Ҳасан ва Ҳусан

Бир бор экан, бир йўқ экан, бурунги замонда хоқони Чин деган томонда Ю-Сан-Чин деган подшоҳ ўтган экан. Унинг яхши кўрган Ю-Чин-Сан деган доно вазири бор экан. Ҳар икковининг ҳам ёшлари анчага бориб қолган бўлишига қарамай, фарзандлари йўқ экан. Кунларнинг бирида подшоҳ ўз уламолари билан узоқ томонларга овга кетибди. Подшоҳ билан вазир икковлари фарзандлари туғилганидан хабар келмагунча, овдан қайтмасликка қарор қилишибди. Агар икковларининг ҳам фарзандлари ўғил бўлса бирига Ҳасан, иккинчисига Ҳусан деб от қўйиб, ака-ука қилмоқчи бўлишибди. Иккови ҳам қиз бўлса, Фотима ва Зуҳра деб от қўйиб, опа-сингил, агар бири ўғил, бири қиз бўлса, бирини Тоҳир, бирини Зуҳра деб от қўймоқчи бўлишиб, аҳдномага имзо чекиб, муҳр босишибди.
Кунлар, ойлар ўтибди. Бир куни чопар келиб подшоҳ билан вазирга маликалари ўғил туғганлиги ҳақида севинчли хабар келтириб, уларни хурсанд қилибди. Аҳдларига биноан подшоҳнинг ўғлига Ҳасан, вазирнинг ўғлига Ҳусан деб ном қўйишибди. Подшоҳ билан вазир уйларига келиб етти кеча-ю етти кундуз элга тўй беришибди.
Болаларининг тарбиясига алоҳида эътибор бериб, уларнинг ҳар қайсисига яхши тарбиячи энагалар, табиблар қўйибди. Болаларни бир-биридан ажратмасдан тарбия беришибди. Ҳатто қайси бири кимнинг фарзанди эканини ҳам билдирмас эканлар. Болалар катта бўлгандан кейин ўқишга беришибди. Уларга ўқиш, ёзиш, ҳарбий ҳунар, давлатни бошқариш, денгизда сузиш, дурадгорлик, чинний наққошлик, темирчилик, қисқаси, ўша даврда мавжуд бўлган ҳамма ҳунарнинг ҳар биридан ўқитувчи ажратиб, ҳунар ўргатила бошлабди. Бу болалар ҳунарларни шунчалик қизиқиб ўрганар эканларки, ҳатто ўқитувчилари уларнинг қайси бир ҳунарни яхши ўрганаётганликлари тўғрисида суҳбатлашганларида, ҳар бири ўз ҳунарини яхши ўрганаётганини айтар эканлар.
Болалар ўн етти ёшга кирганда ҳамма ҳунарларни ўрганиб бўлиб, саёҳат қилишга қарор қилишибди. Сафарга катта тайёргарлик кўришибди. Яхши тулпор отларни миниб, хуржунларини қимматбаҳо тошларга тўлдириб, жангчи қуроллари ва кийимларини кийиб, ёнларига йўлдош ҳам олмай, иккови жануб томонга қараб жўнашибди. Кун юриб, ой юриб, жарлардан, қорли баланд тоғлардан, чўл-у биёбонлардан ошиб, Бухоро деган шаҳарга келиб етибдилар. Отларига дам бериб, ўзлари ҳам бироз дам олмоқчи бўлиб, шаҳарнинг кунчиқар томонидаги бир кулбанинг эшигини қоқибдилар. Чол-у кампир уларга эшик очибди. Ҳасан билан Ҳусан одоб билан саломлашганларидан кейин, ўзларининг узоқ сафардан келаётганликларини ва шу ерда дам олиб кетмоқчи эканликларини билдирибдилар. Чол-кампирнинг фарзандлари йўқ экан. Буларнинг ўзларига фарзанд бўлишини илтимос қилишибди. Ака-ука ҳам уларнинг илтимосини қабул қилиб, ота ва она дейдиган бўлишибди. Ўзларининг жангчи кийимларини ечиб қўйиб, маҳаллий кийимлар сотиб олиб кийишибди. Бир қанча вақт шу ерда яшашибди.
Кунларнинг бирида Ҳусан кўчага чиқса, одамларнинг “Ана келди”, “Қоч, ўласан”, “Отади, яширин”, деган ваҳимали ҳайқириқларини эшитибди. Ҳусаннинг қўлида қуроли, устида жангчи кийими йўқлиги сабабли у ҳам ўзини пана жойга олишга мажбур бўлибди. Кейин кампирнинг олдига кириб, кўчада бўлган воқеани гапириб бериб:
— Она, кўчада одамлар нимага шунча ваҳимага тушиб қочадилар? — деб сўрабди. Кампир бу воқеанинг уларга ҳеч тааллуқли бўлмаганидан аниқ жавоб бермабди. Лекин ака-ука шу бўлган воқеани тушунтириб беришни талаб қилибдилар.
Шунда кампир:
— Бухоро хони — Усмонхоннинг якка-ю ягона Моҳинбону исмли чиройли қизи бор. У ҳафтада бир мартаба безатилган туяда соқчилар билан ҳаммомга боради. Юзига етти қават парда тутилганига қарамай, кимки унга қараса, хон: “Сен нима учун номаҳрам кўзинг билан менинг қизимга қарайсан?” деб шу кишини ўлимга буюради. Шу сабабли одамлар қочадилар, — дебди. Ҳасан бу сўзни эшитиши билан Моҳинбонуни кўрмай ошиқ-у беқарор бўлиб қолибди. Овқат ҳам емай, бир неча кун ичида бир неча ой касал ётган бемордек озиб қолибди. Акасининг бундай ҳолга тушиши Ҳусанни ҳам қаттиқ ташвишга солибди. Хоннинг саройига совчи юборишнинг иложи бўлмаганлигидан Ҳусан Моҳинбону билан қандай бўлса ҳам гаплашиш йўлини қидира бошлабди. Моҳинбонунинг Зулҳижжа деган ўқитувчиси борлигини суриштириб билиб, унинг турар жойини аниқлабди. Бозордан бир газ шойи сотиб олиб онасига бериб, учта халта тиктирибди. Ҳар бир халтани қимматбаҳо тошлар билан тўлдирибди. Бир куни кечаси халталардан бирини олиб, шу ўқитувчисининг уйига борибди, у деразани очиб қўйиб ухлаб қолган экан. Ҳусан халтани секин деразанинг устига қўйиб кетибди. Ўқитувчи эрта билан дераза устида бир халта қимматбаҳо тошларни кўриб ҳайрон қолибди. Аммо ким, нима учун бу халтани қўйиб кетганлигини билмабди. Эртаси куни синаш учун деразани яна очиқ қолдириб ухламай пойлаб ётибди. Лекин уйқу зўрлик қилиб ухлаб қолибди. Эрта билан қараса, яна бир халта пайдо бўлибди. Учинчи куни деразани очиқ қўйиб пойлаб ётибди. Уйқуси кела бошлагандан кейин жимжилоғини пичоқ билан кесиб, ярасига туз сепиб уйқусини қочирибди. Ярим кечадан ўтгандан кейин, деразадан бир қўл халтани ичкарига узатибди. Ўқитувчи тезлик билан қўлни тутиб олиб:
— Кимсан, менда нима арзинг бор? — дебди. Ҳусан ичкарига кириб воқеани гапириб берибди. Ўқитувчи:
— Эртага туш пайтида шаҳзода кийимларини кийиб келиб, эшикни секин очиб қаранглар. Агар қиз айланиб қараб мулойимгина ”Булар кимлар, нима қилиб юришибди?” деса, ичкарига кириб ўтиринглар. Мен унга воқеани гапириб бераман. Агар “Булар кимлар, бевақт келибди?” деса, яхшиси тезроқ қочиб кетинглар. Бўлмаса, сизни ҳам, мени ҳам ўлдиради, — дебди. Ҳусан калаванинг учи топилганлигидан хурсанд бўлиб, уйига бориб воқеани акасига гапирибди. Ака-ука эртаси куни ўқитувчининг уйига келишибди. Секин эшикни очиб қарашибди. Қиз уларга қайрилиб қараб, бир сесканиб кетибди, мулойимгина:
— Булар кимлар, нима қилиб юрибдилар, — деб сўрабди. Эшик олдида қимирламай турган ака-ука қўғирчоққа жон киргандай бирдан қўзғалиб ичкарига кириб ўтирибди. Ўқитувчи бўлган воқеани қизга гапириб берибди. Шунда қиз бир чуқур оҳ тортиб:
— Мени отам эртага араб халифасининг ўғли Абдулмаликка тўй қилиб бериб юборади. Мен қандай қилиб сизга ваъда қиламан, агар Ҳусан мени акасига олиб беришни истаса, бир шартимни бажарсин. Мени эртага карвон билан Арабистонга олиб кетаётганларида мозор ёнидан ўтамиз, ўша вақтда мен онамнинг қабрини кўриб кетишни сўрайман. Сизлар шу мозорга бориб ўтирасиз. Мен мозорга киришим билан Ҳусан менинг уст-бошимни кийиб чиқиб менинг ўрнимга карвон билан ўтириб кетади. Кейин Ҳусан ўзини қайси йўл билан бўлса ҳам қутқариб олади. Биз эса Ҳасан билан мозорда қоламиз, — дебди.
Эртаси ака-ука мўлжалланган вақтда мозорга бориб, қизнинг келишини кутиб ўтиришибди. Моҳинбону эса мозорга яқинлашиш билан “дод” деб йиғлаб юборибди-да, онасининг яқинда ўлганини, унинг қабрини зиёрат қилиб кетиши кераклигини айтибди. Карвонлар туяларини чўктириб келинни туядан туширибдилар. Моҳинбонунинг мозорга кириб зиёрат қилишига жавоб берибдилар. Моҳинбону мозорга кириши билан Ҳусан унинг кийимларини кийиб, паранжисини ёпиниб йиғлаб-йиғлаб туяга миниб, Арабистонга кетибди. Боргандан кейин келинни яхши кутиб олишибди. Етти кеча-ю етти кундуз тўй бериб, куёвни келтиришибди, шунда “келин” онасининг яқинда ўлганлиги учун қирқ кеча-ю қирқ кундуз аза тутишини, аза вақтида эркак киши қараса гуноҳ ҳисобланишини айтиб, қирқ кунга муҳлат сўрабди. Куёв ҳам рози бўлибди. “Келин” зерикиб қолмасин деб, синглиси Зулайҳони ёнига қўйибди. Бир неча кун ўтгандан кейин Ҳусан Зулайҳога ўз сирини очиб, ундан ёрдам сўрабди. Зулайҳо ўзининг ундан ажралишини истамай, у билан бирга кетмоқчи бўлганлигини айтибди. Иккови қочмоқчи бўлишибди. Зулайҳо отаси ва акаси олдига бориб, келин ойиси билан бир ҳафта саёҳат қилиб келишга рухсат олибди. Отаси уларни тулпор отларга миндириб, бир неча канизак, бир неча соқчилар билан саёҳатга жўнатибди. Бир қанча йўл юриб, саёҳат тайинланган жойга етибдилар. Хушманзара бир жойни танлаб, чодир қурибдилар. Кечаси овқатдан кейин ётиб ухлашибди. Фақат “келин” билан Зулайҳо ҳамда сезгир соқчилар ухлашмабди. Соқчиларнинг ухлашини кутиб кўп вақт пойлаб ўтиришибди. Лекин соқчилар ҳеч ухламагандан кейин Ҳусан чиқиб усталик билан уларни уҳлатибди. Иккови ҳам эркаклар кийимини кийиб, қуролларини олиб, отларига миниб “Ё Бухоро, қайдасан” деб йўлга тушибди. Дарё-ю кўллар, дашт-у чўллар, адир-у тоғлар, гулзор-у боғларни ўтиб, эсон-омон манзилларига етибдилар.
Араб халифаси келин билан қиз саёҳатдан қайтиб келмагандан кейин уларни қидириб топишга чопарлар юборибди. Чопарлар келиб кўриб, халифага воқеани бориб айтибди. Халифанинг жаҳли чиқиб, жаҳонни бузгудек бўлиб, Бухоро хонига қарши урушга тайёрланибди. Лашкар тўплаб йўлга чиқибди. Тез кун ичида Бухорога етиб, қалъани қамал қилиб, хонга нома юборибди. Номада: “Бир кеча-ю кундуз ичида Бухоро сўзсиз таслим бўлмаса, бешикдаги боладан тортиб, энг қари чолларигача қиличдан ўтказаман, шаҳарнинг кулини кўкка совураман”, деб ёзибди.
Бу воқеадан бехабар Бухоро хони ўзича мулоҳаза қилиб: “Бу баднафс халифага хирож тўласам, қизимни берсам, яна менинг тахт-у бахтимга чанг солмоқчи. Номардларча дорда қузғунга ем бўлгунча, жанг майдонида мардларча жанг қилиб ўлмоқ аъло”, деб тезлик билан лашкарларини тўплаб қарши чиқибди. Араб лашкарлари узоқ йўл юриб чарчаганликларига қарамай, кўп жанг қилиб чиниққан, интизомли, бераҳм кишилар бўлгани учун Бухорога бостириб кириб хоннинг саройига яқинлашибдилар. Моҳинбону бу воқеани эшитиб Ҳасан билан Ҳусанга қараб:
— Сизнинг мардлигингиздан шу ерга келган эдик, номардлигингиз туфайли мамлакатимиз қонга беланиб, душманга оёқ ости бўлмоқда! — дебди. Моҳинбонунинг бу сўзидан таъсирланган Ҳасан билан Ҳусан уруш кийимларини кийиб, найза ва қиличларини олиб, отларини миниб, жанг майдонига чиқибдилар. Кўп вақтдан бери тўпланиб қолган кучларини ишга солиб, усталик билан жанг қила бошлабдилар. Бухороликлар нотаниш лашкарбошиларнинг жанг майдонига кирганларини кўриб қатъий ҳужумга ўтибдилар. Арабларни қалъадан ташқарига сурибдилар. Чопарлар келиб ўз хонларидан суюнчи олибди. Кутилмаган ғалабадан хон жуда хурсанд бўлибди. Шу билан Араб аскарлари зўрға қочиб қутулибди.
Жанг тамом бўлгандан кейин Бухоро хони ясовуллар бошлиғини чақириб, хонликни оғир аҳволдан қутқаришга ёрдам берган икки қаҳрамонни топиб келишга буюрибди. Лекин қанча қидирсалар ҳам топа олмабдилар. Жанг майдонида уларни кўрган жангчи ва лашкарбошилар, улар жанг майдонида қандай пайдо бўлган бўлсалар, шундай ғойиб бўлганликларини айтибдилар. Шаҳарнинг ҳамма карвонсарой, меҳмонхона, мусофирхоналарини текширибдилар. Ҳеч қаердан топа олмабдилар.
Шунда хон: “Улар ким бўлса ҳам юртимизнинг кишилари эмас”, деб тезлик билан топишни талаб қилибди. Ўлимдан қўрққан ясовулбоши ҳамма ясовулларини тўплаб қидиришга киришибди. Ҳамма жойни қидириб топа олмаганларидан кейин ясовулларнинг бир кексаси фақат шаҳарнинг нариги чеккасидаги бир чол-у кампирнинг уйи қолганлиги, лекин уларнинг ўғли йўқлигини айтибди. Ясовулбоши шу чол-кампирнинг уйини ҳам бориб кўришни ясовулларга буюрибди. Бу ташландиқ кулбадан қувончли натижа чиқишига умид қилмасалар ҳам, буйруқни бажаришга мажбур бўлишиб, ясовуллардан уч киши жўнабди. Бориб у ерда хоннинг қизи Моҳинбону билан араб халифасининг қизи Зулайҳо ва икки нотаниш паҳлавон йигит ўтирганини кўришибди. Бу севинчли воқеани хонга етказишибди. Хон уларни олиб келишни буюрибди. Улар келгандан кейин хон: “Менинг хонлигимни ҳалокатдан қутқариб қолганингиз учун сизлардан бирингиз хонлик қилишингиз лозим”, дебди. Ака-ука қаршилик қилишига қарамай, тожини Ҳасанга кийдирибди. Ҳусанни ўнг қўл вазир, хон ўзини чап қўл вазир, чолни эса хазиначи қилиб тайинлабди. Қирқ кеча-ю қирқ кундуз тўй қилиб, тинч ҳаёт кечира бошлабдилар.
Кунларнинг бирида ака-ука гаплашиб ўтириб: “Ватанимиздан чиқиб кетганимизга кўп йиллар бўлиб кетди. Ота-оналаримизнинг ҳолидан хабар ҳам олганимиз йўқ”, дейишибди-да, Ҳусан бориб ота-оналаридан хабар олиб келмоқчи бўлибди. Бу хабарни эшитган Зулайҳо ҳам: “Мен сиздан ажралиб қолмайман”, дебди. Ҳусаннинг йўл узоқ ва оғир дейишига қарамай, ўз сўзида маҳкам туриб, Зулайҳо ҳам, канизак ва соқчиларини олиб йўлга чиқибди. Бир жойда тўхтаб овқатланишибди. Бироз ухлагандан кейин Ҳусан уйғониб қараса, Зулайҳонинг билагига боғлаб қўйилган Ҳусаннинг оти ёзилган қимматбаҳо узукни бир зағизғон келиб ечаётганини кўрибди. Ҳусан ўрнидан туриб зағизғонни ҳайдаб юбормоқчи бўлганда, зағизғон рўмолчани ечиб олиб кетибди. Ҳусан унинг орқасидан қувлабди. Тонготар пайтида зағизғон бир равотга келиб тушибди. Ҳусан равотни айланиб юриб киришга на эшик, на дарича топа олмабди. Қараса, бир ариқ орқали равотга сув оқиб кираётибди. Ҳусан шу ариқдан ичкарига кирибди. Равот ичида соч-соқоли оқарган, кийимлари жулдур бўлиб кетган бир чол турган эмиш, чолга салом берибди. Чол Ҳусанни кўриб ҳайрон бўлиб:
— Эй одамзод, бу ерга қайдин келдинг? — дебди. Ҳусан:
— Мен бу ерга Бухородан келдим, — дебди. Чол:
— Эй ўғлим, Бухоро бу ердан олти ойлик йўл. Бу жой эса, девларнинг макони, — деб, Ҳусаннинг қандай келганини сўрабди.
Ҳусан бўлган воқеани айтиб берибди. Чол:
— Сен зағизғонни эмас, девни қувлабсан, қувлаганинг ҳам йўқ, елкасига миниб келгансан. Сенинг кўзингга шундай кўринган, — дебди ва ўзининг Эрон подшосининг ўғли Умар ал-Амал Фирузий эканини, у ҳам худди шундай қилиб келиб қолганини ҳикоя қилибди. Битта эдим, иккита бўлдик. Энди зерикмаймиз, инсонларча гапириш ҳам эсимиздан чиқмайди, — деб хурсанд бўлибди. Шундай қилиб улар бирга яшай бошлабди. Энди гапни Зулайҳодан эшитинг.
Зулайҳо қараса, ёнида Ҳусан йўқ. Бирор ерга кетгандир, деб бироз кутибди. Лекин Ҳусан келмаганидан кейин “Мени сафарга бирга олиб кетишга рози бўлмаган эди. Шунинг учун мени ёлғиз ташлаб кетган бўлса керак”, деб ўйлабди. Қараса, Ҳусаннинг жангчи кийимлари шу ерда қолибди, ҳайрон бўлиб энди нима қилиш кераклигини ўйлабди. Вақт жуда қисқа бўлганидан, тезда бир қарорга келибди. Ҳусаннинг жангчи кийимларини кийиб, бир неча кунлик овқат олиб, яхши тулпор отини миниб Ҳусанни қидириб кетибди. Соқчилар уйғониб, нима ҳодиса бўлганини тушуниб олгунларича Зулайҳо қоронғу тунда узоқ жойларга кетиб қолибди. Соқчилар қанча бош қотирсалар ҳам нима ҳодиса бўлганини била олмабдилар. Фақат Ҳусан билан Зулайҳо ва бир от йўқ, Зулайҳонинг кийимлари шу ерда қолибди. Соқчилар: “Бухорога қайтиб борсак, нима воқеа бўлганлигини айтиб бера олмасак, айбдор бўлиб қузғунларга ем бўлгандан кўра, ҳаммамиз ҳар томонга тарқалиб кетганимиз яхшироқ”, деб маслаҳатлашиб ҳар томонга тарқалиб кетишибди. Канизаклар ҳам кетибди.
Зулайҳо кўп оғир йўллардан ўтиб, Ҳиндистон мамлакатига борибди. Ўзини араб халифалигидан норози бўлиб қочиб кетган лашкарбоши — Зоҳир Ботир Зулули деб таништирибди. Бу хабарни ҳинд шоҳи Радж Чандрага билдирибдилар. Ҳинд шоҳи уни ёнига чақириб олиб, ўзининг қариб қолганлигини, ўғли йўқлиги, фақат Радха исмли қизигина борлигини, шу қизи Радхага уйланиб ўз тахтига ўтиришини таклиф қилибди. Зоҳир Ботир ноилож рози бўлибди. Шоҳ етти кеча-ю етти кундуз тўй қилиб, қизини берибди. Тож кийдириш маросимини ҳам ўтказибди. Тўйдан кейин Зоҳир Ботир Радхага ўз сирини очиб, бошидан ўтган воқеани гапириб берибди. Агарда Ҳусан топилса унинг билан бирга яшаб, Радхани эса ўзининг акаси Абдулмаликка олиб беришга ваъда берибди. Ҳар иккиси бу гапларни сир сақлашга аҳд қилишибди.
Кунларнинг бирида Ҳусан равотда гулларга қараб юрганида икки зағизғоннинг қувлашиб келганини ва бири бошқасини ўлдирганини, иккинчи жойда эса бир тугунчани кўмиб кетганини кўриб қолибди. Ҳусан бориб тугунчани олиб қараса, ўзининг Зулайҳога берган узуги чиқибди. Бу воқеани чолга бориб айтибди. Чол:
— Бизнинг девнинг душманлари кўп эди. Улар уни ўлдирибдилар, энди сен қутулибсан. Кетишинг мумкин. Шу яқин жойда бир дарё бор. Ҳар уч ойда бир мартаба кема келади, — дебди. Ҳусан девнинг хазинасидан бир халтачага қимматбаҳо тошларни тўлдириб, узукни ҳам шу халтачага солиб, кема келар вақтида дарё томонга кетибди. Дарё ёнига келса, кема келиб турган экан. Халтачани кемага қўйиб, чол билан хайрлашиб келиш учун қайтибди. Кема келганини айтиб, чолдан оқ йўл тилашини сўрабди. Шу вақтда чол: “Яна бир ўзим қоламан, энди қандай қилиб тураман?” деб юраги ёрилиб ўлиб қолибди. Чолнинг ўлигини кўммай қолдириб кетиш инсофдан эмас, деб чолни кўмишга киришибди. Чолни кўмгандан кейин дарё ёнига борса, кема кетиб қолибди. Кемачилар бир эмас, бир ярим соатгача кутиб, охири келмаганидан кейин кетиб қолган экан. Ҳусан энди қай ерга боришини, нима қилишини билмай, дарё ёнидаги бир тош устида ўтирганича қолаверибди.
Зоҳир Ботир давлат ишининг ҳамма соҳалари билан бирма-бир танишибди. Кунларнинг бирида ўткинчи кемалардан тушган хирожларни текширмоқчи бўлиб, кемалар тўхтайдиган жойга борибди. Келган савдо кемаларини текшира бошлабди. Ҳамма молларни текширибди. Бир халтанинг эгаси топилмабди. Кемачилардан халтачанинг эгасини сўрабди. Кемачилар бир одам халтани кемага қўйиб кетганини, бир соатдан кейин келаман деб, қайтиб келмаганини айтишибди. Зоҳир Ботир халтани очиб қараб, ўзининг узугини кўрибди. Нима қилишини билмай кема бошлиғини чақирибди. Тезлик билан кемани бўшатиш ва уч кун муҳлат ичида халтанинг эгасини топиб келишни буюрибди. Кемачи ноилож буйруқни бажаришга мажбур бўлибди. Кемачилар қайтиб бориб қарасалар, Ҳусан ҳали ҳам шу тош устида ўтирган экан. Кемачилар йигитга: “Сен бизни шунча овора қилдинг, аҳмоқ”, — деб уриб-сўкиб кемага солиб олиб кетишибди, кемани мўлжалланган вақтда етказишибди. Зоҳир Ботир кемачига жавоб бериб юбориб, Ҳусанни ювинтириб, кийинтиришни хизматкорларига буюрибди. Ҳусаннинг топилганлиги тўғрисида Радхага хабар юборибди. Кейин бу воқеани оталарига ҳам билдириб, ўзларининг мақсадларини айтишибди. Радж Чандра аввал уларнинг гапларига ишонмабди, сўнгра “Ақлларингга балли, қизларим, сизга офарин” деб улардан жуда хурсанд бўлибди. Ҳусанни подшоҳнинг олдига олиб келишибди. Зоҳир Ботир Ҳусанни синамоқчи бўлиб: “Яхши йигит, қаерликсиз, қайси томонга кетаётибсиз?” дебди. Ҳусан ўзининг бошидан ўтган воқеани айтиб берибди. Зулайҳо: “Агар хотинингиз топилса, нима қилар эдингиз?” дебди. Ҳусан: “Агар мени кутган бўлса, албатта, яна унинг билан ўз ҳаётимни боғлар эдим”, дебди. Шунда Зулайҳо бошидаги тожини олиб, тож остидаги яшириб қўйган сочларини тушириб юборибди. Иккови топишиб бир-бири билан кўришиб, бошларидан ўтганларни бир-бирига гапириб беришибди. Эртаси куни Ҳусанга тож кийдириш маросими ўтказилибди. Ҳусан бўлиб ўтган воқеаларни баён қилиб Хитойга, Бухорога, Арабистонга чопарлар юборибди.
Араб халифаси номани олган замоно ўғлига Радхани сўраб совчи юборибди. Бир қанча кундан кейин катта тўй-томошалар бўлибди. Тўйга Хитойдан, Бухородан меҳмонлар келибди. Тўйдан кейин тўрт мамлакат вакиллари бир жойга тўпланиб, бундан кейин бир-бирлари билан урушмаслик ҳамда савдо алоқаларини яхшилаш ҳақида аҳднома тузиб, муҳр босибдилар. Шу билан ҳаммалари мурод-у мақсадларига етишибди.