Ҳунардан унар

Бурунги замонда бир подшоҳ бор экан. Бир куни у бир камбағалнинг қизини олмоқчи бўлиб, совчи юборибди. Совчилар келиб подшоҳнинг сўзини қизга айтишибди. Қиз совчиларга:
— Подшоҳга бориб айтинглар, олмоқчи бўлса, мен ҳам розиман. Лекин подшоҳ бир ҳунар билсагина тегаман, билмаса ўргансин, — дебди.
Совчилар подшонинг олдига келиб қизнинг шартини айтишибди.
Подшоҳ бу гапни эшитиб аввал аччиғи келибди, сўнг ўйланиб туриб, қизнинг гапи таъсир қилибди: “Подшолигим ҳунар эмас экан-да. Хайр, ҳунар ҳам ўрганай” деб, ўз ўрнига вазирини қолдириб, ҳунар ахтариб чиқиб кетибди. Ҳамма ҳунарларни кўриб, гиламчилик маъқул бўлибди. Гилам тўқийдиган бир яхши устани топиб, шунга шогирд тушибди. Уч йил-у уч ой деганда гилам тўқишни ўрганибди. Бир гилам тўқиб қизнинг уйига юборибди. “Ҳунар ўргандик, шартини бажардик”, дебди. Қиз:
— Подшоҳ шартни бажарган бўлса, мен ҳам сўзимда турибман, энди тегаман, — дебди.
Подшоҳ тўй-томоша қилиб қизни олибди, хотинидан кўнгли тўлиб, подшоҳлигини қилиб юраверибди.
Кунлардан бир кун шу подшоҳ мамлакатидаги элнинг савдогарлари, катта-катта бойларидан бир қанча киши йўқ бўлибди. Бу хабар подшоҳга етибди. Қанча амалдорлар ахтариб, бойларнинг дарагини топмабди. Подшоҳ “Буларни ўзим ахтарайин, шаҳарда бир сир борга ўхшайди, буни билмасам бўлмайди”, деб подшоҳлик кийимларини ечиб, бошқа кийимлар кийиб, одам танимайдиган бўлиб, кечаси халқ ётгандан кейин шаҳарни айланмоқчи бўлиб чиқиб кетибди. Айланиб юрса, узоқдан бир чироқ кўринибди. Подшоҳ тўғри шу чироқ кўринган жойга борса, бир ошхона. Ошхонанинг ичида кўп одам овқат еб ўтирибди. Эшикни очиб қараши билан ошхона эгасининг кўзи подшоҳга тушибди ва:
— Нима ишингиз бор?— деб шоҳдан сўрабди. Подшоҳ:
— Қорним оч, овқат емоқчиман, — дебди. Ошхона эгаси:
— Қани ичкари киринг, тўрга ўтинг, — деб подшоҳни ичкари уйга олиб кирибди. Подшоҳ тўрга ўтаётиб ертўлада тушиб кетибди.
Қараса, рўпарасида бир одам турибди. У одам подшоҳнинг қўлидан тутиб, ичкари уйга олиб кирибди. Уйда одам жуда кўп экан. Подшоҳ қўрқиб индамай турган экан. Бир киши ўтирган еридан туриб, қўлига катта пичоқни ушлаб “Қани, ҳозир навбат кимники?” деб тўғри подшоҳнинг олдига келиб, уни сўймоқчи бўлибди. Бирови келиб калласидан ушлабди. Подшоҳ эсидан адашиб, хаёли қочибди. Сўймоқчи бўлганларга:
— Сизлар кимсизлар, сизга жон керакми, мол керакми, пул керакми?— дебди. Улар:
— Бизга жондан бошқа бари керак, у бўлмаса жон керак, ҳозир сенинг калланг керак, — дейишибди. Подшоҳ:
— Пул, мол топиб берсам бўладими? —дебди. Улар:
— Бўлади, — дейишибди. Подшоҳ:
— Ундай бўлса, бир ҳунар кўрсатаман, менинг айтганимни қиласизлар. Мен бир гилам тўқиб бераман, шуни подшоҳга олиб борсанглар минг тилла беради, — дебди. Улар:
— Қани, ҳунарингни кўрайлик, — дейишибди. Подшоҳ у керак, бу керак деб гилам тўқиш учун керакли нарсаларни айтибди. Ҳалиги одамлар бозорга бориб подшоҳнинг айтган нарсаларини олиб келишибди. Подшоҳ ипакдан бир гилам тўқиб:
— Мана бу гиламни подшоҳга олиб боринглар. Подшоҳ сизга минг тилла беради, — дебди.
Ҳалиги одамлар гиламни кўтариб подшоҳ саройига олиб боришибди. Саройдан бир маҳрам чиқиб, гиламни ичкарига олиб кириб, кимга беришини билмай, вазир билан маслаҳатлашибди. Булар подшоҳни йўқотиб ҳайрон бўлиб юрган эканлар. Гиламни подшоҳнинг хотинига кўрсатибдилар. Хотини ўзининг эри тўқиган гилам эканини таниб, гилам келтирган одамларга минг тилла бериб юбориб, орқасидан одам қўйибди. Ўғри тиллаларни олиб, суюниб тўғри ошхонага кириб борибди. Орқасидан пойлаб келган одам вазирга хабар берибди. Вазир бир қанча аскарларини олиб келиб, ошхонани ўраб, ичкарига кириб подшоҳни топибди. Подшоҳ қўлга тушган одамларнинг барчасини озод қилибди. Одам ўғриларнинг қўлини боғлаб, аскарига ҳайдатиб, саройга келибди. Уларнинг ҳаммасини дорга остирибди.