Искандарнинг шохи бор

Искандар Зулқайнарнинг икки чаккасида шохи бор экан. Қачон сочини олдирмоқчи бўлса, сочини олган сартарошни бировга айтиб қўйишидан қўрқиб, дарров бошини кесар экан. Искандарнинг ҳар сочини олганда биттадан сартарош ўлиб, сартарош камайиб кетибди. Искандар бир куни сартарошга:
— Менинг шохим борлигини сира бировга айта кўрма. Агар биров «Искандарнинг шохи бор» деса, хили хиштинг билан йўқотиб юбораман, — дебди. Сартарош ҳам:
— Хўп, бу сирни ҳеч кимга айтмайман, — дебди. Искандар:
— Агар сен бу сирни махфий тутсанг, менинг сочимни доимо сен оласан. Сени дунёликдан бениёз қиламан, — дебди. Сартарош бу сирни юрагига сиғдиролмабди. «Искандарнинг шохи бор», деб айтай деса, ўлимдан қўрқибди. Хуллас, бу сирни ичига солавериб, кундан-кунга ранги кетаверибди. Бора-бора жуда ўладиган бўлибди.
Бир куни ўз-ўзига, «бир тоққа чиқай, ҳеч ким йўқ жойда «Искандарнинг шохи бор», деб айтай» дебди, лекин айтгани қўрқибди. Ўша ерда бир қудуқ бор экан. Қудуққа бошини тиқиб туриб, «Искандарнинг шохи бор», «Искандарнинг шохи бор» дебди. «Искандарнинг ҳўкиз шохи бор» деганида, оғзидан зардоб томиб қудуққа тушибди, шундан кейин юраги бўшабди. Бир йил ўтгандан кейин ўша қудуқдан бир туп қамиш кўкариб чиқибди.
Тоғдаги чўпонлардан бири ҳалиги қамишни олиб пуфлаган экан. Қамишдан «Искандарнинг шохи бор» деган овоз чиқибди. Кейин ким ўша қамишдан олиб чалса, «Искандарнингшохи бор», деб овоз келаверибди. Бу Искандарнинг қулоғига бориб етибди. Искандар «ким айтди» деб суриштира кетибди. Кимдан сўраса: «фалон тоғда бир қудуқ бор, ундан бир туп қамиш кўкариб чиққан, уни ким олиб чалса, «Искандарнинг шохи бор» деган овоз келади», деярмиш. Шундан сўнг, Искандар сартарошни чақирибди:
— Агар рост гапирсанг, ўлимдан қутуласан, сен бу сирни қудуққа айтибмидинг? — деб сўрабди.
Сартарош:
— Тақсир, бу сирни юрагимга солавериб жуда ўладиган бўлдим. Юрагимни бўшатиш учун секингина қудуққа айтган эдим. Шу дам оғзимдан қудуққа зардоб томди, ўша сувдан қамиш кўкариб чиққан бўлса керак. Энди нима қилсангиз қилаверинг, рост гап шу, — дебди.
Искандар:— Майли энди, бўлар иш бўлди, — деб сартарошни ўлимдан озод қилган экан.