоқ тилла берибди. Бола кетибди. Бой уйига кириб, «ўйнашинг бор экан», деб хотинини уриб-уриб чиқиб кетибди. Хотин зағчанинг калласини узиб ташлабди. Бой қайтиб келиб зағчани сўрабди. Хотини:
— Қўшнимизнинг хотини мушук боққан экан, зағчани ўша ўлдириб қўйди, — дебди.
Бой «энди эгаси сўраб қолса, нима дейман», деб бир кимхоб тўн олиб боланинг кетидан югурибди, Бола, бой орқамдан зағчани қайтариб келаётибди, деб ўйлаб эшакнинг думини, қулоғини қирқиб олибди:
— Бой ака, берган эшагингиз ёмон чиқиб қолди, — дебди. Бой:
— Майли, фолбининг ўлиб қолди, — дебди, — мана шу тўнни олиб рози бўл! — деганда, бола:
— Э, э, яхши бўлмабди, мен бориб қайтиб олмоқчи эдим, — дебди.
Бой уйига кетибди. Бола юриб-юриб бир юртга борибди. Болалар: «Бу эшакми, ё бошқа нарсами», деб унинг орқасидан кулиб юрган эмиш. Бола:
— Қўйинглар, бу эшак эмас, балогардон, балогардон, — дебди. Бола ва унинг эшаги ҳақида подшога хабар беришибди.
— Бир зар чопон кийган бола эшакка ўхшаган — думи, қулоғи йўқ, балогардон деган ҳайвонни миниб юрибди, — дейишкбди.
Буни эшитиб, подшо навкарларидан бирига:
— Дарров менинг олдимга ўша болани олиб келинглар, — деб буйруқ берибди.
Болани подшонинг олдига олиб боришибди. Подшо боладан:
— Бу нима? —  деб сўрабди. Бола:
— Эй, буни қўяверинг. Бу қанча душманингиз бўлса ҳаммасини йўқ қилиб юборади. — дебди.
Подшонинг бир жойда душмани бор экан. Ўшанга уч ўғли билан бир қанча аскарларни юборган экан. Душман уч ўғли билан бутун аскарни нобуд қилган экан. Душмандан ўч олмоқчи бўлиб юрган экан. Подшо:
— Менга шуни сотасанми? — деб сўрабди. Бола:
— Мен бу балогардон билан кун кўриб юрибман, — деб жавоб берибди. Подшо:
— Агар шу балогардон ростдан менинг ёвларимни йўқота олса, қизимни ва подшолигимнинг ярмини бераман, — дебди. Бола:
— Бу балогардонга ҳар кун сув бермай, беда берасиз. Ундан кейин душманларингиз келганда қўйиб юборсангиз, ҳаммасини йўқ қилиб юборади, — дебди.
Подшо бола нима деса ўшани қилибди. Душманлар келиши билан эшакни қўйиб юборибди. Ҳамма одам: «Ҳў, балогардон келяпти», деб қоча берибди. Бир-бирининг устига йиқилиб, отларнинг тагида қолибди. Баъзиси ўлибдп, кўплари қочибди.
Эшак чанқаб сув излаб юрган эмишу, душманлар балогардон келяпти, деб қочармиш. Подшо болага қизини ва бир қанча дунё берибди. Шундай қилиб бола мурод-мақсадига етибди.