Илм афзал

Бир бор экан, бир йўқ экан, ўтган замонда, Бухородан узоқда, Урганч чўли этагида, Қальайи Миришкор деган қишлоқда бир қария яшаган экан. Чол «ўзим омилигимча қолдим, қани энди ўғилларим ўқиб одам бўлса», деб орзу қилар экан. Бобонинг саккиз ўғли ва бир қизи бор экан. Қизи ақлли, сезгир экан. Ота қизига:
— Худо умрингни узоқ қилсин, бахтимдан ўргилайки, қариган чоғимда сендай фарзандли бўлдим. Лекин акаларингдан куйдим. Бадбахтларнинг меҳнат қилишга бўйни ёр бермайди, «ўқиб илм олиб, одам бўлинглар» десам, гапимга қулоқ солишмайди. «Шунча молимиз, еримиз бор, ўқиб нима қиламиз», дейишади. Мен қариб қолдим, бу дунёдан кўз юмсам акаларингнинг ҳоли нима бўлади? «Моли падар, паси падар» деганлар. Акаларингнинг аҳволи шу бўлса, вафотимдан кейин менга лаънат келтирадилар деб қўрқаман, қизим, — деб ҳасрат қиларкан.
— Отажон, сизга бир маслаҳат берайин. Акаларимни ёнингизга чақиринг. Кейин улардан қилиб юрган ишларини сўранг. Қани, нима деб жавоб қилишади, — дебди.
— Эй, жоним қизим, уларнинг қилиб юрган ишини биламан. Саккиз аканг чўнтакларини пулга тўлдириб, саккизта чопқир отга миниб, шаҳарма-шаҳар кайфу-сафо қилиб юрганлари юрган, — дебди ота.
— Бу ишларини биламан, отажон, сиз акаларимни меҳмонхонага чақириб келинг. Мен эшикнинг орқасида туриб гапирган гапларингизни эшитаман. Сиз аввало улардан, «Илм афзалми ёки давлат?» деб сўранг. Ҳаммаларидан эшитиб бўлганингиздан кейин мени чақиринг. Менга ҳам акаларимга берган саволингизни беринг. Ақлим етганича жавоб бераман, акаларим эшитиб турсинлар, — дебди қизи.
Чол қизининг ақлига тасанно айтиб, кечқурун ўғилларини меҳмонхонага чақирибди. Ўғиллари меҳмонхона тўридаги кўрпачаларга қатор бўлиб ўтирибдилар. Улар, «отамиз мол-дунёсини бизга бўлиб берса керак’, деган ўй билан сергак бўлиб турибдилар.
— Ўғилларим, сизларга едирдим, кийгиздим, вояга етдинглар. Бировдан кам эмассизлар. Мендан кейин рўзғор ташвиши бошингизга тушади. Ўқиб илм олинглар. Ўйлаб кўрсам, илм билан ҳунарда гап кўп экан, — дебди ота.
Ўғиллар оталарининг бу гапларини эшитиб, ҳайрон бўлишибди. Чол тўнғич ўғлидан сўрабди:
— Сен катта фарзандимсан. Режанг қандай? Илм яхшими ёки давлат?
Катта ўғли пича ўйлаб туриб:
— Эй ота, қизиқ гапларни айтасиз-да. Худого минг марта шукурки, бошимизда соябонимиз, сиз падаримиз ҳаётсиз, еримиз, молимиз бор. Ўқиб нима қиламан? — дебди.
Чол ўғлининг жавобидан кўп хафа бўлиб, иккинчи ўғлидан сўрабди:
— Ўғлим, сен асл инсон бўласан, деб ўйловдим. Сен ҳам от миниб бир неча кунлаб йўқолиб кетасан. Бу йўлингдан қайт. Мен қари ҳолим билан қачонгача ишлайман. Менга ёрдам бер. Жавоб бер, илм зўрми ёки давлатми? Яхшилаб ўйлаб кўргин, болам.
Иккинчи ўрил ака-укаларига бир қараб олибди-ю, отасига:
— Олло таолодан тилайманки, отам доимо соғ-саломат юрсинлар, сояи давлатларида йигитлик даврини сурайлик. Пул-у мол бўлмаса, илмдан нима фойда? — дебди.
Мўйсафиднинг таъби хира бўлиб хўрсинибди:
— Ўғлим, сўроғимга жавоб беролмадинг, кўнглим жойига тушмади. Бўлмаса энди сен жавоб бер, ўғлим. Шояд мени хурсанд этсанг, — дея учинчи ўғлидан сўрабди чол.
Учинчи ўғли ўйламай-нетмай отасининг саволига:
— Эй, отайи мўътабарим, ҳамма гапларингизга тушундим. Лекин бу тўрт кунлик дунёда еган-ичган, кийганингиз қолади. Энди катта бўлиб қолдик, шу ёшда илм олган билан қаерга борамиз? Хамманинг кўзи давлатманднинг қўлига қарайди. Қўлини доимо кўкрагига қўйиб салом беради, хизматингизни бажо қилади, давлат яхши-да, ота, — деб жавоб берибди.
Афсус—надомат қилган ота навбатни тўртинчи ўғлига берибди:
— Қани, ўғлим, сен нима дейсан? Жавоб бер. Сендан бирор яхши жавоб эшитармиканман? Акаларинг берган жавобни сен ҳам эшитдинг.
Тўртинчи ўғли жавоб берибди:
— Эй, отайи бузрукворим, мен сизга нима ҳам дердим. Мана сиз ўқимасангиз ҳам мол-мулкингиз ҳаддан зиёда. Доимо ҳурмат ва иззатдасиз. Биз ҳам сиздай яшайверамиз. Саволингизга жавоб шуки, давлат яхши. Қўлингиз узун бўлади, қаерга чўзсанг етади.
Мўйсафиднинг ҳафсаласи пир бўлибди-ю, бешинчи ўғлига ҳам ўша саволни берибди.
— Ҳурматли падарим, сизга жавобим шуки, илм деганингиз қўлга олинмайди, киссага ҳам пул бўлиб кирмайди. У билан қорин тўймайди, танингиз бут бўлмайди. Уйингизга палос қилиб сололмайсиз. Энди сизга айтсам, мол-давлатга нима етсин, давлат афзал-да, отажон, — дебди бу ўғли ҳам.
Отанинг жаҳли чиқибди ва олтинчи ўғлига:
— Хўш, энди сен гапир-чи, болам, ёшлигингда кўп хаста бўлардинг, кўп табиб-жарроҳларга кўрсатганман, сени. Онанг раҳматлик кечалари мижжа қоқмай тепангда ўтириб чиқарди. Инсон боласи, ўлмаса, одам бўлиб кетаркан. Дуруст, мана йигит бўлиб қолдинг. Айт-чи, илм зўрми, давлатми? — дебди.
Олтинчи ўғил ўйлаб туриб, сўнг:
— Отамсиз, сизга илм афзал десам, уни билмайман, ўқиганим йўқ. Давлатни биламан. Бой яшайман. Уйимизда ҳамма нарса бор. Еганимиз олдимизда, емаганимиз кетимизда. Бундан чиқди давлат афзал экан-да, отажон, — дебди.
— Эй, болам, сен ҳам кўнглимдаги жавобни бермадинг. Сен ҳам ҳирсингни давлатга қўйган экансан. Нима ҳам дейман сенларга. Қани, навбат билан кенжа укаларингдан ҳам сўраб кўрай-чи. Булар нима жавоб қиларкин. Қани тойлоғим, сен гапир-чи, — деб мўйсафид еттинчи ўғлига мурожаат қилибди.
Ўғил талмовсираб жавоб берибди. Гапининг тайини йўқ эмиш.
Мўйсафид хўрсинибди, соқолини тутамлаб бир оз жим қолибди, сўнг кенжа ўғлига қараб:
— Қани, кенжам, умидим сендан, болам. Шояд сен саволимга тўғри жавоб берсанг. Кенжа ўғил ақлли бўлади, дейдилар. Давлат афзалми ёки илм афзалми? Толеинг баланд бўлсин, икки дунёда хор-зор бўлма асло. Ҳа, отанинг дуоси тилло, лекин қарғиши ёмон! — дебди.
Кенжа ўғил отасига:
— Отажон, мен давлат эмас, илм афзал дейман. Мени мактабга беринг, ўқийман. Кўзингиз очиқлигида илмли бўлиб қолай. Барибир мол-давлат менга тегмайди, — дебди. Мўйсафиднинг димоғи чоғ бўлиб:
— Баракалло, ўғлим, — деб ўғлининг пешонасидан ўпибди. Сўнг яна: — Менга мол-давлат тегмайди, деганинг нимаси? — деб сўрабди.
Шунда эшик орқасида акалари билан отасининг баҳс-у жавобларини тинглаб турган қизи:
— Э, отайи қиблагоҳим, менга рухсат беринг, саволингизга жавоб берайин. Агар ҳурматсизлик бўлмаса, энди навбат меники, — дебди.
Ака-укалари бир-бирларига қараб қолибдилар. Мўйсафид хурсанд бўлиб навбатни қизига берибди:
— «Қани, қизалоғим, сенга навбат, гапир болам, бу сўроққа сен нима деб жавоб қиласан?»
Қиз гап бошлабди:
— Эй, отажон, авваламбор шуни айтай, энг кенжа ўғлингизнинг берган жавоби тўғри жавобдир. Давлат эмас, илм афзалдир. Лекин нега афзаллигини айтолмади. Негаки, кичик акаларим катталарига тақлид қиладилар. Яқинда катта акаларим маслаҳат қилиб, отамдан сўнг мол-мулкини бўлиб оламиз, кичик укаларга ҳеч нарса бермаймиз, улар юмушларимизни қилиб юради, деганлар. Кенжа укам бу гапни эшитиб, энди менга молу давлат тегмас экан, ўқиб, бир кунимни кўрадиган бўламан, деб ўйлаб, илм афзал деб тўғри айтаяпти. Давлат бебаҳо нарса. Бугун бор, эртага йўқ бўлиб кетади. Давлат албатта ширин кўринади, аммо азоби бисёрдур. Кунингиз тўлиб қазо қилсангиз, акаларим давлат деб бир-бири билан жиққа-мушт бўлишади, нарсаларимизни талон-тарож қилишади. Акаларимнинг еттови «давлат зўр», дедилар. Бу нотўғри! Отанинг моли фарзандга сира буюрмайди. Мен бўлсам илмни афзал деб айтаман. Акаларим эшитиб олсинлар, биринчиси шуки, илмни қанча сарфласанг, шунча кўпаяверади. Давлатни сарфласанг, у тобора камайиб бораверади. Шунинг учун ҳам илм афзалдур. Иккинчиси шуки, илмли одам ширинсухан, одобли бўлади. Шунинг учун ҳам ҳамма унга ўхшашга интилади. Давлатманд одамга эса ҳамма ҳасад қилади. Чунки давлат ҳаммада ҳам йўқ. Учинчиси шуки, илмли одам дунёдан ўтса, «эсиз, фалончи олимдан ажралдик», деб йиғлаб кўмадилар. Давлатманд одам ўлса «ажаб бўлди, сара бўлди, бир нафси бад одамдан қутулдик» деб, лаънатлаб кўмадилар. Тўртинчиси шуки, олим одам дунёда доимо фароғатда яшайди. Чунки унинг бошидаги илмини ҳеч ким ўғирлаб кетолмайди. Давлатманд одам доим «молимни ўғри уриб кетмасин, бўри, шоғол емасин, ўлиб нобуд бўлмасин» деб, мудом таҳликада юради. Бешинчиси шуки, илм эскирмайди, чиримайди, нобуд бўлмайди. Лекин мол-мулкни зах ерга қўйсанг чирийди, офтобда ранги ўчиб ситилиб кетади, совуқда қотади, иссиқда куяди. Давлатманд одам мудом унинг ғамида бўлади. Олтинчиси шуки, илмли одам юмшоқ кўнгил, ширинсухан, хушчақчақ, одамшаванда бўлади. Шунинг учун ундай одамни ҳамма ҳурмат-иззат қилади. Давлатманд одамнинг кўнгли тошдай қаттиқ бўлади. Қўл остидаги кишиларни кўп ишласин, давлатим кўпайсин деб, уларни сўкади, уради.
Оқила қиз отаси ва акаларининг жимгина ўтириб эшитаётганларини сезгач, охирги муддаосини айтибди: — Эй, отажон, акаларим яхшилаб эшитиб олсин. Ёшлик даврларини зое ўтказмасдан, вақтида фойдаланиб қолишсин. Зеро, охирги пушаймон ўзларига душман бўлади.
Мўйсафид ҳам, акалари ҳам оқила қизга қойил қолиб офарин дейишибди. Мўйсафид қизи билан кенжа ўғлини мактабга берибди. Бошқа ўғиллари энди меҳнат қилишга киришиб, ҳаммалари мурод-мақсадларига етибдилар.