Қизғанчиқ ит

Бир ит бор экан, жуда қизғанчиқ экан.
Бир кун шу ит шериклари билан талашиб каттакон бир суякни олиб қочибди. Сув устидаги якка чўпдан ўтаётса, сувда бир ит оғзида катта суяк тишлаб, кўзларини олайтириб, итга тикилиб турган эмиш,
Ит:
— Ир-ир-ир, — деб тишини иржайтирган экан, сув ичидаги ит ҳам тишини иржайтирибди.
Ит унинг оғзидаги суякни ҳам тортиб олмоқчи бўлибди ва: «Ҳап!» — деб итга ташланибди. «Ҳап» дейиши билан оғзидаги суяги, унинг кетидан ўзи ҳам «чўлп» этиб, сувга тушиб кетибди, Қизғанчиқ ит роса шалаббо бўлибди.