Ҳасан билан Ҳурилиқо

Бурун замонда, Шарқ мамлакатларининг бирида Аҳмаджон деган савдогар бор экан. Унинг Ҳасан деган ўғли ва Ҳурилиқо деган қизи бор экан.
Ойлар, йиллар ўтибди. Ота-онаси ўлиб, Ҳасан билан Ҳурилиқо етим қолибди. Ҳасан бир бойнинг эшигида хизмат қилиб юрибди. Бир қанча вақт ўтгач, Ҳасаннинг хизмати бойга ёқибди. Бой ўзининг Зулайҳо номли қизини унга берибди. Зулайҳо Ҳасаннинг синглиси Ҳурилиқо билан бир ҳовлида тура бошлабди. Ҳасан бойнинг хизматини бажариб юра берибди.
Зулайҳо Ҳурилиқони жуда ёмон кўриб қолибди. Қандай бўлмасин уни кўз олдидан йўқотиш пайига тушибди. Бир куни Ҳасан ишга кетганда уйдаги бутун асбобларни ҳовлига олиб чиқиб, устидан ёғ қуйиб ўт ёқибди. Ҳасан ишдан келганда Зулайҳо йиғлаб-йиғлаб:
— Синглингиз менга ўчакишиб, мен билан уришиб, ҳамма нарсага ўт қўйди. Менинг талоқ хатимни беринг, мен бу уйда бундай аҳволда туролмайман, — дебди. Ҳасаннинг аччиғи келиб, Ҳурилиқони қамчи билан уриб, қаттиқ қийнабди. Ҳурилиқо ёлвориб:
— Жон ака, мени бегуноҳ урманг. Мен бу ишларни қилганим йўқ. Келинойимнинг ўзи қилган, — дебди. Ҳасан Ҳурилиқонинг сўзига қулоқ солмабди.
Орадан бир йил ўтгач Зулайҳо бир ўғил туғибди. Зулайҳо болага қарамабди, уни Ҳурилиқо парвариш қилибди. Ўғил олти ёшга тўлганда жуда ҳам ширин бўлибди.
Ҳасан ўғлини жуда ҳам яхши кўрар экан. Кунлардан бир кун Ҳасан билан бой овга чиқиб кетишибди. Зулайҳонинг фикри бузилиб, кечаси Ҳурилиқо ухлаб ётган вақтда ўз боласини ўткир пичоқ билан сўйиб, пичоқни Ҳурилиқонинг кўрпасига тиқиб қўйибди. Ярим кечада Ҳасан овдан келибди. Зулайҳо ўрнидан туриб Ҳасанни қучоқлаб йиғлабди. Ҳасан:
— Нимага йиғлайсан? —деб сўрабди. Унгача Ҳурилиқо ҳам уйғониб ўрнидан турибди. Зулайҳо боласини қўлига олиб:
— Кўрдингизми, кечаси мен ухлаб қолган вақтимда Ҳурилиқо боламни ўлдирибди, — дебди. Ҳасан жуда хафа бўлиб, Ҳурилиқога:
— Нимага ўлдирдинг, бола сенга нима гуноҳ қилди. Падарингга минг лаънат, — деб сўкибди.
Ҳурилиқо:
— Акажон, нима учун мени бекордан-бекор сўкасиз. Мен нимага укамни ўлдираман. Бундай виждонсизлик менинг қўлимдан келмайди. Бу менга туҳмат, — деб йиғлабди.
Зулайҳо Ҳурилиқонинг кўрпасини очиб, ундан ўзи қўйган пичоқни олиб:
— Ёлғон бўлса бу нима? Пичоқни кўрпангиз орасига яшириб қўйибсиз-ку, — дебди.
Ҳурилиқо кўнгли бузилиб:
— Вой тавба-е, киши шундай туҳматларга учрар экан. Туҳмат қилганингиздан кўра, мени ўлдиртириб юборсангиз минг марта яхши бўлар эди, — дебди.
Ҳасан жаҳл устида:
— Сен менинг биттагина боламни ўлдирдинг, бундай сингилнинг кераги йўқ, — дебди, ғазабига чидолмай шартта синглисининг икки қўлини кесиб, уйидан ҳайдаб чиқарибди.
Бечора Ҳурилиқо уйдан чиқиб, неча кунлар йўл юриб, оч-наҳор қийналиб, бир подшонинг боғига етиб келибди. Боғ ёнида қовун-тарвуз пишиб ётган экан. Ҳурилиқо кундузлари боғда яшириниб ухларкан, кечалари эса туриб полиздаги қовунларни еяркан.
Бир куни Султонхон подшо ўғилларига:
— Ўғилларим, қовун-тарвузларимизни бир нарса ғажиб кетаётибди. Полизни бир пойлаш керак, — дебди. Шунда подшонинг катта ўғли қўлига яроғ олиб:
— Мен бориб пойлайман, — дебди. Ярим кечагача пойлаб ўтирибди, ҳеч нарса кўринмабди. Кейин ухлаб қолибди. Эртасига ўрнидан туриб, отаси олдига бориб:
— Ота, ҳеч нарса кўрмадим, — дебди. Подшо эртаси қовун полизга ўртанча ўғлини юборибди. У ҳам кечаси ухлаб қолибди. Эрталаб даладан қайтиб келиб, отасига:
— Қовун полизда мен ҳам ҳеч нарса кўрганим йўқ, — дебди.
Подшонинг кенжа ўғли шаҳзода Анвар:
— Ота, энди мени юборинг, — деб ёлворибди.
Отаси:
_ Ўғлим, акаларингнинг қўлидан ҳеч нарса келмади, сенинг қўлингдан нима келар эди, қўй, борма, — дебди.
Шаҳзода Анвар акаларига қараганда доно ҳам ақлли йигит экан. Отасига:
— Ота, акаларим бажара олмаган ишларни балки мен бажарарман, — деб туриб олибди. Подшо Анварнинг сўзини қайтармай:
— Майли, болам, борсанг бора қол! — деб жавоб берибди.
Анвар жуда хурсанд бўлиб, бироз туз, ўқ-ёйини олиб уйдагилар билан хайрлашиб жўнаб кетибди.
Кечқурун далага етиб бориб, капа ичига кириб қоровул бўлиб ўтирибди. Ярим кеча бўлганда Анварнинг уйқуси кела бошлабди. Анвар ухлаб қолишдан қўрқиб ёнидан пичоқ олиб, бармоғидан бироз кесиб, туз сепибди.
Бармоғининг оғриганига чидай олмай уйқуси қочиб кетибди. Бироз вақт ўтгач, Ҳурилиқо секин келиб қовунни ея бошлабди. Анвар қизни кўриб, югуриб борибди ва уни тутиб капага олиб келибди. Ҳурилиқонинг чиройи Анварни ўзига тортибди, у ҳайрон бўлиб Ҳурилиқодан:
— Сиз ким бўласиз, бу далаларда нима қилиб юрибсиз? — деб сўрабди. Ҳурилиқо ўксиб-ўксиб йиғлаб, бошидан ўтган саргузаштини Анварга бирма-бир сўзлаб берибди. Анварнинг Ҳурилиқога жуда раҳми келибди.
Тонг отибди. Анвар Ҳурилиқо билан отасининг олдига бориб, кўрган-билган воқеасини унга айтиб берибди. Подшонинг қизга раҳми келиб, хизматчиларига:
— Бу қизни яхши кийинтиринглар, бизнинг уйда юра берсин, — дебди. Подшонинг хизматчилари Ҳурилиқони ичкарига олиб кириб, ювинтириб, кийинтириб парвариш қилибдилар.
Орадан бир неча вақт ўтгач, Анвар подшо ёнига келиб:
— Э, ота, сизга айтадиган бир сўзим бор, бир қошиқ қонимдан кечсангиз айтар эдим, — дебди. Подшо:
— Айт, болам, кечдим, — дебди. Анвар:
— Отажон, далада пойлоқчилик қилганимда Ҳурилиқо менга ёқиб қолган эди. Шуни менга тўй-томоша қилиб олиб берсангиз, — дебди. Подшо:
— Ўғлим, сен уйланадиган бўлсанг сенга подшоларнинг чиройли қизларидан олиб бераман. У қизнинг икки қўли йўқ, чўлоқ-ку, нима қиласан? —дебди. Анвар:
— Менга подшо қизи керак эмас. Чўлоқ бўлса ҳам майли. Шуни олиб бермасангиз мен дунёдан уйланмай ўтаман, — дебди. Подшо ўғлини жуда яхши кўрар экан, унинг бу сўзларидан кейин, агар айтганини қилмасам, бола жинни бўлиб қолмасин, деб ўйлабди.
— Ҳа, майли, болам, олиб бера қолай, — дебди. Анвар жуда хурсанд бўлибди. Анвар билан Ҳурилиқонинг тўйи бўлибди. Тўй-томоша бир неча кун давом этибди.
Орадан бир-икки йил ўтгандан кейин подшо катта ўғилларини ўзига қарашли бошқа шаҳарларга ҳоким қилиб юборибди.
Бу воқеадан бир неча кун ўтгач подшо Анварни чақириб, унга узоқ бир юртдан келган хатни кўрсатибди. Унда:
“Мен ўлсам, ўрнимга Султонхон подшонинг ўғли Анварни подшо қилинглар, у жуда ақлли ҳам доно йигит” деб васият қилиб вафот этган экан. Фуқаролар маслаҳатлашиб, Анварни подшоликка кўтармоқчи бўлиб Султонхондан Анварни сўраган эканлар.
Подшо ўғлига:
— Ўғлим, подшо бўлиб борасанми? — дебди. Анвар:
— Борсам борай, лекин хотиним Ҳурилиқо ҳомиладор. Агар ўғил туғса менга карнай-сурнайлар билан хабар беринг. Агар қиз туғса хат ёзинг, — дебди.
Отаси:
— Маъқул, ўғлим, — дебди.
Эртаси Анвар ёнига бир неча аскар олиб, ота-онаси ва хотини билан хайрлашиб йўлга чиқибди, Йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб, тайинланган шаҳарга етибди. Халқлар билан танишиб тахтга миниб, подшолик даврини сура бошлабди.
Энди икки оғиз сўзни Ҳурилиқодан эшитинг:
Ҳурилиқо тўққиз ой, тўққиз кун, тўққиз соат деганда олтин кокилли бир ўғил, кумуш кокилли бир қиз туғибди. Подшо севинибди, хат ҳам ёзибди, карнай-сурнай ҳам чалдириб, Анварга хушхабар юборибди. Хушхабар олиб борадиган навкарлар Ҳурилиқо туғилиб ўсган шаҳардан ўтар экан. Навкарлар шу шаҳардан карнай-сурнай чалиб ўтаётганида Ҳурилиқонинг келинойиси Зулайҳо кўчага чиқиб турган экан. Буни кўриб Зулайҳо ажабланибди. Уларнинг ёнига бориб:
— Қаердан келиб, қаерга борасизлар, қандай хушхабар олиб кетаётирсизлар? — деб бир навкардан сўрабди. Навкар:
— Султонхон подшонинг ўғли Анвар бошқа шаҳарда подшо эди. Унинг қўли йўқ, чўлоқ Ҳурилиқо деган хотини бор. Шу бир ўғил, бир қиз туғди. Биз Анварга хабар олиб кетаётибмиз, — дебди. Зулайҳонинг фикри бузилиб, Ҳасаннинг шаҳарда йўқлигидан фойдаланиб навкарлар олдига тушибди.
— Барибир бугун Анвар турган шаҳарга етолмайсиз. Бугун менинг уйимда меҳмон бўлиб қолинглар, эртага жўнарсиз, — дебди.
Бу гап навкарларга ёқибди. Отларини ташқарига боғлаб, Зулайҳонинг уйига киришибди. Зулайҳо уларни яхшилаб меҳмон қилибди, май-шароб қуйиб бериб, маст қилибди. Навкарлар ухлаб қолганларида Зулайҳо уларнинг чўнтакларини кавлабди. Бир навкарнинг чўнтагидан Султонхоннинг Анварга ёзган хатини топиб ўқибди, уни йиртиб ташлаб бошқа хат ёзиб, унда: “Хотининг Ҳурилиқо кучук билан мушук туғди. Нима қиламиз?” — деб ёзиб, хатни навкарнинг чўнтагига солиб қўйибди. Эртасига тонг отгандан кейин навкарлар нонушта қилиб, хатни очиб кўрмай йўлга равона бўлибди. Кечқурун Анвар подшонинг шаҳрига етиб боришибди. Подшога хатни беришибди. Анвар хатни ўқиб ажабланибди. Отасига шундай хат ёзибди: “Эй, азиз отажоним, Ҳурилиқо ит билан мушук туғса ҳам боргунимча яхши кутиб туринглар. Яқинда бораман. Ит билан мушук туғдинг, деб асло кўнглини ранжитманглар”.
Анвар хатни навкарларга бериб юборибди. Хатни олиб навкарлар Ҳурилиқо ўсиб улғайган шаҳарга етганда, Зулайҳо яна уларнинг олдидан чиқибди:
— Бугун тағин бизнинг уйда меҳмон бўлинглар, — деб навкарларни уйига олиб кирибди.
Навкарлар зиёфатдан мамнун бўлиб, маст-аласт ухлаб қолишибди. Зулайҳо яна навкарлар чўнтагини ковлабди, бирининг чўнтагидан хатни топиб олибди, ўқиб, йиртиб ташлабди.
Анвар номидан Султонхон подшо номига шундай хат ёзибди: “Эй, қимматли отажоним, Ҳурилиқо менга керак эмас. Олтин кокилли ўғил, кумуш кокилли қиз туғган бўлса ҳам менинг кўзимга кўринмасин. Мана шу хатимни олиш билан бирга Ҳурилиқонинг икки қулоғини ҳам кесиб, болаларини хуржунга солиб, елкасига ортиб, ҳайдаб юборинг. Агар мен борганимда Ҳурилиқони болалари билан уйда кўрсам иккимизнинг орамиз бузилади, мен сиздай отамдан кечаман”. Зулайҳо хатни буклаб навкарнинг чўнтагига солиб қўйибди. Тонг отгач навкарлар йўлга тушибдилар. Бир кеча-ю бир кундуз йўл юриб Султонхон шоҳнинг пойтахтига етибдилар. Ўрдага бориб хатни подшога топширибдилар. Подшо хатни ўқиб жуда хафа бўлибди. “Бу нима гап, Ҳурилиқо олтиндек ўғил билан қиз туғса-ю, унинг қулоғини кесиб ташла, уйдан ҳайдаб юбор, эмиш. Бу қандай зулм, бедодлик”, деб ўйлабди. Ҳеч кимга айтмай беш-олти кун жуда хафа бўлиб, нима қиларини билмай юрибди.
Ҳурилиқо жуда зийрак экан. Подшонинг бундай хафалигидан Анварнинг кўнгил қоладиган хат ёзганини сезиб олибди ва подшо ҳузурига кирибди-да:
— Отажон, нима бўлди сизга. Беш-олти кундан бери жуда хафа кўринасиз? — деб сўрабди. Подшо гапира олмай йиғлаб юборибди. Ҳурилиқога Анварнинг хатини узатибди. Хатни ўқиб, Ҳурилиқо ҳам йиғлаб юборибди.
— Отажон, ўғлингизнинг буйруғи шундай бўлгандан кейин бажармай иложингиз йўқ. Майли, мен розиман, ўғлингизнинг айтганини қилинг, — дебди. Султонхон подшо ўйланиб туриб:
— Қизим, сенинг қулоғингни кесиб ташламайман. Лекин икки қора кўз болангни хуржунга солиб берай. Сен бу шаҳардан кет! — дебди.
Ҳурилиқо рози бўлибди. Икки болани хуржуннинг икки кўзига солиб, Ҳурилиқонинг елкасига қўйибди. Ҳурилиқо хайрлашиб, йиғлай-йиғлай йўлга тушибди.
Бир-икки кун йўл босибди. Учинчи кун бир анҳордан ўтаётганда олтин кокилли ўғил хуржундан сувга тушиб оқиб кетибди. Ҳурилиқо зор-зор йиғлаб, бир булоқнинг ёнида ётиб, ухлаб қолибди. Шу пайт Хизр бобо Ҳурилиқонинг олтин кокилли ўғлини ва акаси кесиб ташлаган икки қўлини олиб келиб, уни уйғотиб:
— Тур қизим, қимматли нарсаларингни ол! — дебди.
Ҳурилиқо чўчиб уйғонса, ёнида ўғлини ва кесиб ташланган қўлини кўтариб бир чол турган эмиш. Ҳурилиқо севиниб кетибди, ўрнидан туриб, чолга салом берибди.
— Ваалайкум ассалом, қизим, бу ўғил сеникими? — деб сўрабди Хизр бобо. Ҳурилиқо:
— Меники, отажон, — деб шошилиб жавоб берибди.— Келаётиб, катта сувдан ўтаётганда хуржундан тушиб оқиб кетган эди.
— Бу қўл кимники? Танийсанми? — дебди чол.
— Ҳа, отажон, менинг илгари худди шундай қўлим бор эди. Келинойим менга туҳмат қилганда акам қўлимни кесиб, мени уйдан ҳайдаб юборган эди, — дебди ва бошидан кечирган саргузаштини айтиб йиғлабди.
Хизр бобо Ҳурилиқонинг қўлларини тупуклаб, дам солиб ёпиштириб қўйибди. Ҳурилиқонинг қўллари аввалгидай соппа-соғ бўлибди. Ҳурилиқо раҳмат айтибди. Хизр Ҳурилиқонинг бир қўлига етти дона тош, бир қўлига қирқ бир дона тош берибди:
— Қизим, яна бир кун йўл юрсанг, фалон ерда катта дарё бор, ўша дарёга етганда етти дона тошни ташласанг, етти ариққа бўлинади. Шу сувдан ўтиб, яна бир кун йўл юрсанг, бир чўл-биёбон келади. Қирқ бир тошни ташласанг яхши уй пайдо бўлади, давлатга эга бўласан. Болаларинг билан ўша ерда бемалол ўйнаб-кулиб яшайверасан, — деб ғойиб бўлибди. Ҳурилиқо болаларини тўйдириб, хуржунга солиб, тошларни олиб йўлга равона бўлибди.
Бир кун йўл юриб, дарё лабига келиб, етти дона тошни ташлабди. Дарё етти ариққа бўлинибди. Сувдан соғ-саломат ўтибди. Юриб-юриб бир жойга бориб дам олибди, болаларини тўйдириб, яна жўнабди. Бир кун йўл босиб бир чўлга етибди.
Чўлга қирқ бир тошни ташлаган экан, оламда йўқ иморатлар, боғлар тайёр бўлибди. Дарров бешта хотин югуриб чиқиб:
— Биз сизни кутиб ўтирган эдик, хуш келдингиз, — дебди. Ҳурилиқонинг қўлидан болаларини олиб, уйга олиб киришибди, уни беш-олти қават кўрпача устига ўтқизишибди. Олдига неча турли ноз-неъматларни қўйиб, меҳмон қилишибди.
Ҳурилиқо эрининг уйида киймаган энг яхши кийимларни кийибди. Уйлар чиройли безатилган эмиш, бир қанча хотинлар, эрлар унинг хизматида тайёр турган эмишлар. Ҳурилиқо жуда ҳайрон бўлибди.
Боғларда турли мевалар пишиб, тагига тушиб ётган эмиш. Ҳурилиқо бу ширин-шарбат, ноз-неъмат ичида яшай берсин, энди икки оғиз сўзни Анвардан эшитинг:
Анвар подшолик қилиб турган шаҳрида вазир-вузароларини чақириб:
— Мен ўз шаҳримга бориб, ўн беш кунда қайтиб келаман, — дебди ва улар билан хўшлашиб, ўз шаҳрига жўнабди. Бир неча кун йўл босиб, ўз шаҳрига келиб уйига кирса, Ҳурилиқо йўқ, ота-онаси хафа бўлиб, ғам-ғусса чекиб ўтирган эмиш. Анвар дарров отасидан:
— Ҳурилиқо қани? — деб сўрабди.
Подшо:
— Ие, тағин сўрайсан-а, ўғлим, ўзинг хатингда: “Ҳурилиқо менга керак эмас, Ҳурилиқонинг қулоғини кесиб, туғган болаларини хуржунга солиб, уйдан ҳайдаб юборинг, агар мен борганимда Ҳурилиқони болалари билан уйда кўрсам, иккимизнинг орамиз бузилади. Мен сиздай отамдан кечаман”, деб ёзибсан-ку. Мен ноилож Ҳурилиқонинг болаларини хуржунга солиб, елкасига қўйиб чиқариб юбордим. Қай томонга кетганини билмайман, — дебди.
Анвар:
— Э, ота, ўзингиз хатингизда Ҳурилиқо бир кучук, бир мушук туғди, дегансиз. Мен: “Нима туғган бўлса ҳам боргунимча яхши кутиб туринглар”, деб хат ёзган эдим, — дебди. Отаси бу гапдан ҳайрон бўлиб, орага душман тушганини билибди.
Анвар ҳам воқеага тушунгач:
— Менга подшолик керак эмас, ҳамма нарсадан кечдим. Ҳурилиқони топсам, бас, — деб уйдан чиқиб кетибди. Чўл-биёбонларни кезиб юрибди. Ҳурилиқо юрган йўлдан кетаверибди.
Анвар чўлларда бора берсин, икки оғиз сўзни Ҳурилиқонинг акаси Ҳасандан эшитинг. Ҳасан хотини Зулайҳонинг туҳматчи эканини тушуниб қолибди. Қариндош-уруғи бўлмаганидан жуда қайғурибди. Синглиси учун ғам-ғусса чекибди. Кўнглини очиш учун шаҳарда кўчама-кўча юриб томоша қилибди. Лекин кўнгли ҳеч очилмабди. Ухласа, тушига ҳамма вақт Ҳурилиқо кирар экан. Ҳурилиқо дунёда бормикин, йўқмикин, деб ўйлаб хафа бўлар экан. Бир куни хотини билан уришиб қолиб:
— Бор, керак эмассан, сенингдек касофатнинг дастидан синглимдан ҳам ажралдим, — дебди-да, уйдан аччиқланиб чиқиб кетибди. Синглиси Ҳурилиқони излаб, чўлма-чўл юриб Анварга йўлиқиб қолибди. Анвар:
— Ҳа, ака, сиз ҳам менга ўхшаб бу чўл-биёбонда нима қилиб юрибсиз? — дебди. Ҳасан:
— Оҳ, иним, менинг бир синглим йўқолган эди. Шуни қидириб юрибман. Сиз нима қилиб юрибсиз? —дебди. Анвар:
— Менинг хотиним йўқолди. Шу хотинимни қидириб юрибман, — дебди. Ҳасан:
— Хотинингизнинг исми нима? —деб сўрабди. Анвар:
— Ҳурилиқо, — дебди.
— Менинг синглимнинг исми ҳам Ҳурилиқо эди. Бироқ икки қўли йўқ эди, — дебди Ҳасан. Анвар кўзига ёш олиб:
— Менинг хотинимнинг ҳам икки қўли йўқ эди, бечора кўп азобларни тортган экан. Менинг раҳмим келиб унга уйланган эдим, — дебди-да, Ҳурилиқонинг бошидан ўтган саргузаштини Ҳасанга сўзлаб берибди. Ҳасан ўзини тутолмай йиғлаб юборибди. Анвар Ҳасаннинг йиғлаганига ҳайрон бўлиб:
— Нега йиғлаяпсиз? —дебди. Ҳасан пешонасига бир уриб:
— Ана шу Ҳурилиқо менинг синглим бўлади. Хотинимнинг синглимга қилган туҳматини тушунмай, унинг икки қўлини кесиб, ҳайдаб юборган эдим, — деб яна ҳўнграб йиғлабди.
Анвар:
— Қўйинг, ака, йиғламанг, икковимиз бир киши эканмиз. Бахтимиз бўлса, Ҳурилиқони топиб олармиз, — дебди.
Иккиси бошқатдан қучоқлашиб кўришибди, бир-бирини ҳурмат қилиб, йўлга равона бўлишибди. Неча кун йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб, Ҳурилиқонинг турган жойига келишибди.
Ҳурилиқо ўша вақтда деразадан қараб турган экан. Узоқдан акаси билан эрини кўриб, таниб қолибди. У дарров икки боласини чақириб:
— Ўғлим, сен бориб “дада” деб ўнг томондаги кишининг қўлини ушла, қизим, сен чопиб бориб, “тоға” деб чап томондаги кишининг қўлини ушлаб, иккингиз уларни уйга олиб киринглар, — дебди.
Ўғли билан қизи уйдан чопиб чиқишиб, келаётган кишиларга қараб югуришибди. Ўғил бола Анварни “дада” деб, қиз бола Ҳасанни “тоға” деб қучоқлаб олибди. Уларни болалар уйга судрабди. Анвар билан Ҳасан ҳайрон бўлиб, бир-бирларига қараб болаларни қўлга олиб уйга кирибдилар. Ҳурилиқо улар билан бирма-бир кўришибди. Лекин улар ҳайрон бўлиб, “Юзидан Ҳурилиқога ўхшайди, лекин қўли борлигидан Ҳурилиқо эмас-ку”, деб ўйлармишлар.
Ҳурилиқо туриб эшикка чиқиб кетибди. Ҳасан Анварга:
— Худди менинг синглим Ҳурилиқога ўхшайди, лекин қўли бор, — дебди. Анвар ҳам худди шундай сўзни айтиб, ажабланибди.
Ҳурилиқо акаси билан эри олдига турли таомлар келтириб, уларни зиёфат қилибди.
Ҳасан:
— Менинг сенга ўхшаган бир синглим бор эди. Уни йўқотган эдим. Мен ўша синглимни излаб юрибман. Шу томонларга келган бўлса сен кўргандирсан. Аммо унинг икки қўли йўқ эди, — дебди.
Ҳурилиқо:
— Бу ерларга сиз айтган одам келмади, кўрганим йўқ, — дебди.
Ҳасан билан Анвар овқатларини еб-ичиб жўнамоқчи бўлишибди.
Ҳурилиқо:
— Шу жойда ётиб қолинглар. Борадиган жойингизга эртага борарсизлар, — дебди. Анвар:
— Майли, бугунча шу жойда ётсак ётайлик, — дебди. Улар қолишибди. Ҳурилиқо Ҳасан билан Анварни боғга олиб кириб, томоша қилдирибди. Кечқурун яна зиёфат бериб, атлас-шойи кўрпалар, кўрпачалар солиб ётқизибди. Акаси билан эри ётиб ухлабди. Ҳурилиқо кечаси ўрнидан туриб тоза дур-марваридлар ва бир гавҳар кўзли болдоқни акасининг чўнтагига солиб қўйибди. Тонг отибди. Ҳасан билан Анвар ўринларидан туриб, турли мевалар билан нонушта қилиб, хайрлашиб йўлга равона бўлибдилар. Улар кетгандан кейин бироз вақт ўтгач, Ҳурилиқо икки хизматкорини чақириб:
— Ҳалиги кетган одамларни қайтариб олиб келинглар! — дебди.
Хизматкорлар Ҳасан билан Анварнинг орқасидан етиб бориб:
— Сизларни Ҳурилиқо чақиряпти, — дебдилар. Ҳасан билан Анвар ҳайрон бўлиб қайтиб келишибди. Ҳурилиқо аччиқланган бўлиб уларга:
— Сизлар қандай уятсиз одамларсиз? Мен сизни ҳурмат қилиб зиёфат қилсам-у, сизлар менинг олтин болдоғим билан марваридларимни ўғирлаб олиб кетибсизлар. Бу қандай гап? — дебди.
Ҳасан билан Анвар:
— Биз олган эмасмиз, — деб қасам ичибдилар.
Ҳурилиқо:
— Сизнинг “олмадим” деганларингизга ишонмайман, чўнтакларингизни қарайман, — дебди. Улар рози бўлишибди. Ҳурилиқо аввал Анварнинг чўнтагини қарабди. Ҳеч нарса тополмабди, кейин акаси Ҳасаннинг чўнтагини қарабди. Чўнтакдан марварид билан болдоқни олиб:
— Бу нима, нимага олмадим деб, қасам ичдингиз? — деб сўрабди.
Ҳасан:
— Азбаройи худо, мен олганим йўқ. Аммо бирор киши душманлик қилиб солиб қўйган бўлса керак, — деб йиғлаб юборибди.
Ҳасаннинг йиғлаганига чидай олмай Ҳурилиқо ҳам йиғлаб юборибди:
— Ҳасан ака! Мен сизнинг синглингиз Ҳурилиқоман. Кўрдингизми, сиз шу марварид билан болдоғимни ўзингиз олганингиз йўқ, албатта. Мен ўзим жўрттага чўнтагингизга солиб қўйдим. Шунга ўхшаш, Зулайҳо келинойим ўз боласини ўзи ўлдириб, кўрпам тагига пичоқни яшириб қўйиб, менга туҳмат қилган эди. Сиз ўшанда менга зулм қилиб, зор-зор йиғлатиб, қўлларимни кесиб, уйдан ҳайдаб чиқарган эдингиз, — дебди.
Ҳасан ўзини тутолмай йиғлаб:
— Жигарим, синглим Ҳурилиқо сенмисан, — дебди. Ҳурилиқо акаси билан бошқатдан кўришиб:
— Менман, мана бу подшо менинг қаллиғим. Мана шу икки бола шу кишининг фарзанди, — дебди. Ҳасан билан Анвар жуда хурсанд бўлибди. Ҳар учови топишганига хурсанд бўлиб бир неча кун бирга яшабди. Ҳурилиқонинг хизматкорлари уйдаги ҳамма буюмларни бир қанча туяларга юклаб, Султонхон подшо шаҳрига жўнашибди.
Йўл юриб, йўл юрсалар ҳам мўл юриб, шаҳарга етиб келибдилар. Ҳурилиқо қайната ва қайнанаси билан кўришиб, бошидан ўтган воқеаларни бирма-бир сўзлаб берибди.
Подшо хурсанд бўлиб, бошқатдан қирқ кеча-ю қирқ кундуз тўй-томоша қилиб берибди.
Ҳасан хотини Зулайҳодан кечиб, синглиси билан бир шаҳарда туришга аҳд қилибди. Анвар хотин бола-чақаси ва Ҳасан билан ўзининг подшо бўлиб турган шаҳрига борибди. У ерда Ҳасанни ўзига вазир қилиб олибди.
Анвар навкарларни чақириб, Зулайҳо туҳмат қилиб ёзган хатни топтирибди. Шум ишлари учун Зулайҳони ўлим жазосига ҳукм этибди.
Анвар — подшо, Ҳасан — вазир, Ҳурилиқо эса подшонинг доно хотини бўлиб умр кечириб, мурод-мақсадларига етибдилар.